Линклар

Шошилинч хабар
09 июн 2023, Тошкент вақти: 20:44

Ўзбекистон хабарлари

Омбудсман вакиллари Нукус воқеалари бўйича судланганлар билан учрашди

Омбудсман вакиллари Тажимуратов билан учрашмоқда. Омбудсман ахборот хизмати.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари 6 май куни Зангиота туманидаги 1-сон тергов ҳибсхонасида мониторинг ўтказди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукусдаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланган 22 нафар шахс мана шу ҳибсхонада сақланмоқда. Уларга нисбатан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилмоқда.

“Ўрганиш давомида ҳибсхонада бир қатор камчиликлар мавжудлиги, жумладан, айрим камераларда санитария-гигиена ҳолати талаб даражасида эмаслиги, сақланаётган шахсларга сайр учун етарли вақт берилмаётгани ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича айрим эътирозлар билдирилди”, дейилади хабарда.

Омбудсман идорасининг билдиришича, мониторинг давомида, жумладан, Нукус воқеалари бўйича асосий айбдор сифатида кўрилган ва биринчи суд инстанцияси томонидан 16 йиллик қамоққа ҳукм қилинган Даулетмурат Тажимуратов сақланаётган камерага “ташриф буюрилди”. Омбудсман вакилларининг иддао қилишларича, Тажимуратов ва Нукус воқеаси бўйича судланган бошқа шахслар “ҳибсхонадаги сақлаш шароитлари ва озиқ-овқат таъминотидан эътирозлари йўқлигини маълум қилишди”.

“Шунингдек, ташриф давомида Жиноят кодексининг 164-моддасида (Босқинчилик) назарда тутилган жиноятини содир этганликда гумон қилиниб, қамоққа олинган Дилшоджон Тўрахўжаев ва 251 прим 1-моддасида (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда гумонланиб, қамоққа олинган Ҳасанбой Абдунабиевлар билан ҳам якка тартибда ҳоли суҳбатлар ўтказилди”, дейилади хабарда.

Суҳбат давомида Дилшоджон Тўрахўжаев ва Ҳасанбой Абдунабиев ижтимоий тармоқларда ўзлари қийноқларга солингани тўғрисидаги хабарларни тасдиқлаган. Тўрахўжаев Наманган вилояти Поп тумани Ички ишлар бўлимида ва кейинчалик Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини, қийноққа солинганлигини тасдиқловчи асосли далиллари мавжудлигини маълум қилди. Бу борада омбудсман Бош прокуратурага назорат хати киритган.

Кун янгиликлари

Собиқ депутат Кушербаев ўзбекистонликларни Россия қуриб берадиган АЭСдан воз кечишга чақирди

Расул Кушербаев

Олий Мажлис Қонунчиликнинг палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев ватандошларини Россиянинг Ўзбекистонда қурадиган атом электр станцияси лойиҳасидан воз кечишга чақирди.

Ҳозирда табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси вазифасида ишлаётган Кушербаевга кўра, дунёдаги бошқа яшил партиялар қарши бўлса-да, Ўзбекистондаги экопартия қўллаб-қувватлаётган АЭС қуриш лойиҳасидан воз кечиш зарур. “Бу бошимизга бало бўлади”, деб ёзган Расул Кушербаев.

Собиқ депутат фикрича, россиялик расмийлар Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий эркинлигини чеклаш, экологиясини хавф остига қўйиш учун инструмент сифатида фойдаланиши мумкин бўлган АЭС қуриш билан тўхташмоқчи эмас, улар ҳозирданоқ Ўзбекистон қонунчилигига қадар кириб, уни ўзларига мослаб, мамлакат энергия манбаларини тўлиқ қўлга олмоқчига ўхшайди.

Афсуски бугунги Россия ишончли ҳамкор, ишончли дўст эмас. У истаган вақтда бировнинг ҳудудига бостириб кирадиган зўравон, агрессор, шантажчи”, деган Кушербаев АЭС қуриш ғоясидан воз кечилмаган тақдирда ҳам “буни бошқалар билан қилиш керак, фақат ҳозирги Россия биланмас”, дея таъкидлаган.

Аввалроқ Россия нашрларида “Росатом” давлат корпорацияси тез орада Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича шартнома имзолашни режалаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Хусусан, ТАСС агентлиги суҳбатлашган “Росатом” капитал қўйилмалар, давлат қурилиш назорати ва давлат экспертизаси бўйича директори Геннадий Сахаров “Биз атомга оид ҳеч нарса – маданият ҳам, қонунчилик ҳам бўлмаган мамлакатларга кириб боряпмиз” дер экан, Россия бу мамлакатларда атом инфратузилмасини ҳам, қонунчиликни ҳам барпо этиб, мутахассисларни ҳам тайёрлаётгани билан мақтанган. Кушербаевнинг юқоридаги сўзлари Сахаровнинг бу иддаоларига муносабат ўлароқ айтилган.

Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.

Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашига ваъда берган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган.

АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.

2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган, аммо бу ҳужжат қачон имзоланиши ҳақида ҳалигача бирор расмий маълумот берилган эмас.

Ўтган йил июнь ойида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан АЭС қуриш харажатларини мақбуллаштириш бўйича музокара олиб бораётганини билдирган. Ўшанда мулозим Россия томонидан таклиф этилаётган лойиҳа қиймати юқори эканига эътибор қаратганди.

Бу орада Россия бош вазири Михаил Мишустин икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 2022 йил 2 декабрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида ўз мамлакати Ўзбекистон билан атом энергетикаси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим деб ҳисоблашини, АЭС қурилиши бўйича “эришилган барча келишувларнинг амалга оширилишини тезлаштириш зарур”лигини урғулаган.

Таҳлилчилар Москва Ўзбекистонга АЭС қурилишини тезлаштириш борасида босим ўтказаётганини тахмин қилмоқдалар. Шу билан бирга, экспертлар Ғарб санкциялари остидаги Россия билан яқин савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш Ўзбекистон учун қўшимча санкциялар хавфини келтириб чиқариши мумкинлиги юзасидан ҳам ўз хавотирлари билан ўртоқлашганлар.

“Юксалиш” қийноқларнинг олини олиш бўйича 10 та таклиф киритди. ИИВ муносабат билдирмади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондаги “Юксалиш” ҳаракати сўнгги кунларда ички ишлар органларида қийноқлардан ўлганлар тўғрисидаги маълумотлар пайдо бўлгани ортиданўнта таклиф киритди. Таклифлар қуйидагилардан иборат:

1. Аввало, сўнгги рўй берган қийноқ ҳолатлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти батафсил ахборот бериши ҳамда тизимда қийноқларга барҳам бериш бўйича аниқ режаларини жамоатчиликка тақдим этиши керак;

2. Бундан буён, мунтазам равишда ҳар бир қийноқ ва бошқа инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳолатлар бўйича ИИВ раҳбарияти томонидан шахсан жамоатчиликка ахборот бериб бориш амалиётини киритиш лозим;

3. Жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушланган шахснинг ҳуқуқлари содда тилда тушунтирилганлиги ҳақида тилхат олиш амалиётини жорий этиш;

4. Жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган шахснинг прокурор билан учрашиш талабини дарҳол қондириш бўйича ҳуқуқини қонунчиликда мустаҳкамлаш;

5. Ҳибсга (қамоққа) олинганларнинг расман қамоқда сақлаш жойлари деб эътироф этилган жойларда сақланишини, уларнинг сақланаётган жойлари тўғрисидаги маълумотларни манфаатдор томонлар, шу жумладан қариндошлари, дўстлари ва жамоат ташкилотлари учун очиқ бўлишини таъминлаш мақсадида онлайн маълумотлар базасини яратиш;

6. Шахсни ҳибсга олишда “Миранда қоидаси”ни қўллаш билан боғлиқ ҳаракатларни талаб даражасида амалга оширмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини зудлик билан Парламентга киритиш;

7. Миллий превентив механизм доирасида ички ишлар идораларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва ушлаб туриш жойларига жамоатчилик вакилларининг мониторинг ташрифларини ташкил этиш ва доимий амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш;

8. Ички ишлар органларига ишга қабул қилиш, ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, хусусан, тегишли тузилмалар ходимларини жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини билиши, ходимларнинг психологик ҳолатини стресс-тестдан ўтказиш тизимини ислоҳ қилиш;

9. Ҳар бир ушлаб туриш ва ҳибсга олиш ваколатига эга бўлган давлат органлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш, Кенгаш томонидан тегишли давлат идорасининг фаолияти давомида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ва поймол этилмаслиги юзасидан доимий жамоатчилик маслаҳатлашувлари ва мониторингларни ўтказиш механизмларини ишлаб чиқиш;

10. Қийноқлар, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш билан боғлиқ, жамоатчиликда резонанс уйғотган жиноий ишлар юзасидан очиқ ва сайёр суд мажлисларини ташкил этиш, уларни ОАВ орқали онлайн трансляция қилиш амалиётини кенг жорий этиш.

Ҳозирча мазкур таклифларга ИИВ ва бошқа тегишли ҳукумат органлари муносабат билдирмади.

Сўнгги марта Тошкент вилояти Бўка туманида 5 июнь куни терговга жалб қилинган шахс қийноқлар оқибатида вафот этгани тўғрисидаги хабар ўзбек жамиятида резонансга сабаб бўлган эди.

Мазкур воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бўка туман ИИБнинг икки ҳодими қамоққа олинган ва бошқарма раҳбарлари ишдан олинган эди.

Бўкада маҳбуснинг ўлими ва норозилик. ИИБ раҳбарияти ишдан олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:05 0:00

Мирзиёев Римдаги музокараларни якунлаб, ишбилармонлар билан учрашиш учун Миланга учиб кетди

Мирзиёев 8 июнда Римдаги сўнгги музокарасини FAO бош директори Цюй Дунъюй билан ўтказди.

Ўзбекистон президети Италияга расмий сафари дораисда Римдаги учрашувларни якунлади ва 8 июль куни Миланга учиб кетди. 9 июнь куни Миланда ишбилармонлар билан учрашувлар бўлиб ўтади.

Мирзиёев 8 июнда Римдаги сўнгги музокарасини БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош директори Цюй Дунъюй билан ўтказди. Унда Ўзбекистон билан FAO ўртасида аграр тармоқни модернизация қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби устувор йўналишларда кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Учрашувда озиқ-овқат хавфсизлиги, фундаментал илмий тадқиқотлар, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, Оролбўйининг экологик муаммоларини ҳал қилиш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида 2030 йилга қадар ҳамкорлик бўйича дастурни ишлаб чиқиш устувор йўналиш сифатида белгилаб олинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7-9 июнь кунлари Италияда расмий ташриф билан бўлиб турибди. У 8 июнь куни Римда италиялик ҳамкасби Сержо Маттарелла билан музокаралар ўтказди.

Учрашув якунида умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган келишув ва шартномалар имзоланди.

Шу куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев Италия бош вазири Жоржа Мелони билан ҳам учрашган. Унда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда, технологик ва инновацион шериклик бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилган.

Ўзбекистонда Green University ташкил этилди

Иллюстратив сурат.

Президент Мирзиёевнинг қарори билан “Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети” (Green University) ташкил этилди , деб хабар берди Адлия вазирлиги 8 июнь куни.

Давлат ОТМ ҳисобланган униврситетнинг фаолияти “Hub and Spoke” тамойили асосида йўлга қўйилади.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг муҳим экологик, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий муаммоларини ҳал этишга қодир мутахассислар, олим, тадқиқотчи, раҳбар ва тадбиркорларни тайёрлаш Университетнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Университетда таълим давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилиб, ўқув жараёни кредит-модул тизими асосида ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.

Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун бакалавр таълим йўналиши бўйича камида 25 та ҳамда магистратура ва докторантура (PhD) мутахассисликлари бўйича камида 20 та грант ўринлари ажратилади.

2023 йил 1 сентябрдан олий таълим муассасаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмончилик, “яшил” иқтисодиёт ва гидрометеорология ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалари учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.

Университетни тамомлаган Ўзбекистон фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига, 5 йиллик иш стажига эга бўлгандан кейин – мутахассислиги бўйича раҳбар лавозимларга тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.

Римда Мирзиёевнинг Италия расмийлари билан музокаралари бўлиб ўтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев италиялик ҳамкасби Сержо Маттарелла билан, Рим, 2023 йил 8 июни (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни Римдаги Квиринал саройида италиялик ҳамкасби Сержо Маттарелла билан музокаралар ўтказди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиққанлар.

“Президентлар куни кеча ўтган бизнес-форум натижаларини мамнуният билан қайд этдилар. Унинг якунида умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган келишув ва шартномаларнинг салмоқли тўплами имзоланди”, дейилган хабарномада.

Музокаралар пайтида гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган, шунингдек, таълим, археология, экологик хатарларга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашишган, афғон халқига манзилли гуманитар ёрдамни давом эттириш ҳамда махсус вакилларнинг маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш муҳимлигини таъкидлашган.

Шу куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев Италия бош вазири Жоржа Мелони билан ҳам учрашган. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда, технологик ва инновацион шериклик бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигини қайд этилган.

Аввалроқ Озодлик Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан 7-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Римда бўлиши ҳақида хабар қилган эди.

Тошкентдаги боғчада тарбияланувчиларига игна тиққан тарбиячилар жаримага тортилди

Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди 122-болалар боғчасида тарбияланувчиларга игна тиққан амалиётчи ўқувчи ҳамда боғчанинг бошқа бир тарбиячига жазо тайин қилди.

Тошкент шаҳар судларининг Telegram-каналида қайд этилишича, суднинг 8 июндаги қарори билан 34 ёшли тарбиячи С. Э. билан 20 ёшли амалиётчи М. Р. Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, улардан ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари (1 миллион 320 минг сўмдан) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

122-сонли боғчадаги 4-сонли кичик гуруҳда шу йил 11 майидан амалиёт ўтай бошлаган коллеж ўқувчиси ухламаган тарбияланувчиларга игна тиқиб олгани 29 май куни Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ҳам тасдиқланган.

Бошқарма ўшанда талаба М. Р. амалиётдан четлатилгани, ҳолат юзасидан Янгиҳаёт туман ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини қайд этган. Бироқ ММТБ хабарномасида болаларга игна тиқиш ҳолати юзасидан суд томонидан жаримага тортилган тарбиячи С. Э. хусусида ҳеч нарса дейилган эмас.

Ўзбекистон постсовет ҳудудида аҳоли сони бўйича иккинчи мамлакатга айланди

Иллюстратив сурат

Россия босқини туфайли Украина аҳолиси кескин камайиб кетгани ортидан Ўзбекистон аҳоли сони бўйича собиқ СССР мамлакатлари орасида иккинчи ўринга чиқиб олди. Бу борадаги рақамларга bne IntelliNews нашри эътибор қаратган.

2000-йиллар бошида аҳоли сони 45 миллион бўлган Украинада уруш туфайли бугунги кунда 29 миллион киши истиқомат қилаётгани айтилмоқда. Украина урушга қадар постсовет ҳудудида аҳоли сони бўйича Россиядан (тақрибан 146 миллион киши) кейин иккинчи мамлакат ҳисобланар эди.

Ўзбекистонда эса жорий йилнинг июнь ойи ҳолатига аҳоли сони 36 миллион нафардан ошган. Мақолада Ўзбекистон постсовет ҳудудида аҳолиси энг ёш ва тез ўсиб бораётган мамлакат экани урғуланган.

Қайд этилишича, 2022 йил январь ҳолатига аҳолининг ўртача ёши 29,1 ни ташкил қилган, бир аёлга эса ўртача 2,33 та туғруқ тўғри келган, бу эса 2021 йилдан 2022 йилгача аҳоли сонининг 1,6 фоизга ошишига олиб келган.

Шу ўринда, БМТ ҳисоб-китобига кўра, украиналиклардан 8 миллион нафари уруш туфайли туғилган юртини тарк этишга мажбур бўлгани, бу қочқинлар ватанларига қайтган тақдирда Украина постсовет ҳудудида аҳоли сони бўйича яна иккинчи ўринга чиқиб олиши мумкинлигини эслатиш жоиз.

Тошкентдаги “Илҳом” театрида Россияда ҳибс қилинган драматургнинг пьесаси ўқилди

"Илҳом" театрида ўтказилган ўқишдан саҳна. Фотосурат Gazeta.uz нашридан олинди. Виктория Абдураҳимова фотоси.

“Илҳом” театрида россиялик драматург Светлана Петрийчукнинг “Финист Ясний Сокол” асари ўқилди. Уни режиссёр Максим Фадеев Светлана Петрийчук ва режиссёр Евгения Беркович билан бирдамлик рамзи сифатида саҳналаштирди. Бу ҳақда Gazeta.uz 8 июнь куни хабар тарқатди.

Драматург Светлана Петрийчук ва режиссёр Евгения Берковичга 5 май куни Москва шаҳар Замоскворецк суди “терроризмни оқлаш”айбловини билдирган ва эҳтиёт чораси сифатида уларни икки ойга ҳибсга олган эди.

Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилишига “Финист Ясний Сокол” спектакли устидан икки йил олдин ёзилган чақим сабаб бўлган. Мазкур спектаклда “ўзлари севган йигитлар-жангарилар» билан бирга бўлиш учун Россиядан Сурияга қочган аёллар тўғрисида ҳикоя қилинади.

2021 йилда Москвада саҳналаштирилган бу асар Россия театрлари фестивалида икки марта “Олтин ниқоб” мукофотига сазовор бўлган. Ўша пайтда спектаклга қарши ҳуқуқ органларига чақим ёзилган эди. Орадан икки йил ўтгач бу чақим асосида жиноят иши қўзғатилган.

“Илҳом” театрида мазкур асар фақат бир марта ўқишга мўлжалланиб саҳналаштирилди. Олмаотадаги ARTиШОК театри эса ўз инстаграмида Петрийчук озод этилгунига қадар ҳар ойда бир марта унинг пьесаларини ўқишини билдирган.

Қашқадарёда ўғил бола жиянини зўрлаган шахс 16 йилга қамалди

“Сукут сақлама” (NeMolchi.uz ) лойиҳасининг 7 июнда билдиришича, Қашқадарё вилоятида 8 ёшли ўғил жиянини зўрлаган 48 ёшли шахс 16 йилга қамалди.

Хабарда айтилишича, суд ҳукми 31 май куни эълон қилинган. Суд М.И., ни Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топган. Эркак жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.

“Сукут сақлама” лойиҳасининг маълум қилишича, М.И., 2022 йил ноябрида икки шиша спиртли ичимлик истеъмол қилиб, мактабдан ўртоқлари билан қайтаётган жиянини кўриб қолади. У 8 ёшли болага дўкондан ширинлик олиб бериб, уйига чақиради.

М.И., уйда жиянини бир хонага қамаб, ечинтиради ва боланинг қаршилигига қарамай, “уни ерга ётқизиб орқадан ишқаланади”.

Бу орада боланинг онаси ўғли мактабдан қайтмаётганидан хавотир олиб унинг синфдошларидан ўғли ҳақида суриштиради. Синфдошлари болани М.И., маст ҳолда уйига олиб кетганини айтишади. У дарҳол бу ҳақда эрига айтади. Ота қўшниси билан бирга М.И.,нинг уйига бориб, уни “жиноят устида қўлга туширади”.

NeMolchi.uz - 2017 йилда ташкил этилган мустақил ахборот лойиҳаси - Аёлларга нисбатан зўравонликка жамоатчилик эътиборни жалб қилиш ва бу масалага жамиятнинг муносабатини ўзгартиришни мақсад қилганини билдириб келади.

Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйига берилган - 15, 16, 17 ёшдаги етим қизларнинг 10 ой давомида Хоразм вилояти давлат амалдорлари билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида биринчи бўлиб NeMolchi.uz хабар қилган эди.

Май ойининг бошларида лойиҳа асосчиси Ирина Матвиенко ўзига нисбатан ўлдириш таҳдиди бўлаётгани ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлгани тўғрисида Озодликка маълум қилган. ИИВ 3 май куни Ирина Матвиенкого қилинган таҳдид ўрганилаётгани ҳақида баёнот берди. Аммо шу кунгача ИИВ текшируви натижалари тўғрисида маълумот берилмади.

Фарғонадаги можаро: Вилоят ИИБ Хидирназар Аллақулов ва тарафдорлари ички ишларнинг икки ходимига жароҳат етказганини иддао қилди

Мухолифатчи Хидирназар Аллақулов қарийб уч йилдан буён Ўзбекистонда сиёсий партия тузишга уриниб келади

“Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини тузиш мақсадида имзо тўплаш учун Фарғона шаҳрига борган профессор Хидирназар Аллақулов ва унинг тарафдорлари 7 июнь куни яна можаро марказида қолди.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, Хидирназар Аллақулов чоршанба куни Фарғонадаги “Ислом Каримов” номли санъат саройи ҳудудида юзага келган низоли ҳолат бўйича шаҳар ИИО ФМБга (Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига) мурожаат қилган. Қайд этилишича, профессорнинг мурожаати ички ишлар ходимлари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган.

Шунингдек, ИИО ФМБ биносининг ташқарисида фуқаро Аллақулов Х. фуқаро 1971 й.т. М.У. билан ўзаро тушунмовчилик натижасида жанжаллашиб, гўёки унинг имзо йиғиш жараёнига ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан аралашув бўлаётганлигини асоссиз важ қилиб, шаҳар ИИО ФМБ ҳудудига қайтиб кириб, ички ишлар органлари ходимлари билан жанжал уюштирган”, дейилган расмий муносабатда “фуқаро Аллақулов Х. ўз тарафдорлари А.Ш. ва Т.Ш. билан фаол қаршилик кўрсатиб, хизмат вазифасини бажараётган икки нафар ички ишлар ходимига тан жароҳати етказишган”и иддао қилинган.

Баёнотда айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Ўз навбатида, Аллақуловнинг тарафдорлари партиянинг YouTube каналида Фарғонадаги имзо йиғиш чоғида провокацияга дуч келишганини қайд этишган. Уларнинг иддаосича, ИИБга борган Аллақулов бир неча тарафдори билан биргаликда ўша ерда бир неча соатдан бери тутиб турилибди, фаолларнинг қўлларига кишан урилган.

Профессор Хидирназар Аллақулов ва партия фаоллари “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини тузиш учун имзо йиғиш мақсадида 20 май куни Андижонга борганида бир гуруҳ номаълум шахслар ҳужумига учрагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Олтиариқда содир бўлган автоаварияда италиялик аёл ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 2 июнь куни Nexia-2 ҳайдовчиси велосипед ҳайдаб кетаётган 67 ёшли Италия фуқароси А.У.ни уриб юборган, оқибатда велосипеддаги аёл нобуд бўлган. Бу ҳақда Газета.uz нашри ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилган. Мазкур маълумотни кейинроқ ИИВ матбуот хизмати ҳам тасдиқлаган.

Нашр хорижлик фуқаро ўлими билан тугаган йўл-транспорт ҳодисаси ўтган жума куни соат 10:10 лар атрофида Боғдод-Олтиариқ йўлининг 2-километрида содир бўлгани ҳақида ёзган.

Қайд этилишича, 21 ёшли бағдодлик фуқаро уриб юборган италиялик аёл касалхонага етказилган, аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, олинган жароҳатлар туфайли ўша ерда жон берган.

ЙТҲ бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси олиб бораётгани қўшимча қилинган.

Чимкентда одамларни ўққа тутгани айтилган ўзбекистонлик 15 йилга қамалди

Ўзбекистонлик Эркинжон Исмоилов Чимкентдаги суд залида, 2023 йил 2 июни

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида одамларни ўққа тутган ўзбекистонлик Эркинжон Исмоилов суд қилинди. BaigeNews.kz нашри хабарига кўра, маҳкама жараёни жиноят ишлари бўйича туманлараро махсус судида очиқ тартибда ўтказилган.

Жорий йилнинг февраль ойида Чимкентда одамларни ўққа тутган ўзбекистонлик қўлга олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Қурол дўконига харидор сифатида кирган бу киши сотувчи аёлдан “Сайга” милтиғини кўрсатишни сўраган, кейин эса аёлнинг бошига қирқма ов милтиғини тираб, қуролни олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

Воқеа жойига етиб борган қўриқчилик хизмати ходимлари билан отишмага киришган ҳужумчи охир-оқибат маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тутиб кетилганди.

Маълумотларга кўра, Эркинжон Исмоилов судда айбига иқрор бўлган. Суд унга 15 йиллик қамоқ жазоси тайинлаш бўйича ҳукм чиқарган.

Аввалроқ Исмоилов Озодликнинг қозоқ хизматига Чимкент шаҳрига Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан келгани ва новвойлик билан тирикчилик қилганини айтган. Икки фарзанди борлигини айтган муҳожир оиласи унинг судланаётганини билмаслигини қайд этган.

Исмоиловга нисбатан суд ҳукми ҳали ўз кучига кирган эмас, томонлар маҳкама қарори юзасидан апелляция тартибида шикоят аризаси киритиш имкониятига эгалар.

Ўзбекистон ва Қатар икки томонлама ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишга келишди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ас-Соний билан Самарқанд аэропортида, 2023 йил 5 июни (president.uz фотоси).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний 6 июнда Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказидаги музокараларда икки томонлама ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишга келишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

- Биз Қатарни нафақат Яқин Шарқ минтақасида, балки бутун араб-мусулмон оламида ўзимизнинг истиқболли ҳамкоримиз сифатида биламиз, - деди Мирзиёев учрашувда.

Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иштирокида 15 та икки томонлама ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Имзоланган шартномалар орасида "Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва мулк солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим" ҳамда "Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим" ҳам бор.

Мирзиёев Қатар Амири ташрифи арафасида қатарликларга 30 кун мобайнида Ўзбекистон ҳудудида визасиз бўлишига рухсат берувчи фармонни имзолади. Қатар давлати мазкур ҳужжат имзоланиши ортидан фуқаролари бир ой давомида Ўзбекистонда визасиз юриши мумкин бўлган 45 та мамлакат қаторига қўшилди.

Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган эди. Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган 25 йил давомида Қатар амири илк бор Ўзбекистонга келди.

Косонда 14 ёшли қизини калтаклаб келган ота уч йилга қамалди

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеодан скриншот.

Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди 7 июнь куни 14 ёшли қизини муттасил равишда ҳақоратлаб, қийнаб ва калтаклаб келган Р.Т., ни уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

Олий суд матбуот хизматининг билдиришича, 1978 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган Р. Т., ишсиз бўлган ва муқаддам судланган.

Суд ҳукмига мувофиқ Р. Т. Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.

Озодлик радиоси апрель ойида ота ва она ўсмир қизни калтаклагани тўғрисидаги видео ижтимоий тармоқда тарқалганидан сўнг Бош прокуратура 19 апрель куни Жиноят кодексининг 110-моддаси билан жиноят иши қўзғатгани тўғрисида хабар берганди.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеода ота ва она ўсмир қизалоқни томорқада ортидан қувиб юриб аёвсиз калтаклаётгани, қизалоқ эса чинқириб йиғлаётгани ва қочаётгани акс этган. Бу воқеани видеога олаётган кишининг кадр ортидан “Қаматаман, оилавий қаматаман, санлани. Ҳозир чақираман, съёмка қилдим ҳозир”, деган овози эшитилади.

Қашқадарё вилояти ИИБнинг билдиришича, бу воқеа 16 апрель куни тахминан соат 11:30 ларда содир этилган. Видеода 2009 йилда туғилган Х.Г., 1982 йилда туғилган онаси. М.М., ҳамда 1978 йилда туғилган отаси. Т.Р., томонидан калтаклангани акс этган.

“Мазкур ҳолат вояга етмаган қизнинг амакиси томонидан видеотасвирга олиниб, Ички ишлар органларига хабар берилган. Ҳозирда воқеа иштирокчиларининг барчаси аниқланиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда”,- дейилади расмий билдирувда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда айтилишича, "қизалоқ ўғай онаси томонидан мунтазам калтаклаб келинган ва у бу хўрликлардан қочиб рухсатсиз амакисининг уйига келган". Қизнинг ота-онасини айни мана шу ҳолат ғазабга солган.

ШавкатМирзиёев 7-9 июнда Италияда бўлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан 7-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Римга боради. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Олий даражадаги учрашувлар Рим шаҳрида бўлиб ўтади. Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелла ва Бош вазир Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказади.

Учрашувларда Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги “кўп қиррали муносабатларни ва устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилади”.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев бош қароргоҳи Римда жойлашган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй билан учрашув ўтказади. Унда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури Милан шаҳрида бўлиб ўтади – Ўзбекистон президенти Ломбардия провинцияси губернаторини қабул қилади ҳамда Италиянинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG