Линклар

Шошилинч хабар
11 ноябр 2025, Тошкент вақти: 22:36

Ўзбекистондаги сармоя муҳити ҳақида сигнал? Ортиқхўжаев АҚШда $600 млнлик завод қуришини эълон қилди


Жаҳонгир Ортиқхўжаев (Архив сурати)
Жаҳонгир Ортиқхўжаев (Архив сурати)

Ўзбекистонлик зиддиятли тадбиркор, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев АҚШнинг Кентуки штатида кўп миллион долларлик завод қуриш режасини эълон қилди.

“Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида айтишича, Ортиқхўжаевнинг Akfa компанияси турк ширкати билан биргаликда АҚШда 600 миллион долларлик завод қуриб, алюминий маҳсулотлари, автомобиль бутловчи қисмлари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режаламоқда.

"Бу ерда алюминий маҳсулотлари, автомобилларга эҳтиёт қисмлар, қуёш панелларига эҳтиёт қисмлар, ойналарга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган фабрикани бошладик. Худо хоҳласа, биринчи йили 105 миллион доллар инвестиция жалб қилинмоқда. Ундан ташқари, умумий 600 миллион долларлик инвестиция жалб қилинмоқда Америка Қўшма Штатларидаги фабрика учун”, дейди тадбиркор.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018—2023 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган.

Ортиқхўжаев асос солган Akfa ва Artel ширкатлари қурилиш ва маиший техника соҳасида Ўзбекистондаги монопол ширкатлардан саналади.

Етти йил аввал Ортиқхўжаев амалга оширган 1 миллиард долларлик Tashkent City лойиҳаси пул ювишга доир халқаро текширувлар марказида бўлган.

$11.5 млнлик "совға"- Ортиқхўжаев 100га яқин тадбиркор ерини президент куëвига алоқадор ширкатга текинга берган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:39 0:00

“Америкалик ишчиларга $300 ойлик бериб кўрингчи

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг АҚШга сармоя киритиш режаси ижтимоий тармоқларда турлича муносабатларга сабаб бўлди.

Facebook фойдаланувчиси Ином Абулқосимов: “Ҳамма Америкадан инвестиция олиб кирса, бизникилар уларга инвестиция киритяпдими, қойил лекин. Демак жуда ривожланиб кетибмиз”, деб ёзди Gazeta.uz нашри мақоласи остидаги изоҳида.

Тармоқнинг Агзам Ибрагимов исмли фойдаланувчиси эса: “Шу 600 млн.лик йирик ишлаб чиқариш мажмуасини АҚШни Кентукисида эмас, ўзимизни Қашқадарё ёки Сурхондарёга қурса бўлмасмикан?” деб изоҳ қолдирди.

Алишер Пирназаров: “300$ ойлик бериб кўрингчи америкалик ишчиларга, ё Ўзбекистондан олиб кетасизми ишчиларни” деб фикр билдирди.

Ўзбекистоннинг энг бой одамларидан деб кўриладиган 50 яшар Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бойлиги расман ҳеч қаерда очиқланмаган. Лекин Ортиқхўжаев ҳоким лавозимида ишлаган пайт унга боғлиқ ўнлаб ширкатларнинг ҳеч қандай тендерсиз давлатнинг, жумладан, ўзи бошқарган шаҳар ҳокимиятининг юз миллион долларлик контрактларини қўлга киритгани хабар қилинган.

Лондондаги Central Asia due Deligence маркази директори Алишер Илҳомов фикрича, Ортиқхўжаевнинг АҚШга сармоя киритиши ҳақидаги баёноти кўплаб саволларни келтириб чиқаради.

Сўнгги йилларда Ортиқхўжаев ўз бизнес империясини Ўзбекистондан ташқарига кенгайтираётганини кўряпмиз. Қозоғистонда Аkfa ширкатининг бўлими бор. Энди Ортиқжўжаев АҚШга 600 миллион долларлик сармоя киритиб, ўз бизнесини океан ортига ҳам ёйишга интиляпти. Саволлар туғилади - нега Ўзбекистонда туғилган тадбиркор маблағларини сармояга муҳтож Ўзбекистонга эмас, бошқа давлатларга чиқаряпти? Албатта тадбиркор сармоясини ўзи истаган мамлакатга киритишга ҳақли. Айни пайтда Ортиқхўжаевнинг бу ҳаракати Ўзбекистонда нафақат чет эллик, балки маҳаллий иқтисодни кўтаришга қодир унинг масштабидаги маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам сармоя муҳити яхши эмас, деган тасаввурни мустаҳкамлайди. Бир вақтнинг ўзида Мирзиёев ҳукумати ҳам АҚШга 100 миллиард долларлик сармоялар киритишни, шундан 30 миллиарди яқин келажакда киритилишини эълон қилди. Негадир Ўзбекистон сармоялар учун объект эмас, балки чет давлатларга сармоя берадиган давлатга айланяпти, бу ҳам саволларни ўртага чиқаради”, - дейди Алишер Илҳомов.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2023 йил қишидаги энергетик инқироз фонида лавозимидан четлатилганди. Президент Мирзиёев уни пойтахтдаги энергетик коллапс учун масъул деб атаган ва ўз таъбирича, "пастга тушиб ишламагани" учун танқид қилган.

Аммо лавозимдан кетказилиши Ортиқхўжаевнинг бизнес лойиҳаларига салбий таъсир кўрсатганига ишора қилувчи далил мавжуд эмас.

Жорий йил августида Мирзиёев Ортиқхўжаевни «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирлади.

Ўтган вақт мобайнида собиқ ҳоким яна қатор йирик лойиҳаларни тақдим этган ва ҳануз Ўзбекистон ҳокимиятига яқин тадбиркор сифатида қолмоқда.

Нодир металлар, Боэинг ва сунъий интеллект. C5+1 саммити якунлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:31:21 0:00

Ўзбекистондан АҚШга 100 миллиард долларлик сармоя

Ортиқхўжаев АҚШда 600 миллион долларлик завод қура бошлагани ҳақидаги хабар Ўзбекистон президентининг Ўтган ҳафта АҚШга қилган сафари сафари ва президент Доналд Трамп билан учрашуви ортидан ўртага чиқмоқда.

Оқ уйда С5+1 саммити доирасидаги мулоқот ортидан президент Трамп ўзининг Truth Social тармоғида Ўзбекистон АҚШга 100 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритишини маълум қилди.

АҚШ Давлат департаменти ва Савдо вазирлиги эълон қилган келишув тафсилотларига кўра, Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги кўп миллиардлик битим, нодир ер элементларини биргаликда қазиб олишдан тортиб 22 та “Боинг” учоқлари ва қишлоқ хўжалиги техникаси ва кичик атом реакторларини харидларини ўз ичига олади.

Аммо ўзбек томони ҳозиргача кичик атом реакторлари борасидаги келишувни расман тасдиқлагани йўқ.

АҚШ раҳбари Ўзбекистон яқин уч йил ичида 35 миллиард доллар, яқин 10 йилда эса АҚШнинг айрим тармоқларига 100 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритишни режалаштираётганини айтганди.

Лекин, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги келишув фақат учоқлар ва ноёб минераллар ҳариди билан чекланмаган.

АҚШ Давлат департаменти эълон қилган маълумотга кўра, Ўзбекистон билан эришилган келишув АҚШ қишлоқ хўжалиги техникаси импорти, кичик модулли ректорлар, АҚШ сояси ва пахтаси ҳариди бўйича мажбуриятлар ҳамда ноқонуний миграция ва гиёҳванд моддаларига қарши кураш каби соҳаларни ҳам ўз ичига олади.

Жумладан, Ўзбекистон келишув бўйича 2 миллиард долларгача бўлган АҚШ қишлоқ хўжалиги техникаси ва келгуси уч йил ичида икки миллион тоннагача АҚШ сояси ва 100 000 тонна АҚШ пахтасини импорт қилиш мажбуриятини олган.

Бундан ташқари келгуси уч йил ичида 5 миллиард долларлик автомобил қисмлари импорти ва УзАвто Моторс компаниясини сотиш ва хусусийлаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистонда “GM Powertrain Uzbekistan АЖ” АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонаси бор. Ширкатнинг 52 фоизлик улуши АҚШнинг “General Motors”ники, (АҚШ, қолгани "Ўзавтосаноат"ники. Корхона автомобиль двигателларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Заводнинг қуввати йилига 225 минг дона двигателни ташкил этади.

Ўзбекистонда метанол ишлаб чиқариш, маҳаллий метанол-олефин заводи, кўмирдан кимё ишлаб чиқариш ва бошқа ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун Air Products компаниясидан 3 миллиард долларгача сармоя киритилиши кўзда тутилган.

"Ҳозир Ўзбекистон АҚШдан учоқлар сотиб олмоқчи, қишлоқ хўжалиги машиналарини ҳарид қилмоқчи. АҚШга келадиган ҳр бир доллар сармоя сифатида қаралади. Ўз навбатида Трамп маъмурияти мана биз чет давлатлар билан манфаатли шартномаларни имзолаб Америкага сармояларни жалб қиляпмиз дея сайловчилар олдида ўз рейтингини мустаҳкамламоқда", - дейди АҚШда яшовчи сиёсатшунос Баҳодир Файз.

Ўзбекистон 2026 йилдан бошлаб АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз саёҳат қилишни эълон қилди.

Ўзбекистон ва АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари халқаро жиноий ташкилотлар аъзоларини қўлга олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ва ҳукм қилиш учун маълумотлар алмашади.

Ўзбекистон ноқонуний гиёҳванд моддаларга қарши курашда ёрдам берадиган минтақавий ташкилотларни кучайтириш ниятида.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа эҳтиёжлари учун АҚШдан ускуналар харид қилиш имкониятларини максимал даражада ошириш орқали ўз чегаралари ва минтақасини мустаҳкамлаш ниятида.

Форум

XS
SM
MD
LG