Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2022, Тошкент вақти: 15:02

Грузияда украин қочқинлари қандай яшашмоқда? (ВИДЕО)


Грузия ҳукумати украиналик қочқинларни бепул турар-жой билан таъминлашни тўхтатди. Ушбу дастур февраль ойи охирларида қабул қилинган бўлиб, ҳукумат қочқинларнинг меҳмонхонада истиқомат қилиш ҳақини батамом тўлаб келмоқда эди. Биринчи августдан бошлаб бошпана топиш ва ижара ҳақини тўлаш уларнинг ўз зиммасига тушди. Бунинг ўрнига давлат қочқинлар учун нафақа пули тайинлади.

Елена Грузияга эри ва икки фарзанди билан июннинг охирларида келган. Украинада улар Херсон вилоятининг Скадовск шаҳрида яшар эдилар. Март ойи адоғида шаҳарни Россия қўшинлари босиб олди.

Елена оккупацияда кечган кунлари ҳақида сўзлар экан, Россия ҳарбийлари украин ватанпарварлари ўтказган митингларни тарқатиш учун осмонга ўқ узишганини, турғунларнинг уйларини тинтув қилишганини ва асосан эркакларни ушлаб, “фильтрлаш”га жўнатишганини эслайди. Шунингдек, шаҳарга бир неча марта ракеталар тушганини, у ерда қолиш хавфли бўлиб қолганини айтади.

Еленанинг оиласи босиб олинган Қрим орқали ўз автомашинасида чет элга чиқиб кетади, чунки Киев назоратидаги ҳудудларга элтувчи йўлаклар Россия аскарлари томонидан ўққа тутилар эди. Россия блокпостида ҳарбийлар Еленанинг эри билан махсус суҳбат ўтказишади ва телефонидаги маълумотларни бирма-бир текширишади.

“Эримни кутиб турганимда ичкаридан бир йигит чиқди, кўриниши жуда хомуш эди. Қайлиғи ёнимиздаги машинада ўтирган экан, икковлон бир оз сўзлашишгач, қиз унинг нарсаларини битта қопчага солиб, қўлига тутқазди. Шундан сўнг видолашдилар. Қиз йиғлаганини, йигитни бўйнидан қучиб ўпганини кўрдим. Иккови ҳам ёш эди: йигит 25, қиз эса кўпи билан 20 ёшларда. Эрим чиқиб, машинага ўтиргач: “Бу йигитчани нима учун ҳибсга олишганини биласанми? Телефонидан кўчадан ўтиб бораётган Россия ҳарбий техникалари видеоси чиқди”, деб айтди”, ҳикоя қилади Елена Латоцкая.

Оила Грузияга етиб келгач, Тбилиси меҳмонхоналаридан бирига жойлашади. Украин қочқинларини бепул бошпана билан таъминлаш дастурига “илиниш”га улгурадилар. Елена айтишича, Грузияда яшаш унга ёқади, аммо текин турар-жой дастури бекор қилинганидан сўнг бу ерда қолиш нияти йўқ: иш топиш қийин, ўртача ойлик эса ижара ҳақига ҳам етмаслиги мумкин, дейди. Урушдан олдин Скадовскда ўз пойабзал дўконлари бор эди. Ҳозирда эр-хотин ишсиз, даромадсиз қолишган.

“Тузуккина бизнесимиз бор эди, йилда бир неча марта саёҳатга чиқишга қурбимиз етарди. Украинада, жонажон шаҳримиз Скадовскда турмушимиз жуда ажойиб ўтаётган эди. Энди бошқа мамлакатга кўчишга қарор қилдик – кейинги манзилимиз Литва ёки Польша бўлади. Шунингдек, Канада визасини олишга ҳужжат топширганмиз. Тез орада шулардан бирига кетамиз”, дейди аёл.

Елена Клюева ҳам Скадовскдан келган қочқин. У ҳам икки боласи билан бирга, Қрим орқали Украинани тарк этган. Бепул турар-жой дастури бекор қилинганига қарамай, Елена Тбилисидан кетмоқчи эмас. Бошпана топиб қўйган, аммо, айтишича, бу жуда қийин бўлган.

“Эълонлар бўйича қўнғироқ қилганда: “Москвадан келганмисиз?” деб сўрашар экан. Ҳа, дейилса, муаммо йўқ, рози бўлишади. Биз эса, албатта, Украинадан эканимизни айтдик. Рад қилишди. Айрим украинларда қочқин мақоми бор, улар ижара ҳақини тўлай олмай қолган тақдирда ҳам квартира эгалари уларни кўчага ҳайдаб солиши мумкин эмас. Шуни деб айрим грузинлар украин қочқинларига жой беришни истамайди”, дейди Елена Клюева.

Аёлнинг ижарага квартира излаш ва кўчишдан бошқа ташвишлари ҳам бор: кузга довур болаларини мактабга жойлаши керак. Елена уларни ё онлайн шаклда, ёки Тбилисидаги украин тилли мактабда ўқитмоқчи. Аксига олиб, эри жуда кечикди. У олисга қатнайдиган кемада денгизчи бўлиб хизмат қилади. Ҳозир Индонезияда. Украинадаги уруш туфайли унинг экипажи ротация бўлиш ва таътил олиш учун портга қайта олмаяпти.

“Тўққизинчи ой кетяпти, дадамиз қачон қайтишини ҳануз билмаймиз, чунки уларни алмаштирадиган экипаж йўқ. Украинадан денгизчиларни чиқаришмаяпти, улар бари вазият қурбони бўлди: соҳилдагилар чиқиб кета олмайди, денгиздагилар эса портга киролмайди”, ҳикоясини давом эттиради Елена.

Улар қўним топган меҳмонхона бошқарувчиси ҳам Украинадан. Мария Старикова Грузияда аввал ҳам яшаган, пандемия бошланганида ватанига қайтиб кетган экан. Уруш бошлангач Тбилисига қайтганида дўстларидан бири унга шу меҳмонхонани бошқаришни таклиф қилибди. Мария апрелда иш бошлади ва ўзи каби қочқин украин қизини ёрдамчи қилиб олди.

“Икковимиз биргалашиб персонал тўплай бошладик: оқсочлар, ошпазлар керак эди. Шунда ўзимизда яшаётган одамларни ишга ёлласак-чи, деб ўйлаб қолдик. Истиқомат қилувчиларнинг аксари украиналиклар бўлса, уларга украин таомлари керак, болалар ҳам борш, шўрва, котлет ва бўтқалар еб ўрганган. Шундай қилиб, уларни ошхона ишларига олдик, навбат билан ишлашяпти, яхши ҳақ тўлаяпмиз”, дейди Мария.

Меҳмонхонада атиги 30 та хона бўлиб, уларда украиналик 80 нафар қочқин яшаб турибди. Биринчи августдан давлат улар яшаётган хоналар учун ижара ҳақи тўлашни тўхтатди.

Мария украиналик қочқинларни бепул турар-жой билан таъминлаш дастурининг муддати бир неча марта узайтирилганини, бинобарин унинг узил-кесил тўхтатилиши одамлар учун кутилмаган ҳол бўлмаганини айтади.

Дастурга асосан Тбилисидаги меҳмонхоналар киритилган эди. Грузия пойтахтида февраль ойи охиридан бери жами 2300 дан ортиқ украиналик қочқин бепул бошпана дастуридан фойдаланди. Августдан эътиборан ҳукумат бунинг ўрнига ҳар бир оилага 300 ва қўшимча равишда киши бошига 45 ларидан нафақа тўлайди. Бу мос равишда 110 ва 15 АҚШ долларига тенг. Қолаверса, БМТ ва World Vision халқаро гуманитар ташкилоти ҳам ҳар бир қочқинга 245 лари, яъни тахминан 90 доллардан пул беради. Бундан ташқари, Украина фуқаролари учун Грузияда муниципал транспортдан фойдаланиш, мактаб ва боғчада таълим олиш, спорт марказларига қатнаш, театр ва музейларга кириш ҳам текинлигича қолмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG