Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 23:45

OzodDayjest: Британиялик кузатувчи Ўзбекистонда сайлов харажатларини қисқартириш йўлини таклиф қилди


Президент сайловини кузатгани келган британиялик Ваис Кайс Ўзбекистонда сайлов тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлари билан ўртоқлашди. Чегарада Ўзбекистон фуқароларидан пора олинаётгани фош этилди. Депутат Кушербаев очликдан вафот этаётган болалар муаммосини кўтарди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Британиялик кузатувчи Ўзбекистонда онлайн овоз бериш тизимини қўллашни тавсия қилди

Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатиш учун келган британиялик мутахассис Ваис Кайс сайлов тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлари билан ўртоқлашди (www.gazeta.uz, 24 октябрь). Хусусан, у онлайн овоз бериш тизимини жорий этиш лозимлигини айтди.

Қайд этилишича, онлайн овоз бериш тизими сайловчиларни сайлов участкасига келмай, дунёнинг исталган нуқтасидан, исталган жойдан овоз бериш имконини беради.

Британиялик кузатувчи, шунингдек, фуқаролар почта орқали овоз бериш имкониятига эга бўлишига, овоз бериш учун таклифномалар эса сайлов комиссияси аъзолари эмас, почтачилар томонидан етказилишига умид билдирди.

“Эътиборлиси, тизим қанча одамни қамраб олади, ахир биз 35 миллион ҳақида гапиряпмиз. Балки, 60 фоиз аҳоли, ахир сизларда 18 ёшдан кичиклар жуда кўп. Бу давлат сайловларга жуда катта куч сарфлайди дегани. (Сайлов комиссияси аъзолари) 13-16 миллионта хатни етказиб бериши керак! Бироқ агар онлайн платформа бўлса, сайловчи шунчаки сайтга киради ва овоз беради, бу барчасини осонлаштиради”, деди В.Кайс.

Таъкидланишича, мазкур тизим ташкилий харажатларни қисқартириш ва шаффофликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Чегарада Ўзбекистон фуқароларидан пора талаб қилиняпти, “ставка” ҳам маълум...

Қозоғистоннинг Чимкент, Тожикистоннинг Хўжанд ва Қирғизистоннинг Ўш шаҳарларига ўтаётган Ўзбекистон фуқароларидан қўшни мамлакатлар масъуллари ноқонуний пул ундирмоқда (www.kun.uz, 28 октябрь).

Ҳолатни ўз кўзи билан кўрган “Kun.uz” мухбирига кўра, уч мамлакат билан боғловчи чегара постларидаги энг катта “ставка” Тожикистон чегарасида экани маълум бўлди. “Ойбек” чегара постида Тожикистон масъуллари ҳар бир Ўзбекистон фуқаросидан 150-200 сомони (150-200 минг сўм) пул олмоқда.

“Бунинг учун жуда содда, аммо инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи, асабини бузувчи усул танланган. Яъни ўзбекистонликлар нейтрал ҳудудда бир неча соат кутишга мажбур қилинади. Натижада дарвоза олдида турган чегарачи билан келишишдан, унинг айтган суммасини беришдан ўзга чораси қолмайди. Келишилган сумма чегара постида фаолият юритувчи шифокорга берилади”, деб ёзган нашр.

Қирғизистоннинг “Дўстуқ” постида эса чегарадан ўтиш “ставка”си 50 минг ўзбек сўмидан бошланади. Бу ерда ҳам пора олишда шифокор воситачилик қилади.

“Жибек Жоли” постида фаолият юритаётган Қозоғистон божхона ходими мигрант либосига кирган журналистдан 175 тенге (4400 сўм) олган.

Нашр мухбири, шунингдек, Ғишткўприк пости орқали кириб келаётган ҳар бир кишидан экспресс-тестни важ қилиб 100 минг сўмдан олинаётгани, ҳатто ПЗР-тест сертификати борлардан ҳам ушбу сумма талаб этилаётганини танқид қилган.

“Назаримизда, Ғишткўприк чегара-божхона постида коронавирусга қарши экспресс-тест топшириш бўйича мажбурий амалиётга барҳам берилиши керак, чунки бу шундоғам пандемия даврида моддий томондан қийналган халқдан ортиқча пул ундиришдан бошқа нарса эмас”, деб ёзган нашр.

Депутат: Бошқа режалардан воч кечармиз, бироқ болалар ҳақини жойига қўймасак бўлмайди!

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Афғонистонда болалар очликдан вафот этаётганига муносабат билдириб, Ўзбекистон мутасадди идоралари ҳам бундан тегишли хулоса қилиши лозимлигини таъкидлади (“Жамият” газетаси, 28 октябрь).

“ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, йил охиригача ушбу мамлакатда беш ёшгача бўлган уч миллион икки юз минг бола очликдан қийналади, уларнинг бир миллионга яқини очлик туфайли вафот этиши мумкин... Тагимизда улов, шоҳона ҳаёт бағрида, тўқ қоринга унга-бунга топшириқлар бериб яшаётган бир вақтда бундай ҳолатларни чин инсоний қалбдан ҳис қилишимиз қийиндир балки. Лекин булар бор гап, ўртоқлар”, деб ёзган депутат.

Р. Кушербаев болаларнинг очдан ўлиши Ўзбекистонда ҳам содир бўлмаслиги учун нималар қилиш лозимлигига эътибор қаратган.

“Балки амалдаги ишларимизни зудлик билан қайта кўриб чиқиш керакдир. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун ва ҳеч бўлмаса реал ҳаётдан узоқроқ бўлган ҳукуматнинг қарори билан тасдиқланган Низомни. Ушбу Низомда ҳеч бўлмаса ҳар бир болани қандай оилада дунёга келишидан қатъи назар уч ёшга тўлгунга қадар нафақа пули (бола пули) берилишини тўлиқ кафолатлашимиз шарт. Майли, бошқа режалардан кечармиз, бироқ болани ҳаққини жойига қўймасак бўлмайди!” деган Р. Кушербаев.

XS
SM
MD
LG