Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:48

OzodDayjest: Жиззахда ҳокимлик ва депутатликка талабгорлар ёрдам сўраб сеҳргарга мурожаат қилди


БАА авиаширкати Ўзбекистонда инсофсиз рақобат қурбони бўлмоқда. Адлия вазири коррупцияга қарши курашнинг ягона йўлини айтди. Жиззахда сеҳргарнинг мижозлари орасида депутатликка талабгорлар ҳам борлиги аниқланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

БАА аваширкати Ўзбекистон транспорт вазирлигидан норози. Сабаб – инсофсиз рақобат...

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бир вақтнинг ўзида “Uzbekistan Airways”га ҳам раҳбар экани хорижий авиакомпаниялар, хусусан, Бирлашган Араб Амирликларининг дунёга машҳур “Flydubai” лоукостер авиакомпаниясига нисбатан инсофсиз рақобат муҳитини юзага келтирмоқда (www.kun.uz, 13 ноябрь).

БАА ширкати Ўзбекистон транспорт вазирлигидан норози эканини билдирмоқда. Боиси – уларга ваъда қилинган ҳафтада 7 кунлик рейсларни ташкил этилишига рухсат берилмаяпти.

“Flydubai” 2019 йилда йўлга қўйилган Дубай–Тошкент–Дубай йўналишидаги авиақатновларни ҳафтада 7 кун амалга ошириши керак бўлган. Аммо орадан икки йилдан кўп вақт ўтса-да, рейслар фақат 6 кун амалга оширилмоқда.

Узоқ вақт давом этган музокаралардан сўнг шу йил 11 октябр куни Транспорт вазирлигининг ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти директори Дониёр Жумаев имзоси билан “Flydubai”га йўлланган хатда Дубай–Тошкент–Дубай йўналишида рейслар сонини ҳафтасига 7 тага кўпайтиришга розилик берилади.

Аммо, орадан ўн кун ўтиб, БАА авиаширкатига яна Д. Жумаев имзоси билан навбатдаги хат йўлланади. Унда аввалги хат бекор бўлгани маълум қилинади. Бу ҳаракатларнинг сабаблари тушунтирилмайди. Масала 2022 йилда муҳокама қилиниши айтилиб, компаниядан узр сўралади, холос.

Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, транспорт вазири И. Маҳкамов “Uzbekistan Airways”га раҳбарлик қилмаслиги лозим. Бу қонунчилик руҳига ҳам, очиқ бозор принципларига ҳам зиддир. Қолаверса, “Очиқ осмон” режими амалда ишлаши лозим.

“Учинчидан, парвозлар бўйича паритет келишувлари схемалари тугатилиши зарур. Бу – ғирт коррупция ва ўзбилармонлик”, дейди О.Бакиров.

Таъкидланишича, “Flydubai”га дуч келган ҳолат Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси ҳамда Коррупцияга қаршиш курашиш агентлиги томонидан жиддий ўрганилиши керак.

Platforma.uz: ЕОИИ бу – иккинчи СССР эмас, балки СССРнинг ўзи!

Евроосиё иқтисодий иттифоқи – иккинчи СССР деганлар адашади. Аслида бу – СССРнинг ўзи, фақат номи ўзгарган, холос, деб ёзади Телеграмдаги “Platforma.uz” канали.
Қайд этилишича, ЕОИИнинг ҳамма учун мажбурий қоидалари бор.

“Биринчидан, агар Россия қандайдир чет эл маҳсулотига чеклов ўрнатса, токи Россия бу тақиқни олиб ташламагунча (рухсат бермагунча десак тўғрироқ бўлади) қолган аъзо давлатлар бу маҳсулотни импорт қила олмайди. Россия бу бандни бекор қилмаймиз, аммо чеклов киритаётганда бошқаларнинг манфаатини ҳисобга оламиз деяпти. Бу гапга фақат аҳмоқларгина ишонади”, деб ёзади муаллиф.

ЕОИИ аъзоларининг бирдамлиги қоидаси ҳам амалда Россия йўриғида бўлишни англатади.

“Агар реал ҳаётда Россия ким биландир савдо ёки сиёсий қарама-қаршиликка борса ва унинг маҳсулотларига бойкот эълон қилса, бутун ЕОИИ аъзолари Россия ёнида туриб, ўша мамлакат маҳсулотларига бойкот эълон қилиши зарур ва шарт. Гапни ўраб ўтирмасдан, Россия ўтир, деса ўтирасан, тур деса турасан. Акилла деса акиллайсан деса ҳам маъно ўзгармайди. Шу банд туфайли ҳам Россия ва Қозоғистон Озарбайжон билан савдо қилмайсан дегани учун анча “сен-мен”га боришганди”, дейилади мақолада.

Муаллиф Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолигини қулликка қайтишга менгзайди.

2020 йил 11 декабрь куни Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган. Кейинги пайтларда жамоатчилик орасида мамлакат Кремль назоратидаги тузилмага тўлақонли аъзо бўлиш йўлидан кетаётгани борасида хавотирлар кучайган.

“Очиғини айтмоқчиманки, биз бир неча йиллардан буён тўғридан-тўғри ЕОИИга аъзо бўлганларнинг танқидларини (уларнинг норозилиги, даъволари) яна бир бор такрорламаслик учун диққат билан кўриб чиқяпмиз”, деган эди мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йил октябрда Россиянинг “Коммерсантъ” газетасига берган интервьюсида.

Жиззахда ҳокимлик ва депутатликка талабгорлар ёрдам сўраб сеҳргарга мурожаат қилди


Жиззах шаҳри Турон маҳалласида яшовчи фуқаро норасмий фаолият билан шуғулланиб, гўёки турли дуолар билан одамларнинг муаммосини ҳал қилиб, уларни сеҳр-жоду қилиб келгани аниқланди (www.xabar.uz, 15 ноябрь).

Ушбу шахс ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтказган тезкор тадбирда қўлга олинган.

Қайд этилишича, cеҳр-жоду билан шуғулланган шахснинг ёндафтарларидан мижозларнинг юздан ошиқ фотосурати топилди. Ушбу фотоларга мижоз нима мақсадда келгани ёзилган ва айрим суратлар пичоқ ёрдамида кесилган. Бундан ташқари, нашриёти кўрсатилмаган диний мазмундаги 5 та китоб, 1 та от қамчиси ва 9 та турли кўринишдаги ошхона пичоқлари холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Маълум бўлишича, ушбу хонадонда турли ёшдаги фуқароларга ноқонуний диний сабоқ бериб келинган. Сохта домланинг шогирдлари орасида Фориш туманида яшовчи мактаб ўқувчиси ҳам бўлган.

Эътиборли томони, сеҳр-жодуни касб қилиб олган ушбу шахснинг дафтарида ҳокимлик ва депутатликка даъво қилганларга тегишли қайдлар ҳам бор.

Суд ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

Мамлакат бўйлаб фолбинлик ҳамда сеҳргарлик даъво қилиб одамларга фириб бериш ҳолатлари тез-тез кузатилади. Масалан, жорий йил апрель ойида Бухорода “дуо йўли билан боғланган йўлларни очиб бераман” дея алдаб, фуқародан 3000 доллар олган фолбин қўлга олинган эди.

XS
SM
MD
LG