Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:56

Оқланганлар йўқ. Олмаотада 13 фаол иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди (ВИДЕО)



Фаоллар Асқад Жексебаев, Нўён Раҳимжонов, Қайрат Қилишев Абай Бегимбетов, Диана Баймагамбетова суд жараëнида. Олмаота¸ 10 сентябр 2021 йил
Фаоллар Асқад Жексебаев, Нўён Раҳимжонов, Қайрат Қилишев Абай Бегимбетов, Диана Баймагамбетова суд жараëнида. Олмаота¸ 10 сентябр 2021 йил

11 октябрь куни Олмаотада тақиқланган ташкилотда “иштирок этиш”да айбланган 13 нафар жамоатчи фаол иши бўйича ҳукм ўқилди. Оқ ўрда танқидчиларидан тўрт нафари беш йилга қамалди, қолганлари эса бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Фаолларнинг барчаси қўйилган айбловларни инкор этди.

Ҳукмни Ақмола тумани суди судьяси Ернар Қосимбеков ўқиди. У фаоллар Абай Бегимбетов, Асқад Жексебаев, Қайрат Қлишев ҳамда Нўён Раҳимжоновни Қозоғистон Жиноят кодекси 405-моддасининг (Жамоат бирлашмаси ёки диний бирлашма ёхуд бошқа ташкилот экстремистик ва террористик фаолият юритгани муносабати билан суд қарорига кўра тақиқланган ёки тугатилганидан сўнг уларни ташкил қилиш ва улар фаолиятида иштирок этиш) ҳар икки банди бўйича айбдор деб топиб, ҳар бирига беш йилдан қамоқ муддати тайинлади.

Шунингдек беш йил давомида ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланишни ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни ман этди. Прокурор суд музокараси чоғида фаолларга худди шундай жазо белгилашни сўраган. Маҳкумлар жазо муддатини мўътадил тартибли қамоқхонада ўтайди.

ЖК 405-моддаси 2-қисми бўйича айбдор деб топилган фаоллар Диана Баймагамбетова ҳамда Даметкен Аспандиярова икки йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Бакдавлет Алибеков, Гулзипа Жавкерова, Нинагул Жуманиёзова, Ермек Қозиев, Марат Қурбонов, Бўлат Смагулов ва Дархан Валиев бир йилдан озодликни чеклаш жазосини олди, шунингдек, уларга уч йил давомида ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланиш тақиқланди.

Бундан ташқари, Жавкерова ҳамда Жуманиёзовадан бошқа барча фаоллар йилига 100 соатдан мажбурий меҳнатга ҳукм этилди. Барча судланганлар белгиланган бутун жазо муддати мобайнида яшаш манзилини ўзгартира олмайди ва пробация органига хабар бермасдан шаҳардан ташқарига чиқмайди.

Судья Қосимбекова ҳукмни онлайн режимда ўқиди. Ҳукм эълон қилиниб, судья изоҳ берар экан, фаоллар “шармандалик” деб қичқира бошлаган пайтда алоқа узилиб қолди.

“БИЗНИ ДАЛИЛ-ИСБОТЛАРСИЗ СУД ҚИЛИШМОҚДА”

Судланувчилар ва уларнинг адвокатлари суд жараёнини уч ой юритган судья Ернар Қосимбековга уч марта ишончсизлик билдиришди. Улар “Сиёсий тутқун дегани ким?” деб савол қўйишни тақиқлагани, рўйхатга олинмаган “Қозоғистоннинг демократик танлови” (ҚДТ) ҳамда “Кўча партияси” ҳаракатлари фаолияти ман этилгани тўғрисидаги суд қарорини ишга тикиб қўйилмагани, экспертларни таклиф қилишга ва далиллар ҳамда видеоёзувларни қайта текширишга розилик бермагани учун судьяга эътироз билдиришган эди. Бироқ уларнинг талаблари қондирилмади, судья Қосимбеков ишни охиригача ўзи кўрди.

“Ҳибсга олинганимдан бери на терговчи, на прокурор ва на суд менинг экстремистлигимни тасдиқловчи бирор ҳужжат тақдим эта олгани йўқ. Экспертлар ўз хулосасида “эҳтимол”, “бўлиши мумкин” каби мужмал сўзларни ишлатган. Бизни ҳеч бир далил-исботларсиз суд қилишмоқда”, деди судда айбланувчи Абай Бегимбетов.

Айблов хулосасида иддао қилинишича, фаоллар чет элда яшовчи мухолифатчи сиёсатчи ва қувғиндаги собиқ банкир Мухтор Аблязов раҳбарлик қиладиган “Қозоғистоннинг демократик танлови” ҳаракати ҳамда “Кўча партияси” уюштирган ноқонуний митинг ва намойишларда, пикетларда иштирок этганлар. Далил сифатида эса фаолларнинг ижтимоий тармоқларда ёйинланган видеомурожаатлари, шунингдек, филологик-психологик экспертиза натижалари келтирилди. Прокурор фаолларни давлатга, унинг миллий хавфсизлигига таҳдид солишда, “Кўча партияси” билан бирикиб, “давлат ҳокимиятини ағдаришга уриниш”да айблади.

Аммо экспертиза натижалари, шунингдек тинтувлар чоғида олиб қўйилган видеоёзувлар, варақалар, телефон сўзлашувларининг стенограммалари судда муҳокама қилинмади. Прокурор ва айбланувчиларга бирма-бир сўз берганидан сўнг судья бир неча соат 78 жилдли ишни ўқиб берди ва судланувчиларнинг эътирозларига қарамай музокарани бошлади.

Суднинг сўровига қарамай, прокурор Бош прокуратуранинг олдинроқ эълон қилинган пресс-релизини рўкач қилиб, Есил тумани судининг рўйхатга олинмаган ҚДТ ҳамда “Кўча партияси” сиёсий ҳаракатлари фаолияти тақиқланганига доир қарорини судга тақдим этмади.

Шундан сўнг фаоллар Есил тумани судининг қарори судга келтирилмагунча ишда иштирок этишдан бош тортишди ва бирин-кетин алоқани узиб қўйиб, онлайн-жараёндан чиқиб кета бошлашди. Прокурор уларнинг бу ҳаракатини “ишни чўзиш” дея баҳолади ва эҳтиёт чорасини кучайтириш билан дўқ қилди. Шунда Гулзипа Жавкерова буни “босим ўтказиш” деб топиб, прокурорни ишдан четлатишларини илтимос қилди, аммо унинг талаби инобатга олинмади.

Жараён вақтида адвокатлар прокурор ва судьяни судланувчи ва ҳимоячиларнинг ҳуқуқларини чеклашда айбладилар, лекин прокурор ва судья уларга парво қилмади.

“БУ БЕМАЪНИЛИК”

Фаоллар судда бир неча марта “Биз экстремист эмасмиз!” деб қичқиришди ва айни шу сўзлар ёзилган плакатларни кўтаришди. Улар конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб тинч митингларда қатнашганларини ва ўз фикрларини билдирганларини айтдилар, аммо алал-оқибат жиддий жиноятда айбландилар.

Серфарзанд она ва пенсионер Нинагул Жуманиёзовага кўра, уни Нур-Султондаги тергов ҳибсхонасида вафот этган фаол Давлат Оғадилнинг маъракасида қатнашгани, ижтимоий тармоқда “Кўча партияси – демократияга элтувчи ягона йўл! Олға!” деб ёзгани ва мухолифат сиёсатчиси ҳамда қувғиндаги собиқ банкир, 2009 йилдан бери хорижда яшаётган Мухтор Аблязовни Янги йил байрами билан табриклагани учунгина экстремистга чиқаришган.

“Бу бемаънилик. Менинг экстремистлигимни тасдиқлайдиган ҳеч қанақа далил йўқ. Айбловга рози эмасман. Қаранглар-чи, экстремистга ўхшайманми? Давлат Оғадилни ўлдиришди. Арон Отабекни (2007 йилда 18 йилга қамалган ва соғлиғи ёмонлашгани сабабли 15 йилда озодликка чиққан диссидент) не кўйларга солишди? Айби нима эди унинг?” деди у сўнгги сўзида кўзларига ёш олиб.

Суд жараёни чоғида судланувчилар ҳукуматни бир неча бор танқид қилишди. Айримлар қачон ва нега жамоатчи фаол бўлишга қарор қилганини гапириб берди. Чунончи, Бакдавлет Алибеков “Нур-Султонда бир оиланинг беш қизи тириклай ёниб кетганидан сўнг”, Дархан Валиев эса “Тоқаев президентликка сайланганидан кейин” фаолларга қўшилганини айтди.

“Мен нега ҳокимиятни танқид қила бошлаганимни сўраяпсизми? 30 йилда ҳам мамлакатдаги ижтимоий вазиятни ўзгартира олмаган бу ҳукуматдан тўйдим. Ҳукуматни танқид қилиш – жиноят эмас. Нима берди менга ҳукумат? Мен ОТМда ўқиш учун кредит олишга мажбур бўлганман. Кийим-кечакни кредитга оламан. Ҳозир одамлар ҳатто озиқ-овқатини кредитга харид қилмоқда!” деди ғазаб билан Қайрат Қлишев.

Ҳибсдаги фаоллар суд жараёнида ЛА-155/18 ахлоқ тузатиш муассасасидан “Zoom” иловаси орқали иштирок этишди. Бошқа жавобгарлар ва уларнинг ҳимоячилари ҳам онлайн тарзда қатнашдилар.

Жиноят иши 2020 йил охирларида қўзғатилган бўлиб, ўшанда 13 фаолдан беш нафари ҳибсга олинган. Яна бир киши уй қамоғига олинган, қолган етти кишидан эса шаҳардан чиқиб кетмаслик тўғрисида тилхат олинган. Қамоққа олинган Абай Бегимбетов, Асқад Жексебоев, Диана Боймагамбетова, Қайрат Қлишев ва Нўён Раҳимжонов соғлиғи ёмонлашгани муносабати билан эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартиришни сўраб ариза беришган эди, бироқ суд уларнинг илтимосини рад этган.

Адвокат Жанара Балгабоевага кўра, фаоллар аввал‑бошда “экстремистик ташкилот тузиш”да (Жиноят кодексининг 182-моддаси) ҳам гумон қилинган бўлиб, бу модда 17 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини назарда тутади. Кейинроқ суд ишни қайта терговга юбориб, 182-модда бўйича айблов олиб ташланган. Аммо прокуратура суд қарорига қўшилмаган. Натижада 13 кишидан тўрт нафари – “экстремистик ташкилотни ташкил қилиш ва унинг фаолиятида иштирок этиш”да, тўққиз нафари эса фақат “экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этиш”да айбланган.

13 фаол иши бўйича суд эшитувлари 27 июль куни Олмаотанинг Олмали тумани судида бошланди. 28 июлдаги суд мажлисида кузатувчилар ва журналистларнинг қатнашишига рухсат берилмади. Суд “Zoom” иловасининг имкониятлари чекланганлигини баҳона қилди. Кейинроқ суд журналистларга суд ишида онлайн қатнашишга, аудиоёзувлар қилишга ва суратга олишга рухсат берди. Аммо видеотасвирга олиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Суд қаршисига чиқарилган 13 фаол ҳокимиятни ошкора танқид қилган ва турли норозилик акцияларида қатнашган.

Ҳуқуқбонлар Диана Боймагамбетова, Асқад Жексебоев, Нўён Раҳимжонов ҳамда Қайрат Қлишевларни “сиёсий маҳкумлар” рўйхатига киритишган. Судланган фаоллардан бири – Марат Қурбонов Шинжондаги қариндошларини озод этиш ва Қозоғистонга қайтариш учун курашаётган одамлар билан бирга норозилик намойишларида иштирок этган.

“Qaharman” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фонди маълумотига кўра, фаоллар тинч намойишларда иштирок этишгани, намойишларни муҳокама қилишгани ва одамларни уларда қатнашишга чорлагани, ҳибсхонада вафот этган фаол Давлат Оғадилнинг оиласига ёрдам беришгани, “сиёсий маҳкумлар”нинг оилалари учун пул йиғиб беришгани, Қозоғистон ҳукуматини танқид қилишгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишгани ва барча сиёсий маҳкумларнинг озод этилишини талаб қилишгани учун таъқиб этилмоқда.

Июль ойи бошларида “Human Rights Watch” (HRW) халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти Нур-Султонни Жиноят кодексининг “Экстремизм” моддасини ҳокимият танқидчилари ҳамда фаолларни таъқиб этишда қўллаётганликда айблаган эди.

“Қозоғистоннинг демократик танлови” ҳамда “Кўча партияси”га “алоқадорлиги” учун мамлакатда неча киши жиноий жавобгарликка тортилгани маълум эмас. Айрим ҳуқуқбонлар айтишича, сўнгги йилларда 300 га яқин киши суд қилинган.

XS
SM
MD
LG