Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 19:15

Йўқотилган таълим. Ғазода мактабларсиз иккинчи ўқув йили бошланмоқда


Бу ҳафта одатий йилларда мактабга қайтиши керак бўлган Қудаҳ оиласи Ғазо жанубидаги ўзлари учун бошпанага айланган қабристонда қабрлар қуришда ишлатиш учун вайрон бўлган бинолардан ғишт ва тош тўплаб юришибди.

"Бошқа мамлакатлардаги тенгдошларимиз янги нарсаларни ўқиб ўрганяпти", дейди 14 ёшли Изуддин Қудаҳ, унинг уч нафар укаси – энг кичиги 4 ёшда – бетон бўлакларни қўлдан ерга қўйгач. “Биз эса йўқ. Биз ўз қурбимиздан ташқарида бўлган нарса билан бандмиз. Яшаш учун шунга мажбурмиз”.

Ғазо иккинчи ўқув йилига мактабларсиз қадам қўймоқда, кўпчилик ўз оилалари Исроилнинг қаттол ҳужумларидан омон қолиши учун кундалик кураш билан банд.

Болалар уйсиз қолиб, чодирларда яшаётган яқинларига сув элтиш учун сув тарқатиш пунктларига ялангоёқ бориб келади. Бошқалари овқат олиб келиш учун қўлларида идишлар билан хайрия ошхоналари олдида кутиб туради.

Ёрдам ходимлари таъкидлашича, таълимдан узоқ вақт маҳрум бўлган ғазолик болаларга жиддий зарар етиши мумкин. Ёш болалар когнитив, ижтимоий ва ҳиссий ривожланишга қийналади, каттароқ болалар эса меҳнатга мажбурланиши ёки эрта турмуш қуриши хавфи остида, дейди БМТ болалар агентлиги ЮНИСEФнинг минтақавий вакили Тесс Инграм.

"Бола мактабдан қанчалик узоқ қолса, мактабни бутунлай ташлаши ва қайтиб бормаслиги мумкин", дейди у.

Яқин Шарқ ва Украина уруши: Ғазо яна бомбардимон қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:06 0:00

Ғазодаги 625 000 нафар мактаб ёшидаги болалар деярли бир йилни мактабсиз ўтказди. 7 октябрь куни Ҳамаснинг Исроил жанубига ҳужумига жавобан Ғазога ҳужум бошланганидан кейин мактаблар ёпилди. Исроил-Ҳамас урушига барҳам бериш бўйича музокаралар сустлиги сабабли улар қачон мактабга қайтиши номаълум.

Ғазодаги мактаб биноларининг 90% дан ортиғи Исроилнинг бомбалашлари натижасида вайрон бўлган, уларнинг аксарияти БМТнинг Фаластинликлар бўйича агентлиги томонидан бошқарилади. ЮНИСEФ ва “Болаларни асранг” ташкилотлари бошчилигидаги ёрдам ташкилотлари гуруҳи – Global Education Cluster’га кўра, тахминан 85% мактаб шунчалик вайрон бўлганки, улар капитал таъмирга муҳтож, уларни қайта ишга тушириш учун йиллар ўтиши мумкин. Ғазо университетлари ҳам вайронага айланган. Исроилнинг айтишича, Ҳамас жангарилари мактабларда яширинган.

Ғазонинг 2,3 миллионлик аҳолисидан 1,9 миллионга яқини уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Улар сув ёки канализация тизими мавжуд бўлмаган чодир лагерларига ёки ҳозир бошпана сифатида хизмат қилаётган БМТ ва ҳукумат мактабларига кўчиб ўтишган.

Болаларнинг оилаларига ёрдам беришдан бошқа иложи йўқ

Мўмин Қудаҳнинг айтишича, урушдан олдин унинг фарзандлари мактабни яхши кўрар эди. “Улар яхши ўқишарди. Биз уларни яхши тарбияладик”, дейди у.

У тўрт ўғли ва қизи билан шаҳарнинг шарқий туманларидаги уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлганидан сўнг Хон-Юнисдаги қабристондаги чодирда яшамоқда. Болалар қабрлар ёнида ухлашга қўрқишади, дейди у, лекин бошқа илож йўқ.

Ҳаво ҳужумларида ўлганларнинг доимий оқими ва вайрон бўлган биноларнинг кўплиги уларнинг кичик даромад манбаи ҳисобланади.

Ҳар куни эрталаб соат 7 да Қудаҳ ва унинг болалари вайроналар оралаб йўлга тушишади. Ишнинг сўнгги кунида болалар топган нарсаларини кўтарганча, қоқилиб-суқилиб ортга қайтишади. Қудаҳнинг сарғиш, жингалак сочлари чангга беланган тўрт яшар ўғли бетон бўлагини қучоқлаб олган эди. Чодирлари ёнида улар чўккалаб ўтириб, бетонни майдалаб кукунга айлантиришади.

Бир неча соатлик ишдан сўнг, улар янги қабрлар қуришда фойдаланиш учун кукун сотишдан тахминан 15 шекел (4 доллар) ишлаб олишади.

2014 йилда Исроилнинг Ҳамас билан урушида яраланган Қудаҳ оғир ишни ёлғиз ўзи уддалай олмаслигини айтади.

"Қўллари шилинганини кўрганимда улар учун йиғлайман", деди у. Кечаси толиққан болалар оғриғидан ухлай олмайди, дейди у.

Яқин Шарқ ва Украинадаги уруш: Ғазода 1 ярим миллион аҳоли уйларини тарк этган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:06 0:00

Болалар йўқотилган таълимга чанқоқ

Ёрдам гуруҳлари муқобил таълим йўлларини яратиш устида ишлаяпти, аммо натижалар чекланган, чунки улар бошқа муаммолар билан ҳам банд.

ЮНИСEФ ва бошқа ёрдам агентликлари 175 та вақтинчалик таълим марказларини бошқармоқда, уларнинг аксарияти май ойи охиридан бери ташкил этилган бўлиб, 30 000 га яқин ўқувчига хизмат кўрсатади ва уларда 1200 га яқин кўнгилли ўқитувчилар ишлайди, дейди Инграм. Улар саводхонлик ва ҳисоблаш машғулотларини ўтказади.

Аммо унинг айтишича, улар қалам, қоғоз ва китоб каби нарсаларни олишда қийналмоқда, чунки ёрдам гуруҳлари Ғазога етарли миқдорда озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб бериш учун курашаётгани сабабли ўқув қуроллари ҳозир асосий эҳтиёж эмас.

Август ойида БМТнинг Фаластинликлар бўйича агентлиги бошпанага айлантирилган 45 та мактабда "ўқишга қайтиш" дастурини ишга туширди, уларда болалар учун ўйин, драма, санъат, мусиқа ва спорт каби машғулотлар ўтказилади. Мақсад "уларга дам олиш, дўстлари билан топишиш ва шунчаки бола бўлиш имкониятини бериш", дейди матбуот котиби Жулиета Тума.

Таълим фаластинликлар учун аввал ҳам муҳим мақсад бўлган. Урушдан олдин Ғазода саводхонлик даражаси деярли 98% эди.

Инграмнинг айтишича, у апрель ойида Ғазога охирги марта ташриф буюрганида, болалар унга мактаб, дўстлар ва ўқитувчиларни соғинганликларини айтишган. Дарсга қайтишни қанчалик хоҳлаётгани ҳақида гапираётганида бир бола бирдан тўхтаб, ундан: "Мен қайта оламан, тўғрими?" деб сўраб қолди

"Бу саволдан юрагим эзилди", дейди Инграм.

Ота-оналар унга мактабдаги барқарорликсиз қолган, кўчишлар, портлашлар, жароҳат ва ўлимларни кўраётган болаларнинг руҳияти ўзгараётганини айтишди. Баъзилар ғамгин бўлиб қолади, бошқалари осон ҳаяжонланадиган ёки салга хафа бўладиган бўлиб қолган.

Ғазо мактаблари ўқувчилар ўрнига уйсиз оилалар билан тўлган

Исроилнинг 11 ойлик бетиним ҳужуми Ғазонинг катта қисмини вайрон қилди, тўйиб овқатланмаслик ва касалликлар сабабли гуманитар инқироз пайдо бўлди. Ғазо соғлиқни сақлаш расмийлари айтишича, 40 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Энг оғир зарбалар болаларга тушмоқда. Инграмнинг айтишича, Ғазодаги 1,1 миллион боланинг деярли барчаси психологик-ижтимоий ёрдамга муҳтож.

Яқин Шарқ ва Украинадаги уруш: Ғазода 1 ярим миллион аҳоли уйларини тарк этган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:06 0:00

Исроилнинг айтишича, бу ҳужумлар Ҳамасни йўқ қилиш, жангариларнинг 7 октябрь куни Исроил жанубида 1200 га яқин одамни ўлдириб, яна 250 кишини ўғирлаб кетган ҳужуми такрорланмаслигини таъминлаш учундир.

Можаро Ғарбий Соҳилда фаластинлик болаларнинг таълим олишига ҳам тўсқинлик қилди, у ерда Исроил чекловларини кучайтирди ва кенг кўламли рейдлар ўтказди.

"Октябрь ойидан бери Ғарбий Соҳилдаги мактабларнинг 8% дан 20% гача ёпилди", дейди Инграм. Мактаблар очиқ бўлса ҳам, бориш қийинлиги ёки болалардаги қўрқув туфайли давомат пасаяди, дейди у.

Ғазодаги ота-оналар айтишича, тартибсизлик туфайли фарзандларига ҳатто норасмий таълим бериш ҳам қийин.

Дейр ал-Балаҳ шаҳарчасидаги мактабда синф хоналари оилалар билан тўлган, уларнинг кирлари ташқарида зинапояда осиғлиқ турибди. Чодирлар ҳовли бўйлаб чойшаблар ва таёқлар билан қурилган. “Болаларнинг келажаги йўқолди”, дейди Умм Аҳмад Абу Авжа тўққиз нафар ёш набиралари қуршовида. “Ўтган йили ўрганганлари бутунлай унутилган. Мактабга қайтишса ҳам, бошидан бошлашлари керак бўлади."

Форум

XS
SM
MD
LG