Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:13

Янги тартибдаги ҚҚС жорий этилиши ортидан дўкон пештахталарида маҳсулот камайди


2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган ва мамлакатга олиб кирилаëтган товарларга солинадиган қўшимча қиймат солиғи - ҚҚСнинг янги тартиби жорий этилди.

Ўзбекистонлик истеъмолчиларга кўра¸ бунинг ортидан айрим ҳудудларда нарх-наво ошиб, дўкон пештахталаридан баъзи маҳсулотлар ғойиб бўлган.

Ижтимоий тармоқда қўйилган суратларда¸ хусусан¸ "Корзинка" тармоғи дўконлари пештахталарининг бўшаб қолгани кўрилади.

Озодлик суҳбатлашган оддий истеъмолчилар ва тадбиркорлар 1 январдан жорий этилган янги солиқ юкини ўз елкаларида ҳис эта бошлаганликларини таъкидладилар.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил июнида имзолаган "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги фармонига биноан 2019 йил 1 январдан бошлаб, йиллик обороти 1 миллиард сўмдан ошган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлай бошлади.

Гарчи ҳукумат расмийлари ҚҚС янги тартибининг жорий этилиши нарх-наво ошишига олиб келмаслигини айтаётган бўлса-да, дўконлардаги вазият ўзгача.

- Дўконлар бўшаб қолган. Маҳсулотга энг бой "Корзинка" дўкони пештахталари ҳам бўшаб қолган. Колбаса, сирларнинг хил-хили бўлар эди. Ҳозир шу колбасалар турган прилавкалар бўм-бўш, - дейди исмини айтишни истамаган андижонлик истеъмолчи.

Андижондаги "Корзинка" дўкони.
Андижондаги "Корзинка" дўкони.

Ижтимоий тармоқда қўйилган бўш пештахталар суратларининг ҳам “Корзинка” тармоғи дўконларига оид экани айтилмоқда.

Андижондаги "Корзинка" дўкони.
Андижондаги "Корзинка" дўкони.

“Корзинка” дўконлар тармоғининг савдо-сотиқ бўйича масъул раҳбарларидан бири Озодликка пештахталардаги маҳсулотларнинг 1 январдан камайгани ҳақидаги хабарларни инкор этди.

- Бизда ҚҚС билан боғлиқ ҳеч қанақа муаммо йўқ. Ҳозир мажлисга шошилаяпман, лекин муаммо йўқ, - дея гапни қисқа қилди "Корзинка" менежери.

"Корзинка" дўконлар тармоғи бош директори Зафар Ҳошимов эса Озодликнинг Telegram тармоғи орқали юборган саволларига умуман жавоб бермади.

Давлат солиқ қўмитасининг ҚҚС бўйича саволларга жавоб бериши керак бўлган расмийси Озодликка янги йилдан қўшимча қиймат солиғининг янги тартиби жорий этилиши ортидан ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорларга солиқ юки ошганини рад этди.

Айни пайтда мулозим солиқ тизимидаги ўзгаришларнинг дўкон пештахталаридаги маҳсулотларнинг йўқолиб қолиши билан қанчалик боғлигиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

"Корзинка" менежери "муаммо йўқ" деб айтди.
"Корзинка" менежери "муаммо йўқ" деб айтди.

Ишлаб чиқарувчилар билан келишиш қийин бўлаяпти

Тошкентдаги "Барака" озиқ-овқат дўкони иш юритувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда ҚҚС сабаб ишлаб чиқарувчилар билан нархни келишиш қийин бўлаётганини таъкидлади:

- Агар ишлаб чиқарувчи ҚҚС тўламаса¸ биз нархнинг устига 20 фоиз ҚҚС қўйишимизга тўғри келади. Унда ҳеч ким олмайди. Ишлаб чиқарувчига 20 фоизлик ҚҚС оғирлик қилаяпти. Солиқ юки ортганидан сўнг сотиб олинаётган маҳсулотлар қиммат бўлиб кетаяпти-да, шунинг учун прилавкалар бўшаб қолган, - деди Тошкентдаги “Барака” озиқ-овқат дўконининг иш юритувчиси.

Айрим дўкондорлар эса солиқлар ошгани сабаб бизнесини ёпишдан бошқа чораси қолмаётганини айтади:

- Бу ерда фақат ҚҚС эмас¸ бошқа солиқлар ҳам бор. Янги йилдан ер солиғи, сув солиғи, мулк солиқлари киритилди. Яна ижарада турган жойи учун ҳам ер солиғи тўланиши айтилаяпти. Олдин ягона солиқ тўлаб келганмиз, бошқа солиқ йўқ эди. Ҳозир кўплаб тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиши мумкин, фойда бўлмаяпти, биз ҳам шуни ўйлаб турибмиз, - дейди Самарқанддаги “Шаршара” дўкони эгаси Маъруф Сафаров.

"Бизнес шокда"

Тошкентдаги Иқтисодий тараққиёт маркази директори Юлий Юсупов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукуматининг шошма-шошарлик билан ҚҚС янги тартибини жорий этиши ортидан бозорда шок ҳолати юзага келганини айтади:

- Афсуски, ҳукуматнинг айби деб ҚҚСнинг янги тартибига ўтишга яхши тайёргарлик кўрилмади. Бу бозордаги алғов-далғовга сабаб бўлмоқда. Ишлаб чиқарувчилар солиқ юки ортганидан сўнг нима қилишни билмаяпти. Бизнес шок ҳолатида ҳозир. Дўконларда айрим товарлар йўқолган. Мени ўзим ҳам дўконга бораман, пештахталар бўшаб қолган дея олмайману, айрим маҳсулотлар йўқолган. Сабаби дўкон ёки дўконлар тармоғи маҳсулот етказиб берувчилар билан янги жорий этилган солиқ шартларини келишилмаган. Ишлаб чиқарувчилар солиқ ошганидан сўнг нархларни оширган, бундай нархга дўкон эгалари рози бўлмаяпти, сўзлашувлар кетаяпти, - дейди Юлий Юсупов.

Солиқ мутахасисларига кўра, ҚҚС- билвосита солиқ ҳисобланиб, ҚҚС суммаси маҳсулот қийматига киритилади ва шу боис унинг ҳақиқий тўловчиси маҳсулот ишлаб чиқарувчи эмас, балки шу маҳсулотнинг охирги истеъмолчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳукумати ҚҚСга бюджетни тўлдиришнинг асосий манбаси сифатида қарамоқда. Ўзбекистоннинг 2019 йил учун белгиланган давлат бюджети параметрларида ҚҚСнинг улуши 35 фоиз қилиб белгиланган.

XS
SM
MD
LG