Линклар

Шошилинч хабар
11 май 2025, Тошкент вақти: 17:22

"Гўшт ва тухум - етиб бўлмайдиган ҳашамат". Нефтга бой Қозоғистоннинг қашшоқ оилалари


“Бизнинг ҳаммоми ва ҳожатхонаси бўлган квартирани ижарага олишга пулимиз йўқ, – дейди чимкентлик Гавҳар Айбекова.
“Бизнинг ҳаммоми ва ҳожатхонаси бўлган квартирани ижарага олишга пулимиз йўқ, – дейди чимкентлик Гавҳар Айбекова.

Кунига тахминан 1,86 миллион баррель хом нефть қазиб олиш Қозоғистонни Марказий Осиёдаги энг бой давлатга айлантирган.

Нефть экспортидан тушган даромад – 2022 йилнинг ўзида 46,8 миллиард доллар – бир ҳовуч қозоқ элитасини жаҳон миллиардерлари рўйхатига киритди, шу билан бирга, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ўттиз йил ичида бошқа кўплаб яхши алоқаларга эга одамлар ҳам ўта бадавлат бўлиб кетди.

Бу нефть долларлари Қозоғистон ҳукуматининг таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий дастурларга сармоя киритиш учун Марказий Осиёдаги қўшниларига қараганда каттароқ маблаққа эга эканини ҳам англатарди.

Маошлар юқори, иш имкониятлари кўпроқ. Қозоғистоннинг кўп жойларида ўрта синф минтақанинг бошқа жойларига қараганда яхшироқ яшайди.

Чимкентнинг аксар камбағал оилалари шаҳар четидаги мана шундай уйларда яшашади.
Чимкентнинг аксар камбағал оилалари шаҳар четидаги мана шундай уйларда яшашади.

Аммо мамлакат бойлигининг катта қисми кичик сиёсий ва бизнес элита назоратида қолмоқда, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут жуда катта. Ана шу нотенглик 2022 йил январида Қозоғистон бўйлаб содир бўлган қонли тартибсизликлар сабабларидан биридир.

«Озодлик» радиоси Чимкент жанубидаги қашшоқ маҳаллаларда яшовчи, табиий ресурсларга бой мамлакатнинг улкан даромади ҳалигача етиб бормаган бир неча қозоқ оилалар билан суҳбатлашди.

Гавҳар Айбекова, 34 ёш

Гавҳар Айбекова ва унинг 16 ёшга тўлмаган уч фарзанди Чимкент чеккасидаги 25 квадрат метрлик вайрона уйда ойига 56 доллар атрофида ижара ҳақи тўлаб яшайди.

Дастлаб вақтинчалик хўжалик биноси сифатида қурилган бир хонали уй газ ва электр тармоқларига уланган, бироқ ҳаммом йўқ. Блокдаги еттита ана шундай хонадон аҳли учун фақат битта кўча ҳожатхонаси бор.

Бева аёлнинг айтишича, у бир кун келиб ўз уйига эга бўлишни орзу қилади, лекин орзуси тез орада амалга ошмаслигини ҳам билади.

Гавҳар Айбекова уч нафар фарзанди билан 25 квадрат метрлик таъмирга муҳтож уйда истиқомат қилади.
Гавҳар Айбекова уч нафар фарзанди билан 25 квадрат метрлик таъмирга муҳтож уйда истиқомат қилади.

Оила ижтимоий ҳимоя нафақаларига, шу жумладан, ўғилларидан бирининг ногиронлиги бўйича нафақага қараб қолган. Ойига 100 долларга тенг бўлган расмий даромадини тўлдириш учун Айбекова фаррошлик ҳам қилади.

Тўрт йил аввал турмуш ўртоғидан айрилганидан сўнг, у болаларини уйда ёлғиз қолдириб ишлашга мажбур бўлди.

“Бизнинг ҳаммоми ва ҳожатхонаси бўлган квартирани ижарага олишга пулимиз йўқ, – дейди Айбекова. – Чимкентдаги бир хонали квартира ижараси ойига тахминан 180-225 доллар, бунга қурбим етмайди."

Оила ижтимоий турар жой олиш учун ариза берган, бироқ Чимкентда 50 мингдан ортиқ одам навбатда тургани сабабли, уларга сантехникаси бор уйга кўчиб ўтишга бир неча йил керак бўлиши мумкин.

Элмира Кемелова эри қамалганидан буён фарзандларини бир ўзи вояга етказмоқда.
Элмира Кемелова эри қамалганидан буён фарзандларини бир ўзи вояга етказмоқда.

Элмира Кемелова, 33 ёш

Айбекова яшайдиган Чимкентдаги Элмира Кемелованинг уйида тушлик одатда пиёз билан қовурилган тўғралган нон бўлади.

Жамоат ҳаммомида фаррош бўлиб ишлайдиган икки фарзанднинг онаси учун гўшт, сабзавот ва тухум етиб бўлмайдиган ҳашамат. Айбекова сингари, у кўпинча озиқ-овқат ва 45 доллар ижара ҳақини тўлаш учун хонадонларга фаррошликка ҳам боради.

Кемелованинг айтишича, ой охирида оила бюджетида кийим-кечак, пойабзал ва бошқа зарур нарсалар учун етарли пул қолмайди.

"Бу ойда кир ювиш кукуни сотиб олишга пулимиз қолмади", дейди у бир уюм кирларни кўрсатиб.

Кемелованинг қиморбоз турмуш ўртоғи уч йил аввал жиноят содир этгани учун қамалганидан бери ёш болаларини ёлғиз ўзи тарбиялаяпти.

Унинг айтишича, болаларини мактабда кўпинча эски кийимлари, пойабзаллари ва яшаётган хароба уйи сабабли масхара қилишади.

"Биз ҳам унинг уйида яшашни истамаймиз, – дейди у. – Аммо бошқа борадиган жойимиз йўқ.»

Ойгул Алмаганбетова охирги ўн йилда камида беш марта ижара уйга кўчган.
Ойгул Алмаганбетова охирги ўн йилда камида беш марта ижара уйга кўчган.

Ойгул Алмаганбетова, 45 ёш

Кемелованинг дугонаси ва қўшниси Ойгул Алмаганбетова бир кун келиб ўз уйини қуриш учун пул йиғишга ҳаракат қилмоқда.

Бева аёл ва унинг 7 ва 9 яшар икки ўғли икки йилдан бери Чимкентнинг шу қашшоқ ҳудудида истиқомат қилади.

Охирги ўн йил ичида оила камида беш марта ижара уй алмаштирди.

“Уй эгалари кўпинча биздан уйни бўшатишимизни талаб қилади. Бири уйни таъмирлашлари кераклигини айтди. Яна бири болаларим югуриб, шовқин-сурон қилишдан чарчаган. Бола болада, тинчитиб бўлармиди уларни. Шунинг учун кўчиб ўтишдан бошқа иложимиз йўқ”, дейди у.

Алмаганбетова касалликдан азият чекади, ногиронлик ва бошқа ижтимоий нафақаларга қараб қолган, бу ойига тахминан 270 долларни ташкил қилади.

Марҳум эри уй қуриш учун ер олганди. Унинг айтишича, йиллар давомида оила 1 миллион тенге (тахминан 2260 доллар) тежашга муваффақ бўлган.

Инфляция ва нархлар қимматлаши туфайли Алмаганбетова жамғарган пул ўзининг камтарона орзусидаги уйини қуриш учун жуда оз.

"Болаларим бу уйда яшамаймиз, деб йиғлашади", дейди Жадира Шойбекова.
"Болаларим бу уйда яшамаймиз, деб йиғлашади", дейди Жадира Шойбекова.

Жадира Шойбекова, 33 ёш

Техник ходим Жадира Шойбекова 8 кишилик оилада ягона боқувчиси – турмуш ўртоғи ҳозирда ишсиз.

Шойбекованинг айтишича, катта фарзандлари уч йил аввал кўчиб келган кам таъминланганлар маҳалласидаги уйда яшаётгандан «уялиш»ини айтади.

"Фарзандларим йиғлаб, "Биз бу ерда яшашни хоҳламаймиз. Нега бошқа жойга кўчиб ўтмаймиз?" дейишади. Мен уларга сабр қилинглар, дейман”, дейди у.

Оила унинг маоши ва давлатдан оладиган бола пулига зўрға кун кечиради. Яхшироқ жойга ўтиш яқин келажакда имконсиз.

“Баъзида ижара ва коммунал тўловлардан ортда қоламиз, – дейди Шойбекова. – Тез-тез қарз олишга мажбурмиз."

У қанча пул топишини айтмади. Қозоғистонда ўртача иш ҳақи 2023 йил январида ойига тахминан 775 долларни ташкил қилган, бироқ бу ҳудуддан ҳудудга катта фарқ қилади.

1,2 миллион аҳолига эга Чимкент Қозоғистоннинг Олмаота ва пойтахт Остонадан кейин учинчи энг зич шаҳри ҳисобланади. Шаҳар вилоят мақомига ҳам эга. Аммо у мамлакатнинг бой ҳудудлари қаторига кирмайди.

Ҳукумат статистик маълумотларига кўра, шаҳар Туркистон ва Манғистау вилоятидан кейин мамлакатнинг учинчи энг қашшоқ минтақаси бўлиб, бу ерда аҳолининг 6,6 фоизи энг кам маошдан камроқ маош олади. Мамлакатда ўртача кўрсаткич тахминан 5,2 фоизни ташкил қилади.

Шойбекованинг оиласи ҳали ижтимоий уй-жой учун рўйхатга олинмаган ва у қачон ўзларининг нормал уйлари бўлишини билмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG