Линклар

Шошилинч хабар
10 август 2022, Тошкент вақти: 12:27

Олмаотада мандатсиз “мовий каскалар” – Қозоғистон халқаро ҳуқуқни буздими?


Олмаотадаги БМТ тинчликпарвар аскарлари каскаларини кийган ҳарбийларнинг суратлари ушбу халқаро ташкилотни таажжубга солди ва бир қанча саволларни ўртага чиқарди.

“Associated Press” агентлиги 8 январь куни эълон қилган суратларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тинчликпарвар кучлари униформасида қўлланадиган жуда таниқли рангдаги ва “UN” (United Nations – БМТнинг халқаро қисқартмаси) деб ёзилган каска кийиб олган бир неча аскарни кўриш мумкин. Суратчи Владимир Третьяков олган ва илк бор мустақил журналист Жейк Ҳанраҳан тарқатган тасвирлар Қозоғистонда айнан нималар содир бўлаётгани хусусидаги чалкашликларни кўпайтирди.

Ўтган ҳафта газ нархи кескин оширилиши натижасида оммавий намойишлар кўтарилганидан бери мамлакатда интернет ўчириб қўйилиши, номаълум жангарилар, расмий баёнотларга нисбатан эътирозлар ҳамда қиш тумани Қозоғистондаги ушбу воқеаларни ҳар томонлама ўта мавҳум қилиб қўйди.

БМТ тинчликпарвар миссияси вакили 10 январь куни Озодликнинг қозоқ хизмати сўровига жавобан АР эълон қилган тасвирлардаги қуролли одамлар БМТ тинчликпарвар миссиясига мансуб эмаслигини тасдиқлади.

“Бу масала бизни ташвишга солаётганини Қозоғистоннинг доимий ваколатхонасига маълум қилдик”, деган у.

Миссия матбуот котибининг айтишича, “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қўшинлари ва полициясини тақдим этувчи мамлакатлар БМТ таниқ белгиларидан улар БМТ Хавфсизлик кенгаши мандатига мувофиқ тинчликни сақлаш амалиётларига жалб қилинган ҳоллардагина фойдаланиши керак”.

Қозоғистон қуролли кучларида БМТ қўллаб-қувватлайдиган инглиз тилида сўзлашувчи тинчликпарвар кучлар мавжуд: КАЗБАТ деб аталувчи ушбу бўлинма ҳарбийларига БМТнинг мовий каскаларини кийишга рухсат берилган – аммо фақат парад чоғида ёки БМТ тинчликпарвар миссиясини бажариш пайтида.

Қозоғистон мудофаа вазирлигининг Олмаотадаги вакили 10 январь куни Озодлик сўровига телефон орқали жавоб берди.

У мовий каскали аскарларни БМТ билан боғлиқ КАЗБАТ батальонининг бир қисми сифатида танитди ва улар ўша пайтда мазкур ташкилотнинг бирон миссиясини бажармаганини, балки “стратегик иншоотлар, аэропортлар ва ҳукумат биноларини қўриқлаш” билан шуғулланганини тан олди.

Шундан сўнг Озодлик суҳбатдоши: “Сиз Интернетда кўрган расмлар КАЗБАТнинг Ливанда олинган суратларидир. Бу бизнинг тинчликпарвар корпусимиз. Шунингдек, сиз Ҳиндистон тинчликпарвар кучлари ҳақида ҳам маълумот излаб кўришингиз мумкин. КАЗБАТнинг ярми ҳозир Ливанда (Ҳиндистон кучлари билан бирга), қолган ярми шу ерда, Қозоғистонда”, деб қўшимча қилди.

Қозоғистон кучлари 2018 йилда Ливандаги миссия учун Ҳиндистон батальонига қўшилган, икки мамлакатнинг тинчликпарвар кучлари бир-бири билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Брюсселдаги университетнинг халқаро гуманитар ҳуқуқ ва тинчликни сақлаш амалиётлари бўйича эксперти Эрик Дэвидга кўра, Олмаотада олинган фотосуратлар “мовий каска киядиган қўшинлар ҳукумат тарафидан қўпол тарзда суиистеъмол қилинган”лиги инъикосидир.

Дэвиднинг Озодликка айтишича, агар “мовий каскалар”дан фойдаланиш ортида Қозоғистон расмий шахслари турган бўлса, “бу халқаро даражадаги ғайриҳуқуқий қилмиш содир этгани учун Қозоғистоннинг халқаро жавобгарликка тортилишига олиб келади”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотини тамсил этувчи уст-бошдан рухсатсиз фойдаланиш, агар бу инсон ўлимига ёки жиддий жароҳатланишига олиб келган бўлса, халқаро можаролардаги ҳарбий жиноят ҳисобланади.

Шунингдек, Дэвиднинг фикрича, Қозоғистонда чет мамлакатлар қўшинлари мавжуд бўлса-да, мамлакатда бўлаётган зўравонликлар Халқаро Қизил хоч қўмитаси томонидан халқаро эмас, балки ички можаро сифатида таснифланиши деярли шубҳасиз.

“Шу боис, Қозоғистонда “мовий каскалар”нинг қўлланиши ноқонуний, аммо бу ҳарбий жиноят саналмайди”, дейди мутахассис.

Халқаро ҳуқуқ бўйича эксперт Олмаотада БМТ тинчликпарвар кучларининг хос бош кийимларидан нега фойдаланилган бўлиши мумкинлигини асло тушунмаганини айтаркан, иккита тахминни илгари суради: ҳарбийларнинг ялпи сафарбар қилиниши натижасида аскарий уст-бош ва анжомлар етишмай қолиб, ушбу каскалардан фойдаланишга қарор қилишган ёки мамлакат раҳбарлари гўё “БМТ кучлари Қозоғистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаяпти”, деган тасаввур уйғотиш мақсадида қасддан бу ишни қилган.

XS
SM
MD
LG