Линклар

Шошилинч хабар
25 Iyun 2026, Тошкент вақти: 22:55

Россияда бензин тақчил. Ўзбекистонга бу қандай таъсир қилади?

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Дунёдаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчи мамлакатлардан бири бўлган Россия бутун мамлакат бўйлаб бензин савдосига чекловлар жорий қилди.

Украина томонидан нефтни қайта ишлаш заводлари, омборлар ва логистика объектларига берилган зарбалар ички таъминотга салбий таъсир кўрсатганидан кейин шундай чора амалга оширилди.

Айни пайтда, Reuters агентлиги Россиянинг АИ‑92 маркали 50 минг тонна бензин харид қилиш бўйича Қозоғистон билан музокаралар олиб бормоқда, деб хабар қилди.

Ўзбекистон томони берган расмий статистикага кўра, 2026 йил бошида Ўзбекистон импорт қилган 568,7 минг тонна бензиннинг тахминан 400–450 минг тоннаси Россиядан олинган, қолгани Қозоғистондан.

Россия сўнгги йиллардаги энг оғир ёқилғи танқислигига дуч келмоқда: камида 17 та ҳудудда бензин ва дизел сотувига мажбурий чекловлар жорий этилган.

Ёқилғи тақчиллигининг кучайиши, асосан Украина томонидан нефт терминаллари, қайта ишлаш заводлари ва қувур тармоқларига қаратилган дрон ҳужумларининг кенгайиши билан боғланмоқда.

Москва вилоятига ёқилғи етказиб берувчи энг йирик манба — Капотня нефтни қайта ишлаш заводи шу ойда икки марта ҳужумга учраган. Reuters манбаларининг айтишича, завод камида 2026 йил охиригача ишламайди.

Айрим ҳудудларда ёқилғи тақсимоти чекланган, кўплаб ёқилғи шохобчалари ва тармоқлари захира етишмаслиги сабаб ёпилган ёки сотувни тўхтатган.

- Аҳвол жуда оғир. Бир соат, бир ярим соат навбатда турамиз... Бу ишни ташлаш вақти келди. Москвадан 200 километр узоқлашсангиз, сизга 10 литрдан кўп берилмайди. Айрим жойларда умуман бермайди, дейди Reuters агентлиги суҳбатлашган такси ҳайдовчиси Сафарали Назаров.

Москва каби шаҳарда бензин танқислиги одатий эмас. Назаровнинг айтишича, пойтахтдан ташқарида вазият янада оғирроқ.

- Ёқилғи шохобчаларига келганимда, ё ёқилғи бўлади ва бироз кутасиз — тахминан 15 дақиқа, ёки умуман ёпиқ бўлади ва бошқа жойдан қидиришга мажбур бўламиз. Лекин шаҳарда ҳозирча жуда оғир ҳолатга дуч келмадим, дейди 25 яшар блогер Даря.

Россия бош вазир ўринбосари Александр Новак, куни кеча бўлган ҳукумат йиғинида, президент Владимир Путинга ёқилғи танқислиги “осон эмас”, аммо “назорат остида” эканини билдирди.

Расмийлар танқисликни Украинанинг сўнгги ҳужумлари билан очиқдан-очиқ боғламаган.

Ёқилғи шохобчалари олдидаги узун навбатлар Россиянинг Украинага қарши ҳужумининг ички таъсирини кўрсатувчи манзара сифатида баҳоланмоқда.

Айрим жойларда бир турдаги ёқилғи тугаган, айримлари ҳар бир киши учун 30 литр билан чеклаган ёки умуман ёқилғи сотилмаётир.

Энергетик танқислик Кремл учун тобора жиддий муаммога айланмоқда. Шу билан бирга, уруш бошланганига тўрт йилдан ошганига қарамай, Россия Украинага қарши кенг кўламли ҳужумларини тўхтатиш ниятини ҳам билдиргани йўқ.

Озодлик радиоси ҳисоб-китобига кўра, 24 июн ҳолатига Россиянинг 83 та федерал субъектидан камида 55 тасида бензин ва дизел сотувига давлат ёки хусусий сектор томонидан қўйилган чекловлар амал қилмоқда.

Яна қарийб 20га яқин ҳудудларда маҳаллий ОАВ ёки Telegram, VK каби ижтимоий тармоқларда ёқилғи танқислиги қайд этилган. Россия тўлиқ ёки қисман эгаллаб турган Украина ҳудудларида ҳам катта танқислик кузатилмоқда.

Ўтган ҳафта Қрим раҳбари Украина дронлари йўллар, кўприклар ва таъминот йўналишларига ҳужумлар уюштирганидан кейин бензин сотуви тўлиқ тўхтатилганини маълум қилган.

2022 йил охиридан бери Москва қанотли ва баллистик ракеталар, модернизация қилинган “параболик” бомбалар ва камикадзе-дронлардан фойдаланиб, нафақат Украина ҳарбийлари, балки фуқаролик энергетика объектлари ва нефть инфратузилмасини ҳам нишонга олган. Бу ҳужумларда кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Бу ҳужумлар сабаб ўтган қиш Украина учун босқин бошланганидан бери энг оғир қиш бўлди — миллионлаб одам ойлар давомида совуқ ва қоронғуликда яшашга мажбур бўлди.

Reuters агентлиги хабарига кўра, Украина ўзининг дрон саноатини жадал ривожлантирмоқда ва ҳозирда кенг миқдорда замонавий ва кучли дронлар ҳамда маҳаллий қанотли ракеталарни ишлаб чиқариб, улардан тобора самарали фойдаланмоқда.

Бу арсеналга оғир портловчи моддалар ва радиоэлектрон қаршиликни енгиб ўтадиган технология билан жиҳозланган узоқ масофали дронлар ҳам киради.

Март ойидан бери Россиядаги йигирмадан ортиқ нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилинган, жумладан мамлакатдаги энг йирик ўнта заводдан саккизтаси нишонга олинган.

Таҳлилчилар ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг умумий қайта ишлаш қувватининг 20 фоиздан ортиғи ишдан чиққан.

Агентлик, ҳозир Россия АИ‑92 маркали 50 минг тонна бензинни Қозоғистондан харид қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Ўз манбаларига таяниб хабар қилаётган агентликка кўра, Россияда бензин ишлаб чиқариш июн ойи охирига келиб йиллик ҳисобда 25 фоизга камайган.

Қозоғистонда эса ҳозир ортиқча бензин борлиги кузатилмоқда, бироқ июн–июл ойларида Атирау нефтни қайта ишлаш заводида режали техник ишлар олиб борилиши мавжуд захираларни қисқартиради.

Бундан олдин Қозоғистон сенати мажлисида энергетика вазири Ерлан Аккенженов Россия томони бензин етказиб бериш бўйича расмий мурожаат қилмаганини айтган эди. Россия Энергетика вазирлиги эса ҳозирча бу масала бўйича баёнот бермаган.

Манбаларга кўра, Россия ҳукумати ички бозорни барқарорлаштириш учун бир вақтнинг ўзида бир неча чорани кўрмоқда.

Улар орасида бензин экспортини чеклаш, қайта ишловчилар учун субсидияларни ошириш ва ёқилғи импорти бор. Шу билан бирга, Москва ички бозор учун бензин ва дизел ёқилғиси сифатига қўйиладиган талабларни юмшатган ва денгиз орқали етказиб бериш имкониятларини ҳам ўрганмоқда, деб ёзмоқда агентлик.

Ҳозирча Қозоғистон томони Россиянинг бензин сўровига қандай жавоб беришига оид маълумотлар йўқ.

Айни пайтда, Ўзбекистон ҳам Қозоғистондан юқори маркали бензин олади, аммо асосий импорт Россиядан келади.

Шу боис, Россия бозоридаги бу вазият Ўзбекистонга ҳам таъсир қилиши ва эҳтимол бензин нархининг ошишига олиб келишидан хавотирлар бор.

"Россияга импорт борасида қарам қилинган ва хусусан, шу сабабли нархлар осмонга сакраётган Ўзбекистонда зудлик билан бензин ва бошқа ёқилғилар (пропан, дизел) импортининг яқин қўшни ва қардошлар орқали муқобил ва барқарор манбаларини таъминлаш ҳақида қайғуриш ва амалий ҳаракатларга ўтиш керак бўлади", дея огоҳлантиради ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ўзбекистон томони берган расмий статистикага кўра, 2026 йил бошида Ўзбекистон импорт қилган 568,7 минг тонна бензиннинг тахминан 400–450 минг тоннаси Россиядан олинган, қолгани Қозоғистондан.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг маълум қилишича, 2026 йил апрелида мамлакатдаги омборларда тахминан 130 минг тонна бензин қайд этилган.

Аммо, мамлакатдаги ички ички талабнинг катта қисми импорт ҳисобига қопланиши боис, ички бозордаги барқарорлик кўп жиҳатдан Россиядаги танқисликнинг кейинги ривожи ҳамда жаҳон бозоридаги нархларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713

Форум

XS
SM
MD
LG