Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2020, Тошкент вақти: 10:13

Маҳбуснинг онаси: Ўғлим қийноққа чидай олмай, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди


2006 йилда ўзбек қамоғида қийноққа солингани айтилган мабусларнинг кийимлари.

Навоий шаҳридаги 46-сонли тергов изоляторида фирибгарликда гумонланиб ушлаб турилган маҳбус, яқинларининг иддаосича, қийноққа солиниши ортидан томирини кесиш орқали ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизматининг билдиришича, мазкур холат юзасидан текширув тайинланган. Лекин, прокуратурага кўра, маҳкум "жонига суиқасд қилишга уринмаган".

Тошкентлик Моҳигул Маматова 4 ой аввал фирибгарликда гумонланиб ҳибсга олинган 28 яшар ўғли Ҳушнуд Маматов Навоий шаҳридаги 46-сонли тергов изоляторида қийноққа солиниши ва икки ҳафта оч қолдирилиши ортидан томирини кесиш орқали ўз жонига қасд қилмоқчи бўлгани ҳақда Озодликка арз қилди.

- Фирибгарлик айбини бўйнига қўйдириш учун қийнашган, икки ҳафта оч қўйиб, сув ҳам беришмаган. Қийнашган. Қийноққа чидай олмай, жонига қасд қилмоқчи бўлган, венасини кесган, - дейди Моҳигул Маматова.

Тошкентлик онанинг бу иддаоларини Ҳушнуд Маматовнинг адвокати Умид Давлатов ҳам тасдиқлади.

Адвокат Давлатов Озодлик билан суҳбатда ўтган ҳафта Навоий шаҳридаги 46-сонли тергов изоляторида ўз мижози Ҳушнуд Маматов билан учрашганида уни чап қўли кесилган холда кўрганини айтди.

-“Нимага бундай бўлди”, десам, “қийноққа чидай олмасдан, қилдим”, дейди. Айбни бўйнига қўйиш учун сурункали оч қўйишган, сув ҳам беришмаган экан. “Бундан кўра ўлганим яхши деб, чап қўли вена томирини кесдим”, дейди. Аҳволи ҳозирча яхши, - деди Умид Давлатов.

Маматов иши бўйича тергов олиб бораётган Навоий вилоят Ички ишлар бошқармасидан бу иддаолар юзасидан изоҳ олиб бўлмади.

Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизмати Озодлик сўровига жавобан Ҳ. Маматов билан боғлиқ холат юзасидан текширув тайинланганини маълум қилди.

“Бу борада унинг тушунтиришига кўра, ҳеч бир жонига суиқасд қилишга уринмаган. Текширув натижасига кўра тўлиқ маълумот берамиз”, - дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати билдирувида.

Тергов иши ҳужжатларидан аён бўлишича, Ҳушнуд Маматов март ойида ўз танишидан 15 минг АҚШ доллари миқдорида фоизга пул олган, лекин қайтариб бермаган.

Июль ойида фоизга пул берган томоннинг шикоят аризаси бўйича Маматовга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-банди Фирибгарлик бўйича жиноят иши очилган ва қамоққа олинган.

Айбланувчининг онаси Моҳигул Маматова ўғли қамоқда қийноққа солингани ҳақида Ўзбекистон президенти қабулхонасига шикоят қилгани, лекин ҳозирча жавоб олмаганини айтди.

- Президентимиз энди қийноқ бўлмайди, қийноққа солганларни ўзим жазолайман, деганди. Қани адолат? - дейди Моҳигул Маматова.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили ҳукумат мажлисида тергов жараёнида қийноқ қўллаган шахслар, "ким бўлишидан қатъий назар, муқаррар жавобгарликка тортилишини айтган.

2017 йил, 7 декабрь куни Констутициянинг 25 йиллигига бағишланган нутқида Мирзиёев: "Бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа шафқатсиз зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди.Бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилади", - деб айтган эди.

Аммо ҳуқуқ фаолларига кўра, амалда вазият ўзгаришсиз қолган.

Тергов ҳибсхоналарида қийноқлар ҳақида Озодликка Мирзиёевнинг чиқишидан кеййин ҳам шикоятлар келишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG