Линклар

Шошилинч хабар
22 май 2019, Тошкент вақти: 21:46

Мирзиëев прокуратурага берган ваколатларини қайтариб олди. Юзлаб ходим тақдири муаллақ қолди


Ўзбекистоннинг иккала собиқ Бош прокурори - Рашитжон Қодиров ва Ихтиëр Абдуллаев Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан сўнг қамоққа олинди.

Ҳокимиятга келишидан кўп ўтмай ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари¸ хусусан¸ прокуратурани ëмон кўришини айтиб¸ прокурорларни “энг катта ўғрилар” деб атаганига қарамай Шавкат Мирзиëев¸ айнан прокуратурани кейинги икки йил ичида энг ваколатли давлат органига айлантирди.

Аммо президент билан прокуратуранинг “асал ойи” узоққа чўзилмади – 2019 йилнинг 15 март куни Мирзиëев битта фармон ва битта қарор билан Бош прокуратурага бир йил олдин ўзи берган ваколатларни ўзи бекор қилди¸ прокуратурадаги иш ўринларини бир кунда 1193 штатга қисқартирди.​

1-30 апрель оралиғида бу қисқартиришларни “ҳазм қилиши” белгиланган прокуратура тизими¸ Озодликка келаëтган маълумот ва шикоятлардан англашилишича¸ бир ой ичида бунча кадрни қаерга¸ қандай жойлаштириш каби мураккаб танлов қаршисида қолган.

Қисқаришга тушган прокуратура ходимларидан Озодликка келаëтган шикоятларда¸ бу жараëнда яна “коррупция ва таниш-билишчилик” белгиловчи мезон экани иддао қилинмоқда.

Мирзиëев даврида Ўзбекистондаги матбуот учун энг очиқ давлат органига айланган Бош прокуратура Озодликка келган шикоятларга атрофлича муносабат билдирди. Матбуот хизматининг бораëтган жараëнга оид расмий изоҳида¸ қисқартиришнинг прокуратурага хос бўлмаган функцияларга барҳам бериш билан боғлиқ экани ва кимнинг бу тизимда қолиш-қолмаслиги “ҳалоллик критерийси” асосида белгиланаëтгани таъкидланди.

Озодлик жараëнга оид тафсилотларни иккaла томон иддао ва изоҳлари асосида яқиндан ўрганиш ва Шавкат Мирзиëевнинг "қонуннинг устунлигини ҳар томонлама қарор топтиришга" ваколатли давлат органи билан мураккаб муносабатлари тадрижини кузатишга уринди.

“Прокурорлардан товуш”

Шавкат Мирзиëевнинг 2019 йил 15 март кунги 5690-сонли фармони билан 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Бош прокуратурадан олиниб¸ президент администрациясида янги тузилган Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига берилди.

Президент айни шу куни имзолаган 4241-сонли қарори билан ўзи 2018 йилнинг 7 май куни чиқарган 3699-сонли қарорини бекор қилди – Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган агроинспекцияни Вазирлар Маҳкамаси бошқарувига ўтказди.

Бу жараëн ўтмишда ўзини матбуотдан иҳоталаб келган прокуратура органлари ходимларининг Озодлик билан фаол алоқага чиқишига туртки бўлди.

Апрель давомида шахси очиқланмаслигини сўраб Озодликка бир-биридан мустақил равишда турли вилоят ва пойтахт Тошкентдан боғланган прокуратура тизими ходимлари ҳисобича¸ 5690-сонли фармон билан тизимдаги 1193 иш ўрни қисқарган бўлса¸ 4241-сонли қарор ортидан яна “1000 га яқин одам ишсиз¸ кўчада қолган”.

Ўзбекистонда ишсизлар сонини камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш сиëсати олиб борилаëтган бир пайтда шунча одам ишсиз қолиб, уларнинг оилалари яшаш учун курашмоқда”¸ дейилади Қорақалпоғистон прокуратураси ходимлари номидан Озодликка юборилган мактубда.

Агроинспекцияга ўтказилган прокуратура ходимларининг тақдири номаълум. Уларни ишдан бўшаш ҳақидаги ариза ëзишга мажбур қилишаяпти. Улар далада қолди. Ë ишдан бўшагани йўқ¸ ë ишда эмас. Приказ йўқ. Ойлиги ҳам йўқ. Инспекция ўрнига очилган Кабмин филиалига прокурорларни олмаяпти”¸ дейилади водий вилоятларидан бири прокуратура ходимлари йўллаган бошқа бир мурожаатда.

Бугун ҳамма ўзгаришлар амалга оширилди ҳисоб, ҳар ким ҳар ҳудудга ўтиб кетди. 1800 та фақат прокуратуранинг ўз тизими, шундан 1190 та фармон бўйича сокрашение, 400 та Агроинспекциядан келганлани қисқартириб жойлаштириш ишлари қилинди.

Сокрашениега тушганларни Давлат солиқ қўмитасига йўлланма билан жўнатмоқда. Ихтиёрий-мажбурий, бошқа прокуратура тизимида жой йўқ”, дейилади 15 апрель куни Озодликка келган яна бир мактубда.

Қишлоқ хўжалик инспекцияси 6000 та ходими билан КабМинга ўтказилди (Бош прокуратура берган расмий изоҳда Агроинспекция ходимларининг умум сони 1700 нафар экани ва улардан прокурор ходимлар 240 нафар экани айтилади - таҳр.). 2600 та прокуратура ходими бор эди¸ шундан фармон билан 1190 та сокрашение келган. Бош прокуратура Марказий аппаратидан 170 нафар ходимнинг жойи сокрашение бўлди. Асосан¸ коррупция, тергов ва бошқа бошқармаларда қисқартириш. Қишлоқ хўжалиги, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари билан ишлайдиган бошқармалар тугатилди. Прокуратура тизимида 30 фоизлик қисқартиш¸ 70 фоизлик ротация ҳолати бормоқда. Тизимда соғлом вазият издан чиқди - барча ходимлар эртага ўзимни қаерда кўрарканман¸ деган ўй-хаёлда ўз иши билан шуғулланолмай қолди”¸ дейилади Озодликка Марказий аппаратда ишловчи айрим ходимлар номидан келган бошқа бир хабарда.

“Прокуратура фаолияти оптималлаштирилмоқда”

Президентнинг 15 март кунги фармон ва қароридан сўнг прокуратура ходимларидан Озодликка келаëтган бу шикоятларга Бош прокуратура Матбуот хизмати атрофлича изоҳ берди.

Президент имзолаган ҳужжатларнинг “прокуратура органларига хос бўлмаган вазифа ва функцияларни чиқариб ташлаш йўли билан уларнинг фаолиятини оптималлаштириш мақсадида” қабул қилингани таъкидланган расмий жавобда ëзилишича:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташкилий-штат тузилмасига ўзгартиришлар киритилиб, прокуратура органлари бўйича 1 193 та, Департаментда 5 та штат бирликлари қисқартирилди. Қисқартирилган штат бирликларидан 87 таси Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонини, 470 таси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бўлинмаларини тўлдириш учун йўналтирилди.

Қисқартирилган штат бирликлари фаолият кўрсатган ходимларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилиб, шу кунга қадар 45 нафари Департаментга;

464 нафари Мажбурий ижро бюросига; 95 нафари бошқа орган ва муассасаларга (Адлия вазирлиги, ИИВ, ДСҚ ва ҳоказо) ишга ўтиши таъминланган. Қолган 100 нафар ходимлар хизматдан прокуратура органлари ихтиёрида бўлиб, улар хизматдан бўшатилмаган.

Прокуратура органлари ихтиёридаги ходимлардан 23 нафари ИИВ
ва 34 нафари ДСҚ тизимидан қабул қилинганларни ташкил этиб, ҳозирда ушбу органлар томонидан ўзларининг собиқ ходимларини ишга қайта қабул қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Қолган 43 нафар ходимни мутахассислиги (ҳуқуқ, иқтисодиёт, молия, ахборот-технологиялари ва ҳ.к.) тизимдаги бўш ўринларга тайинлаш ёки бошқа иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда".

Оғриқли жараëн

Озодликка келаëтган шикоятларга муносабат билдирган Бош прокуратура Матбуот хизмати “1193 та ходимни қисқартириш жараëнининг ҳеч бир эътирозсиз ўтиши имконсиз” эканини эътироф этди; айни пайтда¸ эътирозларга кўз юмилмаслиги¸ бу тизимда ҳалол ишлаëтган профессионал кадрларнинг “кўчада қолмаслиги"ни таъкидлади.

Бош прокурор топшириғига асосан, жойларда қисқартирилган штат бирликларида фаолият кўрсатган ходимларнинг бўш лавозимларга тайинланиши ҳамда уларни бошқа иш билан таъминлаш чоралари кўрилиши аҳволини ўрганиш юзасидан Бош прокурор ўринбосарлари раҳбарлигида, Кадрлар бошқармаси ва Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимларидан иборат таркибда Ишчи гуруҳлар тузилган”¸ дейилади Озодликка келган шикоятларга билдирилган расмий муносабатда.

Озодликка Бош прокуратурадан берилган маълумотга кўра¸ апрель ойи ичида ҳар бир ҳудудга бориб, қисқартириш ва ходимларни кайта жойлаш жараëнини ўрганаëтган ишчи гуруҳ:

1) бу жараëннинг қанчалик холис ва адолатли ўтказилаëтгани;

2) бу борадаги эътирозларни индивидуал ўрганиш ва нотўғри ҳаракатлар аниқланса, адолат ўрнатиш¸ ҳамда

3) бу жараëнга тушган барча ходимларни жой-жойига жойлаштириш бўйича ташкилий чоралар кўриш билан шуғулланмоқда.

Расмий баëнотда алоҳида таъкидланишича¸ “бошқа лавозимларга ўтказилган ходимларга айнан эътирозларни ўрганиш учун БП ўринбосари келганлиги ҳакида хабар берилганига қарамай¸ биронта ходим келиб ўз эътирозини билдирмаган”.

Бунга сабаб, бу жараённинг нотўғри ëки адолатсиз ўтказилганлиги бўйича аниқ важларнинг йўқлигидир”¸ дейилади Бош прокуратура Озодликка берган расмий изоҳда.

Расмийларга айтилмаëтган важлар моҳияти нимада?

Озодликка мурожаат қилган прокуратура ходимлари кимнинг органдан кетиши ва кимнинг қайси лавозимга ўтказилишини белгилашда коррупция ва таниш-билишчилик муҳим роль ўйнаëтганини иддао қилди.

Яна шу Қодировнинг гуруҳи¸ яна пули¸ танкаси борлар асосий жойларга ўтириб олди. Билимли¸ ҳеч кими йўқлар пастга тушиб кетди. Аёлларниям йиғлатиб¸ паст лавозимга¸ узоқ ҳудудларга жўнатишди”¸ дейилади Озодликка келган шикоятлардан бирида.

Ишдан бўшатиш тартиби бор. Меҳнат Кодексига риоя қилинмаяпти. Компенсация бермаслик учун мажбурий ариза ариза ëздиришаяпти»¸ дейилади водийлик прокурорлар арзида.

Ким сокрашение ва ўзгаришдан норозилик билдирса¸ тизимдан бўшатаяпти. Норози бўлса¸ ОДР ( (хизмат кийими, ойлиги сақланиб бошқа тизимда ишлаши ) бермасдан чиқаради. Кимга мурожаат қилиш мумкин - ҳаммаси қайтиб Бош прокурорга келадику мурожаатларнинг!” дейилади Озодликка юборилган мактублардан яна бирида.

“Жараëнда прокуратура нопок ва савиясиз ходимлардан озод бўлмоқда”

Бош прокуратуранинг ўз таркибида бораëтган қисқартириш жараëни ва унга нисбатан эътирозларга берган жавобида¸ Озодликка юборилган ҳар биз шикоятга алоҳида муносабат билдирилди.

Бу жараëнда эътирозлар бўлиши табиий, чунки тизимни нолойиқ ва ҳалол бўлмаган ходимлардан тозалаш жараëнининг ҳам катта таъсири бор.

Масъулиятли лавозимларда хизмат қилаётган ходимларнинг яна бир бор билим, кўникма ва муҳими антикоррупциявий нуқтаи назардан фильтрдан ўтказилишини барча бирдек олқишламаслиги аниқку! Масалан, қисқартириш жараëнидан ташқари, 2018 йилнинг ўзида прокуратура тизимини нопок ва савиясиз ходимлардан тозалаш жараёнида 47 нафар ходим лавозимидан озод этилди, 281 нафари тизимдан бўшатилди, 1171 нафар ходим (прокуратура, Департамент ва МИБ билан бирга) хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилди. Ходимларга баҳо беришда ҳалоллик - асосий критерий! Агар бу жараëнда пора берилганлиги борасида аниқ маълумотлар бўлса, беришсин - хизмат текшируви йули билан¸ албатта¸ текширилади”¸ дейилади Бош прокуратура Озодликка йўллаган расмий изоҳда.

Прокуратура бошқарувида қодировчилар гуруҳи таъсири ҳамон кучли экани ҳақидаги эътирозларга ҳам алоҳида тўхталган Матбуот хизмати “сўнгги бир йил ичида тизимдаги барча раҳбарлик лавозимларининг 66 фоизга янгилангани¸ 2016-2019 йиллар ичида эса раҳбар кадрларни янгилашнинг 97 фоизни ташкил этгани” бундай иддаони очиқдан-очиқ рад қилишини билдирди.

Прокуратура Мирзиëев қаҳрига учрадими?

Озодлик билан суҳбатда хавфсизлик ва бутунлай ишсиз қолиш билан боғлиқ хавотирлар туфайли шахси сир тутилишини сўраб гаплашган прокуратура ходимлари¸ Шавкат Мирзиëевнинг прокуратура органларига нисбатан ўзгарувчан муносабати бу органнинг ўз қонуний фаолиятини мустақил ва изчил олиб боришига салбий таъсир кўрсатаëтганини таъкидлади.

Каримов прокуратурани ëмон кўрарди ва буни ҳамма тушунарди. Қашқадарëда обком бўлган пайтида¸ прокуратурадан қўрқиб яшагани учун¸ бу тизимнинг мустақил бўлишига йўл қўймади. СНБдан чиққан Қодировни 15 йил Бош прокурор қилиш билан¸ бу тизимниям де факто МХХ назоратига топширди. Мирзиëев ҳам бошида прокуратурага қаттиқ жаҳл¸ ҳатто нафрат билан қаради. Лекин МХХдаги жиноят ва хиëнатлар кўлами уни прокуратурага таянишга мажбур қилди. Иноятовнинг ўрнига Бош прокурор Абдуллаевни МХХга раиси қилганидан кейин (2018 йил 31 январь – таҳр.) Мирзиëев ўзи ишонган¸ ниҳоятда садоқатли Отабек Муродовни Бош прокурорликка қўйди. Муродовга ишонч – прокуратурага ишончга айланди ва Мирзиëев прокуратурага¸ унинг функциясига кириш-кирмаслигига қарамай¸ катта ваколатлар бериб ташлади¸ давлат бошқарувига ҳам асосан прокуратурадан чиққан кадрларни қўйди. Лекин бу иноятовчиларга ëқмади - 2019 йилга келиб¸ эски мххчилар Мирзиëевнинг Муродовга ишончини йўқотишга киришди. Хабарингиз бор¸ ҳар хил интернет нашрларида Бош прокурорга қарши миш-мишлар тарқатилди¸ унга қарши уюштирилган фитна бошланди. Муродов бугун кетади¸ эртага кетади¸ деган гаплар тарқаб кетди. Президент бу кампаниянинг ўзини қўрқитиш ва манипуляция қилиш ўйини эканини тушунди чоғи¸ Муродовни¸ фитначилар кутгандек¸ ишдан олмади. Лекин прокуратура ваколатларини қисқартириш орқали¸ нафақат Муродов¸ балки бутун тизимга қаттиқ огоҳлантириш берди”¸ дейди Ўзбекистон прокуратурасининг Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган кекса ходимларидан бири.

Мирзиëевнинг прокуратура тизими билан беқарор муносабатлари

Шавкат Мирзиëев 2016 йил 4 декабрь куни президентликка сайланганидан кейин кучга кирган илк қонунлардан бири 19 декабрь куни имзоланган 8 январни Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгилашга оид ҳужжат бўлди.

Мирзиëев президент сифатида алоҳида учрашган тизим ҳам айнан прокуратура бўлди ва 7 январь – прокуратура ходимлари куни биринчи марта расман нишонланиши арафасида у прокуратура ходимлари билан бир неча соатлик учрашув ўтказди.

Табрик¸ ҳамда прокурорларга ҳурмат ва ишонч билдирилган бу учрашувда Мирзиëев¸ “жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлиши лозим”лигини таъкидлади.

Бу учрашувдан кўп ўтмай – 2017 йилнинг 18 апрель куни Шавкат Мирзиëев “Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш¸ мамлакатни модернизация қилиш¸ инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда прокуратура органларининг ролини кучайтириш тўғрисида” деб номланган 5019-сонли фармонга қўл қўйди ва номидан кўриниб турганидек¸ прокуратурага конституцияда белгиланганидан ҳам ошиғич ваколатлар берди.

2017 йилнинг 30 май кунги 3016-сонли қарори билан Мирзиëев Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаментини тугатиб¸ унинг ваколатларини ҳам Бош прокуратура тизимида янги ташкил этилган Мажбурий ижро бюросига олиб берди.

Мирзиëев 2018 йилнинг 2 август куни имзолаган 5499-сонли фармон билан солиқ ва божхона тизимлари фаолияти устидан тўлиқ ҳам назорат Бош прокуратурага топширилди.

Бу қарор ва фармонлар билан бир пайтда¸ Мирзиëев ëпиқ эшиклар ортида прокуратура тизимини аëвсиз танқид қилиш¸ унинг собиқ ва айрим жорий раҳбарларини оғир жиноятлар¸ хусусан¸ ўғирликларда айблаб келди.

Озодлик гаплашган Ўзбекистон ҳуқуқ тизимининг айрим собиқ ва жорий амалдорлари Шавкат Мирзиëевнинг прокуратура билан мураккаб муносабатлари бевосита унинг Бош прокуратурани Каримов даврида узлуксиз 15 йил бошқарган Рашитжон Қодиров билан шахсий муносабатларига бориб тақалишини айтади.

Бу мулозимлар иддаосича¸ Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳоким¸ сўнгра эса¸ Ўзбекистон Бош вазири бўлиб ишлаганида Мирзиëев¸ шахсан Қодиров¸ қолаверса¸ бу тизим бошқа амалдорларининг босим ва тазйиқига кўп йўлиққан.

2017 йилнинг 2 август куни Тошкент вилоятида ўтказилган йиғилишда қилган кенг жамоатчиликка мўлжалланмаган баëнотида Мирзиëев бу тахминларда жон борлигини тасдиқлади ва “эски ахлат тизими”дан қолган прокурорларнинг ўзларини "энг катта ўғри" деб билишини очиқлади.

Мен ўзи прокурор деган одамни, кечирасизлару, жуда ёмон кўраман. Буни очиқча айтаяпман, нимага десангиз мен район ҳокими бўлганман, вилоят ҳокими бўлганман, бу ноинсофларни ғўддайишини, прокурорча бўлиб дарров юриши ўзгариб қолишини, одамни менсимасини жуда яхши биламан. Жуда яхши биламан, вой бўўўўўўўй....", деган эди бу мажлисда¸ афтидан Тошкент вилоятининг ўшандаги прокурорини турғизиб қўйиб гапирган президент.

Шавкат Мирзиёевнинг 2 август куни Тошкент вилоятидаги йиғилишда сўзлаган нутқи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:34:15 0:00
Бевосита линк


Айни шу йиғинда Мирзиëев прокуратура органларидаги қодировчиларнинг 80 фоизи йўқотилгани¸ қолганидан тез орада тозаланишини таъкидлайди.

Мирзиëевнинг бу каби айбловлари ортидан собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров 2018 йилнинг 22 февраль куни ҳисбга олинди ва айни кунларда унинг устидан маҳкама давом этмоқда.

Мирзиëевнинг қодировчи прокурорларга нисбатан ëзғиришлари¸ унинг давлат бошқарувининг муҳим тузилмаларига прокуратура ходимларини тайинлашига тўсиқ бўлмади.

Хусусан¸ Мирзиëев¸ 2018 йил январида Ўзбекистоннинг энг қудратли идораси МХХ раислигига Каримов даврида Бош прокурорликка тайинланган Ихтиëр Абдуллаевни қўйди. Қодиров даврида Бош прокурор ўринбосари¸ Бухоро ва Жиззах вилояти прокурори бўлган Пўлат Бобожоновни Ички ишлар вазири этиб тайинлади; Бож ва Солиқ қўмиталаридаги раҳбарлик лавозимлари¸ турли вилоят ва туман ҳокимлигига ҳам прокуратурадан чиққан кадрларни қўйди. Бу жараëнни шарҳлаган айрим нашрлар¸ Каримов ҳокимиятининг бош таянчи МХХ бўлган бўлса¸ Мирзиëев бу вазифани прокуратурага берди¸ мамлакатни прокурорлаштириш жараëни бошланди¸ деб ëзди.

Аммо 2019 йил бошига келиб¸ президент ва давлат бошқарувига келган прокурор кадрлар ўртасидаги муносабатларда кескин бурилиш юз берди.

ДХХга айланган собиқ МХХ раиси¸ собиқ Бош прокурор Ихтиëр Абдуллаев февраль ойида ишдан олинди ва унинг қамоққа олингани ҳақида норасмий хабарлар тарқади.

Шахси сир тутилишини сўраган ҳуқуқ тизимларидаги мулозимлар Озодликка Абдуллаев билан 200 га яқин одамнинг ҳибсга олингани ва улар аксариятининг прокуратуранинг собиқ ва амалдаги амалдорлари эканини билдирди.

Абдуллаев ва унинг шериклари деб кўрилаëтганлар¸ бу мулозимлар иддаосича¸ Мирзиëев оила аъзоларининг телефон сўзлашмалари махфий тинглаш ва назорат остига олишда айбланиши ортидан президентнинг қаттиқ қаҳрига йўлиққан.

Асосан собиқ ва жорий прокуратура ходимларидан иборат катта гуруҳнинг “хиëнатда айбланиши”¸ айрим нашрлар иддаосича¸ Мирзиëевнинг ўзи 2018 йил январида Бош прокурор этиб тайинлаган Отабек Муродовга нисбатан ишончига ҳам раҳна солмай қолмаган. Интернет нашрларида¸ бу ишончсизлик оқибатида Отабек Муродовнинг ишдан олингани ҳақида норасмий хабарлар тарқади¸ аммо жорий йил 6 март куни прокуратура Матбуот хизмати уларни "уйдирма" деб рад этди.

Ўзбекистон прокуратурасини матбуот ва жамоатчилик учун илк маротаба очган либерал раҳбар сифатида кўриладиган Отабек Муродов лавозимини сақлаб қолди. Аммо Муродовга нисбатан ишончнинг сусайиши¸ Озодлик гаплашган Тошкент бошқарувига яқин мулозимлар иддаосича¸ у бошқараëтган прокуратура тизимига нисбатан ишончнинг ҳам камайишига сабаб бўлган ва оқибатда прокуратура мазкур мақолага асос бўлган оғир вазиятга тушиб қолган.

Бу каби тахмин ва иддаоларга муносабат билдирган Бош прокуратура Матбуот хизмати¸ уларни “вазиятни англамай ëзилган миш-миш гаплар” дея баҳолади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG