Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:40

Президент сайлови арафасида Озодлик журналистларини қўрқитиш уринишлари кучайди


Озодлик журналистларига таҳдид ва тролл ҳужумлари Озодликнинг журналистик суриштирувлари ортидан кучайиб бораëтгани кузатилмоқда.
Озодлик журналистларига таҳдид ва тролл ҳужумлари Озодликнинг журналистик суриштирувлари ортидан кучайиб бораëтгани кузатилмоқда.

24 октябрга белгиланган Ўзбекистон президенти сайлови арафасида мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги мухолифат ва ҳуқуқ фаоллари¸ шунингдек мустақил журналист ва блогерлар ўзларига нисбатан босимлар кучайганини айтмоқда.

Айни кунларда ижтимоий тармоқлар¸ Озодликнинг Телеграм аккаунти орқали Озодлик журналистларини қўрқитиш¸ уларга жисмонан таҳдид қилиш уринишлари ҳам кескин ортгани кузатилмоқда.

16 октябрь куни Озодликнинг Телеграм-каналида мувофиқлаштирилган ҳужум қайд этилди. Ярим соат ичида Озодлик журналистларига ўлим билан таҳдид қилувчи ўнлаб хат муаллифларининг деярли барчаси ëпиқ аккаунтдан фойдаланди.

Озодликнинг Телеграм бўйича мутахассислари ўлим билан таҳдид қилувчи хат ëзганлардан иккитасининг Ўзбекистон ҳукумати¸ хусусан¸ қуролли кучлари пропагандаси билан шуғулланиб келаëтган юзер эканини аниқлади.

Озод Европа/Озодлик радиоси медиакорпорацияси президенти Жейми Флай¸ Озодликка уюштирилаëтган бу каби таҳдидларни “жирканч” деб атади ва Тошкент ҳукуматини мустақил матбуотни қўрқитиш тактикасини дарҳол тўхтатишга чақирди.

Ўз бошқарувидаги Ўзбекистонни “Янги Ўзбекистон” сифатида тақдим этишга уриниб келаëтган Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан бери журналист ва блогерларни дадил бўлиш¸ мамлакатдаги реал вазиятни “қўрқмасдан” ëритишга чақириб келади.

2019 йил августида Самарқандда блогерлар билан гаплашган Мирзиëев:

-Кейинги йилларда Ўзбекистон дунёга очилмоқда ва халқаро ҳамжамиятга ҳақиқатни етказишга интилиш бор. Энг муҳими, муҳокама қилиш, танқид қилиш мумкин. Билингки, Президент сизларни доим қўллаб-қувватлайди, деган эди.

Шавкат Мирзиëевнинг эркин матбуотни қўллаш ҳақидаги кўплаб баëнотларига қарамай¸ Озодлик веб саҳифаси Ўзбекистонда блокланган¸ радио мухбирларини расмий аккредитациядан ўтказиш сўровлари эса¸ жавобсиз қолмоқда.

2021 йилда Ўзбекистон Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида бир поғона пастлади ва 180 давлат ичида матбуот эркин бўлмаган давлат сифатида 157-ўринга қўйилди.

Мувофиқлаштирилган ҳужум

Озодликка тролл ҳужуми уюштириш янги ҳодиса эмас. Ҳокимиятнинг юқори доиралари¸ шахсан президент Шавкат Мирзиëев ва унинг оила-аъзолари фаолиятига оид танқидий мақолалар¸ айниқса¸ видеоматериалларга олдиндан тайëрланган тролл ҳужумлари мунтазам равишда қайд этилади.

Уларда Озодлик “ëлғон маълумот тарқатиш¸ президентга бўҳтон қилиш¸ Ўзбекистондаги тинчликни кўролмаслик”да айбланади.

Озодлик радиоси ўзбек журналистларига қарши Интернетдаги таҳдидлар жирканчдир. Мен ўзбек ҳукуматини уларни қоралашга, Озодлик вебсайтини блоклашни тўхтатишга ва журналистларимизни аккредитациядан ўтказишга чақираман.
Жейми Флай, Озод Европа/Озодлик радиоси президенти

16 октябрь куни Озодлик Телеграм-каналига уюштирилган навбатдаги ҳужум, моҳиятига кўра аввалгиларидан фарқланади.

Прага вақти билан 15:53 да бошланиб¸ 16:26 га қадар тўхтовсиз давом этган бу ҳужумда Озодлик журналистларига, асосан жисмонан йўқ қилиш билан таҳдид қилинди.

Дақиқама-дақиқа ҳар-хил аккаунтдан коллаж қилинган айни суратлар билан юборилган хатларда “Озодликнинг асл мақсади Ўзбекистонда қўзғолон қилиш¸ тинчликни кўра олмаслик¸ президентимизни обрўсизлантириш” деган баëнотлар такрорланди. Ўзбекистон расмийлари¸ улар кўз қарашини ифодаловчи маҳаллий блогер ва аввалги тролл ҳужумларида ҳам айни шу мазмундаги айбловлар илгари сурилганди.

Айни пайтда¸ ҳақорат¸ онасидан сўкинишга тўла 16 октябрь кунги хатларда Озодлик журналистларига жинсий тажовуздан то “каллани олиш”гача таҳдид қилинди. Айни услубда¸ битта муаллиф томонидан ҳозирланган порнографик мазмундаги коллажлар ўнлаб аккаунтлардан тўхтовсиз ташланди.

Таҳдидчилар ким?

Озод Европа/Озодлик радиосининг Телеграм бўйича мутахассиси 16 октябрь куни ëғдирилган бу таҳдидли хатларни ўрганиб¸ уларнинг муаллифларини аниқлашга уринди.

Озодлик радиосига таҳдид юборган иккита аккаунт излари Телеграмдаги бир нечта очиқ чатлардан топилди. Улардан бири¸ Ирландияда яшаëтган ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси исмидан фойдаланадиган "Абдужалил Бойматов" аккаунтидир. Бу аккаунтнинг Телеграмдаги олтита очиқ суҳбатда қатнашгани кўрилади.

Озодликка таҳдид юборишдан бир неча кун олдин¸ бу аккаунт фойдаланувчиси 5 мингдан ошиқ фойдаланувчиси бор гуруҳга кириб¸ тунги кўнгилхушликка тайëр қизлар билан учрашиш ниятида эканини билдирган. Бундан эса, унинг бевосита Ўзбекистон ичкарисида эканини тахмин қилиш мумкин.

Телеграм чатхоналарида фаол бўлган иккинчи таҳдидчи Big Wood. Телеграмдаги очиқ чатлардан унинг Озодликка таҳдид юборгунга қадар фақат Ўзбекистон Қуролли кучлари рекламаси билан шуғулланганини кўриш мумкин.

Подробно. уз нашрининг Телеграм-чатида фаол бўлган бу юзернинг ушбу канал чатхонасида қолдирган постларининг катта қисми ўзбек армиясини мақташга¸ яна бир гуруҳи ўзбек спортчилари билан фахрланишга бағишланган.

“ОНЛАЙН КИТОБХОНЛИК” Телеграмида BIG Wood Ўзбекистон ҳукумати¸ хусусан ўзбек армиясини мадҳ қилувчи “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” деб номланган реклама видеосини ҳам юклаган.

Айни пайтда бу юзер YouTube порталидаги чиқишларида Шавкат Мирзиëевни коррупцияда айблаб келаëтган ўзбекистонлик фаол Ҳасанбой Бурҳоновга қарши фикр ҳам қолдирган. Бу постига Big Wood “ Ëлланма хоинлардан сақланинг!” деган огоҳлантирувчи сарлавҳа қўйган.

Аслида Ўзбекистонда туғилган¸ ҳозирда Германияда истиқомат қилувчи Ҳасанбой Бурҳонов узоқ йиллардан буён давлатимиз ва президентимизга қарши фаолият олиб боради. Ўзини халқ ҳимоячиси деб кўрсатувчи ушбу шахс асосан ўз нутқларида туҳмат ва бўҳтон гаплардан фойдаланади. Қолаверса, ўзини “Эркин Ўзбекистон” сиёсий мухолифат ҳаракати лидери деб билувчи Ҳасанбой аслида ушбу фаолияти учун хорижий ташкилотлар томонидан молиялаштирилиб турилади!”¸ дейилади Озодликка таҳдидли хат юборган бу юзернинг Подробно. уз Телеграм-каналидаги шарҳида.

Озодлик Телеграм-каналига қарши уюштирилган тролл ҳужумида ҳам Big Wood айни мазмунда Озодликни “хоинлик”да айблаб таҳдид қолдирган.

Озодликка ҳужумлар ортида ким турибди?

Настоящее время дигитал тармоғининг Телеграм бўйича мутахассиси Андрей Сошников бу саволга фақат Телеграм мессенжери асосчиси Павел Дуровгина аниқ жавоб бера олиши мумкинлигини айтади.

-Озодликка таҳдидли хат юборган аккаунтлар реал одамларга тегишли бўлиши мумкин. Аммо бу аккаунтларнинг қандайдир спам тармоқдан вақтинча «ижара»га олингани кўпроқ ҳақиқатга яқин. Биз аниқлаган икки аккаунт Телеграмдаги очиқ чатларда нисбатан фаол¸ улардан биттаси Ўзбекистон ҳукумати ва армиясини агрессив ташвиқот қилиб келишидан¸ таҳдидчининг камида билвосита ҳукумат тизимларига алоқадорлигини айтиш мумкин¸ дейди Сошников.

Ўзбекистондаги «троллар фабрикаси» ва Озодлик

Ўзбекистонда жорий ҳукуматдан мустақил нашрлар¸мухолифатчи ва фуқаролик жамияти фаоллари¸ хусусан¸ уларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига тролл ҳужумлари уюштирувчи махсус гуруҳлар борлиги ҳақида ҳам Озодлик¸ ҳам маҳаллий нашрлар ëзган.

Озодлик 2018 йили ўтказган суриштирув давомида Ёшлар Иттифоқининг бир гуруҳ фаол аъзолари Facebook тармоғида фейк аккаунтлар очиб, троллик қилиб келаётгани ошкор бўлган эди.

Орадан бир йил ўтиб¸Daryo.uz нашри маҳаллий журналист Дилбар Исматуллаева ва Alimoff канали ҳамкорликда ўтказган суриштирув давомида Тошкент ахборот технологиялари университети қошида махсус “троллар фабрикаси” мавжудлиги фош бўлгани ҳақида ëзди.

Бу суриштирув давомида Facebook ижтимоий тармоғидаги иштирокчиси кўп бўлган гуруҳлар¸ хусусан¸ Озодликнинг тармоқлардаги саҳифасига “Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотлар” ҳақида ижобий постлар қолдириш буюрилгани айтилган.

Ëшлар иттифоқи "тролл фабрикаси" борлигини инкор қилган бўлса¸ Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги муассиси бўлган ТАТУ маҳаллий журналистлар суриштирувига бирор шаклда муносабат билдирмаган.

Озодлик раҳбариятининг Мирзиëев ҳукуматига мурожаати

Ўзбекистонда 24 октябрга белгиланган президент сайлови арафасида Озодлик сайлов борасида ўзбек мухолифати ва фуқаро жамияти вакилларининг фикрларига минбар бераëтган саноқли мустақил нашрлардан бўлиб қолмоқда.

Танқидчилар сайловларда сиёсий рақобат йўқлиги, мухолифатнинг турли баҳоналар билан сайловга қўйилмагани¸ Шавкат Мирзиëевнинг давлат ресурсларидан фойдаланган ҳолда¸ иккинчи марта президентликда қолиши олдиндан аниқ эканини айтишади. Худди шу ҳолатлар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ДИИҲБ кузатувчилар миссиясининг 8 октябрь куни эълон қилинган оралиқ ҳисоботида ҳам таъкидланди. Озодлик бу ҳисоботни батафсил ёритди, уни тайёрлаган европалик кузатувчилар гуруҳи раҳбари Оуэн Мёрфи билан эксклюзив суҳбат уюштирди.

Ҳукуматнинг Озодлик веб саҳифасини блоклаш¸ унинг мамлакат ичкарисида бевосита фаолият олиб боришига изн бемай келаëтганига қарамай¸ кейинги йилларда Озодликнинг ижтимоий тармоқдаги иштироки муттасил ошмоқда. Шавкат Мирзиëев ҳокимияти давридаги манфаатлар тўқнашуви¸ непотизм¸ коррупция ва олигархиянинг кучайиши ҳақидаги Озодлик суриштирувлари миллионлаб ўзбекистонликларга етиб бормоқда¸ жамоатчилик орасида жиддий муҳокамаларга асос бўлмоқда.

Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жейми Флай Озодликнинг кейинги кунларда махсус уюштирилган ва яхши мувофиқлаштирилган таҳдидларга нишон бўлаëтганини кескин қоралади.

-Озодлик радиоси ўзбек журналистларига қарши Интернетдаги таҳдидлар жирканчдир. Мен ўзбек ҳукуматини уларни қоралашга, Озодлик вебсайтини блоклашни тўхтатишга ва журналистларимизни аккредитациядан ўтказишга чақираман, шунда улар Ўзбекистон жамоатчилиги учун мамлакат ичкарисидан туриб воқеаларни ёритиши мумкин. Бу таъқиблар Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда эркин матбуотни ривожлантиришни қўллаб -қувватлаш ҳақидаги ваъдаларига зиддир - Озодлик журналистлари ва уларнинг оилаларига қарши бу қўрқитиш тактикалари дарҳол тўхтатилиши керак¸- деди 19 октябрь кунги баëнотида Жейми Флай.

Маркази Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ўз сўнгги ҳисоботида Ўзбекистонда сайлов йилида матбуот ва ижтимоий тармоқлар устидан назорат кучайтирилганидан хавотир билдирди.

Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари мавжуд ва ҳукумат ҳануз матбуот устидан сезиларли назоратни ушлаб турибди. Блогерлар ҳануз таҳдидга учрамоқда, ҳибс қилинмоқда. Ҳукумат хорижий ва қувғиндаги журналистларга эшигини очди, аммо айрим ахборот воситалари, жумладан АҚШ молиялайдиган Озод Европа/Озодлик радиоси учун аккредитация олиш мушкуллигича қолмоқда”, дейилади “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти баёнотида.

XS
SM
MD
LG