АҚШ: Эрон раҳбарияти ўнлаб миллион долларни мамлакатдан чиқармоқда
АҚШ Молия вазири Скотт Бессантнинг айтишича, Эронда намойишлар авж олгани сари капиталнинг мамлакатдан чиқиб кетаётгани кузатилмоқда:
“Санкцияларни амалга оширадиган Молия вазирлиги сифатида биз ҳозир кемани ташлаб қочаётган каламушларни кўряпмиз. Чунки Эрон раҳбарияти томонидан миллионлаб ва ўнлаб миллион долларлар мамлакатдан пул ўтказмалари орқали ёки яширин равишда олиб чиқилаётганини кўриб турибмиз”.
Бессантга кўра, аслида бугун Эронда юз бераётган воқеалар Дональд Трамп маъмурияти юритган «энг юқори босимдаги» сиёсат натижасидир.
Newsmax телеканалига берган интервьюсида у, Трамп маъмурияти, Эроннинг нефт экспортига эътибор қаратиш орқали ҳукуматнинг асосий молиявий манбасини тўсиб қўйишга урингани ва бу юқори босимдаги сиёсат натижасида мамлакат ичида «тўлиқ молиявий инқироз» юзага келганини айтди.
"Халқ иқтисодий коррупция учун жазони талаб қилмоқда"
28 декабрда Эрондаги иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви ва миллий валюта қулаши сабаб бошланган намойишлардан сўнг ҳокимият интернетга киришни деярли тўлиқ чеклагани туфайли, хориждаги эронликлар ва ҳуқуқ фаолларидан олинаётган маълумотларни тезкор текшириши қарийб имконсиз бўлиб қолмоқда.
«Айни пайтда онлайн маълумот бўшлиғи ҳукуматни қўллаб-қувватловчи аккаунтлар, сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта материаллар ва бошқа манфаатли кун тартибларининг кенг ёйилишига олиб келмоқда», дея қўшимча қилади NetBlocks ташкилоти.
Жумладан, чоршанба куни Теҳронда сўнгги тартибсизликлар давомида ҳалок бўлган хавфсизлик ходимлари ва фуқаролар учун катта дафн маросими бўлди.
Ҳозир Эрондаги ахборот воситалари ва хабарлар маконини ҳукумат ўтказаётган маросимларга оид хабарлар эгаллаган. Бу хабарларда ҳукуматнинг намойишларни “исёнчилар ва террористлар” уюштирганига оид даъвоси уқдирилгани кузатилмоқда.
Дафн маросимларида эса Эрон ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Ароқчи каби юқори лавозимли мансабдорлар ҳамда давлат байроқлари, Олий раҳбар Али Хоманаий ва ҳалок бўлганлар суратини кўтариб олган маҳаллий аҳоли иштирок этди.
Қатнашчилар, шунингдек, Исроил ва Қўшма Штатларга қарши шиорлар айтиб, полицияни қўллаб-қувватлашларини билдирди.
«Одамлар мамлакатнинг иқтисодий аҳволига қарши норозилик билдириш учун чиққан эди. Афсуски, душманлар бу вазиятдан фойдаланиб қолди. Аслида халқ иқтисодий коррупция учун энг оғир жазони талаб қилмоқда. Халқ шунга қаршилик кўрсатмоқда ва Эроннинг асл ғояларига содиқ қолмоқда, аммо барибир қаттиқ иқтисодий босим остида. Биз ҳукуматнинг намойишчиларга жавоб беришини истаймиз», дейди теҳронлик Марям.
«Ҳамма иқтисодий шароитдан норози, лекин одамлар орасида ҳеч ким жамоат мулки ва одамларнинг шахсий мулкига зарар етказилиши ёки хавфсизликка таҳдид солинишидан хурсанд эмас. Менимча, бу сўнгги ҳодисалар оддий одамлар томонидан қилинмаган ва Моссад ҳамда Америка агентлари томонидан бошқарилган, улар мамлакат хавфсизлигини бузиб, Эронни ғайриоддий ҳолатга солиб қўйди. Улар ўз мақсадларига эриша олмади, аммо афсуски, хавфсизликни қўриқлаган кўплаб яқинларимизни йўқотдик», дейди яна бир теҳронлик Муртазо.
Минтақадаги кучлар эҳтимолий ҳарбий зиддиятга тайёрланмоқда
АҚШ ахборот воситаларига кўра, Яқин Шарқда кескинлашиб бораётган вазият АҚШ ҳарбий ҳаракатлари ва дипломатик эҳтиёт чораларини кучайтиришга сабаб бўлмоқда.
Айни пайтда, минтақавий кучлар ҳам Эрон иштирокидаги эҳтимолий кескинлашувга тайёргарлик кўрмоқда.
Рейтерс агентлигига кўра, чоршанба куни АҚШнинг учоқ ташувчи ҳарбий кемалари Жанубий Хитой денгизидан Яқин Шарққа йўл олган ва етиб бориши учун тахминан бир ҳафта кетади.
Шу куни АҚШнинг Қатардаги элчихонаси ўз фаолияти ва ходимлар сони одатдагидек эканини тасдиқлади, бироқ ходимларни юқори даражада эҳтиёткорликка чақирди.
Элчихона, шунингдек, Қатарда жойлашган АҚШнинг йирик ҳарбий ҳаво базасига муҳим бўлмаган сафарларни чеклашни ҳам тавсия қилди.
Яқин Шарқдаги энг йирик АҚШ ҳарбий базаси ҳисобланган Ал-Удейд ҳаво базаси Доҳадан тахминан 35 километр жануби-ғарбда ва Эрон чегарасидан 200 километр нарида жойлашган.
Базада тахминан 10 минг АҚШ ҳарбий хизматчиси бор бўлиб, бу база узунлиги 4 500 метрлик учиш-қўниш йўлагига эга ва стратегик бомбардимончи самолётлар ҳамда йирик транспорт ҳаво кемаларини қабул қила олади.
Яқин Шарқдаги бу кескин вазият глобал авиақатновларга ҳам таъсир қилди. Германиянинг Lufthansa авиагуруҳи чоршанба куни ўз бренди остидаги барча рейслар, жумладан Austrian Airlines, Swiss International Air Lines ва Brussels Airlines самолётлари Эрон ва Ироқ ҳаво ҳудудидан вақтинча қочиб ўтишини эълон қилди.
15–19 январь кунлари орасида Исроилнинг Тел-Авив ва Иорданиянинг Аммон шаҳрига бўладиган барча парвозлар фақат кундузи амалга оширилиши, экипажлар эса минтақада тунаб қолмаслиги белгиланди.
Дунё ҳукуматлари ҳам эҳтимолий ҳарбий кескинллик олдидан турли чоралар қўлламоқда.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги чоршанба куни Эроннинг Теҳрон шаҳридаги элчихонаси вақтинча ёпилгани ва масофавий режимга ўтилганини тасдиқлади.
Британия ҳукумати огоҳлантиришида «вазият жуда тез кескинлашиши ва катта хавф-хатарлар туғдириши мумкинлиги» айтилган ҳамда Эронга барча турдаги сафарлардан тийилиш бўйича тавсия яна бир бор такрорланган.
Польша, Италия ва Испания ҳукуматлари ҳам чоршанба куни Эронда бўлиб турган ўз фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирди.
Яманда эса Ҳусийлар ҳаракатининг сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад ал-Фараҳ чоршанба куни Эрон атрофидаги ноаниқ вазият сабабли гуруҳ юқори шайлик ҳолатига келтирилганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, агар Эронга ҳужум қилинса, вазият янада кескинлашиши, ҳатто Ғарб давлатларига нефть етказиб бериш тўхтатилиши мумкин. Бу ҳолат оқибатлари эса АҚШ ва унинг иттифоқчилари зиммасига тушади.
Трамп: Ризо Паҳлавий «жуда ёқимли инсонга ўхшайди»
Рейтерс агентлигига берган интервьюсида Трамп Эрон исломий бошқарувининг асосий рақиби кўрилган мухолифат етакчиси Ризо Паҳлавийни «жуда ёқимли инсонга ўхшайди» деб таърифлади:
«У жуда ёқимли кўринади, лекин ўз мамлакати ичида қандай қабул қилинишига ишончим комил эмас. Биз ҳали бу босқичга етиб келганимиз йўқ. Унинг мамлакати унинг раҳбарлигини қабул қиладими-йўқми, билмайман. Агар қабул қилса, албатта, бу мен учун жуда яхши бўлар эди».
Трампнинг ўтган ҳафта Паҳлавий билан учрашиш режаси йўқлигини айтганидан кейинги бу гаплари Паҳлавийнинг Эронни бошқара олиш қобилиятига нисбатан янада катта шубҳа билдириши кўрсатувчи ишорат сифатида баҳоланмоқда.
АҚШда яшовчи, 65 ёшли Ризо Паҳлавий 1979 йил Ислом инқилобидан олдинёқ Эронни тарк этган ва шундан бери мамлакат ташқарисида яшаб келмоқда.
У сўнгги намойишларда мухолифатнинг етакчи овозларидан бирига айланган. Бироқ Эрон мухолифати турли рақиб гуруҳлар ва мафкуравий оқимларга бўлинган бўлиб — Паҳлавийни қўллаб-қувватловчи монархистлар ҳам шулар жумласидан — Ислом Республикаси ичида яхши ташкиллашган тузилмага эга эмас.
Трампнинг айтишича, намойишлар туфайли Теҳрондаги ҳукумат қулаши мумкин, аммо «ҳар қандай режим муваффақиятсизликка учраши мумкин». «Қулайдими-йўқми, барибир бу жуда қизиқ давр бўлади», — деди у.