Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:24

Депутатликка номзод сайловолди ташвиқоти вақтида ҳибсда қолмоқда


Равшан Жээнбеков Марказий сайлов комиссиясида.
Равшан Жээнбеков Марказий сайлов комиссиясида.

“Қўйтош воқеалари” бўйича ҳибсда сақланаётган, аммо Жогорку Кенеш депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олинган Равшан Жээнбековнинг сайловолди ташвиқот ўтказиши масаласи Қирғизистон сиёсий ҳаётида асосий мавзулардан бири бўлиб турибди.

51 ёшли Жээнбеков “Қўйтош воқеалари” чоғида собиқ президент Алмазбек Атамбаев тарафдорлари билан бирга “Альфа” ходимларига ҳужум қилганликда, шунингдек, оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринишда гумонланмоқда. Унга Қирғизистон ЖКнинг 7 та моддаси бўйича айблов эълон қилинган.

Жээнбеков 2019 йилда ҳибсга олинган, аммо 2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг уй қамоғига ўтказилганди. Шундан кейин сиёсатчи мамлакат президентлигига сайловда номзод сифатида иштирок этди. Бироқ августда “уй қамоғида бўлиш қоидаларини бузгани учун” яна ҳибсга қайтарилди.

Шунга қарамай, жорий йилнинг 27 октябрида МСК уни Бишкекдаги 16-сайлов участкасидан парламент депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олди.

1 ноябрь куни суд унга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш масаласини кўриб чиқиши керак эди, аммо суд мажлиси 3 ноябрга кўчирилди.

“Номзоднинг ҳуқуқлари чекланмоқда”

Парламент сайлови 28 ноябрга белгиланган бўлса, 29 октябрь куни ташвиқот кампаниясига старт берилди. Бироқ ҳибсдаги Равшан Жээнбеков рўйхатга олинган номзод сифатида ташвиқот қилиш ҳуқуқидан фойдалана олмаяпти. Қирғизистоннинг сайлов қонунчилигига кўра, у тўлақонли сайловолди ташвиқотини ўтказишга ҳақли.

“МСК Жээнбековни номзод сифатида сайловда иштирок этишга тамоман ҳақли санаб, уни рўйхатга олди. Айби исботланганида рўйхатга олинмасди, табиийки. Бироқ суд эҳтиёт чораси масаласини кўришни пайсалга солмоқда, бинобарин, унинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш ҳуқуқи бузиляпти”, дейди ҳуқуқбон Динара Ошурахунова.

Яна бир ҳуқуқбон Ондуруш Токтонасиров суд мажлиси қолдирилганидан мақсад – мухолифатдаги сиёсатчи фаолиятига тўсиқ қўйиш эканини айтади.

“Равшан Жээнбековнинг соғлиғи жойида эмаслигини шифокорлар бир неча бор тасдиқлашган. Шунга қарамай уни ҳибсда тутишмоқда. Суд эса унга қўлланган эҳтиёт чорасини ўзгартириш масаласини кўришни кейинга суриш билан ҳукуматнинг хоҳиш-иродасини бажармоқда”, дейди ҳуқуқбон.

Қирғизистонда ҳибсдаги фуқаронинг сайловда иштирок этиш учун номзод сифатида рўйхатга олиниши нодир воқелик саналади. 2000 йилда “бармоқ можароси” туфайли уй қамоғида тутилган Ишенбой Қодирбеков Норин вилоятидан парламент депутатлигига номзодини қўйган ва ҳатто ғалаба қозонган эди.

Сайловолди штаб ташвиқотга тайёр

Бу орада Равшан Жээнбековнинг сайловолди штаби тузилгани маълум бўлди. Унинг ёрдамчиси Айсулу Худайбердиева Озодлик қирғиз хизматига берган интервьюсида сиёсатчининг жамоаси ташвиқот кампаниясига тайёрланаётганини маълум қилди.

“Бошқа номзодларда бўлгани каби бизнинг ҳам ўз вакилларимиз бор. Улар сайловолди штабини тузиб, ташвиқот кампаниясига ҳозирликни бошлаб юборишди. ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинадиган материаллар тайёрланяпти. Албатта, у эркинликка чиқиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказганида яхши бўларди. Жамоатчилик Равшан Жээнбековнинг сиёсий тутқунлигини билади. Бироқ уни рўйхатга олишди, шундай экан, у ҳам бошқа номзодлар қаторида тўлақонли сайловолди кампаниясини ташкил қилиши керак”, дейди Худойбердива.

Жапаров: Ҳар ким қилмишига жавоб берсин

Президентнинг матбуот хизмати Равшан Жээнбеков иши билан боғлиқ вазиятга “судлар ҳокимиятнинг мустақил тармоғи, уларнинг ишига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея изоҳ берди.

Президент Садир Жапаров эса 23 сентябрдаги матбуот анжуманида Жээнбеков ишини сиёсий таъқиб қилиш деб ҳисобламаслигини айтган эди.

“Бу сиёсий қувғин эмас. Ҳар ким қилмишига жавоб бериши керак. Ҳозир ишлар аввалгидек эмас, президент “анавини қама, манавини бўшат”, деб буйруқ беролмайди. Ҳозир тизим ва қонун ишлаяпти. Милиция ва хавфсизлик идоралари ўз вазифасини бажаряпти. Ҳокимиятни босиб олишга чақирган бўлса, сўроққа тутишади, керак бўлса қамашади. Мен ҳам сизлар каби ижтимоий тармоқларни ўқиб тураман, уни сиёсий тутқун деб аташаётганидан хабарим бор. Илгари бировни жавобгарликка тортиш учун президентнинг оғзини пойлашарди, аммо энди бундай эмас, бундай бўлмайди ҳам”, деган Қирғизистон раҳбари.

XS
SM
MD
LG