Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2019, Тошкент вақти: 00:37

Ботир оғани эслаб...


Ботир Норбоев

Марҳум Ботир оға Норбоев билан 1989 йили Урганчда яқиндан танишгандим. Барча хиваликларга хос юзи кулиб турган¸ тили тотли ва қалби очиқ инсон сифатида эсимда қолган эди.

Мартнинг охири, апрель бошлари эди. Устахонам олдига укам Қудрат билан бирга сувит (тол) эккандик. Тўнка устидан ниҳол ўсиб тургани акс этган илк сиëсий плакатни трафарет усули билан "чоп " қилган эдик.

Тўнка устидан унган ниҳол назаримда советлар кесиб ташлаган мустақиллик учун кураш ҳаракатининг қайтадан бошлангани тимсоли эди.

Совет раҳбари Михаил Горбачев эълон қилган ошкоралик ва қайта қуриш сиëсати бир вақтлар ўчиб қолган гулханлар чўғига кўрикдан (босқон) ҳаво пуфлаган каби бўлди.

Тошкентда Ўзбекистон мустақиллиги учун норасмий "Бирлик" ҳаракати тузилди. Ботир ака шу ҳаракатниг Хоразмдаги ташкилотини тузиш учун махсус миссия билан келди.

У кишини рассом дўстим Давронбек Йўлдошев билан кутиб олдик.

Ўша пайтда Хоразм вилояти раҳбарияти ичида СССРга қарши бўлган бир мулозим бор эди. Қудрат ва сарват эгаси бўлган ўша киши ярим яширин тарзда мухолифатнинг вилоятдаги илк мажлисини ташкил қилиб берди.

Мажлис Урганч темир йўл вокзалининг ресторанида ўтказилди. Ўша куни ресторан расман ëпилди. Биз таъсис қурултойи қатнашчилари орқа эшикдан кириб бордик.

40 тача мен таниган ва танимаган одамларни кўрдим ўшанда. Мафия ҳақидаги ҳолливуд фильмларидаги яширин мажлисларни эслатарди бу йиғноқ.

Вилоятдаги қудратли амалдорлар билан биргаликда "цеховик" дея аталган яширин совет миллионерлар вакили - совет армияси генералларига шерозий қоракўл мўйнадан бош кийим тикадиган дойини ҳам ўша яширин йиғилишда кўрдим.

Кардиолог врач ва муҳандислар ҳам бор эди. Мажлисни ўша вилоят раҳбарияти (Оближрокўм)да ишлайдиган киши очиб берди.

У гапни қисқа қилиб¸ сўзни Тошкентдан келган ëшуллига берди. Бу ëшуллининг оти Ботир Норбоев эди.

Ботир ака¸ илк сўзиданоқ "Совет Иттифоқининг умри саноқли қолгани ва Болтиқбўйи республиклари каби биз ҳам ундан тезроқ ажралиб чиқсак ютуқда" қолишимизни тушунтирди.

Қўлида тутган профессорча чарм портфели ичидан ротопринтда кўпайтирилган ўнтача "Бирлик" уставини чиқариб столга қўйди.

Низом қўлма-қўл тарқалди ва ҳаммага етмади. Ўша пайтда вилоятда менимча биттагина ротопринт (ксерокснинг "бобоси") бор эди.

Мажлис мезбони бўлган ҳокимият мулозими шўпирини чақириб "Бирлик" низомидан яна кўпайтириб келишга топшириқ берди.

Мажлис охирига қадар барчанинг қўлида "яширин адабиëт" бор эди.

Мажлисда сўз олган яна бир "улли ëшулли" мавжуд вазиятда давлатдаги катта амални эгаллагани боис очиқ ошкора мухолифат аъзоси бўла олмаслигини тушунтирди.

Шу тариқа "Бирлик"нинг Хоразмдаги ташкилоти икки таркибий қисмдан иборат бўлишига келишилди.

Қўллаб-қувватловчи яширин гуруҳ. Иккинчиси эса, авангард, яъни очиқ группа.

Ташкилий масала кўрилди. Ботир Норбоев бу масалада ягона номзод "тепадан ҳал бўлганини" айтди.

Бирлик ҳаракати марказий кенгаши мени Хоразм вилояти бўйича ташкилотчи қилиб илк мажлисидаëқ тайинлаган эди.

Урганчдаги мажлис ахли ким экан бу номзод дея ошиғич қизиқиш билан атрофга қарашди.

"Орамизда ўтирган рассом Шуҳрат Бобожонни "Бирлик"нинг вилоятдаги раҳбари этиб сайлашни" овозга қўяман" деди раҳматли Ботир ака ўзига хос бўлган кулимсираш билан.

Кўпчилик менга ажабланиш билан қаради.

Соқол қўйган ва жулдурвоқи кийинган ва ҳали 30га ҳам кирмаган бола (яъни мен)дан лидер чиқишига очиқ шубҳа билдиришди.

Мажлисдаги "улли ëшулли" ëнидаги одамдан менинг кимлигимни сўраб олиб юзига табассум югурди.

"Сен Ражаббой аканинг ўғли экансан. Туфалам¸ туфалам. Қани, тур ўрнингдан ўғлим биз адашганларга йўл кўрсат" деганида ҳамма кулиб юборди.

Нима гапиришимни билмай Литвадаги рассом дўстимдан келган кичик мактубни ўқиб бердим.

Мактубда улкан қоронғиликни биттагина чақилган гугурт шуъласи ëрита олиши ëзилган эди.....

Шу гапларга ҳам 30 йил бўлибди. Устахонам олдига 30 йил илгари экканим толлар ўсиб улғайиб бутун бинони қоплайдиган дарахт бўлган эди (Агар кесишмаган бўлишса)

Бу 30 йил ичида Ботир ака билан ора-сира телефонлашиб турдик. У киши билан тилим¸ дилим¸ лаҳжам ва сиëсий қарашларим бир эди. Эски бирликчилар эдик биз.

Шу юрт мустақил бўлганидан кейин унга сиғмаган сургундошлар эдик.

Профессор¸ олим¸ ойдин ва сиëсат дарғаси Ботир оғанинг оламдан ўтганинини якшанба куни Прагада эшитдим. Мен учун феълан сургун давом этаëтган кунларнинг бирида.

Кеча яқинларимдан кимдир ўлгани ҳақида ëмон туш кўргандим. Кўнглим ғаш бўлиб уйғонган эдим...

Бугун 24 февраль¸ баҳор келишига 4 кун қолди.

Ботир оғага 2019 кўкламини кўриш¸ Хиванинг у севган эрта пишар оқ тутидан тотиш насиб этмади.

Мамлакатини севган ва бу эл эрки учун курашган оғадан айрилган эдим.

1958 йил баҳорида Прагада мен севган шоир Нозим Ҳикмат ўзининг "Мамлакатим" шеърини ëзган эди.

Мамлакатим¸ мамлакатим... Сен энди фақат сочларимнинг оқида¸ юрагимдаги инфарктларда¸ пешонамдаги чизиқлардагина қолдинг.

Мамлакатим, мамлакатим....

Шуҳрат Бобожон. 2019 йил, 24 февраль, Прага.

XS
SM
MD
LG