Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:05

OzodDayjest: Қўшни давлатларда юз минглаб ўзбек ўз тилида таълим олиш имконидан маҳрум қолмоқда


Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган ўзбек мактабларидан бири
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган ўзбек мактабларидан бири

Ўзбекистонда “қора бозор” ҳамон сақланиб қолаётгани сабаблари очиқланди. Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори қўшни давлатлардаги ўзбекларнинг она тилини ўрганишда дуч келаётган муаммоларидан баҳс этди. Молиявий инқироз ёқасидаги банкнинг 280 миллиард сўмга офис қураётгани эътироз уйғотди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Мутахассис: Қўшни давлатларда юз минглаб ўзбек ҳукмрон миллатларга сингиб кетмоқда

Ўзбекистонга чегарадош давлатларда ўзбек тилини ўрганиш йиллар давомида жуда оғир ҳолатга келиб қолган, деди Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов “Kun.uz” нашрига берган интервьюсида.

Қайд этилишича, Туркманистонда 500 мингдан ортиқ ўзбек яшайди. Расмий маълумотларга кўра, 2000-йилларгача Туркманистондаги мактабларда ўзбек тили ўқитилган, лекин ундан кейин ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш бекор қилинган.

“Бугун Туркманистонда 500 мингдан ортиқ ўзбекларнинг тили, маданиятини тарғиб қилиши учун миллий маданият маркази ҳам йўқ. Халқаро нормалар бўйича бу борада шароитлар тенг бўлиши керак эмасми? Афсуски, йиллар давомида ярим миллион миллатдошимиз ўз тили, маданиятини йўқотиб, ҳукмрон тил ичига сингиб кетмоқда. Бу – бизни ўйлантирадиган муаммо”, - деган И. Азимов.

Мутахассисга кўра, Қирғизистонда ҳам кўплаб ўзбек мактаблари қирғиз мактабларига айлантирилган.

“Бугун Қирғизистонда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг ўртача ёши 50 ёш. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича эса мутахассислар тайёрланмайди. Энди тасаввур қилингки, яна 15-20 йилдан кейин Қирғизистонда ўзбек тили ва адабиётини ўқитадиган ўқитувчилар қолмайди”, - деган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори.

Тожикистонда ҳам охирги ўн йилликда ўзбек синфлари сони уч баробарга қисқарган. Ўқувчилар сони 2011-2012 ўқув йилида 299 минг 494 нафарни ташкил этган бўлса, 2020-2021 йилларда 106 минг 83 нафарга тушиб қолган.

И. Азимов Ўзбекистон ҳукуматига қўшни мамлакатлар билан музокараларда ўзбек тилини ривожлантириш масаласини ҳам кўтаришни тавсия қилган.

“Йирик ўйинчилар истамайди” – Ўзбекистонда “қора бозор” ҳамон йўқолмагани асосий сабаби айтилди

Ўзбекистонда конвертация учун йўл очилиб, валюта олди-сотдиси соддалаштирилган бўлса-да, “қора бозор” ҳамон йўқолгани йўқ (“Маҳалла” газетаси, 16 октябрь). Бу эса яширин иқтисодиёт сектори сақланиб қолаётгани ва ҳатто борган сари кенгайиб бораётганидан далолат беради.

“Коррупцион йўл билан топилган, ноқонуний даромадлар, яширин савдо, норасмий импорт – буларнинг ҳаммаси “қора бозор”га мурожаат қилади. Чунки айирбошлаш шохобчалари орқали валюта сотиб олишда барибир мижозни лозим даражада идентификациялашга тўғри келади ва буни бугун “қора бозор”га ўз талабини қондириш учун мурожаат этаётган “йирик ўйинчилар”, албатта, истамайди”, - деб ёзган газета.

Қайд этилишича, банк филиаллари кассасида кўп ҳолларда навбат кўпайиб кетаётгани ҳам аҳолининг “қора бозор”га мурожаат қилишига сабаб бўлмоқда.

“Исталган банк филиалига боринг, энг кўп одам айнан валюта айирбошлаш кассаси ёнида тўпланган бўлади. Банк масъуллари шуни ҳисобга олиб, кассалар сонини кўпайтиришни ўйлашмаяпти. Айрим ҳолларда эса хизмат кўрсатиш жуда суст, бир мижозга 20 минут вақт кетади. Қарабсизки, доллар сотиб олиш истагини билдирган инсон навбатсиз кўчадаги валютафурушга яна мурожаат қилади”, - деб ёзган муаллиф.

Мақолада айрим ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари “валютафуруш”лар фаолиятини кўриб кўрмаганга олаётгани, бу борада назорат кучли эмаслиги ҳам танқид қилинган.

“Ноқонуний валюта айирбошлаш учун маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, шуни билган ҳолда ҳам “долларчи”лар ўз ишини совуққонлик билан давом эттирмоқда. Гўё уларнинг ортида қандайдир “катта куч” бор ва у ҳар қандай назоратдан ҳимоя қилиб турибди”, - дейилган мақолада.

Молиявий инқироз ёқасидаги “Халқ банки” 280 миллиард сўмга офис қурмоқда

“Халқ банки”нинг янги раиси Шуҳрат Отабоев банкни молиявий қийинчиликдан чиқаришнинг янги усулини ўйлаб топди, дея киноя қилган “Рост24” нашри. У раислик курсисига ўтириши билан қурилиши битай деган банк бош офиси қурилиши учун яна 165,9 миллиард сўмлик қўшимча лойиҳа ишлаб чиққан.

“Молиявий қийинчилик туфайли ходимларининг салкам 50 фоизини қисқартиришга мажбур бўлган “Халқ банки” бугунги кунда 279,1 миллиард сўмга ўзининг бош офиси биносини қурмоқда. Бино қурилиши учун тендер ўтказилганми? Пудратчи фирма буюртмани олишдан 5 ой аввал очилган янги фирма эканини қандай тушуниш мумкин?” - дея мутасаддиларни саволга тутган нашр.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги фармойиши ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарорига кўра, “Халқ банки” бош офисини қуриш учун Чилонзор туманидан 1,8 гектар ер ажратилган. 2019 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиш баёнига асосан бош пудратчи этиб “Gracia art stroy” МЧЖ ва бош лойиҳачи “Energy biulding” МЧЖ тайинланган (“Gracia art stroy” МЧЖнинг низом жамғармасида бор-йўғи 20 миллион сўм бор).

Дастлаб 113,2 миллиард сўмга баҳоланган лойиҳага қўшимча равишда яна 165,9 миллиард сўм сарфланаётгани ҳам саволлар туғдирган.

“Мазкур қурилишдаги баъзи саволларнинг очиқ қолиши лойиҳада коррупция аралашганига шубҳа туғдирмайдими?” - деб ёзган интернет нашр.

XS
SM
MD
LG