Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:48

"Илиқлик даврининг тугаши". Нукус воқеалари ва минтақада фуқаролик жамиятига қарши репрессиялар


Ўтган йил июлида Нукусдаги норозилик намойишлари зўравонликларга айланиб кетган эди.
Ўтган йил июлида Нукусдаги норозилик намойишлари зўравонликларга айланиб кетган эди.

Ўтган йили Ўзбекистон ва Тожикистоннинг автоном ҳудудларида юз берган норозилик намойишлари қонли репрессиялар билан якун топди.

Тожикистоннинг нотинч Тоғли Бадахшон ва Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон автоном ҳудудида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, юзлаб одамлар ҳибсга олинди.

Бироқ экспертлар фикрича, репрессиялардан энг кўп жабр кўрганлар фуқаролик жамияти бўлди. Бу давлатлардаги авторитар тузумлар айнан ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва ижтимоий фикр етакчиларини нишонга олган.

“Тошкент ва Душанбенинг Қорақалпоғистон ҳамда Тоғли Бадахшондаги репрессияларидаги умумий жиҳат шуки, ўз ўлкалари бошқарувига кўпроқ таъсир ўтказиш учун маҳаллий аҳоли шикоятларини олиб чиққан фуқаролик жамияти етакчиларининг овози ўчирилди”, дейди АҚШдаги Жанубий Калифорния университети профессори Стив Свердлоу.

2022 йил майида Тоғли Бадахшондаги намойишларни бостиришда камида 16 киши ҳалок бўлди, бироқ Озодлик радиоси журналистлари 34 кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлашган.

Июль ойида Ўзбекистон хавфсизлик кучлари Қорақалпоғистон мақомига доир конституциявий ўзгаришларга қарши намойишларни бостириш учун куч ишлатди. Расмийларга кўра, тартибсизликларда 21 киши ҳалок бўлган.

Расмий Тошкент ва Душанбе нишонга олинганларнинг кўпчилигини сепаратизм ва зўравонлик қўзғашда айблаб келади, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса бунинг ортида сиёсий сабаблар турганини таъкидлайдилар.

Нукус воқеалари бўйича суд ҳукми: Тажимуратов 16 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:13 0:00

Қорақалпоғистондаги зўравонликлар

Ўзбекистонда расмийлар таниқли жамоат арбобларини, жумладан, қорақалпоқ юристи ва журналист Даулетмурат Тажимуратовни ҳам нишонга олди.

Тажимуратов Қорақалпоғистонда ҳукуматга қарши ўтган йилги мисли кўрилмаган намойишлар ортидан шу йил январь ойида 16 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У Қорақалпоғистонга раҳбар бўлиб олиш учун маҳаллий ҳокимиятни ағдаришга уринганликда айбланган.

Ўтган ҳафта Озодлик билан суҳбатда адвокат Сергей Майоров Тажимуратовни "сиёсий маҳкум" деб атади ва “ҳокимият ўз хатолари учун масъулиятни Тажимуратов зиммасига юклагани"ни таъкидлади.

Майоров тилга олган хатолар қаторига Ўзбекистон ҳукуматининг конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарори ҳам киради. Бу эса минтақанинг икки миллион аҳолисини Ўзбекистондан ажралиб чиқиш бўйича референдум ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилар эди.

Тажимуратов ва бошқа жамоат фаоллари бу ҳаракатга очиқ қарши чиқдилар ва айнан унинг ҳибсга олиниши афтидан 1 июль куни вилоят маркази Нукусда оммавий норозилик намойишига туртки бўлган.

Тожикистон таркибидаги Тоғли Бадахшондан фарқли ўлароқ, Қорақалпоғистон ўз байроғи ва парламентига эга, қорақалпоқ тили ҳам расмий мақомга эга.

Хавфсизлик кучлари оломонга қарата ўт очган намойишлардан кейин ҳукумат ҳудуд бўйича конституцион ўзгаришлардан қайтди.

Қорақалпоғистон алоҳида мақомга эга бўлишига қарамай, республика устидан назорат қаттиқ ва фаоллик учун майдон Ўзбекистоннинг бошқа жойларига қараганда анча чекланган.

Суд жараёнида Тажимуратов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келганидан сўнг амалга оширган ислоҳотларни олқишлади. Унинг сўзларига кўра, бу ислоҳотлар фаолларга муаммоларни кўтариш ва муҳокама қилиш имконини берган.

Аммо кўплаб экспертлар ўтган йилги зўравонликлар авторитар режимдаги юмшаш ёки "сиёсий илиқлик"ка барҳам бериши мумкинлигини айтишмоқда.

Тажимуратов январь ойида судланган 20 дан ортиқ айбланувчилардан бири бўлган, март ойида яна ўнлаб судланувчиларга ҳукм ўқилди.

“Ўзбекистондаги ислоҳот ва эркинликлар калити ҳозир Қорақалпоғистонда бўлаётган воқеаларга боғлиқ, деб айта оламиз”, -дейди қозоғистонлик қорақалпоқ фаоли Оқилбек Муратов.

“Чунки агар бир минтақада репрессия бўлса-ю, бошқасида бўлмаса, шундоқ ҳам мавжуд этник зиддият янада кучаяди. Тошкент Қорақалпоғистонга нисбатан қандай сиёсатни танламасин, унинг оқибатларини бутун Ўзбекистонда кўрамиз”, дейди Муратов.

Cуверен Ўзбекистондаги суверен Қорақалпоғистон. Тарихий контекст
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:48 0:00

"Ҳар қандай потенциал фаолликни тўлиқ йўқ қилиш"

Тожикистондаги репрессияларда нишонга тушиб қолган кўзга кўринган шахслардан бири Помирдаги этник озчилик вакилларидан бўлган ҳуқуқ фаоли ва журналист Улфатҳоним Мамадшоева эди.

Расмийлар Тоғли Бадахшоннинг 250 мингга яқин аҳолисининг аксар қисмини ташкил этувчи жамоа етакчиларини минтақада тартибсизликларни авж олдиришда айблашади.

Декабрь ойида Мамадшоева экстремизмда айбланиб, 21 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Шу ой бошида у жазони ўташ учун тергов изоляторидан аёллар қамоқхонасига кўчирилди.

Мамадшоева ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Холбаш Холбашов ҳибсга олинганидан кўп ўтмай, давлат телевидениеси гўёки эр-хотин норозилик намойишларини режалаш ва уюштиришга ёрдам берганини тан олгани акс этган кадрларни намойиш қилди.

Аммо ундан бир неча кун аввал Мамадшоева Душанбеда Озодлик радиосининг Тожик хизматига берган интервьюсида бу намойишларга алоқаси борлигини рад этган эди.

Суҳбат тугагач, номаълум шахслар журналистларга ҳужум қилиб, уларнинг жиҳозларини тортиб олган, интервью эфирга узатилмаган.

Мамадшоева ишига яқин бўлган, исми сир қолишини сўраган Озодлик манбасининг айтишича, унинг қамоққа олиниши 2021 йилда Тожикистон хавфсизлик кучлари томонидан Гулбидин Зиёбеков исмли ёш помирлик ўлдирилиши ҳақида мунтазам хабар бергани билан боғлиқ.

“Аёл ва она сифатида бу воқеа унга таъсир қилган. У бир четда қараб туролмаган”, дейди манба.

Зиёбековнинг ўлимидан юзага келган ғазаб ва Душанбенинг маҳаллий амалдорларни ишдан бўшатиш қарори май ойида норозиликларга сабаб бўлган эди.

Тоғли Бадахшондаги муаммолар, маҳаллий аҳоли ва марказий ҳукумат ўртасидаги ўзаро ишончсизлик 1992-97 йиллардаги фуқаролар уруши даврига бориб тақалади.

Можаро пайтида Мамадшоева ва Холбашов каби маҳаллий етакчилар Бирлашган тожик мухолифати томонида бўлган.

Тинчлик ўрнатилди, аммо бу ўлкада Тожикистоннинг бошқа жойларида учрамайдиган юқори даражадаги фуқаровий фаоллик маданияти пайдо бўлди.

Бу эса Тоғли Бадахшонда норасмий етакчиларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Душанбени ғазаблантиргани учун ҳам бу маҳаллий етакчилар ўз жамоалари орасида катта таъсирга эга.

Лондонлик тадқиқотчи Замира Дилдорбекованинг айтишича, минтақа аҳолиси фуқаролик жамиятига “ҳукумат контрагенти” сифатида қарамайди.

Бунинг ўрнига, “кўпроқ масъулият ва ошкораликни таъминлашни талаб қилишар экан, фуқаролик жамияти ва фуқаролик фаоллигига тараққиётга кўмак бериш, жамиятга зарур пайтда турли хизматлар кўрсатиш сифатида қарашади”, дейди Дилдорбекова Озодлик радиосига.

Кузатувчиларга кўра, ҳозир фуқаролик жамияти майдони кескин қисқармоқда.

Май ойидаги норозилик намойишлари бостирилгач, Тожикистон хавфсизлик кучлари Душанбенинг минтақадаги таъсирини заифлаштирувчи сифатида кўрилган бир қатор таниқли ижтимоий фикр етакчиларни таъқиб қилди, ҳибсга олди ва айрим ҳолатларда ўлдирди.

Бунинг ортидан кўплаб фаоллар, жумладан, Зиёбековнинг ўлимини адолатли тергов қилишни талаб қилиб, махсус қўмита тузган фаоллар ҳам ҳибсга олинди.

Шу ой бошида, норозилик намойишларини бостирган ҳарбий амалиётнинг бир йиллиги арафасида Тоғли Бадахшондаги фуқаролик гуруҳларининг беш вакили ҳукумат уларни ўз ташкилотларини ихтиёрий равишда тарқатиб юборишга мажбур қилаётганидан шикоят қилган эди.

“Ҳукуматга ташкилотларимиз керак эмасга ўхшайди”, дейди Озодлик радиосининг Тожик хизматига ушбу ташкилотларга алоқадор манба.

Фуқаролик жамияти вакилларининг даъволарини шарҳлар экан, Тоғли Бадахшон ҳукумати вакили фақат "минтақадаги жиноий гуруҳлар билан алоқада бўлган" ноҳукумат ташкилотлар ёпилаётганини айтди.

Матбуот котибининг таъкидлашича, ушбу ташкилотларнинг низоми ва рўйхатга олиш ҳужжатларида “кўплаб қонунбузарликлар аниқланган”.

Аммо Дилдорбекованинг айтишича, Тожикистон ҳукумати “режимга ҳар қандай йўл билан ва исталган вақтда таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай потенциал фуқаролик фаолиятини бутунлай йўқ қилишга” қарор қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG