Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:27

“Ноллаштириш ва яна икки муддатга қолиш”. Эксперт янги Конституция Мирзиёевга нима бериши ҳақида


Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил октябрида амалдаги конституцияга мувофиқ иккинчи ва охирги муддатга сайланганди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил октябрида амалдаги конституцияга мувофиқ иккинчи ва охирги муддатга сайланганди.

Ўзбекистон Сенати президент Шавкат Мирзиёевнинг ваколати муддатларини “ноллаштирувчи” Конституциянинг янги таҳрири тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиб, 2023 йил 30 апрелга референдум белгилади. Янги Конституция лойиҳасини аввалроқ Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси ҳам тасдиқлаган эди. Ҳужжат матни эълон қилинганича йўқ, аммо депутатлар у “65 фоизга янгиланган”ини айтишмоқда.

Энг катта ўзгариш – президентлик муддатлари “ноллаштирилиши” билан боғлиқ. Янги Конституцияда президентнинг иқтидорда бўлиш муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш таклиф қилинмоқда: лойиҳа қабул қилинганидан сўнг ҳозирги президент Шавкат Мирзиёевга яна анча вақт ҳокимиятда қолиш имконига эга бўлади. Буни Сенат спикерининг ўринбосари Содиқ Сафоев аллақачон тасдиқлаган: “Янги Конституция қабул қилинса, у, албатта, барча фуқароларга, жумладан ҳозирги президентга ҳам янги Конституция бўйича сайловда иштирок этиш имкониятини беради”, деган эди у.

Лондондаги Central Asia Due Diligence директори Алишер Илҳомов ҳам Конституция, энг аввало Мирзиёевнинг “ҳозирги муддатларини ноллаштириб, яна икки муддатга қолиши” учун имконият яратиш мақсадида ўзгартирилмоқда, деб ҳисоблайди. “Ўзгаришлардан муддао – Мирзиёевнинг иқтидорда қолишига ёлғондакам бўлса ҳам ҳуқуқий асос ҳозирлаш. Конституция лойиҳасида ижобий аҳамиятга эга айрим қоидалар бор, бироқ ҳеч бири режимнинг табиатини тубдан ўзгартира олмайди”, дея таъкидлайди эксперт “Настояшчее время” телеканалига берган интенрвьюсида.

– Ўзбекистоннинг Асосий қонуни маъқулланган тақдирда Мирзиёев ростдан ҳам ҳозиргидек 5 йилдан эмас, бирйўла 7 йилдан икки муддатга президентликда қола оладими?

– Дарҳақиқат, гарчи расман айтилмаган бўлса-да, ушбу ташаббус тагида президентнинг ваколати муддатини узайтириш ҳақида қарор қабул қилиш учун қандайдир ҳуқуқий замин яратиш истаги ётибди. Йўқ, дарвоқе, президентга яқин мулозимлардан бири – Содиқ Сафоев конституциявий ўзгартишлар Мирзиёевнинг ҳозирги муддатларини ноллаштириб, унга кейинги икки сайловда президентликка номзодини қўйишга имкон беришини оғзидан гуллаб қўйганди.

Бироқ бу ерда ғалати бир парадокс бор: мавжуд маълумотларга кўра, Конституция лойиҳасида “барча мансабдор шахслар фақат икки муддатга сайланадилар ёки тайинланадилар, сўнгра улар ўз лавозимидан кетиши керак”, дейилган. У ҳолда ҳозиргача қабул қилинган барча қонунлар ушбу Конституцияга мувофиқлаштирилиши лозим. Чунки, Конституциянинг мазкур қоидалари ёки конституцион нормалари президентнинг ўзига татбиқ этиладиган бўлса, у ҳам мансабда қола олмайди. Ана шунақа соф ҳуқуқий коллизия вужудга келяпти, бироқ сиёсий нуқтаи назардан бу ерда ҳаммаси тушунарли. Ўзгаришлардан муддао – унинг яна икки муддатга, яъни 14 йил президент курсисида қолишига нари-бери ҳуқуқий тус бериш.

– Конституциянинг янги таҳририда нима тубдан ўзгарган, ижобийдир, салбийдир – биринчи галда кўзга ташланадиган нарса нима?

– Унда ижобий баҳолаш мумкин бўлган айрим қоидалар бор, лекин ҳеч бир қоида ёки норма режимнинг табиатини ўзгартира олмайди.

Умуман, мамлакатнинг бош низомига бунақа катта ўзгартишлар киритишни бошлашдан олдин қандайдир муҳокамалар бўлиши керак эди, ҳеч қурса илмий доираларда. Биринчидан, Конституцияни ўзгартириш нега зарурлигини асослаш лозим эди. Ахир муаммо амалдаги Конституциянинг бирон жиддий қусури борлиги эмас, балки бу Конституция ишламаётгани эди-ку.

Хуллас, аввало туркум муҳокамалар, давра суҳбатлари ўтказилиб, ушбу саволларга жавоб берилиши ва халққа қандайдир концепция ёки концептуал кўзқараш кўрсатиб, конституцион ислоҳотдан мақсад ҳамда Конституцияга қанақа муҳим нормалар киритилиши лозимлигини тушунтириш керак эди. Бироқ бу ишларнинг ҳеч бири қилинмади. Тузатишлар апил-тапил ишлаб чиқилиб, муҳокамага қўйилди. Шошқалоқлик билан хом иш қилиб, камида битта қовун туширишди – Қорақалпоғистонда ғалаён чиқиб, мамлакатда сиёсий инқирозни юз берди.

Мирзиёевнинг Конституция ислоҳоти: Мақсад президент муддатини ноллаштиришми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:02 0:00

Қўзғолондан кейин ҳатто Конституцияни ўзгартиришни бошлаганларнинг ҳам ҳуши жойига келиб, бунақа шошма-шошарлик режимни халқ кўзига ёмон кўрсатаётганини фаҳмлаб қолишди. Ўзгартишларни тайёрлаш муддатини бироз узайтиришга қарор қилинди. Ўзгартишлар лойиҳаси энди овоз бериш учун эълон қилинса керак, албатта. Ҳозиргача бу ишни қилишмаганди. Одамлар улар билан танишиб чиқишларига бир ойдан сал кўпроқ вақт берилади, шекилли, чунки 30 апрелда референдум бўлади.

Ижобий ўзгаришлардан, гарчи режим табиати нуқтаи назаридан мавжуд статус-квога айтарли таъсир қилмаса-да, бир нечтасини тилга олган бўлардим. Масалан, ҳокимлар бир пайтнинг ўзида маҳаллий кенгашларга раислик қилиши тақиқланаётганини. Бироқ бу амалда бирон арзигулик натижага олиб келишига кўзим етмаяпти. Чунки кенгаш ҳам, ҳоким ҳам юқорининг – президент администрациясининг кўрсатмаси билан тайинланади, бинобарин ҳаётда барчаси қарийб ўз ҳолича қолади. Аммо бу ўзгариш моҳиятан ижобий аҳамиятга эгалигини инкор этмайман.

Мен билган иккинчи ижобий жиҳат шуки, агар ўзбек матбуотидаги гаплар рост бўлса, Асосий қонун тўғридан-тўғри таъсир кучига эга бўларкан. Бу, шубҳасиз, яхши. Шу пайтга қадар судлар бирон қарор қабул қилаётганда Конституция нормаларига эмас, Жиноят ҳуқуқи нормаларию аллақандай қонунлар ва ҳатто ҳуқуқий актларга ҳавола беришарди. Конституцияга тўғридан-тўғри ҳавола берилганини кўрмаганман.

Агар рост бўлса, бу тинч кўча намойишлари ўтказиш ҳуқуқи, жамоат ташкилотларига уюшиш ҳуқуқи ва яна баъзи ҳуқуқлар кафолатланади. Ва судда янги Конституцияга суяниш мумкин бўлади. Агарда бу суд томонидан бирон қарор қабул қилинишига таъсир этадиган бўлса, эҳтимол, қандайдир ижобий аҳамият касб этар. Лекин шахсан мен амалда бундан жиддий самара чиқишига шубҳа қиламан.

Бошқа янги нормалар сезиларли ўзгариш ясай олмайди. Ташқи концепцияда аллақандай идеологемалар киритиляпти: чунончи, айтилишича, ушбу Конституция давлатнинг ижтимоий давлат мақомини қонунийлаштирар эмиш. Буни Европа мамлакатлари, хусусан, Германия тажрибасидан кўчиришган, чамаси. “Инсон – жамият – давлат” идеологемаси ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Булар бари шунчаки риторика бўлиб, жорий этилган тақдирда ҳам, токи қонун устувор бўлмас экан амалда ҳеч нимани ўзгартирмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG