Линклар

Шошилинч хабар
11 июл 2020, Тошкент вақти: 20:07

Гулнора Каримованинг Британиядаги уч ҳашаматли уйи ва миллионлаб пули мусодара қилинaди


Гулнора Каримованинг Англиядаги қасрларидан бири.

Британия нашрларининг 27 январь куни ëзишича¸ мамлакат ҳудудида содир этилган катта кўламдаги фирибгарлик ва коррупцияни тергов қилувчи идоранинг Гулнора Каримовага тегишли камида учта қимматбаҳо вилла ва квартирани мусодара қилиш сўрови тез кунларда қаноатлантирилиши мумкин.

Ўта йирик миқдордаги фирибгарликларга қарши кураш офиси (The Serious Fraud Office) Гулнора Каримова ва унинг собиқ эри Рустам Мадумаровларнинг Британиядаги кўчмас мулклари Ўзбекистондаги коррупцион схемалар орқали топилган пулларга олингани даъвоси билан уларни мусодара қилишни сўраб, 2018 йил октябрида мамлакат Юқори судига мурожаат қилган эди.

Идора ўз баёнотида мусодара қилиш тўғрисидаги даъво аризаси Юқори судга "Жиноий фаолиятдан олинадиган даромадлар тўғрисида"ги 2002 йилги қонуннинг 5-қисмига мувофиқ киритилганини айтган эди.

SFO матбуот хизмати ўшанда Озодликка бу кўчмас мулклар ва маҳкама ишининг боришига оид “фурсати келганда аниқ маълумот берилиши”ни билдирган.

27 январь куни Британиянинг бир нечта нашрида пайдо бўлган хабарлар¸ маҳкама жараëнининг якунига етиб¸ бу даъвонинг яқин кунларда қондирилиш эҳтимоли ҳақида берилган дарак бўлди.

Гулнора Каримованинг Британиядаги кўчмас мулкига даъвогарлик қилаëтган Serious Fraud Office 2019 йилнинг 13 декабрь куни даъво қилинаëтган кўчмас мулкка оид тафсилотларни биринчи марта жамоатчиликка очиқлади.

Даъво қилинаëтган бу уйларнинг эгалари¸ расмий маълумотга кўра¸ Гулнора Каримова¸ Рустам Мадумаров¸ Ислом Каримов (Каримованинг Лондонда яшаëтган ўғли)¸ Британия Виржин оролларида рўйхатга олинган PORCHESTER INDUSTRIES LIMITED¸ OREGON GROUP LIMITED¸ RAWTENSTALL INTERNATIONAL LIMITED ширкатларидир.

Юқори суд расмий сайтида бу уйларнинг аниқ манзиллари ва айнан қайси ширкат номига расмийлаштирилгани ҳам эълон қилинди.

Улардан бири Surrey ҳудудидаги Gorse Hill Manor бўлса¸ қолган иккитаси Лондоннинг миллиардерлар маҳалласи деб аталадиган Mayfair ва Belgravia районидаги уйлардир.

Британия зодагонлари ва Бруней қиролига қўшни бўлган Gorse Hill Manor вилласи 2010 йили 18 миллион фунт стерлингга сотиб олинган ва Rawtenstall International Limited ширкати номига расмийлаштирилган.

Тергов тахминича¸ ҳозирга келиб бу вилланинг баҳоси 30 миллион фунт стерлинг¸ ëки тақрибан 40 миллион АҚШ долларидан кам эмас.

Қарийб 7 гектарлик боғ ва кемада айланадиган хусусий кўли бор жозибадор бу вилла 1912 йилда қурилган. Бу қасрнинг таниқли қўшнилари орасида марҳум Sir Bruce Forsyth (британиялик машҳур телеюлдуз-таҳр.) ва Бруней қироли бор”¸ деб изоҳ берди бу кўчмас мулкка Daily Mail газетаси.

Лондондан 50 километрча ташқарида бўлган Surrey каби¸ Гулнора Каримованинг мусодара қилиниши кутилаëтган яна икки уйи жойлашган Лондон марказидаги Mayfair ва Belgravia райони ҳам дунëнинг энг бадавлат одамлари яшайдиган ҳудуд саналади.

Бу районларда Британиянинг бир неча Бош вазири¸ футбол ва шоу бизнес юлдузлари¸ шунингдек¸ Роман Абрамович каби россиялик миллиардерлар уйлари жойлашган.

Mayfairдаги уй нархининг 8 миллион фунт стерлинг, Belgraviaдаги квартиранинг эса 2 миллион фунт стерлинг экани айтилмоқда.

Бу кўчмас мулклар баробарида Британиянинг Ўта йирик миқдордаги фирибгарликларга қарши кураш офиси Рустам Мадумаров номига Emirates NBD Bankда очилган омонат ҳисобидаги 10 миллион фунт стерлингни ҳам мусодара қилишни сўраган.

Шунингдек¸ Гулнора Каримованики эканига ишониладиган турли оффшор ширкатлар ҳисобидаги жами 100 минг АҚШ долларига яқин маблағнинг ҳам Британия суди томонидан мусодара қилиниши кутилмоқда.

Ҳозирча Юқори суднинг Ўта йирик миқдордаги фирибгарликларга қарши кураш офиси даъвоси юзасидан қачон ҳукм чиқариши очиқланмади.

Даъвогар офис матбуот хизмати Озодликнинг 28 январь кунги саволларига ҳозирча жавоб бермади.

Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримованинг Британиядаги бойликларига ҳам даъвогарлик қилмоқда

Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова дунëнинг ўндан ошиқ давлатида очилган жиноят ишларининг бош фигурантидир. Каримованинг қатор Ғарб давлатлари¸ хусусан¸ АҚШ¸ Швейцария¸ Швеция¸ Ҳолландия¸ Франция ва айрим Болтиқбўйи давлатларидаги кўчмас мулклари ва юзлаб миллион долларлари бу жиноят ишлари доирасида музлатиб қўйилган.

Бу мулк ва пулларга Гулнора Каримованинг ўзининг коррупцион схемаларидан азият чекканини айтаëтган қатор давлатлар даъвогарлик қилмоқда.

Айни пайтда¸ Каримованинг жами қиймати 2 миллиард долларга яқинлиги айтилаëтган кўчмас мулк ва пулларининг бош даъвогари Шавкат Мирзиëев ҳукумати бўлиб қолмоқда.

Британиянинг Ўта йирик миқдордаги фирибгарликларга қарши кураш офиси 2018 йил октябрида Каримова кўчмас мулкини мусодара қилишни сўраб судга даъво аризаси киритиши ортидан Ўзбекистон Бош прокуратураси бу бойликларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши лозимлигини билдирган эди

"Айни дамда Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари билан Гулнора Каримова иши бўйича қонуний кучга кирган суд қарори доирасида активларни қайтаришга доир музокаралар олиб борилмоқда"¸ деган эди 2018 йилнинг 4 октябрь куни Бош прокуратуранинг ўшандаги матбуот котиби Сурайё Раҳмонова.

Мирзиëев ҳукумати уч йилдан бери Гулнора Каримованинг хориждаги пуллари Ўзбекистон халқидан ўғирланган бойликлар эканини айтиб¸ уларни ўзига қайтаришни сўраб келаëтган бўлса-да¸ ҳозирча бу сўровнинг кичик қисмигина қондирилди.

Хусусан¸ 2019 йилнинг 24 июнь куни Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатиб қўйилган 850 миллион долларлик пулининг 133 миллионини Ўзбекистонга қайтарилишини маълум қилди.

Гулнора Каримова адвокатларининг шикоят аризасидан сўнг¸ бу пулларнинг қолган қисмини қайтариш маҳкама қарори билан тўхтатиб қўйилди.

Шунингдек¸ 2019 йилнинг 9 июль куни Гулнора Каримова ишини тергов қилган Франция прокурори Николя Байето маҳаллий матбуотга Гулнора Каримовага тегишли бўлган кўчмас мулкларни сотишдан тушган пулларнинг Ўзбекистон ҳукуматига топширилишини билдирган эди.

Гулнора Каримованинг Париждаги квартираси, Сен-Тропедаги вилласи ва де Грусседаги қасри ҳақида гап бораëтганини айтган француз прокурори¸ бу қимматбаҳо кўчмас мулкнинг қанчага сотилиши ва Тошкентга айнан қайси шакл ва қандай шартлар билан қайтарилишига ойдинлик киритмади.

Франция матбуоти Гулнора Каримова Париждаги квартирани 31 миллион евро, виллани 2 миллион 400 минг евро, қасрни эса 28 миллион еврога сотиб олганини ëзган.

Инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи қатор халқаро гуруҳлар Ғарб ҳукуматларидан Гулнора Каримованинг хорижда мусодара қилинган бойликларини Тошкент ихтиëрига демократия ва инсон ҳақларига ҳурмат кўрсатишга оид қатор шартлар билангина қайтаришни сўраб келмоқда.

Бу гуруҳлар¸ акс ҳолда маъмурий босим ва жиноий рейдлар орқали Ўзбекистон халқидан тортиб олингани айтилаëтган бу бойликларнинг навбатдаги коррупцион схемалар воситасида йўқ бўлиб кетишидан хавотир билдирмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан қатор оғир жиноятларда айбланган 47 яшар Гулнора Каримова махфий суд ҳукми билан ҳозирда Зангиота колониясида қамоқ жазоси ўтамоқда.

Унинг икки фарзанди – Ислом ва Имон Лондонда яшайди. Каримова фарзандларининг Британия суди ҳукми билан мусодара қилиниши кутилаëтган ҳашаматли уйларда яшаш-яшамаслиги Озодликка маълум эмас.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган

Алоқадор

XS
SM
MD
LG