Линклар

Шошилинч хабар
18 сентябр 2019, Тошкент вақти: 10:12

Ўзбекистон адлия тизимидан адолат топмаган собиқ ИИБ бошлиғи Дональд Трампга мактуб ëзди


Фарғона шаҳрида яшовчи 39 яшар собиқ ИИБ бошлиғи, “давлат сирларини ошкор қилишда” айбланиб қамалиб чиққан милиция майори Дилмурод Мадалиев АҚШ президенти Дональд Трампга 19 августда ёзган мактубида “ноҳақ жазога тортилганидан” арз қилди.

Ўз мактубида собиқ милиционер¸ жорий йилда жазога тортилган прокуратура амалдорларининг қурбони бўлгани иддао қилган. Мадалиев АҚШ президентидан ўзи устидан чиқарилган суд ҳукми бекор қилиниб, номи оқланишига таъсир кўрсатишни сўраган.

Озодлик билан суҳбатда Дилмурод Мадалиев АҚШ президентига бу мактубни ëзишдан олдин Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ва суд органларига "300 марта қилган мурожаатига жавоб ололмаганини" айтди.

Собиқ ИИБ бошлиғи Дилмурод Мадалиев ва президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов
Собиқ ИИБ бошлиғи Дилмурод Мадалиев ва президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов

2011 йил бошида Фарғона шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган Мадалиев айни йилнинг май ойида Жиноят кодексининг 162- моддасида ("Давлат сирларини ошкор қилиш") назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб ҳибсга олинган ва суд ҳукми билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Мадалиев шу муддатдан 6 йилини ўтаб, озодликка чиқди.

Озодликда нусхаси бўлган айблов хулосасида Мадалиев махфий хужжатларни ўз қўл остидаги ходимга изнсиз кўрсатганлиги айтилган.

Бу ҳужжатларда қандай махфий маълумот борлиги айблов ҳужжатида келтирилмаган.

Мадалиевнинг ўзи эса¸ Фарғона шаҳар ИИБ сида ҳеч қандай махфий ҳужжатлар бўлмагани ва бу айблов туҳмат эканлигини иддао қилди.

Фарғона шаҳар ИИБ собиқ бошлиғи Озодликка ўзини прокуратура ходимлари қурбони ҳисоблашини айтди.

Мадалиевга қарши айбловни илгари суриб, ИИБ бошлиғининг узоқ муддат қамалишини “таъминлаган” прокуратура ходимлари жорий йилда коррупция¸ порахўрлик ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилганликда айбланиб жазога тортилган эди.

Жорий йилнинг июнида Ўзбекистон прокуратураси собиқ амалдорлари - Улуғбек Суннатов 19 йилга, Улуғбек Хуррамов 14 йилга, Жамшид Файзиев 13 йилга, озодликдан маҳрум қилинган эди.

Шунингдек, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов ҳибсга олиниб, судга тортилгани ҳақида Озодлик ҳабар берган эди.

Собиқ ИИБ бошлиғи Дилмурод Мадалиевнинг “жиноят иши”га оид ҳужжатларда айнан шу шахсларнинг имзолари мавжуд.

Мадалиев “бу мулозимларнинг порахўрлиги ва маиший бузуқлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлгани боис уларнинг ўч олиш нишонига айланганини” иддао қилди.

Иддаога кўра¸ бу мулозимларга Фарғонадаги ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳар ой катта миқдорда пул тўплаб бериб турганидан Мадалиев ҳабардор бўлган.

Мадалиевнинг Озодликка айтишича¸ “бу амалдорларнинг жазолангани адолат тантанаси бўлди, аммо улар ўч олиш учун қаматган одамларнинг“ иши қайта кўриб чиқилмагани бу адолатга соя солмоқда.

- Мен АҚШ инвестициялари ўзбек иқтисод тизимидаги шаффофлик эвазига киритилаëтганидан хабарим бор. АҚШ Ўзбекистон ҳуқуқ -тартибот ва судлов тизимлари ривожи учун ҳам моддий кўмак бермоқда. Бу кўмак ҳам худди иқтисодда бўлгани каби ҳуқуқ-тартибот ва судлов тизимлари реформаси ва шаффофлиги эвазига берилиши керак деб ҳисоблайман. Дональд Трампга ëзган мактубимда шунга эътибор қаратдим,- дейди собиқ ИИБ бошлиғи.

Мадалиев Трампга йўллаган мактубда, жумладан, бундай дейилган:

“Муҳтарам президент Дональд Трамп! Сизга ëзишдан олдин Ўзбекистонда адолатли судлов тизими мавжудлигига озгина умидим бор эди. Аммо бугунга келиб менда Ўзбекистонда ноҳақ қамалганларнинг иши қайта кўриб чиқилишига заррача ишончим қолмади. Мени “сиëсий диссидент“ деб айблаëтган мулозимлар мурожаатларимни эътиборсиз қолдиришмоқда”.

Ўзбекистон Олий судининг Дилмурод Мадалиевга унинг шикояти юзасидан берган жавоб хатида “Суд қарорини ўзгартириш учун асослар мавжуд эмаслиги” айтилган.

Айни шаклдаги хулосани Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам берган.

Мадалиевнинг айтишича¸ унинг мактубига АҚШ президенти Дональд Трампдан ҳали жавоб келмаган:

- Жавоб келишига¸ менинг ишим қайта кўрилишига ва номим оқланишига ишонаман. Айбдорлар жазоланди¸ энди навбат уларнинг қурбонлари зиммасидан тавқи лаънат олиб ташланишида қолди. Дональд Трамп гапини ўтказа оладиган сиëсий ирода эгаси сифатида, бир ўзбек милиционерининг номи оқланишига ҳисса қўша олади, деб ўйлайман.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимининг 3 сентябрда Озодликка билдиришича¸ мактуб эгаси байрамдан кейин ўз мурожаати юзасидан билдирги олади.

Шарҳларни кўринг (19)

XS
SM
MD
LG