Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2019, Тошкент вақти: 09:50

4 яшар қиз ва унинг 8 яшар акаси ИИБда сўроқ қилинди. Қўрқиб кетган бола неврозга чалинди


Тошкент вилоят, Бўстонлиқ туман Ички ишлар бўлими терговчилари 4 яшар қиз ва унинг 8 яшар акасини ота-онаси ва педагог иштирокисиз Ички ишлар бўлимига олиб бориб сўроқ қилган.

Болаларнинг онаси Наргиза Қурбонованинг Озодликка айтишича, бу воқеа 2018 йилнинг 23 сентябрида бўлган ва натижада 8 яшар ўғли қаттиқ қўрқувдан руҳий жароҳат олиб, неврозга чалинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати 21 февраль куни Озодлик сўровига жавобан Суннат Қурбоновнинг (Болаларнинг отаси) аризаси юзасидан хозирда Тошкент вилоят Бўстонлиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётганини маълум қилди.​

Бош прокуратура матбуот хизмати, шунингдек, Қурбонованинг ўтган йил ноябрь ойидаги шикояти кўриб чиқилгани ва ​Бўстонлиқ туман Ички ишлар бўлимининг уч нафар терговчисига болалар билан Жиноят-процессуал кодексининг 121-моддасига зид равишда суҳбат ўтказгани учун “Танбеҳ” интизомий жазоси қўлланилганини билдирди. ​

Наргиза Қурбонованинг Озодликка айтишича, 2018 йилнинг 23 сентябрида Бўстонлиқ туман ИИБнинг фуқаролик кийимидаги икки терговчиси уйига келган.

Терговчилар тумандаги ҳусусий ширкатга қарашли олма боғида дарахтлар пайхон қилинаётгани ва мевалар сўроқсиз териб олинаётгани борасидаги шикоятлар бўйича келганини айтган.

- Эрим ва мени ҳеч қандаи́ далил-исботсиз олма у́ғирлаганликда аи́блаб, ИИБ бўлимига олиб кетмоқчи бўлишди. Биз далил-исбот сўраганимизда улар исботсиз иш қилишини аи́тишди. Ва уйимнинг олдида ўйнаётган 8 ёшли ўғлим ва 4 ёшли қизимни мендан бесўроқ олиб кетиб, ҳеч қанақа педагогсиз, қўрқитиб сўроқ қилишган, "отангни қамайман, ўзингни қамайман", деб қўрқитишган, болам ҳаммасини ўша куни айтиб берди, - деди Қурбонова.

"Ўғлим мелисани кўрса иштонига қўйворадиган бўлиб қолди"

Наргиза Қурбонованинг иддаосича, қизи ва ўғли милиция бўлимида қўрқитилган ва оқибатда 8 ёшли ўғли руҳий жароҳат олган.

- Қизимнинг аҳволи яхши, лекин ўғлим невроз бўлиб қолди. Ўша тергов қилинган кун кечаси ухлай олмай чиқди. Мелисани кўрса, қўрқиб қоладиган, айрим пайтлари иштонига қўйворадиган бўлиб қолди. Ўқитувчиси ҳам шу ўзгаришларни пайқаган. Шундан сўнг, ўзимизнинг туман касалхонасидаги болалар врачига олиб борсам, боланг қўрқиб қолган, невропатологга олиб бор деди. Невропатолог боланг невроз бўлган, деб диагноз қўйиб берди, - деди Қурбонова.

Невроз асаб тизимининг функционал касаллиги бўлиб, одамга руҳий жароҳат етказувчи ташқи ва ички омиллар таъсирида ривожланади.

Наргиза Қурбонова ўғлининг руҳий жароҳат олганини милиция бўлимида қўрқитилгани билан боғламоқда ва неврозга дучор бўлгани ҳақидаги врач хулосасини Озодликка тақдим этди.

Наргиза Қурбонованинг иддаосича, қизи ва ўғли милиция бўлимида қўрқитилган ва оқибатда 8 ёшли ўғли руҳий жароҳат олган.
Наргиза Қурбонованинг иддаосича, қизи ва ўғли милиция бўлимида қўрқитилган ва оқибатда 8 ёшли ўғли руҳий жароҳат олган.

Наргиза Қурбонова ўтган ой врачлар боласининг неврозга чалинганини тасдиқлаганидан сўнг туман прокуратурасига қайта шикоят киритганини айтди.

- Мен бу ишни охиригача етказаман, менинг болам энди невроз бўлиб қолаверадими? - дер экан, Қурбонова Озодликка мурожаат қилишини ҳам шу аҳди билан изоҳлади.

Терговчиларга "Танбеҳ" берилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Озодлик сўровига жавобан 21 февраль кунги билдирувида Қурбонованинг терговчилар устидан ўтган йил ноябрь ойидаги шикояти кўриб чиқилгани ва ​Бўстонлиқ туман Ички ишлар бўлимининг уч нафар терговчисига болалар билан Жиноят-процессуал кодексининг 121-моддасига зид равишда суҳбат ўтказгани учун интизомий жазо қўлланилганини маълум қилди. ​

"Тумани ИИБ ЖҚБ тезкор вакили лейтенант И.Т. ҳамда туман ИИБ ҲПГ профилактика инспектори лейтенант М.Р.А.лар ЖПКнинг 121-моддаси талаблари асосида вояга етмаган Р.Б. билан катта ёшдаги яқин қариндошлари ёки педагог иштирокида суҳбат ўтказмаганлиги сабабли, уларга нисбатан “Танбеҳ” интизомий жазоси эълон қилинган", - дейилади Бош прокуратура билдирувида.

Мазкур билдирувга кўра, воқеа Бўстонлиқ ИИБ ходимлари сентябрь ойида тумандаги “Agro Tash Group” ҳусусий ширкатига қарашли бўлган ер майдонларида интенсив равишда етиштирилаётган олма боғи атрофида яшайдиган халқ билан олма боғини пайхон қилмаслик, кўчатлар ва олма дарахтларига шикаст етказмаслик, етиштирилаётган меваларни сўроқсиз териб кетилишини ҳамда боғни пайҳон қилинишини олдини олиш мақсадида тушунтириш ва профилактик ишларини амалга ошириш пайти рўй берган.

Наргиза Қурбонованинг айтишича, ИИБ ходимлари уни ва эрини хусусий ширкатга қарашли боғдан олма ўғирлаб сотишда айблаган.

- Тўғри, олдин мен бозор қилганман, лекин мана уч йил бўляпти, соғлигим тўғри келмаяпти, бозор қилмайман. Булар “сен олма ўғирлаб сотасан, эринг ҳам олма ўғирлаб сотади”, деб бизни милиция бўлимига олиб кетмоқчи бўлишди. Далил-исбот сўрагандим, олиб кетишолмади. Чунки, олма ўғирламаганман. Кейин, кўчада ўйнаб юрган болаларимни олиб кетибди. “Болаларимга нимага тегдиларинг” десам “бизани ҳаққимиз бор”, дейди. Шундан сўнг биз бу ҳақда прокуратура “Ишонч” телефонига шикоят қилдик, - деди Наргиза Қурбонова.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига кўра, Наргиза Қурбонова ўтган йил 10 октябрда ўтказилган профилактик суҳбат давомида, туман ИИБнинг Исроил ва Муҳаммад исмли ходимлари томонидан вояга етмаган фарзанди билан олиб борилган профилактик суҳбат юзасидан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини ҳам маълум қилган.

Қурбонова Озодлик билан суҳбатда буни тасдиқлади.

- Ман даъвойим йўқлигини айтганман, тўғри, лекин босим остида бўлган бу. Улар телефон қилаверди, қилаверди, “аризангни қайтариб ол”, деб. Уйимизга келишди, “фойдаси йўқ, ҳеч нарса қўлларингдан келмайди, хоҳласак болангни яна тергов қиламиз”, деганидан сўнг қўрқиб шундай ёзиб берганман. Аслида уларга даъвойим бор, - деди Наргиза Қурбонова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:54 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига кўра, Суннат Қурбоновнинг аризаси юзасидан хозирда Тошкент вилоят Бўстонлиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

“Текширув жараёнида ИИБ ходимлари ҳаракатларида қонун бузилиши аломатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади", - дейилади Бош прокутарура матбуот билдирувида.

Наргиза Қурбонова Озодлик билан суҳбатда ўғлини қонунга зид равишда сўроқ қилган ва унга руҳий жароҳат етказган терговчиларга қўлланилган "Танбеҳ" жазосидан норози эканини айтди.

- Булар битта "Танбеҳ" билан қутилишяпти, лекин бундайлар Ички ишлар тизимида ишламаслиги керак, - дейди Қурбонова.

Ўзбек қонунчилиги нима дейди?

Ўзбекистонда жиноят гувоҳлари ёки жабрланувчилар бўлган 16 ёшга тўлмаган болалар ўзларини йўқотиб қўйишлари ёки руҳан қийналишларига йўл қўймаслик учун махсус педагог иштирокида сўроқ қилиниши керак.

Ўзбекистон Фуқаролик процессуал кодексининг 231 - моддасида айтилишича, ўн олти ёшга тўлмаган гувоҳларга иш бўйича ўзлари билган барча маълумотларни рўй-рост айтиб бериши шарт эканлигини тушунтирилади, бироқ улар била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайди.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган гувоҳларни сўроқ қилишда, суд лозим топган тақдирда эса, ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшгача бўлган гувоҳларни сўроқ қилишда ҳам мутахассис (педагог) ва, зарур бўлган тақдирда, уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, уларнинг васийлари ва ҳомийлари чақирилади. Мазкур шахслар раислик қилувчининг рухсати билан гувоҳга саволлар бериши мумкин.

Кодексда қайд этилишича, жиноят гувоҳлари ва жабрланувчилар бўлган болаларни сўроқ қилишда иштирок этган терговчилар эса болаларга дўстона муносабатда бўлишлари шарт.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ўтган йили декабр ойида айрим шаҳар ва туман ИИБларида UNICEF ташкилоти билан ҳамкорликда тергов жараёни даврида болаларни ҳимоя қилиш муҳитини яратиш, хусусан, руҳий босимни камайтириш мақсадида, болаларни сўроқ қилиш хоналари ташкил этган эди.

XS
SM
MD
LG