ЭРОН РАСМИЙЛАРИ УЧ КУНЛИК МОТАМ ЭЪЛОН ҚИЛДИ
- Муаллиф Озодлик
Эрон ҳукумати 11 январь куни кечқурун уч кунлик миллий мотам эълон қилди. Расмий баёнотда хавфсизлик кучларининг намойишчилар ўлимидаги роли тилга олинмади.
Давлат ОАВида эълон қилинган Вазирлар Маҳкамаси баёнотида намойишчилар, хавфсизлик кучлари ва полиция вакилларининг ўлими учун жавобгарлик намойишчиларнинг ўзларига юкланди. Ҳукумат, шунингдек, зўравонликларни Исломий давлат гуруҳи ҳаракатларига қиёслади. Ҳукумат раҳбари Маъсуд Пезешкиён бошчилигидаги маъмурият бу позицияни қўллаб-қувватлади.
Сўнгги кунларда Эрон расмийлари ва давлат ОАВи намойишчиларни “қуролланган террористлар” деб атаб келмоқда. Шу билан бирга, Эронда ҳукуматни ўзгартиришни талаб қилиб ўтказилган кўп кишилик намойишлар ҳақида — интернетда тарқалган тасвирларга қарамасдан — расмий ахборотларда айтилмаяпти.
11 январь куни давлат телевидениесига берган интервьюсида Пезешкиён намойишчиларни яна “террористлар” деб атаб, хавфсизлик кучларини уларга қарши қатъий чоралар кўришга чақирди.
Орадан бир соат ўтиб, ижтимоий тармоқларда Теҳрондаги Каҳризак суд-тиббиёт шифохонасида кўплаб одамлар ҳалок бўлганини кўрсатувчи видеолар тарқатилди.
Мамлакат бўйлаб интернет тўлиқ ўчирилиши, кескин чекловлар ва цензура жорий этилгани сабабли Эрон бўйлаб намойишлар давомида аниқ қанча одам ҳалок бўлгани номаълум.
Айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўз манбаларига таяниб, турлича рақамларни келтирмоқда.
АҚШда жойлашган HRANA ташкилоти маълум қилишича, икки ҳафта давом этган тартибсизликлар чоғида 490 нафар намойишчи ва 48 нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлгани тасдиқланган. Шу даврда 10 600 нафардан ортиқ одам ҳибсга олинган.
Эрон ҳукумати, шунингдек, 12 январь куни ўтказилиши режалаштирилган давлат томонидан қўллаб-қувватланган митингда иштирок этишга даъват қилди. Эрон фуқароларига юборилган СМС-хабарларда улар “АҚШ ва сионизмга алоқадор қўпорувчи унсурлар ҳамда қуролланган террористлар”га қарши юришга чақирилган.
ТЕҲРОН МОРГИ ЁНИДА ЁТГАН ЖАСАДЛАРНИ АКС ЭТТИРГАН ДАҲШАТЛИ ТАСВИРЛАР ИНТЕРНЕТДА ТАРҚАЛДИ
Эрондаги норозилик намойишлари ва инсон ҳуқуқлари бузилишини кузатиб борадиган Vahid Online ва Hal Vash Telegram каналлари Теҳрондаги сўнгги ҳукуматга қарши намойишлар пайтида ҳалок бўлган одамлар тасвирланган фотосурат ва видеоларни эълон қилди.
Reuters томонидан тасдиқланган видеоларда Эрон пойтахтида жойлашган Каҳризак суд-тиббиёт маркази ҳудудида одамлар ҳалок бўлганлар орасида ўз яқинларини аниқлаётгани акс этган. Агентлик видеолар аниқ қайси санада суратга олинганини тасдиқлаш имконсизлигини маълум қилди.
RFE/RL’нинг Radio Farda хизмати олиб борган суриштирувларга кўра, намойишлар чоғида Эрон ҳарбий ва хавфсизлик кучлари фуқароларга нисбатан ҳақиқий ўқ-дорилардан фойдаланган. Шунингдек, судсиз қатл этилгани ҳақида ҳам хабарлар мавжуд.
Вазият «тўлиқ назорат остида» - Эрон Ташқи ишлар вазири
12 январь куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, мамлакатда вазият «тўлиқ назорат остида», деб баёнот берди.
Дипломатлар билан мулоқотда Ароқчининг айтишича, хавфсизлик кучларида намойишчиларга қурол тарқатилгани акс этган видеолар бор:
«Намойишчилар орасида қуролланган элементлар кузатилди, улар нафақат хавфсизлик кучлари ва полиция, балки ва муҳими, оддий одамларга қарата ҳам отганини аниқладик”.
Шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазири қуролланган намойишчилар борлигини, бу вазиятга хорижий аралашувни қўзғатишга уриниш, деб баҳолади:
«Америка Президенти Жаноб Трамп айтган эди: агар одамлар ўлса, биз аралашамиз, деб. Аммо муҳими шуки, Трампнинг баёнотлари ортидан тартибсизлик юзага келтиришни истаган элементлар, эҳтимол АҚШни аралашишга жалб қилиш умиди билан, ўлим сонини оширишга ҳаракат қилди».
"Бошқарилган террор қурбонлари" - Эрон давлат ОАВ қурбонлар ҳақида
Эрон давлат ОАВ 12 январ куни намойишчилар дафн маросимини жонли намойиш қилди. Расмий хабарларда, намойишчилар «АҚШ ва Исроил томонидан бошқарилган террористик ҳаракатлар оқибатида ҳалок бўлган» деб даъво қилинди.
АҚШдаги Human Rights Activist News Agency ташкилотига кўра, 28 декабрдан бери 490 намойишчи ва 48 нафар хавфсизлик ходими ўлгани тасдиқланган, 10 600 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.
Эронда 28 декабрда бошланган намойишларда ўлганлар акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалишда давом этмоқда.
11 январь куни тармоққа тушган ушбу видео Теҳрон яқинидаги Каҳризак шаҳрида жойлашган суд-тиббий экспертиза маркази ёнида тасвирга олингани айтилмоқда. Видеода эронликлар жасадлар орасидан ўз яқинларини қидираётгани кўринади.