Линклар

Шошилинч хабар
03 май 2025, Тошкент вақти: 08:03

"Халқнинг пулига дабдаба". Мушакбозлик маросимлари танқидга сабаб бўлди


Сувсизлик, ишсизлик, инфратузилма етишмовчилиги каби йиллар давомида ҳал этилмаган тизимли муаммолардан азият чекаётган Хоразм халқи ҳануз кундалик турмуш қийинчиликлари ичида яшаркан, президент Шавкат Мирзиёевнинг “Arda Xiva” туризм мажмуасини тантана ва дабдаба билан очиши танқидга сабаб бўлди.

Миллионлаб долларлик “Arda Xiva” қурилиши, кўпчилик томонидан ижтимоий адолат мезонларининг четга сурилиши ва манфаатдор доиралар устуворлигининг кўриниши сифатида баҳоланмоқда.

Шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан барпо этилган “Arda Xiva” мажмуасини тарихий “Ичон қалъа”нинг замонавий интерпретацияси дейиш мумкин. Лойиҳачилар архитектура услубини айнан шу меросдан олиб, ҳатто “Калта минор”нинг макетини мажмуага жойлаштиришган.

Сайёҳлар оқими ва инвестиция жалб этиш мақсадида қурилган “замонавий Ичон қаъла” тарихий хотирани қай даражада ифода эта олиши ва бу билан Хоразмнинг ҳақиқий маданий қиёфасини қандай намоён этиши жамоатчилик ва мутахассислар ўртасида баҳсларга сабаб бўлмоқда.

“Arda Xiva” - тарихий “Ичон қалъа”нинг замонавий интерпретациясидир.
“Arda Xiva” - тарихий “Ичон қалъа”нинг замонавий интерпретациясидир.

Айни пайтда Хива шаҳридан 4 км узоқликда, саҳронинг ўртасида қурилган ушбу мажмуа “Шарқ Венецияси” стилида барпо этилган яъни “Arda Xiva” ўртасидан ўтувчи cунъий канал орқали худди Италиядаги сингари гондолада сайр қилиш мумкин.

"Ҳафа бўлманглару , шунча қурилишга пул сарфлагунча, аввал иш жой яратиш тўғри бўлармиди. Одамларни пул билан таьминлаб, ойлик бериб, кейин ободонлаштириш керакмиди", дейди Фейсбук фойдаланувчиси Бахромжон Маннопов.

Амударёдан 15 км узоқликда, саҳро ўртасида жойлашган “Арда Хива”ни сунъий равишда яратилган оазис дейиш мумкин. Қадимда Амударё Хива яқинидан оқиб ўтган ва бу ҳудудлар порт шаҳри сифатида фаолият кўрсатган. “Arda Khiva” номи ҳам айнан шу тарихий ҳолатга ишора сифатида, “порт шаҳри” маъносини англатади.

“Arda Xiva” мажмуасининг расмий очилиши амалда 2024 йил кузида бўлиб ўтган бўлса-да, 1 май куни у президент Шавкат Мирзиёев ташрифига бағишлаб яна бир бор дабдабали тарзда қайта очилди. Бу - лойиҳа атрофидаги пиар ва сиёсий мавқени мустаҳкамлаш уриниши сифатида баҳоланмоқда.

Икки ҳафта аввал Андижонда “Бобур” шаҳри очилишини концертлар

Arda Xiva" мажмуасининг очилиш маросими.
Arda Xiva" мажмуасининг очилиш маросими.

ва мусиқали фейерверклар билан нишонлаб қайтган Мирзиёев, 1 май куни Хоразмдаги “Arda Xiva” туристик мажмуаси очилишини ҳам худди шундай дабдаба билан нишонлади. Аммо ушбу тантаналарга кетган маблағлар миқдори ва улар манбаи бўйича жамоатчиликка ҳеч қандай ҳисобот берилмади.

"Яккаҳокимлик ва диктатура тоталитаризмнинг фарзандлари. Бугун Ўзбекистондаги ҳокимият тепасидагиларнинг аксари - тоталитаризм даврининг маҳсули... Буни катта-катта дабдабаларда кўриш мумкин. Манипуляция ва алдовларда кўриш мумкин. Албатта улар доим халқдан қўрқадилар ва халқни тинчлантириб туришга ҳаракат қилишади. Шунинг учун қаерга боришса, қаерда учрашув ўтказишса, ўйлашадики, "биз халқни тинчлантиряпмиз" деб ўйлашади.

Мамлакат раҳбарининг вилоятларга боришидан олдин худди Амир Темур давридагидай катта тайёргарлик кўрилади. Гўёки халқнинг пули ошиб-тошиб ётгандай тайёргарлик қилинади. Ҳоким бўлсин, президент бўлсин ёки вазир бўлсин шу йўл орқали гўёки ўзларини ишлагандай қилиб кўрсатишади. Бу аслида тоталитаризмнинг давоми.

Совет давридаги асосий иш мажлисбозлик эди. Совет Иттифоқини емирган нарса мажлисбозлик эди. Ҳозир ҳам селекторбозлик, вилоятларга борганда катта-катта дабдабалар. Бу кимнинг ҳисобидан? Бу президентнинг маошиданми ёки вазирларнинг маошиданми? Йўқ! Бу ҳалқнинг пулидан ёки шу халқнинг гарланига олинган қарздан", дейди АҚШда яшаётган асли ўзбекистонлик журналист Жаҳонгир Муҳаммад.

25 гектарли майдонда қурилган “Arda Xiva”даги архитектура иншоотлари, сунъий каналлар, тарихий объектлар макетлари, сервис инфратузилмалари ва кўнгилочар зоналар умумий ҳисобда миллионлаб долларлик сармоя талаб қилганини тахмин қилиш мумкин. Бироқ мажмуа қурилиши билан боғлиқ маълумотлар шаффоф эмаслиги жамоатчилик учун асосий саволлардан биридир.

"Arda Xiva" мажмуасининг очилиш маросими.
"Arda Xiva" мажмуасининг очилиш маросими.

Расмий манбаларда мажмуага сарфланган маблағ миқдори ёки унинг манбалари яъни давлат бюджети, маҳаллий бюджет, хусусий инвесторлар ёки давлат-хусусий шериклик асосида молиялаштирилгани ҳақида ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ. Бу ҳолат лойиҳа атрофидаги эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви, тендерсиз иш юритиш ёки маблағлар самарасиз сарфланишига оид гумонларни кучайтиради.

“Arda Xiva” лойиҳаси қурилишини Gold Step Invest компанияси амалга оширган. Бу мажмуага кириш дарвозаси олдидаги ёзувлардан маълум. Бироқ, компаниянинг лойиҳа билан боғланиш шакли яъни тўғридан-тўғри шартнома ёки тендер асосида бўлганми- бу очиқланмаган.

Gold Step Invest компаниясининг собиқ раҳбари Давронжон Адилов ҳозирда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда.​ Бу ҳолат манфаатлар тўқнашуви эҳтимолини юзага келтириши мумкин.

Жорий йил бошида Gold Step Invest компанияси манфаатлар тўқнашувига оид бошқа бир можаро марказида бўлган. “Янги Тошкент” ва пойтахт ўртасида транспорт алмашинуви қурилиши бўйича Gold Step Invest билан тўғридан-тўғри шартнома тузилгани ва бу лойиҳа 350 миллиард сўмга баҳолангани маълум қилинган. Бу шартнома Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари ҳамда “Янги Тошкент” қурилиши дирекцияси раҳбари Давронжон Адилов томонидан имзоланган. Ҳозирда Gold Step Invest компаниясининг ҳаммуассисларидан бири -Adilov Kabildjon Frazilovich - Давронжон Адиловнинг қариндоши бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар мавжуд.

Gold Step Invest компанияси 2003 йилда Nomdor Dizayn Servis номи билан ташкил этилган бўлиб, ўша пайтда ADILOV DAVRONJON KABILDJANOVICH унинг раҳбари бўлгани қуйидаги ҳужжатда қайд қилинган.


Компания 2008 йилда Global Stroy Invest номига ўзгартирилган ва 2013 йилдан бошлаб ҳозирги номи билан фаолият юритмоқда.

“Arda Xiva” қурилиши ва унинг молиявий жиҳатлари ҳали ҳам оммадан яширилаётган бир пайтда, президент Хоразмда янги лойиҳаларни эълон қилди.

Мирзиёев Хоразмга ташрифининг иккинчи кунида ўтказган йиғилишда маълум қилишича, жорий йилда вилоятда жами 200 миллион долларлик 91 та лойиҳани ишга тушириш режаланган.

Жумладан, Хива туманининг 2 400 гектар майдони шаҳар таркибига қўшилиб, бу ҳудудда “Sahro Yulduzi” номли янги туристик мажмуа қуриш режа қилинган.

Вилоятдаги 45 мингга яқин ишсиз аҳоли, 12 фоизга яқин камбағаллик даражаси ва асосий инфратузилма муаммолари фонида, бундай қурилишларга давлат ва маҳаллий жамоатчиликнинг эҳтиёткорлик билан қараши, лойиҳаларнинг устуворлиги, манфаатдор доиралар роли ва сарф-харажатларининг шаффофлиги борасидаги саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG