Линклар

Шошилинч хабар
04 июл 2022, Тошкент вақти: 20:52

“Биз ҳеч нарсага аралашмадик”. Қозоғистондаги ўзбек муҳожирлари ишларига қайтмоқда


Қозоғистондаги ўзбекистонлик муҳожирлар намойишларда иштирок этишмаганини айтишяпти.

Қозоғистонда 2 январь куни бошланган ва зўравонликларга айланиб кетган намойишларда, расмийларга кўра, қарийб 10 минг одам ҳибсга олинган.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 10 январь куни норозилик намойишларини “асосан, Марказий Осиё, жумладан афғонистонлик хорижий жангарилар иштирокида Қозоғистонга қарши яхши ташкилланган ва тайёрланган агрессия” деб атади.

Аммо қозоқ расмийлари шу пайтгача тартибсизликларда қатнашгани тасдиқланган бирон хорижий, жумладан, Марказий Осиё давлатларидан биронтасининг фуқароси ҳақида маълумот расман тақдим этгани йўқ.

Олмаотадаги тартибсизликларда иштирок этишда гумон қилиниб, қўлга олинган қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рўзахунов эса, қирғиз томонининг норозилик нотаси ортидан 10 январь куни озод қилиниб, ватанига қайтарилди.

Рўзахунов қийноқлар оқибатида ушланганлар орасида ўзбекистонлик ва тожикистонликлар ҳам борлиги ҳақида кўрсатма беришга мажбурлангани хабар қилинган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 11 январь куни Қозоғистонда ўзбек фуқаролари ушлангани ҳақида маълумот йўқлигини билдирди.

Қозоғистон ўзбек меҳнат муҳожирлари сони бўйича Россиядан кейинги ўринда туради. Ҳар йили юз минглаб ўзбекистонлик Қозоғистонга иш излаб боришади.

Озодлик билан суҳбатлашган Қозоғистондаги ўзбек мигрантлари Қозоғистондаги сиёсий воқеаларга улар аралашмагани, айни пайтда вазият сокинлашиб, ишга чиқишаётганини айтдилар.

Наманганлик Даврон Олмаота шаҳрида яшайди. У хусусий фирмалардан бирида тикувчилик қилади. Давроннинг айтишича, улар бугун - 11 январдан бошлаб яна ишга қайтишган:

“Бугундан вазият яхши бўла бошлади. Автобуслар ишга тушди. Олмаота шаҳридамиз. Биз ишлаб, яшайдиган районда ҳеч нарса бўлгани йўқ. Тикувчилик цехида ишлаймиз, мен бичувчиман. Полиция, прокурор, миграция хизмати, темирйўлчиларга касб кийими тикамиз. Ҳужжатларимиз жойида, ҳозирча ҳеч ким безовта қилгани йўқ. Бир кун аввал телефонларимизга СМС келди, барча ижтимоий тармоқлар назоратга олинди, барча сўзлашувлар текширувда бўлади, деган. Шунга тармоқларга ҳам кирмай ўтирибмиз”.

Қўрқув ва нафрат: Қозоғистонни тарк этаётган одамлар мамлакатдаги мавжуд кайфиятни ифодалаб турибди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:59 0:00

Давроннинг айтишича, оммавий тартибсизликлар юз берган кунлари у ва унинг танишлари уйдан чиқмай ўтиришган ва у бирор ўзбекистонлик ушлангани ҳақида эшитмаган.

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги консули Аброр Фатҳуллаев Озодликнинг ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақидаги саволини эшитиши биланоқ, телефонини ўчириб қўйди ва у билан қайта боғланиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон ТИВнинг расмий вакили Юсуф Қобилжонов тарқатган маълумотга кўра, ТИВ қўшни Қозоғистондаги вазиятни мунтазам равишда кузатиб бормоқда, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари – Нур-Султондаги элчихонаси, Олмаота ва Ақтаудаги бош консулликларида тезкор штаблар ташкил этилган, қийин аҳволда қолган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилиб, талабалар билан алоқа ўрнатилган, уларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.

Қозоғистондаги ўзбеклар жамияти раиси Икром Ҳошимжонов ўзи яшаб турган Чимкент шаҳрида вазият изга тушаётгани ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан бирор бир нохуш ҳодиса рўй бергани ҳақида маълумот йўқлигини айтди:

“Бу ерда Ўзбекистондан келган усталар, новвойлар жуда кўп. Лекин улардан биттаси менга шу пайтгача биз бу тўполонлардан зарар кўрдик деб айтгани йўқ. Агар улар кимларгадир эргашиб майдонларга чиқмаган бўлса бўлди, улар бу тўполонлардан четда қолди ва уларга ҳеч ким бу ерда нима қилиб юрибсан, нега келдинг деяётгани йўқ".

Икром Ҳошимжоновнинг айтишича, Қозоғистонда 800 минг нафардан зиёд маҳаллий ўзбек яшайди:

“Бу ерда ғайриқонуний ҳаракатларнинг олдини жуда тезлик билан олишди. Полиция ва аскарлар қаттиқ туришиб, Чимкент ҳокимлигини беришмади, фақат унинг ёнидаги кўргазма зали зарар кўрди, яна битта метро магазинимизни тунаб кетишди. Ҳозир аҳвол яхши, ўз ўрнига тушди. Энди конституциявий тузумни бузишга ҳаракат қилганлар ҳар куни ушланяпти. Блокпостлар қўйилган, усиленний режимда, ижарага берилган уйлар бир-бир текшириб чиқиляпти. Агар бирорта Ўзбекистон фуқароси аралашган бўлса бу, албатта, ачинарли ва уятли ҳол бўларди. Сабаби, бу ердаги ўзбекларнинг юзини ерга қаратиб қўйиши мумкин. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бизда кўчада ишламайди, улар уй ремонти, евроремонт, ресторан, тўйхона ва кафеларда ишлайди. Менинг ўйлашимча, бу воқеаларнинг уларга ҳеч қандай алоқаси ҳам бўлгани йўқ. Хайрият, ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай расмий маълумот чиқмади”.

Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида ишлаётган тошкентлик Ёқубжоннинг айтишича, полициянинг уларга муносабати ўзгармаган:

“Аввал қандай бўлса, шундай ишлаб юрибмиз. Фақат аввал иш соат 7 да бошланарди, ҳозир 8да. Сабаби, кечаси соат 10дан тонгги 7гача комендантлик соати жорий қилинган. Ҳозирча, ҳеч ким қаердан келгансан, ҳужжатларингни бер деб сўрагани йўқ, сўрамасин ҳам”.

Қозоғистонлик ўзбек журналисти Абдумалик Сармоновнинг айтишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бу мамлакатда ўз ўрнини топган:

“Агар қўлида қандайдир ҳунари бўлса, сўнгги икки йилда топишлари жуда яхши бўлиб қолди. Маҳаллий халқдан ҳам яхшироқ топишяпти. Ғарбий ва Шарқий Қозоғистонда улар кўпроқ қурилишда, корхоналарда ишлашарди. Коронавирус пайтида анча камайиб қолди. Кетмаганлари ва бир амаллаб келиб олганлари яхши ишлашяпти. Сўнгги воқеларга улар аралашмаган, деб умид қилиб турибмиз”.

Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуф Қобилжонов 11 январь куни расмий Телеграм-каналида берган маълумотга кўра, ҳозирда Олмаотадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати тузилган.

“Улар “Uzbekistan Airways” компаниясининг навбатдаги рейслари орқали Ватанга қайтарилади. Ҳозирда Олмаота аэропорти ёпиқлигича қолмоқда”, дейилади хабарда.

Ҳозирга қадар Қозоғистондан Ўзбекистон фуқаролари эвакуация қилинганига доир расмий маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG