Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:05

Чорсу можароси: Тадбиркорлар Ортиқхўжаев 8 млрд сўм товон пулини бермаëтганини айтди (ВИДЕО)


Жаҳонгир Ортиқхўжаев Чорсудаги дўконлар ерини тортиб олгунга қадар бу ердаги янги қурилишнинг пойдевор қисми қарийб битирилган.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев Чорсудаги дўконлар ерини тортиб олгунга қадар бу ердаги янги қурилишнинг пойдевор қисми қарийб битирилган.

Тошкентнинг машҳур Чорсу бозоридаги тилла буюмлари дўконлари ва уларга туташ кафе-ресторанлар бузилганига қарийб уч йил бўлади.

Пойтахтнинг олдинги ҳокими Раҳмонбек Усмонов 2016 йил ëзида бозор ҳудудидаги 35 дўкон ва кафе эгасига кўчмас мулкини ўзи бузиб¸ ўрнида яна ўзи янги комплекс қуришни буюрган эди.

Тадбиркорлар бузишни тугатиб¸ қурилишнинг асосий қисмини қилиб бўлган маҳал шаҳар ҳокими ўзгариб¸ унинг ўрнига “Акфа-Артел” ҳолдинги эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев тайинланди.

Тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, 2018 йил 21 декабрь - Тошкент шаҳар ҳокими этиб тасдиқланган куниëқ Ортиқхўжаев илк қарор билан нафақат Чорсудаги бу қурилишни тўхтатган¸ балки 35 тадбиркорга тегишли ерни ҳам тортиб олган.

Маълум бўлишича, тадбиркорларнинг Тошкент рамзларидан бирига айланган Чорсу бозоридаги кўчмас мулкини шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказган Ортиқхўжаев бу ер ўрнига тадбиркорларга Олмазор туманидаги автостоянка ҳудудини берган.

Аммо тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, уларнинг Чорсудаги қурилишга сарфлаган қарийб 8 миллиард сўмлик харажатини¸ Ортиқхўжаев ўз ваъдасига қарамай¸ қарийб бир йилдан бери қайтармаëтир.

Озодликка мурожаат қилган “Чорсу”дан ҳайдалган тадбиркорлар¸ янги ҳоким эскиси қарорини ҳеч бир изоҳ ва огоҳлантиришсиз бекор қиладиган Ўзбекистонда давлатга нисбатан ишонч қолмаганини билдирди.

“Бир ҳоким қарорини иккинчиси бекор қилиши – дунëнинг нормал давлатида бўлмайдиган иш!”

10 июнь куни Озодлик гаплашган тадбиркорлардан бири туркиялик инвестор Юрдакул Қаҳрамон Сезгиндир.

Сезгин¸ 90-йилларда Тошкентда “Элита пардалари” тикиб¸ сотишни йўлга қўйган илк турк тадбиркорларидан бири.

У 2002 йили “Чорсу” бозори ҳудудидаги тилла буюмлари растасидан 1000 квадрат метрга яқин жойни сотиб олиб¸ у ерда парда тикиш цехи очган.

2016 йили тилла буюмлари сотиладиган дўконлар қатори унинг цехи ҳам бузилган.

Озодлик билан суҳбатда Сезгин¸ уч йилдан бери кўрган-кечирганларини¸ дунëнинг бошқа давлатида учрамайдиган ҳодиса деб таърифлади.

Давлат кадастр ҳужжати билан “Чорсу”да 950 квадрат метрлик ерим бор эди. Давлатга ишониб¸ цехимни ўз қўлим билан буздим – биринчи ҳоким қурдирган жойни иккинчиси келиб яна буздираяпти. Дунëнинг бошқа ерида бундай воқеа бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман”¸ дейди туркиялик тадбиркор Юрдакул Қаҳрамон Сезгин.

“Энг оғир ишларни қилиб бўлишимиз билан¸ еримиз тортиб олинди”

Раҳмонбек Усмонов қарори билан 2016 йили “Чорсу”даги ўз дўконини ўзи бузганлардан яна бири тошкентлик 58 яшар Абдурасул Пўлатовдир.

Пўлатов¸ 90-йилларда давлат кадастр ҳужжатлари билан олинган 138 квадрат метрлик дўкон ўзи ва оиласини боқиб келган асосий даромад манбаи бўлганини айтади.

Ўз дўконини ўзи бузиб¸ унинг ўрнида янгисини қуришга бор пулини берган Пўлатов¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорлар қурилишнинг энг оғир ва қиммат қисмини бажариб бўлганидан сўнг¸ бу ерни тортиб олганини айтади.

35 та тадбиркор еридан ажраган бўлса¸ уларнинг баъзилари бошқа жойдан ер олди¸ баъзилари¸ Ўзбекистондан бутунлай чиқиб кетди. Қолган 25 тамиз дўконимиз квадратурасига қараб пул чиқариб¸ 70 сотих жойга фундамент қилдик. Чорсу - тўрт томони сув¸ деган маънони билдиради. 4 метрлик котлован қазиганимиздан кейин¸ балчиқ сув чиқиб кетди. Уни қуритиш учун¸ проектний институтлар рухсати билан¸ дренаж системаси қилдик. Бу жойдан Тошкентнинг учта туманини сув билан таъминлайдиган катта сув қувури ҳам ўтаркан¸ бу трубалар янгиланди. Бу ишда олдинги ҳоким Усмонов ëрдам берди. Проект¸ котлован¸ дренаж қиммат иш¸ шуларни қилиб¸ балчиқни қуритиб¸ энди темир стойкаларни қўйган жойимизда¸ бу жой кимгадир керак бўлди шекилли¸ Ортиқхўжаев еримизни олиб қўйди¸ фундаментимизни бир кечада кўмдириб ташлади. Ҳозир шунча қилинган иш устига тупроқ тортиб¸ атрофини ўраб қўйишган”¸ дейди Абдурасул Пўлатов.

Чорсудан ҳайдалган тадбиркорлар Жаҳонгир Ортиқхўжаев тортиб олгунга қадар¸ ўз дўконлари ўрнида қуриш бошланган мажмуанинг қайси аҳволда бўлгани акс этган видеотасвирни Озодликка тақдим этди.

Ҳавога совурилган 8 миллиард сўм
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:46 0:00

Сезгин ва Пўлатов¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Чорсу”даги кўчмас мулкларини тортиб олар экан¸ бу ер ўрнига Олмазор туманидаги Зарқайнар кўчасидан 900 сотих ер ажратганини айтади.

Бу ер машина стоянкаси. Ҳоким бизга бориб ўша жойда янги дўкон қуринглар¸ деган. Биринчидан¸ “Чорсу”даги бузиб-қуришга кетган пулимизни қайтариб беришмаса¸ қайси пулга янгисини қурамиз? Иккинчидан¸ бир ҳоким келиб олдингиси қарорини ўзгартирадиган давлатда бунақа қарорларга умуман ишонч қолмади. Эртага Ортиқхўжаев кетиб¸ ўрнига бошқаси келса¸ Зарқайнардан берилган ерниям тортиб олмайди¸ деб ким кафолат беради?” дейди Озодлик гаплашган тадбиркорлар.

Ортиқхўжаев ваъдасида турмади

“Чорсу” бозори ҳудудидаги кўчмас мулкидан ажраган тадбиркорлар¸ 2018 йил охири – янги йил арафасида ўзлари билан бевосита учрашган Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев товон пули берилиши ҳақидаги катта ваъдасини унутгани¸ бугун ҳоким яқинига йўлашнинг имкони йўқлигини айтади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг уйи¸ билишимча¸ шу атрофда. Ҳар кун ўтиб қайтади шу йўлдан¸ нима бўлаëтганини билмайди¸ деб айтолмаймиз. Лекин қарийб саккиз ойдан бери унинг олдига кириш учун ўн мартача уриндик¸ яқинига йўлатишмайди. Шаҳар прокуратураси¸ Бош прокурор¸ Бош вазир ва президент порталига ëздик¸ бирортаси қайтиб¸ изоҳ бермади. Уч йилдан бери тайинли ишим йўқ. 30 дан ошиқ тадбиркор синдирилди¸ 500 га яқин одам ишсиз қолди¸ аммо бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ”¸ дейди туркиялик тадбиркор Сезгин.

7.9 миллиард сўмлик компенсация

“Чорсу” бозоридаги кўчмас мулки бузилиб¸ ўрнида бошлаган янги қурилиши ҳам буздирилган тадбиркорлар тақдим этган ҳужжатларда¸ уларнинг янги комплекс қурилишига 7.9 миллиард сўм сарфлагани ва тўланадиган компенсациянинг ҳам шунча бўлиши қайд қилинган.

Абдурасул Пўлатов¸ бу маблағнинг давлат тизимлари ўтказган ҳисоб-китобдан келиб чиққанини айтади.

Аслида¸ биз кеткизган пул бундан кўпроқ. Дўконларимизни бузиш харажатлари бунга киритилмаган. Биз ўзимиз ҳисоблаб берганда¸ алдаяпсанлар¸ дейиши мумкин эди. 7.9 миллиард бу давлатнинг идоралари чиқарган нарх. Бунгаям ишонмаса¸ бошқатдан санасин харажатларимизни”¸ дейди суҳбатдош.

Усмонов “Чорсу”даги дўконларни нега буздирдию¸ Ортиқхўжаев янгисини нега кўмдирди?

2016 йил 16 август кунги 757-сонли қарори билан Тошкент шаҳрининг ўшандаги ҳокими Раҳмонбек Усмонов пойтахт марказидаги машҳур Чорсу бозоридаги тилла буюмлар растасидаги 35 дўкон¸ кафе ва тикув цехини бузишни буюрди.

Бу қарор¸ “Ер майдонларида ободонлаштириш ва бузиш ишлари олиб бориш ҳақида” деб номланган.

Кўчмас мулки бузиладиган тадбиркорлар билан қарийб бир йилга чўзилган сўзлашувлар натижасида ҳоким Усмонов 2017 йил 7 апрель куни 366-сонли бошқа қарорга қўл қўйди.

Тошкент собиқ ҳокими Усмоновнинг 2017 йил 7 апрель кунги 366-сонли қарорининг Озодликка юборилган нусхаси.
Тошкент собиқ ҳокими Усмоновнинг 2017 йил 7 апрель кунги 366-сонли қарорининг Озодликка юборилган нусхаси.

Бу қарорда Шайхонтоҳур тумани Навоий ва Беруний кўчалари ҳамда “Чорсу буюм бозори” ҳудудида жойлашган дўкон¸ ишлаб чиқариш цехи ва кафени бузиб¸ улар эгаларининг айни ҳудудда миллий анъаналарга таянган “замонавий савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари” қуришга рухсат берилди. Тегишли идораларга бу ҳудудда янги қуриладиган дўкон ва хизмат объектларига тегишли кадастр ҳужжатлари расмийлаштириш буюрилди.

Мазкур қарор асосида бу тадбиркорлар ўз дўконларини ўз қўллари билан бузиб¸ “Чорсу мажмуаси” деб номланган МЧЖ тузиб¸ янги қурилишни бошлади.

“Усмонов бизга¸ камида 200 йилга етадиган¸ невара-чевараларингизга қоладиган миллий услубда чиройли комплекс қуринглар¸ деди. Жуда чиройли проект қилдирдик¸ уни ҳокимлик бошқармалари¸ хусусан¸ Архитектура ва қурилиш бошқармаси тасдиқлади”¸ дейди Абдурасул Пўлатов.

Давлат тегишли идоралари рухсати билан бузилган расталар ўрнида янги комплекс пойдевори қурилиб¸ тадбиркорлар ўз чўнтагидан 8 миллиард сўмдан кўпроқ пул сарфлаб бўлгандан кейин Тошкентнинг янги ҳокими Ортиқхўжаев олдинги ҳоким қарорини бекор қилди – кадастр бўйича тадбиркорларга қарашли ерни ҳокимлик балансига олди.

Озодлик ихтиëридаги қарор нусхасидан¸ Чорсудаги янги мажмуа қурилишини тўхтатиш ҳақидаги қарорнинг Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан у шаҳар ҳокими этиб расман тасдиқланган 21 декабрь куни имзолангани кўрилади.
Озодлик ихтиëридаги қарор нусхасидан¸ Чорсудаги янги мажмуа қурилишини тўхтатиш ҳақидаги қарорнинг Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан у шаҳар ҳокими этиб расман тасдиқланган 21 декабрь куни имзолангани кўрилади.

Шаҳарсозликка тўғри келмайди¸ деган бир оғиз гап билан бузиб ташлади. Биз қураëтган комплекс орқасида Чорсунинг гумбази бор эмиш¸ шуни тўсиб қўярмиш. Янги комплекс проектга кўра¸ подвалдан ташқари икки қаватли бўларди¸ гумбазни тўсиб қўядиган эмасди. Проект жуда чиройли эди¸ ГлавАПудан тортиб¸ ҳамма тасдиқлаган. Ëнимиздаги Кўкалдош мадрасасига уйғун¸ мос келадиган бино бўларди”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган яна бир тадбиркор.

Тегишли идоралар изоҳ бермади

Туркиялик тадбиркор Юрдакул Қаҳрамон Сезгин Чорсудаги кўчмас мулки компенсациясиз тортиб олиниб¸ даромад манбаидан ажраган 20 га яқин тадбиркор намояндаси сифатида Ўзбекистондаги турли давлат идораларига тинимсиз мурожаат қилиб¸ улардан бирор ëрдам ололмаганини айтди.

10 июнь куни Озодлик ҳам шу идораларга айни масалада изоҳ сўраб мурожаат қилди.

Хусусан¸ Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўнга яқин расмийси билан гаплашди. “Масаланинг чигал экан”лигини айтган ҳокимлик матбуот хизмати уни батафсил ўрганиб¸ изоҳ беришини билдирди.

Ҳозирча бундай изоҳ берилмади – Тошкент ҳокимлигининг расмий жавоби келиши билан¸ Озодлик уни жамоатчиликка тақдим этади.

Тадбиркордан чиққан ҳокимнинг илк қарори тадбикорга қарши

Президент Шавкат Мирзиëев Ўзбекистондаги йирик бизнес империяси Akfa Group ҳолдингги эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаевни мамлакатнинг энг йирик ва бой шаҳри Тошкентга ҳоким этиб тайинлаш қарорини 2018 йилнинг 1 май куни – Ўзбекистон-Туркия бизнес форумида эълон қилди.

«Ўзбекистон тарихида биринчи марта, ўзим ишонган ишбилармонни Тошкент шаҳри ҳокими этиб тайинладим. Тарихда бунақаси бўлмаган», -деб гап бошлаган Шавкат Мирзиёев Ортиқхўжаевни тадбиркорлар¸ хусусан¸ туркиялик тадбиркорлар ҳимоячиси бўлажагини ваъда қилди.

«Бу йигит ҳам ҳозирги ислоҳотларни тушунадиган, бюрократиядан йироқ, Ўзбекистон [ишбилармонлик муҳити]га тоза ҳаво киришига, инвесторларни қўллаб-қувватлашга, Тошкент шаҳрининг эртанги кунини тасаввур қиладиган ҳозирги замонавий [ёшлардан]. Бу бизнинг аксарият раҳбарлардан фарқли ўлароқ, “райком”, [ком]партия каби ҳеч қайси бюрократик тизимда ишлаб кўрмаган. Бу — тадбиркор. Мен мана шу тадбиркорни барча ҳудудларимиз ичра улуши энг катта ҳудуд ҳисобланувчи Тошкент шаҳрига — эртанги кунимизни барпо этишда фақат тадбиркорларга ишонишим боис, [ҳоким этиб тайинлаш тўғрисида] қарор қабул қилдим. Тадбиркор — Тошкент шаҳар ҳокими. Шу боис энди бунинг (Ж.Ортиқхўжаевнинг) эртадан бошлаб икки карра масъулияти кўпаяди. Сизларга (туркиялик тадбиркорларга) Тошкент шаҳрида бирор тўсиқ [пайдо] бўлса — бунинг виждонига ҳавола бўлади».

2018 йилнинг 21 декабрь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар сессиясида Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзодини шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этди.

- Тошкент мамлакатимиз учун қанчалик муҳимлигини ҳаммангиз яхши биласиз. Бу ерга раҳбар қўйиш ҳам осонмас. Шуни инобатга олиб, Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида 8 ойдан буён синадик. Тўғрисини айтиш керак, у шаҳарга келиб, муҳитни ўзгартиришга эришди. Ҳокимликнинг обрўсини оширди, тадбиркорларни ўзига эргаштира олди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳрининг шароитини, унинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини, бу ердаги одамларни ва фаолларни яқиндан билади. Энг асосийси, қандай қилиб одамлар учун иш жойи ташкил этишни яхши билади, - деди ўз чиқишида Мирзиëев.

Ортиқхўжаев 21 декабрь куни расман Ўзбекистон пойтахтининг 1-рақамли раҳбарига айланди ва айни куни Чорсудаги 35 тадбиркорга қарашли қарийб бир гектарлик ерни тортиб олиш ҳақидаги қарорга имзо чекди. Бу қарор ортидан банкрот бўлганлардан бири айнан туркиялик инвестор Юрдакул Қаҳрамон Сезгиндир ва у ҳозиргача Ортқихўжаевдан ўз қонуний ҳаққини ололмай келаëтганини айтади.

Мирзиëев¸ “қандай қилиб одамлар учун иш жойи ташкил этишни яхши билади” деб таърифлаган ҳокимнинг илк қарори билан¸ Чорсудаги тадбиркорлар ҳисобича¸ камида 500 одам ишсиз қолди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG