Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:41

Ўзбекистонлик ўқитувчилар энди Мажбурий ижро бюроси югурдагига айлантирилди


Ўзбекистонда Мажбурий ижро бюроси ходимлари қилиши керак бўлган ишни ўқитувчи ва шифокорлар бажармоқда. Озодликка маълум бўлишича, мамлакатнинг бир қанча вилоятларидаги мактаб ўқитувчилари ўз касбий фаолияти қолиб, аҳолининг табиий газ, электр қуввати ва сувдан қарздорлигини аниқлашга жалб этилган. Озодлик суриштирувидан аëн бўлишича¸ бу амалиëт вилоят ва туман ҳокимларининг оғзаки кўрсатмаси бўйича олиб борилмоқда. Топшириқни бажаришдан бош тортишга уринган ўқитувчиларга ишдан ҳайдалиш ёки иш соатлари ва маошлари қирқилиши билан пўписа қилинмоқда.

Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги 2-сонли мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда дарслар қолиб, бир ҳафтадан бери аҳолининг табиий газ, электр қуввати ва сувдан қарздорлигини аниқлаш билан машғул эканини айтди:

- Маҳаллалар бўлиб берилган. 22 мартдан буён маҳаллама-маҳалла юриб, одамларга қарзини тўлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борaяпмиз. Ҳисоблагичлардаги кўрсаткичларни ёзиб, 1 апрелгача Мажбурий ижро бюросига топшириш тайинланган. Ҳокимнинг буйруғи экан, - дейди Термиздаги мактаб ўқитувичиси.

Озодлик мухбири Ўзбекистоннинг бошқа бир қанча вилоятларидаги мактабларга ҳам қўнғироқ қилиб¸ бу мактабларда ҳам ўқитувчиларнинг коммунал тўлов қарзларини аниқлашга вазифалантирилганликларини аниқлади.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги мактаб ўқитувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда топшириқни бажармаганлар ишидан айрилиши ёки ойликлари қирқилиши ҳақида огоҳлантирилганини айтди:

- Кузда пахта терамиз, баҳор келиши билан ободонлаштириш деб ўқитувчиларни кўча тозалашга ҳайдайди. Ҳозир энди кўчама-кўча юрибмиз. Болаларни билим олиши ҳеч кимни ўйлантирмайди, ҳамма тепадагиларни буйруғини бажариш билан банд. Бажармай кўринг, ишдан ҳайдайди. Директоримиз очиқ айтди, ҳокимниng буйруғи бу, хоҳламасанг кетавер дейди, дарс соатлари қисқаради, ойликларни кесади, - дейди зангиоталик ўқитувчи.

Хоразм вилоятида ўқитувчилар, дарсларини ташлаб¸ МИБ ходимлари ваколатидаги ишларни бажаришга мажбурланаëтганини айтишди:

- Ўқиш йўқ, ўқитувчилар МИБни ишини қиляпти. МИБнинг оддий ходими 3 миллион сўмдан кўп ойлик олади. Биз шу ойликнинг ўндан бирини олмаймиз. Нега биз уларни ишини бажаришимиз керак, - дейди урганчлик ўқитувчи.

Ўқитувчини югурдакка айлантирган - ҳокимликдир!

Озодлик мухбирининг мажбурий меҳнатни тугатиш ҳақида Ўзбекистон расмийлари катта ваъдалар бериб турган айни кезларда ўзқитувчиларни ким¸ қайси асосда МИБга ҳаммолликка мажбурламоқда¸ деган саволига Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмийси шахси сир тутилиши шарти билан жавоб берди:

- Туманлардаги Халқ таълими бўлимлари туман ҳокимликларига бўйсунади. Прокуратура туман ҳокимидан ёрдам сўрайди, ҳоким ўқитувчиларни ҳайдайди. Фермерларга ишчи етишмаяптими, ҳоким кимни ҳайдайди - ўқитувчиларни ҳайдайди. Кўчани тозалашга одам йўқми, ҳоким яна ўқитувчиларни ҳайдайди. Мактабларда эса ўқиш қолиб кетаяпти. Ҳозир бу масалани биз президент даражасида кўтармоқчимиз, чунки келажак авлод илдизига бунақа қилиб ўзимиз болта урмайлик, - дейди Халқ таълими вазирлигининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган мулозими.

Ҳокимлик - Ўқитувчилар ўзлари истаб¸ МИБга ëрдам бермоқда!

Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимлигининг ўзини ҳоким ёрдамчиси деб таништирган мулозими Озодлик билан суҳбатда аҳоли орасида кенг тарқалган коммунал қарздорликни тугатиш бўйича тепадан топшириқ берилгани ва шу топшириқ асосида тузилган ишчи гуруҳига ўқитувчилар ҳам киритилганини айтди:

- Ўқитувчилар ўқиш жараёнидан ташқари ҳолатда ўз ихтиёри билан бу ишга ёрдам бераяпти. Чунки қарздорлик бир неча миллиард сўмни ташкил этмоқда. Улар кўнгилли равишда ёрдам бераяпти, - деди Зангиота тумани ҳокимлиги расмийси.

МИБ ўз ишининг ўқитувчига юклатилганидан бехабар...

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг Озодлик боғланган мулозими “ундирув масаласи бўйича фақат МИБ шуғулланиши, лекин жойларда газ, свет, сув ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларини аниқлашга ўқитувчилар ҳам жалб этилганидан хабарсиз экани”ни айтди.

Ўтган йил 1 июлда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Бош прокуратура ҳузурида тузилган Мажбурий ижро бюроси аҳолининг электр ва газдан қарзини мажбуран ундиришга киришди.

Янги тартибга кўра, қарз тўланмаган тақдирда ундирув мажбурий тартибда қарздорнинг мол-мулкига қаратилади¸ ҳамда унинг Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқиши тақиқланади.

Ўтган давр ичида МИБ вакиллари аҳолига куч қўллаётгани ва икки ўртада жанжал чиққани ҳолатлари ҳақида Озодлик хабар берган.

Наманганда газ ходимларини пичоқ ва болта билан қарши олишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00

Ўзбекистонда таълим соҳаси ходимларининг ободонлаштириш ва дала ишларига жалб этилиши ҳам кенг тарқалган.

Шу ой ўрталарида Самарқандда президент Шавкат Мирзиёев ташрифи арафасида катта кўчани тозалашга жалб этилган 23 ёшли ўқитувчи КамАЗ юк машинаси остида қолиб ҳалок бўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Президент матбуот хизмати раҳбари Комил Алламжонов ҳодиса юзасидан чора кўрилишини айтган, Олий Мажлис депутати Қодир Жўраев эса мажбурий меҳнат масаласини Олий Мажлис муҳокамасига кўтаришни ваъда қилган эди.

Давлат мулозимлари¸ хусусан¸ ҳокимлар расмий баëнотларда мажбурий меҳнат мавжудлигини бир овоздан рад этиб турган бир пайтда¸ ўқитувчи ва шифокорларни уларнинг касбий фаолиятига дахли бўлмаган ишларга мажбурлаш давом этмоқда.

Мажбурий ижро бюроси ўтган йилнинг июнь-сентябрь ойларида 5 триллион 400 миллиард сўм қарздорлик ундирилганини билдирганди. Бюро ўзининг олти ойлик фаолиятига доир ҳисоботида қарздорликнинг 3 триллион 400 миллиард сўми электр энергияси, 2 триллион сўми табиий газ ҳисобига тўғри келиши айтилган.

XS
SM
MD
LG