Линклар

Шошилинч хабар
06 апрел 2020, Тошкент вақти: 09:57

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентга яна ҳоким бўлди (ВИДЕО)


Янги сайланган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши Жаҳонгир Ортиқхўжаевни яна пойтахт ҳокими лавозимига тасдиқлади.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Ортиқхўжаевни ҳокимликка президент Мирзиёев тавсия қилган.

11 январь куни президент, Тошкентдаги Алишер Навоий номли Миллий боғни кўздан кечираркан, Тошкент ҳокимига "ноқонуний бузилишлар қилиб, мамлакат имижни бузмаслик"ни уқтирганди.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши душанба куни бўлиб ўтган биринчи сессиясида Жаҳонгир Ортиқхўжаевни пойтахт ҳокими этиб тасдиқлаган.

Хабарда айтилишича, амалдаги ҳоким номзоди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган, унинг номзодини Бош вазир Абдулла Арипов ўқиб эшиттирган.

Айтилишича, Кенгашдаги депутатлар бир овоздан ушбу номзодни қўллаб-қувватлаган.

Qalampir.uz нашрининг ёзишича, Абдулла Арипов йиғилишда Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзодига алоҳида тўхталиб, унинг бошқарувчилик маҳорати ҳақида гапирган.

Арипов, шунингдек, Тошкент ҳокимига тегишли Akfa, Artel ва Crafers ширкатларини ҳам мақтаган.

Kun.uz нашрининг 11 январь куни Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев президентга пойтахтда режалаштирилаётган қурилиш ишлари ҳақида маълумот берганини хабар қилган эди.

Хабар мазмунидан, 3 ой муқаддам жамоатчилик ва президент танқидига учраган Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йилда ҳам пойтахтдаги қурилишларга бош бўлиши - яъни, ҳоким бўлиб қолиши тушунилган эди.

Нашрнинг ўз мухбирига таяниб хабар қилишича, ҳокимнинг 2020 йилда кўзлаган режаларига жавобан президент Тошкентдаги қурилишларда эътибор қилиниши керак бўлган муҳим жиҳатларни айтиб ўтган.

"Ҳокимликлар бузиладиган биноларнинг компенсация тўловини тўлаб, аҳоли рози бўлгачгина янги қурилишни бошлаши керак. Ҳозир ҳаммаси осон. Оммавий ахборот воситалари ривожланиб бормоқда. Улар ҳар бир ҳаракатимизни кузатиб, ёритиб боришмоқда. Менга уй-жойни ноқонуний бузиш орқали аҳолини норози қилиш, шунингдек, ноқонуний бузилишлар туфайли Ўзбекистон имижи дунёга нотўғри жиҳатдан кўриниши керак эмас", дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент матбуот хизмати Мирзиёевнинг Миллий боғга ташрифини хабар қиларкан, шаҳар ҳокими билан мулоқотнинг бу қисми ҳақида маълумот бермади.

Расмий хабарда, пойтахтдаги янги лойиҳалар режасини ҳам Тошкент ҳокими шахсан тақдим қилгани акс этмади.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2019 йилнинг ноябрида - мамлакатдаги етакчи Kun.uz Интернет нашри мухбирлари билан можаросидан сўнг Мирзиёевнинг танқидига учраган эди.

Можаро ўтган йил 16 ноябрь куни Тошкент ҳокимининг журналистларни гейга чиқариши, маҳалласида сазойи қилиши ва жисмонан йўқ қилиши мумкинлигини айтиб, таҳдид қилаётгани қайд этилган аудио ижтимоий тармоқларга сиздирилгач, бошланган эди.

Мирзиёев ўтган йили 22 ноябрь кунги аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалаларига бағишланган селектор йиғилишида, ҳокимнинг исмини тилга олмаган, аммо журналистлар билан "муомала қилишни билмайдиган", "маънавиятсиз, кеккайган" амалдорни сиёсатга хиёнатда айблаб, чора кўришидан огоҳлантирганди.

45 яшар Жаҳонгир Ортиқхўжаев илк бор 2018 йил декабрь ойида Тошкент ҳокими лаозимига тасдиқланган, 2018 йилнинг апрелидан шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.

Давлат секторига келгунига қадар «Артел инжиниринг» компанияси директори ва Tashkent City унитар корхонаси раҳбари бўлган.

Akfa компаниялар гуруҳи асосчиси ҳисобланади.

2018 йил сентябрида сенатор этиб сайланган.

Пойтахт маъмуриятининг бошлиғи Тошкент давлат иқтисодиёт университети битирувчисидир.

2015 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG