Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:29

Прокуратура ходимлари МХХдаги раҳбарлик лавозимларига тайинланди


Ўзбекистон МХХда бошланган кадр ўзгаришларидан яхши хабардор Тошкент мулозимининг Озодликка билдиришича¸ 13 февраль куни мамлакат прокуратура тизимидаги масъул лавозимларда ишлаб келган бир қатор кадрлар Миллий хавфсизлик хизматидаги раҳбарлик ўринларига тайинланган.

Хусусан¸ Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи¸ адлия катта маслаҳатчиси Жаҳонгир Эгамов МХХ янги раиси Ихтиëр Абдуллаевга ўринбосар этиб тайинланган.

31 январь куни МХХ раиси этиб тайинланган Ихтиëр Абдуллаев 2015 йилдан мамлакат Бош прокурори лавозимида ишлаган.

Шахси очиқланмаслигини сўраган мулозимларга кўра¸ Миллий хавфсизлик хизматининг оддий ўзбекистонликлар орасида қўрқув билан тилга олинадиган Тергов бошқармаси (собиқ Гвардейская кўчасидаги – таҳр) бошлиғи ҳам ўзгарган.

Бу лавозимга Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари¸ шаҳар прокуратурасининг тергов бошқармасига раҳбарлик қилган Аброр Абдуллаев тайинланган.

Ҳозирча бу кадр ўзгаришлари на расмий матбуот ва на прокуратура расмий сайтида эълон қилинмади.

Озодлик гаплашган расмийлар¸ МХХга олинган прокуратура ходимларини "кучли мутахассислар" деб атади.

"Авваллари Бош прокуратура¸ ИИВ¸ солиқ ва божхона тизимидаги раҳбарлик лавозимига асосан МХХ кадрлари тайинланган бўлса¸ бугунга келиб¸ тескари жараëн бошланди. Аксар тизимларга прокуратура ходимларини тайинлаш бошланди. Булар кучли кадрлар"¸ деб изоҳлади бу жараëнни Озодлик боғланган расмийлардан бири.

Айни шу куни Ўзбекистон Бош прокурорининг 1-ўринбосари Муротжон Азимовга генерал рутбаси берилди ва Давлат божхона қўмитаси раислигига тайинланди.

2018 йил январидан президент Шавкат Мирзиëев узоқ йиллар Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари фаолиятини назорат қилиб келган Миллий хавфсизлик хизматида кадр ўзгаришлари қилишни бошлади.

Хусусан¸ 31 январь куни хизматни 23 йил давомида бошқариб келган генерал Рустам Иноятовни МХХ раислигидан бўшатди.

XS
SM
MD
LG