Линклар

Шошилинч хабар
10 август 2022, Тошкент вақти: 13:01

"Бу-репрессия". Қайта сайланган Мирзиёев ҳукумати фаолларга қарши таъқибни тўхтатмаяпти


Ўзбекистонлик фаоллар президент сайлови арафасида кучайтирилган кузатув ва босимлар сайлов ўтиши билан юмшагани, аммо сиёсий фаол ва ҳукуматнинг танқидчиларига нисбатан таъқиб ва тазйиқлар давом этаётганини айтмоқда.

Тармоқларда шу кунларда ёйинланган видеода сиёсий фаол ва блогер Алексей Гаршин ўз ортидан очиқ-ошкора кузатув бораётганини айтади. Аввалроқ Гаршин Ўзбекистонда мустақил сиёсий партия тузиш ташаббуси билан чиққан эди.

Президент сайлови арафасида ташқи дунёдан буткул узиб қўйилганини айтган Маҳмуд Давронов эса, янги-эски президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматининг ўз танқидчиларига нисбатан муносабатини "сиёсий террор" деб атайди.

59 яшар фаол - мустақил сиёсатшунос ва иқтисодчи Маҳмуд Давронов, президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматини кескин танқид қилиб келаётган ва октябрь ойидаги президент сайловини бойкот қилишга чақирганди.

Сайлов арафасида у билан мулоқот қилишга уринган Озодлик, Давронов ва яна бир неча фаолнинг қаттиқ кузатувга олингани ҳамда ташқи дунёдан буткул узиб қўйилганига гувоҳ бўлган эди.

24 октябрь кунги президент сайлови арафасида ўзбек тилли ахборот маконида саноқли мустақил ахборот манбаси бўлиб қолаëтган Озодликка қарши ҳам виртуал хуружлар кучайгани кузатилди.

Мувофиқлаштирилган ҳужумлар давомида Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистондаги ҳукумат танқидчиларининг телефонини мунтазам эшитаëтгани ҳам тармоқларга сиздирилган аудиолар асносида билвосита тасдиқланди.

Маҳмуд Давроновнинг айтишича, сайловга бир неча кун қолганда унинг телефони уяли алоқа ва Интернет тармоғидан, хонадони эса электр токидан узиб қўйилган.

У хорижга чиқиши ҳам коммунал тўловлардан қарз, деган важ билан тақиқлаб қўйилган. Давронов электр токи ва ичимлик суви учун тўловлардан йиғилган дея бўйнига илинган қарз, кейинчалик "хатолик туфайли" юзага келган деган сабаб билан бекор қилинганини айтади.

Қарийб бир ҳафталик қамал, фаолнинг сўзларига кўра, президент сайлови ўтганидан сўнг тўхтаган, алоқа воситалари ҳам аста-секин тикланган.

Давроновга кўра, бу ҳодиса - нафақат ўзи, балки оиласи ва яқин қариндошларининг телефон ҳамда Интернет алоқалари ҳам махсус хизматлар томонидан мунтазам кузатилиши, тингланишини яна бир карра тасдиқлайди.

- Сайловдан 2-3 кун ўтиб, кўчадаги кузатувчилар кўринмай қолди. Телефон алоқаси ҳам тикланди. Лекин, мен билан бўлган бу бутун воқеа - сиёсий террор, дейилади. Сиёсий террор ҳеч қандай ўзгаргани йўқ. "Мана бизда демократия бўляпти, ўзгаришлар бўляпти", деб гапиради қайта сайланган президентимиз. Аслида бу конфетдай, усти ялтироқ қоғоз, ичидаги конфети чириб кетган. Бу фақат ўша чет элдан келган миссияларга, комиссияларга, мухбирларга қаратилган, ўшаларни алдаш учун айтилган гап, аслида биздаги аҳвол тамоман бошқача, - дейди Давронов.

Яна тармоқларга қайтгач Озодликка интервью берган фаол, қайта сайланган президент Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатидан умиди катта эмаслигини таъкидлади.

Қуйида сиёсатшунос билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:09 0:00
Бевосита линк

Яна бир сиёсий фаол блогер Алексей Гаршин эса, 25 ноябрь куни ўз ортидан очиқ-ошкора кузатув бораётганини айтиб, видео ёйинлади.

YouTube тармоғига қўйилган видеода Гаршин, давлат рақами билан ҳаракатланаётган автомобилдаги номаълум шахслар уни ўз уйи атрофи ва бораётган манзилларида тақиб қилаётганини айтмоқда:

- Менинг шахсий ва мулкий дахлсизлигимни таъминлаши керак бўлган бу давлатда, бизнинг солиқларимиз ҳисобига давлат идорасига олинган машина репрессия билан шуғулланмоқда. Халойиқ, бу - репрессия. Бу кузатув учун сарф-харажат қилинади.

Тошкентлик блогер Алексей Гаршин Ўзбекистонда "Озод Ватан" номи билан мустақил сиёсий партия тузиш ташаббуси билан чиққан.

Айни пайтда, Гаршин ва Давронов бу партиянинг ташкилий қўмитасига бирлашган 20 зиёлининг биридир.

24 ноябрь куни АҚШ Давлат департаменти “демократия саммити”га таклиф қилинган 110 та давлат рўйхатига Ўзбекистонни киритмагани маълум бўлди.

АҚШ президенти томонидан уюштирилаётган ва онлайн форматда ўтказилажак тадбир шу йилнинг 9-10 декабрь кунлари бўлиб ўтиши керак. “Интерфакс” агентлиги қайдича, саммит рўйхатига собиқ совет ўлкаларидан Украина, Арманистон, Грузия, Молдавия, Литва, Латвия ва Эстония киритилган.

Аммо, Беларусь, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон эса тушириб қолдирилган. Рўйхатга киритилмаганлар орасида Хитой ҳамда АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчиси Туркия ҳам бор. Анжуманда мамлакат раҳбарларидан ташқари, фуқаролик жамияти фаоллари ва хусусий сектор вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Шу ҳафта бошида Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Европа иттифоқини Марказий Осиё ҳукуматлари инсон ҳуқуқларини бузишни бас қилиб, конструктив ислоҳотларга ўтиши учун босим ўтказишга чақирди.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган инсон ҳақлари ташкилоти 22 ноябрь куни Душанбеда ўтказилган ЕИ ва Марказий Осиё юқори мартабали мулозимлари учрашуви арафасида шундай чақириқ билан чиқди.

Евроиттифоқ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррель келгуси ҳафтада Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG