Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:17

Мирзиëев "анави идора қулоқлари" бўлган посбонларни йўқ қилмоқчи


Милиция ходимлари Қуръонга қўл қўйиб порахўрлик қилмаслик ҳақида қасамëд қилмоқда. Тошкент вилоят, Юқоричирчиқ туман ички ишлар бўлими. 2018, декабрь.
Милиция ходимлари Қуръонга қўл қўйиб порахўрлик қилмаслик ҳақида қасамëд қилмоқда. Тошкент вилоят, Юқоричирчиқ туман ички ишлар бўлими. 2018, декабрь.

Жорий йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган селектор йиғилишидан ëзиб олинган аудио Озодликка 30 январь куни етиб келди.

Йиғилишда Ўзбекистон президенти ИИВ ишини қониқарсиз деб топганини ва соҳа тизимини тубдан ўзгартиришини айтаркан, жумладан, маҳаллалардаги “посбон” лавозими тугатилишини билдирган.

Селектор йиғилишида гапирган президент кейинги 15 йил давомида Ўзбекистон Ички ишлар тизими “битта ҳамма биладиган ташкилот тарафидан заифлаштирилгани”ни таъкидлади ва соҳада кардинал ислоҳот ўтказилишини билдирди:

“Посбонларни йўқ қиламиз. Улар анави ташкилотнинг қулоғи эди. Уларни ўрнига участковой (ИИБ участка нозири) ëрдамчиси деган тўлақонли штат жорий қиламиз”,- дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти "анави ташкилот" деганда МХХни назарда тутганини тахмин қилиш мумкин.

“Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси ҳукумат қарори асосида 2014 йилнинг март ойидан бошлаб фаолият юритиб келади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги 497-сон қарорига кўра аҳоли сони 2000 дан зиëд бўлган маҳаллага 4 нафар аҳоли сони 12000 бўлган маҳаллага 18 нафар посбон бириктирилган.

Жорий йил 10 январда президент иштирокида ўтган селекторда таъкидланишича¸ Ўзбекистонда 9 минг 756 та маҳалланинг ҳар бирида камида тўрттадан посбон фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган мулозимнинг 31 январь куни Озодликка билдиришича¸ маҳалла посбони институти ўрнига участка нозири ëрдамчиси лавозимини таъсис қилиш бўйича ҳужжатлар таëрланиб ҳуқуқий экспертизага берилган.

Собиқ спортсменлар ишга олинади

Президентнинг матбуотда эълон қилинмаган нутқида “участка нозири ва ëрдамчиси” лавозимига “катта спортдан кетиб иш топа олмай юрган спорт усталарининг Ҳуқуқшунослик институти қошида ташкил қилинадиган икки йиллик курсларда тезлаштирилган тарзда ўқитиб” тайинланиши маълум қилинди.

Президент ўз нутқида Ички ишлар вазирлигида шу пайтгача мавжуд бўлган ишга олиш тизимини танқид қилди:

“Бу тизим бўлмайди. Сени ишга оламан деб бир йил судрарди. Энасини, отасини суриштириб. Барибир ишга олмасди. Мақсад ўзининг одамини тиқиш. Фақат жинниларни олишарди ишга. Қанча жинни бўлса, шунча ишга кириши осон эди. Бу тизимга чек қўямиз”,- деди президент.

"Анави ташкилот таъсири"

Ўз нутқида президент Шавкат Мирзиëев “погонни осиб олиб ликиллаб юрган порахўр” ва “cемизлигидан 10 метрга ҳам югура олмайдиган ва ўғрини қувиб етолмайдиган мешқорин ИИБ ходимлари” ходимлари мисолида 1991 йилдан то шу кунгача ишлаб келадиган тизимни “мутлақо самарасиз”, деб баҳолади.

“Мен Бош вазир бўлганимда Матлубов (2006 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистон Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган - таҳр.) билан ишлаганман. У фақат кабинетда ўтирарди Ҳеч нарса қилолмасди. Ҳамма нарсани анави ташкилот ҳал қиларди. Шуни асорати ҳалиям бор. Мана мен кеча Юнусобод РОВДга бордим. Ўша ердаги ходим доклад қилишниям билмайди”, деган Ўзбекистон президенти селекторда сўзлаган, аммо матбуотда ошкор қилинмаган нутқида.

Қотиллик кўпайган

Айни мажлисда Ўзбекистон президенти мамлакатдаги криминоген муҳит ўта ëмонлашганига эътибор қаратди:

“2018 йили мамлакатда 49 минг 11 та жиноят содир қилинди. Бу ҳар 100 000 кишига 150та жиноят тўғри келди дегани. Афсуски, Навоий вилоятида 100 000 кишига 215 жиноят тўғри келган. Бутун республика бўйлаб 432та қотиллик юз берган, шунинг 66 таси Тошкентда”.

Айни рақамларни айтиш чоғида Ўзбекистон президенти “жиноятлар сони кўпайганида айбдор бўлган” мулозимларни жиддий огоҳлантирди:

“Эй прокурор, эшит¸ агар жиноят камаймаса Бойсунга прокурор қилиб юбораман. Юрасан сургунда”.

Озодлик 10 январь кунги махсус селекторда президент Шавкат Мирзиëевнинг алоҳида танқидига учраган Андижон Ички ишлар бошқармасининг камида тўрт нафар ходими ҳибсга олингани ҳақида ëзган эди.

Озодлик Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2019 йил 10 январдаги кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлар ижроси бўйича Ички ишлар вазирлиги мулозими билан боғланди. Исми ошкор қилинмаслигини сўраган мулозимга кўра¸ “Президент топшириғи бўйича ҳар бир вилоят ИИБ сига вазир Пўлат Бобожоновнинг ўзи бориб таҳлил қилмоқда”.

“26 январь куни Сирдарё вилоятига шахсан вазиримиз бориб президентимизнинг видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ижроси ўрганилди", - деди мулозим.

Унинг айтишича¸ бундай йиғилишларнинг навбатдагиси Навоий вилоятида ўтказилади.

XS
SM
MD
LG