Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 22:44

ИИВ сержантлари ротация баҳонасида сургун қилинаëтгани ва бепул ишлатилаëтганини айтмоқда


2019 йилнинг 10 январь кунги видеоселектор олдидан президент Мирзиëев Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлими ходимлари билан учрашди.

Фарғона вилояти ИИБ пост-патруль хизматининг 90 ходими уйидан 100 км узоққа ишга жўнатилди.

Бундан норози бўлган Фарғона вилояти ИИБнинг сержант рутбасидаги ходими исми айтилмаслик шарти билан Озодликка гапирди.

Унинг айтишича¸ шахсий таркибнинг “фақат қуйи звеносидаги¸ "акахони" бўлмаган ходимлар ротация баҳонасида олис ҳудуларга жўнатилмоқда”

Ўзини Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари¸ подполковник Қобилжон Ристаевнинг ëрдамчиси деб таништирган ходими Озодликкка “ҳеч ким сургун қилинмаëтганини” иддао қилди.

- Президент қарори бор. ПК-3413 сонли қарор. Шу қарорда ИИБ ходимларининг ротацияси аниқ белгиланган. Қарорга кўра¸ ППХ батальони ходимларидан бир қисми Фарғона шаҳридан олис бўлган жойдаги постларга юборилди. ИИБ тизимидаги ходимлар давлат ишониб топширган ҳар бир постда шараф билан ишлайди. Мен ҳали норози бўлганларни кўрмадим¸ деди Фарғона ИИБ мулозими.

Унинг таъкидича¸ коррупция ва таниш -билишчиликнинг олдини олиш мақсадида 2017 йили жорий қилинган ротация ижобий самара берган:

- Гапнинг очиғи¸ машина кўп ўтадиган трасса ва бойлар яшайдиган жойлар бор. Онда-сонда машина ўтадиган овлоқ жойлар бор. Ходимлар ўша гавжум жойда ишлашни хоҳлайди. Ўша жойда таниш-билиш орттирган. Муомала қиладиган дўст-ëрлари бор. Бу жойдаги ходимни узоқроқ ерга ишга юборсак¸ норози бўлибдимиш. Нега норози бўлганини тушуниб турибсизку¸ дейди бу мулозим.

Камбағал миршабни отнинг устида ит қопади...

Озодликка шикоят қилган ППХ сержанти ПК-3413 сонли қарор¸ асосан¸ юқори бўғин ИИБ ходимлари ротациясини кўзда тутиши¸ амалда президент қарорининг нотўғри талқин қилинаëтганини айтади.

- Ички ишлар тизимининг хизмат ўташ низомида аниқ қилиб¸ уч йил ишлаганидан кейин ротация асосида бошқа ишга ўтказилиши мумкин¸ деб ëзилган. Шундай экан¸ ҳали бир йил ҳам ишламаган оддий сафдор ва сержантларни сургун қилаëтганига қандай асос бор? Нега 10 ва 15 йил ишлаган ЙХХБдаги офицер ва раҳбар ходимларга ротация қўлланилмайди? Нега ротация камбағалдан чиққан ходимларга қўлланилади? Нега 100 км жойга сургун қилинган ходимларнинг ҳол-аҳволи¸ йўлкираси ҳақида раҳбарлар қайғурмайди¸ деди сержант рутбасидаги ИИБ ходими.

Самарқандлик ИИБ ходимлари кунига 18 соат ишлайдими?

Озодликка айни мазмундаги шикоят билан Самарқанд вилоят ИИБ ходимлари ҳам мурожаат қилди. Шунингдек самарқандлик ИИБ ходимлари дам олиш кунисиз 18 соатлаб ишлатилаëтганидан ҳам норози бўлишди.

Озодлик суҳбатлашган Самарқанд шаҳар ИИБсида сафдор рутбасида хизмат қилаëтган ходим бола-чақаси отасини кўрмай катта бўлаëтганидан нолиди:

- Узоқ жойларда оила - хотин¸ бола- чақадан узоқда озиб-тўзиб кетдик. Меҳнат кодекси ва "Ички ишлар тўғрисида"ги қонунда белгиланган 8 соат эмас, амалда 15-18 соатдан ишлатишмоқда. Ҳафтасига 7 кун тўлиқ ишлаймиз Якшанба ҳам тўлиқ иш. Лекин ойлик саккиз соат учун берилади. Якшанба ишлаганимизга ҳам ойлик йўқ. Биз ҳам одаммиз ахир¸ дейди самарқандлик сафдор.

Суҳбатдош¸ уйидан узоққа сургун қилиниб¸ кунига ками 10 соат ишлатилганига розилиги¸ аммо якшанба куни текин ишлатилаëтганига чидолмаëтганини айтади.

- Майли¸ ватан учун 10 соат кўп ишлашга розимиз. Узоқ жойда ишлаганимиз устама ҳам бермасин. Лекин якшанба куни ишлатишгани учун хақ берсин. Мен ҳисоблаб кўрдим¸ бир ойда тўртта якшанба учун 400 000 сўм меҳнат ҳақимизни қўшиб беришлари керак¸ дейди сафдор.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Озодлик боғланган расмийси бу эътирозларга муносабат билдирилмаслигини айтди.

Оддий ИИБ ходимлариниг сарсон бўлишига сабаб сифатида кўрилган президентнин 2017 йилдаги ПҚ-3413-сонли қарори “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” дея номланган.

Қарор “ходимлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, коррупция ва ваколатлар суиистеъмолликлар олдини олиш, шахсий таркиб орасида соғлом муҳитни таъминлаш” мақсадида қабул қилинган.

XS
SM
MD
LG