Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:34

Қозоғистондаги тартибсизликлар энди ахборот оқимига кўчган


Олмаота. 2022 йил 10 январь
Олмаота. 2022 йил 10 январь

Қозоғистон ҳукумати назоратни қўлга олиш мақсадида интернетни узиб қўйди. Бироқ бунинг узоқ муддатли оқибатлари давомли репрессияларга олиб бориши мумкин.

The Diplomat нашрида журналист Катрина Киган Қозоғистондаги норозиликлар борасидаги мақоласини эълон қилди. 5 январь куни Қозоғистон ҳукумати оммавий норозилик намойишларини назорат қилиш мақсадида интернетни ўчириб қўйди. Ўшандан бери мамлакатнинг аксарият ҳудудларида фақат интернетга вақти-вақти билан кириш тикланган. Телекоммуникация соҳасидаги ҳукумат монополияси бу чорани амалга оширишга имкон берган.

Қозоғистондаги ҳуқуқий сиёсат тадқиқот марказининг рақамли ҳуқуқлар бўйича экспертлар гуруҳи координатори Арсен Аубакировнинг тушунтиришича, намойишчилар оддий VPN орқали ижтимоий тармоқлардаги блокларни четлаб ўтган. Бироқ интернетнинг тўлиқ ўчирилиши бу имкониятни йўққа чиқаради. Арсен Олмаотада эмас, пойтахт Нур-Султонда бўлганига қарамай, 6 январдан 8 январгача 48 соатдан кўпроқ вақт у билан боғланиш имкони бўлмади.

Кўпгина авторитар давлатларда бўлганидек, Қозоғистондаги тузум ҳам оддий ижтимоий шартга асосланади: “сиз сиёсатдан узоқроқ туринг, биз эса сизга глобал иқтисодиётнинг барча афзалликларини кафолатлаймиз”.

Норозиликларга суюлтирилган газ нархининг ошиши сабаб бўлди. Буни баъзилар юқоридаги ижтимоий шартнинг бузилиши сифатида кўрмоқда. Интернет ўчирилиши қозоқ халқи учун катта ҳақорат бўлди.

Қозоғистонда мотам куни. Ўлганларнинг аниқ сони номаълум қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:22 0:00

Қозоқларнинг 86 фоизи интернетдан фойдаланади. Бу Европа Иттифоқи билан тенг кўрсаткич. Жами аҳолининг 60 фоиздан ортиғи, жумладан, болалар ва чекка ҳудудларда яшовчилар ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланади.

Қозоғистон ҳукумати рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга устувор аҳамият берди ва болалар боғчасига рўйхатдан ўтишдан тортиб, солиқ тўлашгача бўлган фуқаролар ва ҳукумат ўртасидаги деярли барча хизматлар рақамли шаклга кўчди. Бироқ бу хизматлар ўтган ҳафта бутунлай ишламай қолди. Инсонларда интернетга қарамлик шу қадар сингиб кетганки, одамлар ҳатто озиқ-овқат сотиб олишга қийналаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Чунки кўпчилик нақд пул олиб юрмайдиган ҳозирги шароитда интернетнинг ўчирилиши онлайн тўлов усулларини имконсиз қилиб қўйди.

Қозоқлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмидан мосуво бўлишга тоқат қила олмайди. Аубакировнинг айтишича, "кўпчилик ғазабда... бу ҳолатни ҳеч ким оқламаяпти”. Интернетни блокдан чиқариш ва ахборот олишни қайта тиклаш бир зумда тинч намойишчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг асосий талабларига айланди.

Қозоғистондаги норозилик намойишлари ортидан ҳибсга олишлар давом этмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:10 0:00

The Diplomat мақоласида шунингдек рақамли бошқарув бўйича эстониялик эксперт ва Қозоғистон ҳукуматининг собиқ маслаҳатчиси Волфганг Дрешлернинг сўзлари ҳам келтирилган. Унга кўра, ҳукумат иқтисодиётдан манфаатдор экан, интернетни узоқ вақт ўчириб қўя олмайди. Ижтимоий тармоқларни блоклаш ва интернетда тўс-тўполонларга уринишларни бостириш ваъдалари норозиликларни тинчитиш учун етарли бўлмайди.

Беларус президенти Александр Лукашенко 2020 йил август ойида оммавий норозилик намойишлари пайтида интернетга киришни чеклашга уринганида, миллионлаб одамлар “Telegram”даги каналларга қўшилди, зўравонликларга қарамай, минглаб одамлар намойишларга чиқди.

Ўзбекистонда ҳам 3 ноябрь куни ижтимоий тармоқларга кириш чеклаб қўйилди. Бунинг натижасида келиб чиққан оммавий норозилик Президент Шавкат Мирзиёевни эртаси куни Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси раҳбарини ишдан бўшатишга мажбур қилди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев аллақачон ҳукуматни тўлиқ истеъфога чиқарган. Интернет узилишида айблаш учун намойишчиларнинг ўзидан бошқа ҳеч ким қолмади.

Ҳукумат интернетни блоклаш оддий фуқароларга эмас, террорчиларга қарши қаратилганини баён қилган эди. Аммо, бу акс таъсир қилди. Расмийлар интернетга киришни тўсиб қўйган 5 январь куни тинч намойишлардан тартибсизликларга бурилиш нуқтаси бўлди. Ахборотга чеклов фақатгина оддий фуқароларни тўхтатди. Аммо шуниси аниқки, зўравон гуруҳлар барибир тартибсизликлар уюштираверди.

Шундан келиб чиқиб, интернетни чеклашдан асл мақсад зўравонликни тўхтатиш бўлган дейиш қийин. Кўчалардаги тинч намойишчиларни камайтиришга қаратилган чекловлар, аксинча, вазиятни янада алангалатди. “Ҳукуматнинг мақсади ахборот оқимини тўхтатиш”, дея вазиятни баҳолади Аубакиров.

Ўзини глобал ахборот оқимига қўшилаётгандек кўрсатишга ҳарчанд уринмасин, режим доим ундан қўрққан. 2015-2018 йилларда АҚШнинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Жорж Крол АҚШ Давлат департаменти ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни кенгайтиришга интилаётганини таъкидлаб шундай деди: “Биз буни демократлаштириш унсури деб атадик, аммо улар бунга беқарорлик учун фойдаланиладиган восита сифатида қарайди”.

Эҳтимол бу Тоқаевнинг Олмаотадаги вайронагарчиликларга хорижда тайёргарликдан ўтган террорчилар сабабчи бўлган деган асоссиз даъвосига ишончини мустаҳкамлаши мумкин. Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки интернетда тарқалган норозилик намойишлари ортида АҚШ тургани ҳақидаги тўғридан-тўғри айбловни Россиянинг дезинформацияси деди.

Баъзи қозоғистонликлар, Россиянинг ахборот кампанияси авж олган деган фикрда. Чунки, Россия Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) қўшинларини жойлаштириш орқали Тоқаевни қўллаб-қувватламоқда.

“Вконтакте” ижтимоий тармоғидаги 200 000 дан кўпроқ аъзоси бўлган “Мен Олмаота гувоҳиман” гуруҳида Тоқаевнинг зўравон намойишчиларга қарши жавобини ёқловчи кўплаб изоҳлар қолдирилган. Уларнинг баъзилари ҳақиқий изоҳлар бўлиши мумкин бўлса‑да, бошқа фойдаланувчилар буни рус ботлари ёки ФСБ агентларининг иши деб билишади.

Ҳукумат бир неча бор нотўғри маълумотлар тарқатилишига қарши чиқиб, интернетда “ёлғон миш-мишлар” тарқатаётганларни жазолашни ваъда қилган. Қозоғистон Ички ишлар вазири Канат Таймерденов аҳолига расмий манбаларга таянишни тавсия қилди. Бироқ, “Хабар24” каби ҳукуматга қарашли янгиликлар сайтларига ҳатто Қозоғистондан ташқарида ҳам кириш имкони йўқ. Айни пайтда ҳукуматнинг ўзи “бир курсант ўлдирилиб, боши кесилгани” ва “оммавий зўрлашлар” ҳақидаги ишониш қийин бўлган миш-мишларни тарқатмоқда. Бу ахборотни назорат қилишга уриниш эмас, аксинча, ҳукуматнинг ўзи чалкашликларни келтириб чиқармоқда.

“Ахборот оқимидаги тартибсизлик ҳукумат учун қўл келади. Чунки реал вақт режимида ахборот бериш имконияти йўқлиги “сўнгги бир неча кундаги воқеаларни қайта таҳлил қилишни жуда қийинлаштиради”, дея Аубакиров сўзларидан иқтибос келтиради “The Diplomat.

Аввалига полиция тинч намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллаб куч ишлатган. Бироқ, мана шу тасвирларни дарҳол тарқатишнинг имконсиз бўлгани ва интернет блокланишидан кейинги зўравонликлар буни тасдиқлашни янада қийинлаштиради, деб тушунтирди Аубакиров.

Беларусда айнан полиция зўравонлиги акс этган видеолар норозилик намойишларини қўзғатди. Шундан келиб чиқиб, ўтган воқеаларни ҳеч бўлмаганда қисқа муддатга яшириш ва парда ортида сақлаш, ҳукуматнинг ақлли ҳаракати бўлди дейиш мумкин.

Интернетнинг узоқ муддатга узилиши катта зарар келтиради. Жорж Кролнинг айтишича, халқаро сармоядорлар, Қозоғистон ҳукумати бойлик орттиришда таянган нефть ва газ компаниялари бу тўсиқлардан биринчи навбатда ваҳимага тушган.

Бундан ҳам муҳими, Қозоғистон жамоатчилиги ҳукумат ўз ҳокимиятини ушлаб туриш учун рақамли технологияларга асосланган иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт тарзини бузишга ҳам тайёрлигини билди.

Қозоқлар ҳукуматнинг замонавий, рақамли жамият ҳақидаги ваъдаларга ишончини йўқотиши ортидан, мамлакатни салбий кайфият қамраб олиши мумкин. Интернет чекланиши эса норозиликлар оловига яна мой сепиш билан баробар.

XS
SM
MD
LG