Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:55

Мирзиёев Конституция ислоҳотига “таҳликали ва мураккаб вазият” сабабчи бўлаётганини айтди


Шавкат Мирзиёев президентликка қасамёд маросимида. Тошкент, 6 ноябрь, 2021 йил.
Шавкат Мирзиёев президентликка қасамёд маросимида. Тошкент, 6 ноябрь, 2021 йил.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда мамлакат бош қонунининг ўзгартирилишига “ҳозирги таҳликали замон ва мураккаб вазият” туртки бераётганини таъкидлади. Аммо президент бу билан айнан нималарни назарда тутаётганини изоҳламади.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, учрашувда Шавкат Мирзиёев Конституцияни ўзгартириш юзасидан ташкил этилган комиссияга ўзбекистонликлардан “48 минг 492 та таклиф келиб тушгани ҳам конституциявий ислоҳотлар объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиқаётганини яққол намоён этаётгани”ни айтди.

“Нима учун айнан бугун конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати туғилмоқда?” деган саволни ўртага ташлаган президент сўзида давом этар экан бу саволга: “Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда”, деб жавоб берди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларни муҳокама қилиш жараёнида “айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сураётгани” ҳақида ҳам гапирди.

Бу каби таклифларга муносабат билдирар экан Мирзиёев ўлим жазоси тикланишига қарши эканини таъкидлади ва “Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан”,-деди.

Шунингдек, президент асосий қонунда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлашни таклиф этди.

Мирзиёев ўз нутқи давомида Конституцияга киритилган ўзгартиришларни тасдиқлаш учун умумхалқ референдумини ўтказишни ҳам таклиф қилди:

"Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси — ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман".

Бундан ташқари Мирзиёев президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказиш, жумладан, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш таклифини ҳам киритди.

Шавкат Мирзиёев Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар ортидан унинг аввалги президентлик муддатлари ноллаштирилиши ва бу унга учинчи марта президентликка сайланиш имкониятини яратиши тўғрисида ижтимоий тармоқларда ҳамда халқаро матбуотда билдирилаётган фикрларга муносабат билдирмади.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев Kun.uz нашрига берган интервьюсида мамлакат асосий қонунига ўзгартиришлар амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг олдинги президентлик муддатларини "ноллаштириши"ни тасдиқлаган эди.

"Янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги Конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради”, деган Сафоев президент бу имкониятдан фойдаланиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини “…биз ислоҳотларни давом эттиришимиз керак. Мен аминманки, бу ислоҳотларни бошлаган инсонда уни охиригача етказишга имконият бўлиши керак. Буни мен ким билан хоҳласангиз ва қаерда хоҳласангиз баҳс қилишим мумкин”,- деган сўзлар билан таъкидлаганди.

Айни пайтда АҚШда яшаётган ўзбекистонлик журналист ва Олий Мажлиснинг собиқ депутати Жаҳонгир Муҳаммад Конституциявий ислоҳотдан кўзланган асосий мақсад Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятдаги умрини узайтириш, деб ҳисоблайди.

Унга кўра, Ўзбекистон Конституциясида ҳокимиятнинг учта бўғини орасидаги мувозанатни сақлайдиган бандлар мавжуд эмас. Унга кўра, асосий қонунга мана шу йўналишда қўшимчалар киритлган тақдирдагина бу жараённи “Конституциявий ислоҳот” деб аташ мумкин бўлар эди:

“Бугун энди Асосий қонун ислоҳот қилинадиган бўлса, биринчи галда учта куч мустақиллиги таъминланиши шарт. Акс тақдирда мамлакатни демократик дейишга асос йўқ ва ислоҳотлар дейишнинг ҳам маъниси қолмайди”,-дейди Жаҳонгир Муҳаммад.

2021 йилнинг 24 октябридаги сайловда расман иккинчи ва амалдаги Конституция бўйича охирги муддатга сайланган президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ортидан Ўзбекистонда бошланган навбатдаги Конституциявий ислоҳот доирасида асосий қонунга киритиши режалаштирилаётган ўзгартишлар 26 майдан бошлаб номаълум муддатга умумҳалқ муҳокамасига қўйилди.

Бу муҳокама қанча вақт давом этишини Конституциявий комиссия ҳам билмаслигини 28 май куни Тошкентда ўтказилган брифингда Комиссия матбуот котиби Одил Тожиев тан олди.

“Конституциявий комиссия ўз фаолиятини қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгунигача давом эттиради. Бу бир ой ҳам ёки ундан озгина ошиши ҳам мумкин. Бу энди фуқаролардан келиб тушаётган таклифлар ҳамда комиссия иши самарадорлигига боғлиқ”, -деб айтган Тожиев.

Конституцияга навбатдаги ўзгартириш киритиш ташаббусини президент Мирзиёев ўтган йилнинг 7 декабрь куни кўтарган эди.

Шавкат Мирзиёев илк маротаба иқтидорга келганидан сўнг конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини рағбатлантирганди.

Жумладан, 2017 йилда конституцияга суд тизимини модернизация қилишга йўналтирилган, 2019 йилда эса “ҳукумат ва унинг ҳисобдорлигини демократиялаштириш”га қаратилган тузатишлар киритилди.

2021 йилда президентликка қайта сайланганидан сўнг ҳам Шавкат Мирзиёев мамлакатга конституциявий ислоҳотлар зарурлигини таъкидлаган.

Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Конституция куни муносабати билан "Ўзбекистон халқига табриги"да президент Мирзиёев мамлакат асосий қонунига ҳозирга қадар 7 марта ўзгартиришлар киритилганини айтди ва уларни "демократик ислоҳотлар" зарурати билан тушунтирди
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 16 марта ўзгартиришлар киритилган.

XS
SM
MD
LG