Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:26

Япония фазо агентлиги астероидга иккита ўзиюрар робот қўндирди


162173 Ryugu астероиди
162173 Ryugu астероиди

21 сентябрь куни Япония фазо агентлиги (JAXA) муваффақиятли равишда 162173 Ryugu астероидига икки ўзиюрар роботни қўндирди. Бу билан тарихда биринчи марта астероид сатҳига ўзи ҳаракатланиб, сурат олишга қодир робот қўндирилди.

Икки MINERVA-II1 ровери Япониянинг Hayabusa2 лойиҳаси доирасида юборилди. Мазкур лойиҳадан мақсад турли роботлар юбориш орқали астероидлар ҳақида кўпроқ маълумот тўплашдир.

Бундан 13 йил аввал илк Hayabusa миссияси муваффақиятсиз якунланган эди.

Hayabusa2 лойиҳаси менежери Юичи Тсуда:

- Астероид сатҳини мобил ўрганиш лойиҳасини муваффақиятли бажарганимиздан қанчалик мамнун эканлигимни айтишга тил ожиз, - деди.

Hayabusa2 лойиҳасининг миссия менежери Макото Ёшикава эса:

- Бу кичик роверлар астероид сатҳини муваффақиятли равишда ўргана бошлаганини кўриб жуда таъсирландим, чунки 13 йил олдин Hayabusa пайтида бунинг уддасидан чиқа олмаган эдик, - деди.

MINERVA-II1 роверлари рангли тасвир олишга қодир камера билан жиҳозланган. Rover-1A ҳамда Rover-1B роверлари астероид сатҳидан аллақачон Ерга сурат юбора бошлади.

Кейинги қадам ўлароқ астероиднинг бошқа жиҳатларини ўрганиш учун яна икки робот юборилади. Кейинчалик ушбу мосламалар ёрдамида Ерга астероид бўлакларини олиб келиш режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG