Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:17

“Жанубий Қозоғистонда Ўш-Ўзган воқеалари бўлмайди!”


Қорамуртда 27 августда ўзбек ва қозоқ жамоалари ўртасида юзага чиққан жанжал.
Қорамуртда 27 августда ўзбек ва қозоқ жамоалари ўртасида юзага чиққан жанжал.

Қозоғистон жанубидаги Сайрам туманининг Қорамурт қишлоғида ўтган ой маҳаллий ўзбек ва қозоқлар ўртасида юзага чиққан оммавий муштлашувдан сўнг вазият нисбатан тинчиган бўлса-да¸ полиция мазкур ҳудудни кечаю кундуз назорат қилиб турибди.

Айни пайтда¸ миллий жамоалар ўртасидаги кескинликни хаспўшлаш эмас¸ балки улар сабабларини муҳокама қилиш мақсадида Қозоғистон халқлари бирлиги жамияти деб номланган ноҳукумат гуруҳи таъсис қилинди.

Ўзбек ва қозоқ журналистлари¸ зиëли ва тадбиркорларидан жамланган Қозоғистон халқлари бирлиги жамияти¸ таъсисчилардан бири Айдарбек Қидирнек улунинг Озодликка айтишича¸ миллий низога элтиши мумкин англашилмовчилик ва ҳиссиëтларни ўзаро мулоқот йўли билан тарқатишни мақсад қилган:

- Миллий тотувликнинг ечими агитация¸ тушунтиришдир. Болаларга 10-15 та ëмонни деб икки халқни бир-бирига қайраш ëмонлигини айтишимиз керак. Бунақалар ҳамма халқда ҳам бор. Интернетга чиқариб¸ масалани кўпиртиришнинг кераги йўқ. Ҳозир ҳокимият ҳам¸ полиция ҳам¸ биз ҳам қаттиқ ишлаяпмиз. Матбуот¸ телевидение орқали бу ҳақда гапираяпмиз. Бизда Ўш-Ўзган воқеалари юзага чиқишига йўл қўймаймиз¸ дейди қозоқ фаоли.

“Жанубий Қозоғистонда Ўш-Ўзган воқеалари бўлмайди!”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:13 0:00
Бевосита линк

Жанубий Қозоғистондаги ўзбек ва қозоқ ëшлари ўртасида сурункали тарзда юзага чиқиб келаëтган жанжалларга¸ “шўх-шумтака” болаларнинг ножўя қилиғи деб қараб¸ бу воқеаларни хаспўшлаш билан бу кескинликни туғдираëтган омиллар йўқ бўлиб қолмайди¸ дейди Жанубий Қозоғистондаги ўзбек профессори, янги жамият таъсисчиларидан бири Ботир Норбоев:

- Қорамуртдан олдин ҳам бундай воқеалар бўлган. Бу ерда бунақа воқеаларни “миллий низо” дейишмайди. Жанжалкаш болалар чиқиб қолиб¸ шундай бўпти¸ дейишади. Шунақа тўполонлардан кейин ўзбеклар томонидан чоллар¸ қозоқлардан оқсоқоллар тўпланади¸ ҳокимиятдан одам келади-да¸ буни кенгайтирмайлик¸ нотўғри бўлган¸ лекин ўтган ишга салавот¸ деган қабилда гапириб¸ ўзаро қўл беришади. Икки томон ҳам ҳар гал қўл бераверади. Яна қанчадир вақт ўтиб¸ олдин Қорабулоқда бўлган бўлса¸ энди Қизилқишлоқда айни воқеа такрорланади. Уруш чиқади¸ икки томондан ҳам аëқ-қўли¸ бурни синганлар бўлади¸ ҳатто қурбонлар бўлади. Яна шу халқ дипломатияси йўли билан ҳамма иш босди-босди қилинади¸ овоза қилишдан чўчишади¸ дейди ўзбек фаоли Озодлик билан суҳбатда.

Август ойи охирида Қорамурт қишлоғида юзага чиққан жанжал ҳам қарийб шундай хотима топган. Айрим норасмий манбаларга кўра¸ Қорамурт воқеаларидан сўнг Қозоғистон полицияси асосан ўзбек йигитларни ушлаб¸ уларга босим қилмоқда. Республика Бош прокуратурасидан борган махсус гуруҳ¸ Қорамурт воқеалари айбдорлари ўрнига¸ бу ҳақда ахборот тарқатганларни қидирмоқда. Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати манбалари таъкидича¸ бу иш юзасидан 200 га яқин ўзбек ушлаб кетилиб¸ улардан 20 таси ҳибсга олинган.

Озодлик бу маълумотни расмий манбалардан тасдиқлашга муваффақ бўлмади – Сайрам туман Ички ишлар бўлими расмийси бу ҳақда маълумот беришни истамади. Бу масала ҳақида фақат бошлиқ гапириши мумкинлигини таъкидлаган полиция ходими¸ бошлиқнинг хизмат жойида йўқлигини билдирди.

Қорамуртдаги Озодлик манбасининг шахси ошкор қилинмаслиги шарти билан айтишича¸ полиция қишлоқ аҳлини сўроқ-савол қилишни ҳали ҳам давом эттирмоқда:

- Вазият тинчиди¸ аммо ҳаммани бир-бир сўроқ қилаяпти. Лекин сўроқдан кейин деярли ҳаммани чиқаришаяпти. Охрана 24 соат турибди. Сигарет чекканни ҳам¸ писта чаққанни ҳам¸ ўтганниям¸ кетганниям сўраб-суриштираяпти¸ дейди қорамуртлик суҳбатдош.

Қозоғистон халқлари бирлиги жамияти фаоли Ботир Норбоев икки миллий жамоа ўртасига низо солишга уринаëтган бош айбдорлар жазоланмагунча¸ миллий ҳиссиëтларни конструктив йўлга солиш қийин бўлишини таъкидлайди:

- Ўзбек ва қозоқ ëшлари ўртасида жанжал чиққанда¸ унга керосин сепиб¸ миллий низо деб кўпиртиришнинг кераги йўқ. Айни пайтда¸ бундай кескинлик ва тўполонларга сабаб бўлаëтган омилларни хаспўшлаш¸ бекитиш ҳам фойда бермайди. Жамиятимиз бу муаммоларни ëпти-ëпти қилиш эмас¸ улар олдини олиш учун¸ илдизлар ҳақида очиқ гапиришни ўз олдига вазифа қилди¸ дейди эндигина фаолият бошлаëтган жамият фаоли¸ профессор Ботир Норбоев.

XS
SM
MD
LG