Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2018, Тошкент вақти: 13:44

OzodTa’sir: Ходимларини ёппасига онасидан сўккан МИБ бошлиғи ишдан бўшатилди


Наманган вилояти Уйчи тумани Мажбурий ижро бюросининг бошлиғи Шерали Мамаризаев қўл остидаги ходимларининг шахсини таҳқирлаб ҳақорат қилгани ҳақидаги Озодлик мақоласидан сўнг бошлиқ ишдан бўшатилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган МИБ ходимларига кўра, ўтган ҳафта ишдан олинган собиқ бошлиқ ишдан кетганидан сўнг, идорага янги раҳбар тайинланган ва ортиқча мажлисбозликка барҳам берилган.

Уйчи тумани мажбурий ижро бюроси собиқ бошлиғи Шерали Мамаризаев аҳолидан қарздорликни ундириш режасини бажаролмаган ходимларини онасидан сўкиб, “к...т, хезалак, блядь, тварь, ҳароми” каби сўзлар билан ҳақорат қилгани ҳақида Озодлик 11 июнь куни хабар берган эди.

Исми сир қолишини сўраган МИБ ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, мақола эълон қилинганидан сўнг бир неча нафар уйчилик оқсоқоллар Шерали Мамаризаевнинг олдига бориб, нега уйчиликларни ҳақорат қилганини изоҳлаб беришни талаб қилган:

“Мақоладан икки кун ўтиб, бир неча нафар отахон тўғри Шерали Мамаризавенинг иш кабинетига кириб бориб, собиқ бошлиғимизни роса адабини беришган. Бир-икки нафари ҳассаси билан солган ҳам. Кейин бошлиқ қочиб кетган. Шундан кейин бошқа кўринмай қолди. Ишни ўринбосари бошқариб турди. Ўтган ҳафта вилоят МИБидан келишиб, янги раҳбарни қўйиб кетишди. Сўконғич раҳбар шу кетганича йўқолди”, дейди МИБ ходимларидан бири.

Унинг айтишича, собиқ бошлиқ ишдан кетганидан сўнг жамоада янгича ишлаш кайфияти пайдо бўлган:

"Шоҳруҳбек Фаёзов деган кишини бошлиқ қилиб қўйишди. Мажлисбозлик йўқолди, эрта уйга қайтяпмиз. Йигитларнинг ҳам кайфияти яхши, планларни юз қилиб бажряпмиз. Мана яхши гапириб, яхши ишласа ҳам бўлар эканку", деди МИБ ходими.

Озодлик Наманган вилояти Мажбурий ижро бюроси билан боғланиб, Шерали Мамаризаевнинг кейинги тақдири билан қизиқди.

Бюронинг ўзини таништирмаган мулозими Шерали Мамаризаевнинг ишдан бўшатилганини тасдиқлар экан, унинг ҳозир нима иш қилаётганидан бехабар эканлигини айтди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG