Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:38

“Тўла ҳукмрон” Мирзиёев, “Тоқаев-Назарбоев тандеми” ва муқобилсизлик. Ўзбекистон Қозоғистон йўлидан кетмоқдами?


Ўз‑ўзиини номзод қилиб кўрсатиш институти йўқ; ваъда қилинган ислоҳотлар йўқ; давлат раҳбарлари ўз қариндошларини ҳокимиятга шерик қилади, мухолифатга майдон берилмайди – Қозоғистон ва Ўзбекистон сиёсий тизимларини шу ва бошқа кўплаб ўхшаш жиҳатлар бирлаштиради. Аммо сезиларли фарқлар ҳам бор, дейди Вашингтондаги Карнеги фондининг Евроосиё ва Россия дастури катта илмий ходими ва Марказий Осиё бўйича эксперт Пол Стронски.

Ўзбекистонда 24 октябр куни президент сайлови бўлиб ўтди. Бу Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан кейинги иккинчи президент сайлови. Натижаси олдиндан маълум ушбу сайловга битта ҳам мустақил номзод қўйилмади. Чинакам рақобат йўқлиги – Ўзбекистон ва Қозоғистондаги сиёсий вазиятнинг ягона умумий жиҳати эмас. Иккала мамлакатда ҳам ўз‑ўзини номзод қилиб кўрсатиш институти йўқ, уларнинг етакчилари эса ислоҳотлар ҳақида кўп гапиришади‑ю, лекин амалга оширишмайди.

Қолаверса, Мирзиёевнинг айрим қадамлари – ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаши, нуфузли лавозимларга ўз қариндошларини тайинлаши Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг 2000-йиллардаги ишларини эслатади.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари нега ўз яқинларини ҳокимиятга келтирмоқда? Улар ваъда қилган ислоҳотлар нега амалга оширилмаяпти? Нега Ўзбекистон ва Қозоғистонда мустақил номзодларни сайловга йўлатишмайди? Озодлик радиоси қозоқ хизмати шу ва бошқа саволлар билан америкалик эксперт, Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи Пол Стронскига юзланди.

“КЎЗ БЎЯШ” УЧУН ЎТКАЗИЛАДИГАН САЙЛОВЛАР ВА “ҒОЯСИЗ” МУХОЛИФАТ

Озодлик: 24 октябрь куни Ўзбекистонда 2016 йилда Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан бери иккинчи президентлик сайлови ўтказилди. Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам сайловга фақат содиқ, қўғирчоқ номзодларгина қўйиляпти. Бунақа сайловларнинг натижаси олдиндан маълум. Нега бундай бўляпти, нима деб ўйлайсиз?

Пол Стронски: Ушбу мамлакатларда авторитаризм ва авторитар тенденцияларнинг кўп йиллик тарихи бор. Шу боис, гарчи Тоқаев ҳукумати, ундан олдин эса Назарбоев ҳукумати, Ўзбекистонда Мирзиёев ҳукумати ҳам сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар зарурли ҳақида кўп гапирса-да, либераллаштириш, сиёсий майдонни кенгайтиришга келганда юраклари дов бермайди. Шу боис, у ерда ҳам, бу ерда ҳам амалдаги режимга потенциал хавф туғдирадиганлар сайловга яқинлаштирилмайди.

Шунга қарамай иккала мамлакат ҳам сайлов жараёнидан ўтмоқда, ҳолбуки конституция меъёрларига амал қилмасликлари ҳам мумкин эди. Мана шуниси қизиқ. Улар ҳатто ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчиларини чақиришяпти, хусусан, Ўзбекистон учун бу илгари ҳеч кўрилмаган ҳол. Ва бу мазкур мамлакатлар ҳукуматлари сайловни ўз режимини миллий ва халқаро миқёсда қонунлаштириш воситаси ўлароқ кўраётганини англатади. Шу билан бирга, улар ҳеч қанақа “сюрприз” бўлишини хоҳламайдилар.

Озодлик: Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ўзини ўзи номзод қилиб кўрсатиш институти йўқ. Ҳукумат Беларусдан, тизимдан ташқари номзод Светлана Тихановская кутилмаганда қудратли Лукашенкога катта муаммо туғдирганидан хулоса ясаб, ушбу сценарийга йўл қўймасликка уриняптими ёки шунчаки таваккал қилишни хоҳламаяптими?

Пол Стронски: Менимча, таваккал қилишни хоҳламаяпти. Бунақа сценарий Беларусдан бошқа давлатларда ҳам кузатилган. Арманистонда олдинги ҳукуматни айнан мустақил номзод ағдарди. Бунақа жараёнлар бўлиши мумкин, улар табиийдир ва аҳоли норозилиги ортгани сайин кучайиб боради. Тилга олинган мамлакатларда пандемия, иқтисодий ва бошқа муаммолар туфайли норозилик ҳар доимгидан кучли, бир чеккаси шу сабабдан ҳукумат бир оз очиқроқ сайлов ўтказишга ҳайиқаётган бўлиши мумкин.

Сайлов эркин ва очиқ бўлиши учун номзод кўрсатиш жараёни демократик тартибда бўлиши билан бирга, муқобил таклиф қила оладиган ҳақиқий партиялар ҳам керак. Лекин ҳозирда бунақа партияларни кўрмаяпмиз.

Ҳатто тақиқланган партиялар ҳам муқобил нуқтаи назар таклиф қилмаяпти. Улар шунчаки, статус-квога қарши холос. Муқобил таклиф этиш учун эса ғоялар зарур. Аммо минтақада сақланиб қолган сиёсий ҳаракатларда ғоя борлигини сезмаяпман.

Хуллас, гап фақат ҳукуматда эмас. Ожиз ва тарқоқ, курашдан мақсади мавҳум бўлиб қолаётган мухолифат ҳам айбдор. Демак, муаммонинг икки сабаби мавжуд: ҳукумат қатағонлари ва иккала мамлакатда мухолифатнинг заифлиги.

Озодлик: Бироқ бу мамлакатларда мухолифат аллақачон йўқ қилинган...

Пол Стронски: Ҳа, бу рост. Лекин мен келажак борасида ўз тасаввурини олға сураётган мухолифатчилар кўплигини ҳам кўрмаяпман. Ўша Арманистонда мухолифат аниқ тасаввурга эга эди. Аммо у ерда мухолифатни эзиб ташлашмаган ёки Қозоғистон ва Ўзбекистондагидек қатағон қилишмаган.

Шунга қарамай, менинг фикримча, Ўзбекистон ва Қозоғистонда мухолифат бирлашишга қаттиқроқ ҳаракат қилиши ва фақат танқид қилавермай, таклиф ҳам бериши мумкин эди, деб ўйлайман.

Авторитар давлатнинг демократиклашуви ҳолатлари тарихда бўлган: Тайванда, Жанубий Кореяда, масалан. Шубҳасиз, бунақаси бўлиши мумкин. Аммо бунинг учун ўзгаришларга катта ҳозирлик, “пастдан тепага” кучли босим бўлиши ҳамда ўз тасаввурини баён қиладиган одамлар зарур.

Ўзбекистон ва Қозоғистон сингари мамлакатларда мазкур омиллар бирикмаяпти. Бунга аввало режим айбдор, лекин кенгроқ ижтимоий омиллар ҳам мавжуд.

Озодлик: Бироқ, масалан, Қозоғистонни оладиган бўлсак, у ерда диссидентлар ва мухолиф партияларга ўрин йўқ. Бунақа партияларни экстремистик деб топишди ва улар энди мамлакатда умуман фаолият юрита олмайди. Режимнинг ҳар қандай муқобиллари шу тариқа эзиб ташланиши, қатағон қилиниши мумкин...

Пол Стронски: Ҳа, мен буни инкор этмайман. Лекин, менимча, баъзан фақат ҳукумат ва унинг қатағон сиёсатини нишонга тутиб, мухолифат ва унинг платформасига етарлича эътибор бермаймиз. Мен Мухтор Аблязовни (қозоғистонлик собиқ банкир ва мухолифатчи, чет элда яшайди – таҳр.) лаёқатли мухолифатчи лидер деб ҳисобламайман, чунки унинг чинакам платформаси йўқ, атрофидагилар эса шунчаки сиёсий ҳаракат холос.

Қозоғистонда демократик умид учқунлари бор. Бу ҳудудларда ва локал масалаларда кўринади. Норозилик акцияларига чиққан оналарни кўряпмиз – бу одамларни руҳлантиради, фуқаролик жамияти аввало мана шунақа ташаббуслар орқали ўзига имконият қидириши лозим.

Сайловга ҳаддан зиёд эътибор қаратилмоқда. Тўғри, сайлов муҳим, лекин ушбу мамлакатларда қуйи бўғинларда кичик-кичик ҳаракатлар ҳам бор. Уларда ғоялар айланади, ўзгаришларга интилиш мавжуд. Мен ишонишимча, авторитар давлатларда ўзгариш айнан улардан бошланади. Тақиқланган мухолифат ҳаракатлари жамиятда эврилиш қила олади, деб ўйламайман.

Озодлик: Агар ҳукумат, сиз айтгандек, таваккал қилишни хоҳламаётган бўлса, бу уларнинг ўзига инончсизлигини билдирадими? Ёки мақсадлари 99 фоиз овоз олишми?

Пол Стронски: 99 фоиз овоз режимни халқаро майдонда хижолатга қўяди, чунки бу рақамга ҳеч ким ишонмайди ва қаллоблик деб ҳисоблайди. Мен ўйлайманки, улар шунчаки мутлақо таваккал қилмоқчи эмас. Ҳукуматларнинг ағдарилишини ўргансангиз, бунга одатда сайлов билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлганига амин бўласиз. Сайлов кўзбўямачилик эканини ҳукумат билади, мухолифат бундан унга қарши фойдаланишини ҳам. Шу боис мухолифат сайловда умуман қатнашмасликни афзал кўради.

ҲОКИМИЯТДАН КЕТИШНИНГ ТЎЛОВИ, ДЕМОКРАТИЯНИНГ ГЛОБАЛ ИНҚИРОЗИ ВА ПРЕЗИДЕНТЛАРНИНГ “ОИЛАВИЙ МАНФААТЛАРИ”

Озодлик: Сўнгги йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистонда янги раҳбарлар иқтидорга келгач, одамлар янги давр бошланишига умид қилишди. Иккала президент ҳам ўзгаришлар ҳақида кўп гапиради, лекин тамал ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашга доир ислоҳотларга келганда амалда арзигулик бир иш қилмайди ва ҳаммаси қуруқ гап бўлиб қолади. Нега?

Пол Стронски: Биринчидан, Ўзбекистон ҳали узоқ йўлни босиб ўтиши керак, аммо Каримовнинг репрессив бошқарувидан сўнг у ерда айрим ижобий силжишлар бўлди. Тан олиш керакки, у бир неча йил бурунги Ўзбекистон эмас.

Ички сезгим менга Мирзиёев ҳалол сайловда сайланганини ва қайтадан сайланишини айтмоқда. Ғолиб чиқиш учун унга қандайдир ҳийла-найранглар керак бўлмайди.

Марказий Осиёда сиёсий ислоҳотлар йўлидаги энг катта муаммо шундаки, минтақа мамлакатлари тарихида раҳбарнинг ўз бойликлари ва оиласи фаровонлигини сақлаган ҳолда ҳокимиятдан кетиши кузатилган эмас.

Ўзбекистонни оладиган бўлсак, собиқ президентнинг қизларидан бири қамоқда ўтирибди. Иккинчиси мамлакатдан қочиб кетган. Ҳокимиятдан маҳрум бўлишнинг тўлови жуда катта. АҚШда ва Европа мамлакатларида аҳвол тамомила бошқача. Ангела Меркель хотиржам нафақага чиқяпти, Барака Обама пенсияда, Жорж Буш мусаввирлик билан шуғулланяпти. Ҳокимиятга шунча тирмашганига қарамай, Дональд Трампнинг ҳам ҳаёти давом этмоқда.

Марказий Осиёда эса, агар ютқазиб қўйсангиз, оилангиз ҳам, сизга содиқ одамлар ҳам зарар кўради.

Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам аҳоли ислоҳотларни хоҳлайди. Муносиб ижтимоий ҳимоя ва иш ўринлари бўлишини, фарзандлари яхшироқ яшашини хоҳлашади. Уларга иқтисодий имкониятлар керак. Лекин кўпинча амалдаги сиёсий элита бунақа дастурларни ишлаб чиқмайди ва фақат ўз манфаатларини олға суради. Мазкур муаммо дунёнинг барча мамлакатларида мавжуд, бироқ авторитар давлатларда у анча чуқур илдиз отган.

Ўйлайманки, норозилик иккала жамиятда ҳам бор. Бироқ, назаримда, Қозоғистондан кўпроқ умид қилиш мумкин, чунки мамлакат ҳеч қачон Ўзбекистончалик репрессив бўлган эмас. Дарвоқе, Ўзбекистонда Мирзиёев айнан қатағонлардан воз кечгани учун аҳоли орасида обрў қозонди.

Тоқаев бошида ислоҳотчи бўлишга, “халқни эшитадиган давлат” қуришга сўз берган эди. Бу ваъдалар оғизда қолиб кетгач, одамларнинг ундан кўнгли қолди. Аммо, ўйлашимча, ўзгаришлар зарурлигини англай оладиган одамлар ҳукуматда ҳам, жамиятда ҳам бисёр. Натижасини вақт кўрсатади.

Муаммолар қўшни мамлакатларда ҳам етарли: Қирғизистонда демократик жараёнда “носозлик” рўй берди, коррупция авж олгани туфайли Афғонистон демократияга ўта олмади. Афсуски, минтақада демократик эврилиш намунаси сифатида кўрсатиш мумкин бўлган мамлакатлар йўқ ҳисоб. Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Японияда плюрализм бор, аммо бу мамлакатлар Марказий Осиёдан жуда узоқда. Бевосита яқин мамлакатлар орасида муваффақиятли демократия намуналари йўқ. Бу ҳам жиддий муаммо.

Озодлик: Марказий Осиёда ҳокимиятдан маҳрум бўлишнинг бадали катта, дедингиз. Бироқ Қозоғистонда Тоқаев қариндош-уруғларини ҳокимиятга тортмаган, у сиёсий элиталар билан боғлиқ эмас. Шундай экан, нега ислоҳотлар ўтказмаяпти?

Пол Стронски: Қозоғистон халқи Вашингтонда ўтирган менга қараганда яхшироқ билади, деб ўйлайман. Афтидан, бунга қарши институционал мухолифат бўлса керак. Боз устига, ҳануз ўз ҳокимиятини сезиларли даражада сақлаб қолаётган собиқ президент Назарбоев билан ғалати муносабатлар ҳам бор. Одамлар билан гаплашганимда Назарбоев ва Тоқаев биргаликда яхши ишлашади, деган хулосага келаман, бироқ уларнинг жамоалари ҳам шунақа аҳиллигига ишончим комил эмас. Шунингдек, ҳеч қандай ўзгариш ва янгиликларни истамайдиган гуруҳлар мавжуд. Мана шу барча омиллар ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Қолаверса, Тоқаевнинг президентлиги мураккаб паллага – ковид пандемиясига тўғри келиб қолди. Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам шу билан боғлиқ муаммоларга тўқнаш келиб, манёвр қилишга мажбур бўлаётир. Аммо баъзан айнан инқироз даврида ислоҳотларга кўпроқ эҳтиёж туғилиши мумкин.

Озодлик: Демак, сизнинг-ча, Назарбоев мамлакатни саҳна ортидан идора қилишда давом этаётгани учун Тоқаев ваъда қилган ислоҳотлар амалга ошмаяптими?

Пол Стронски: Бу эҳтимолдан холи эмас. Бошқа томондан, Тоқаев – шу тизимнинг маҳсули. У ислоҳотлар ўтказиши қийин, чунки тўлиқ назорат унинг қўлида эмас, қолаверса, у Назарбоев даврида ислоҳотларни ваъда қилган, лекин ваъдасида турмаган ҳукуматнинг вакилидир. Хуллас, “янги” президентнинг ўзгаришлар ҳақида гапиргани ҳолда турли сабабларга кўра уларни рўёбга чиқармаётганига ажабланмаса ҳам бўлади.

Хоҳиши ва имконияти бўлмаса ҳам ислоҳот қилишга ваъда бериш Қозоғистон ҳукумати учун бир анъана бўлиб қолди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда жаҳон мамлакатлари жиддий инқирозга йўлиқди. Ҳатто АҚШдек демократик мамлакатда авторитаризм томонга силжишлар бўлаётганини кузатяпмиз. Қўшма Штатларда-ку жамият қаршилик қиляпти, норозилик билдиряпти, лекин, масалан, Венгрия, Польша ва Филиппинда демократия аллақачон бошқа йўналишга кириб бўлди. Бинобарин, демократия дуч келаётган глобал инқирознинг ҳам минтақага зарари тегяпти.

Озодлик: Мирзиёев шахсига қайтсак. Унинг айрим ишлари Назарбоевни эслатади. Хусусан, у ҳам қизлари ва куёвларини кўтармоқда. Кенжа куёви Отабек Умаров президент хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари. Бу Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға ва унинг эри Роҳат Алиевни турли лавозимларга кўтаришга уринганини ёдга солади. Бир пайтлар нисбатан очиқ сайловлар орқали иқтидорга келган раҳбарлар нега кейинчалик ўз қариндошлари ва яқин кишиларини ҳокимиятга тортади?

Пол Стронски: Бу авторитар мамлакатларга хос тенденция. Сабаби иқтисодий ресурсларга йўл очилишига бориб тақалади. Раҳбарлар уларни ўзи ишонган одамларга беради. Роҳат Алиев мисолида натижа бошқача бўлди‑ю лекин, умуман олганда, ўз ўғлинг, қизинг ва куёвингга ишониб, уларга иқтисодий ресурсларни топшириш ҳокимиятни тутиб туришнинг бир усулидир.

Озодлик: Алиевни кейинроқ турли айбловлар билан сиртдан 20 йилга қамоққа ҳукм қилишган эди. Ўзбекистонда собиқ президентнинг қизи, ҳали отаси ҳаётлигида‑ёқ таъқибга учраган ва ҳозирда қамоқ муддатини ўтаётган Гулнора Каримовани мисол келтириш мумкин. Оила аъзоларининг ҳаддан зиёд ваколатлари раҳбарларнинг ўзига зарар бериши мумкин. Нима деб ўйлайсиз, Мирзиёев нега аввалги президентлар ва уларнинг оила аъзолари тақдиридан хулоса чиқармади?

Пол Стронски: Мен Мирзиёев эмасман, унинг калласида нима хаёллар борлигини билмайман. Лекин бунақа тенденцияларга реакция ҳамиша бўлади. Бу мамлакатларни идора қилаётганлар иқтидорда бўлган вақтидан ўз оиласи фаровонлиги учун фойдаланади. Уларнинг даври беш йил, ўн йил давом этиши мумкин ва улар бундан мумкин қадар фойда чиқаришга ҳаракат қилишади.

Бу мамлакатлар – президентлари нафақага чиққач севимли машғулоти билан ҳаётини давом эттирадиган, ҳатто президентлик давридагидан кўпроқ пул ишлаб топадиган Қўшма Штатлар эмас. Бироқ, менинг назаримда, қариндошларни ҳокимиятга жалб қилиш вазиятни барқарорлаштирмайди, балки тескари эффект беради. Кўп ҳолларда бу қарши реакцияни келтириб чиқаради.

“ТЎЛА ХЎЖАЙИН” МИРЗИЁЕВ ҲАМДА “ҲОКИМИЯТНИ ЖАМЛАЙ ОЛМАГАН” ТОҚАЕВ

Озодлик: Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам ҳокимият тепасида – ҳисоб бўйича иккинчи президентлар. Ўзбекистонда Мирзиёевнинг иқтидорда қолиши тушунарли, аммо Тоқаев-чи? Келгуси сайловда номзодини қўярмикан?

Пол Стронски: Менимча, бу Тоқаевнинг ўзига, Назарбоевга ва сиёсий вазиятга боғлиқ. Тоқаев қандайдир ўтиш даври учун белгиланган одамми, йўқми – бу саволга ҳамон аниқ жавоб йўқ.

Қозоғистондаги сиёсий ва иқтисодий вазият жуда мураккаб. Шу боис воқеалар қай йўсин ривожланишини башорат қилиш қийин.

Мирзиёев яна сайланиши тушунарли. Аммо у Конституцияни ўзгартирадими ёки ислоҳотлар ўтказадими? Бирон реал ўзгаришлар юз берадими, ёки шунчаки ҳокимият тепасида ўтиради холосми?

Қозоғистонда ҳам айрим маркерларни диққат билан кузатишимиз керак. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий траекторияси Тоқаевнинг ҳокимиятни сақлаб қолишига йўл қўядими ёки элиталар бошқа одамни иқтидорга келтирадими?

Озодлик: Бу – Ўзбекистонда тўла ҳокимиятга эга президент бор, Қозоғистонда эса йўқ деганими?

Пол Стронски: Ҳа, Мирзиёев ягона етакчи, у бутун ҳокимиятни қўлида жамлаган, кўплаб сиёсий рақибларини қамоққа ташлаган. Тоқаев ҳокимиятни жамлай олмади. У сиёсий тандемнинг бир қисми. Унинг ихтиёрида ҳокимиятнинг қанча бўлаги мавжудлиги мавҳум қолмоқда. Хуллас, икки мамлакатдаги сиёсий тизимлар турлича. Бирида – ҳокимият Мирзиёев қўлида тўпланган, бошқасида эса Тоқаев ва Назарбоев шерикликда бошқармоқда.

XS
SM
MD
LG