Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2022, Тошкент вақти: 20:05

Марказий Осиё раҳбарлари Украина урушидан буён Россиясиз илк саммитга тўпланмоқда


Марказий Осиё раҳбарлари Ашхобод саммитида. Туркманистон, 6 август, 2021.

Президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Қирғизистонга сафар қилади. Бу унинг шу ой бошида Қорақалпоғистонда юз берган қонли воқеалардан буён хорижга илк сафаридир.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 20-21 июль кунлари Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтадиган тўртинчи Маслаҳат учрашувида минтақанинг беш мамлакати ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида янги ҳамкорлик битими имзоланиши кутилмоқда.

Хабар қилинишича, Россия вакилларисиз ўтадиган ушбу тадбирда ҳамиша бетараф бўлишга интилган Туркманистон ҳамда турли ҳарбий-сиёсий иттифоқларга қўшилишдан тийиладиган Ўзбекистон ҳам иштирок этади.

Марказий Осиё республикалари раҳбарлари Россия Украинага бостириб кирганидан ва минтақада йирик қонли воқеалар рўй берганидан бери илк дафъа катта анжуманда тўпланишмоқда.

Чўлпонота саммити: нимаси билан аҳамиятли?

Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар президентлари – Қасим-Жомарт Тоқаев, Эмомали Раҳмон, Сардор Бердимуҳамедов ва Шавкат Мирзиёев Иссиқкўл бўйида ўтказилажак учрашувда қатнашишга розилик беришганини урғулади.

Бўлим мудири Муратбек Азимбакиев саммит давомида муҳокама қилинажак масалалар хусусида шундай деди:

“Президентлар Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий таҳдидларга қарши бирликда ҳаракат қилиш учун ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашадилар, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини, шунингдек маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қиладилар”.

Маълум қилинишича, анжуман доирасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров айрим ҳамкасблари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Бу орада Қозоғистон ТИВ расмий сайтида мамлакат президенти Тоқаевнинг “XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик шартномасини имзолаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси пайдо бўлди.

Ҳужжатга илова қилинган асосламада “геосиёсий беқарорлик, халқаро майдондаги кескинлик, глобал хавфсизликка таҳдидлар ортиши шароитида Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш Қозоғистон учун тобора катта аҳамият касб этмоқда”, дея таъкидланади.

“Минтақавий кооперацияни ривожлантириш мақсадида ишончли алоқаларни ўрнатиш, минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаш, унда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек турли халқаро мулоқот майдонларида минтақа давлатлари манфаатларига дахлдор масалаларни кўтариш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Давлат раҳбарларининг ўтган уч маслаҳат учрашуви самараси ўлароқ минтақавий яқинлашув жараёнлари доимий тус олди. Минтақада конструктив кўп томонлама сиёсий мулоқот йўлга қўйилди”, дейилади фармон лойиҳасида.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида тузилажак шартноманинг энг муҳим банди шуки, “томонлар бир-бирига нисбатан куч ишлатиш ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан тийилиш мажбуриятини олганларини тасдиқлайди, глобал ва минтақавий миқёсда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилади, дунёдаги муаммолар ва таҳдидларга қарши мувофиқлаштирилган тарзда кураш олиб боради”.

Урғуланишича, “шартнома Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, жаҳон ҳамжамияти билан оптимал алоқа моделини ўрнатиш ҳамда замонавий дунёдаги муаммолар ва таҳдидларга нисбатан умумий ёндашувни ишлаб чиқиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади, шунингдек минтақада давлатлараро ҳамкорлик ривожланишига ёрдам беради”.

Расмий Бишкек позицияси

Озодликнинг қирғиз хизмати мазкур ҳужжат хусусида Қирғизистон ТИВдан изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Вазир ўринбосари Динара Кемелова кутилаётган учрашув давомида имзоланажак ҳужжатлар тафсилотларини очиқлай олмаслигини айтди. Саммитнинг ташкилий ишлари учун масъул ТИВ мулозими Нуран Ниязалиев эса шундай деди:

“Мен ушбу масалада изоҳ бера олмайман, бу президентлар учрашуви бўлгани сабабли жавобни давлат раҳбарларининг маъмуриятларидан сўраш керак. Ёки кейинроқ бизнинг матбуот хизматимиз сизларга маълумот тақдим этади. Менимча, тез орада расмий ахборот чиқади, ўшангача сабр қилиш керак”.

Таҳлилчилар фикрича, саммит ташкилотчиларига Москва тарафидан босим қилинмоқда, шу боис расмий органлар имзога тайёрланаётган ҳужжатлар хусусида бирон изоҳ беришга чўчиб турибди.

Сиёсатшунос Марс Сариев Марказий Осиё ва Кавказдаги сўнгги геосиёсий эврилишларни шундай баҳолайди:

“Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари минтақа манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бирлашишга уринишмоқда. Мазкур давлатлар раҳбарларининг “катта оға” – Россия иштирокисиз, ўзларича учрашаётгани нодир ҳодисадир. Айни тенденция Кавказда ҳам кузатиляпти. Арманистон Туркия ва Озарбайжон билан алоқаларни йўлга қўйиб, ўз ташқи сиёсатини буткул ўзгартириб юборди, қолаверса у Грузия билан биргаликда минтақада бирлик ва ўзаро яқинлашув ташаббуси билан чиқмоқда. Шу тариқа Кавказда ҳам, Марказий Осиёда ҳам минтақавий ташкилотлар пайдо бўлаётир. Мазкур давлатлар Россиядан масофаланяпти, бу Россияга ёқмайди, албатта. Бироқ унинг “босим ўтказиш қуроллари” камайиб бормоқда ва Кремль буни тушунади. Шунга қарамай, минтақа мамлакатлари эҳтиёт бўлиши керак”.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Данияр Сидиқов Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ғояси янги эмаслигини, мазкур ташаббус анчадан бери маълумлигини айтади.

“Беш мамлакат лидерлари шу ниятда илк дафъа Нур-Султонда учрашишди, сўнгра Тошкентда. Кейинги саммит Бишкекда бўлиши керак эди, аммо мамлакатда ички муаммолар, қолаверса президент ва парламент сайловларини деб тадбирни қолдиришди. Шу боис ўтган йили маслаҳат учрашуви Туркманистонда ўтказилди. Мана энди навбат бизга келди. Бўсағадаги саммит – тарихий воқеадир, агар барча президентлар тил топиша олсалар, минтақа муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш учун шарт-шароит пайдо бўлади. Бу эса савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун фойдалидир”, дейди собиқ дипломат.

Чўлпонота саммити Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақадаги бир неча мамлакатда қонли воқеалар содир бўлиши, Туркманистонда ҳокимият алмашуви ҳамда Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан сўнг биринчи учрашуви бўлади. Беш мамлакат лидерлари сўнгги марта 2021 йил 6 августда Туркманистонда учрашганлар. Ўшанда ҳамкорликнинг “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишилган эди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи Маслаҳат учрашуви Нур-Султонда (2018 йил), иккинчиси эса Тошкентда (2019) ўтказилган. 2020 йилда саммитни Қирғизистонда ўтказиш режаланган эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли у бир йилга кеичктирилди ва 2021 йил августда Туркманистон учрашувга мезбонлик қилди.

1990-йиллардан кейин Марказий Осиёда бирлашув масаласи кўтарилган, ҳатто қароргоҳи Тошкент шаҳрида бўлган минтақавий ҳамкорлик ташкилоти тузилган эди. Бироқ орадан кўп ўтмай, Россия ушбу ташкилотга қўшилганидан сўнг унинг фаолияти тўхтатилди. Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти тугатилиб, ўрнига Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти вужудга келди.

XS
SM
MD
LG