Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:34

“Нима эксанг, шуни ўрасан”– тармоқлар Татьяна Каримованинг шикоятомуз пости ҳақида


Татьяна Каримова набираси Имон билан.
Татьяна Каримова набираси Имон билан.

Ўзбекистоннинг собиқ биринчи хоними Татьяна Каримова ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида қамоқдаги қизи Гулнора билан учрашувга рухсат берилмагани ҳақида ёзди. Бир ҳафта аввал марҳум Ислом Каримовнинг тўнғич ўғли Пётр ўгай онаси Татьяна Каримовани мерос масаласида судга берган эди.

Ушбу икки воқеа сабаб чорак аср давомида Ўзбекистоннинг энг қудратли шахсларидан бўлган, 2016 йилдан буён эса “марҳум президентнинг беваси” мақомига қаноат қилиб келаётган Татьяна Акбаровна теграсидаги муҳокамалар яна қизғин тус олди.

“Неварам Имонни 25 ёшни қарши олгани билан табриклайман. Бахт, фароғат, меҳр-муҳаббат тилайман. Лекин, афсуски, бугунги гўзал кун қувончи тўкис эмас... КИН-21 аёллар колониясидаги қизим Гулнорани кўришга рухсат берилмади”, дея пост қолдирди Татьяна Акбаровна 17 июнь куни Инстаграмдаги саҳифасида.

Нега 2016 йилдан буён “марҳум президентнинг беваси” мақомига қаноат қилиб келаётган Татьяна Акбаровна қизи ҳақида пост қўйиб, қизи билан учрашишга рухсат берилмаганидан шикоят қилди?

Гулнора Каримова ишини яқиндан кузатиб келаётган Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомовнинг айтишича, бунинг икки сабаби бўлиши мумкин:

“Биринчидан, унда бирдан оналик туйғуси уйғониб, қизидан ташвишга тушиб қолган бўлишини истисно қилмаган бўлардим – биз Гулнора Каримова қай аҳволдалигини билмаймиз, эҳтимол онаси ҳам билмас. Иккинчи муҳтамал сабаб бу – пул: маълумки, ўтган йили Швейцария Олий суди Гулнора Каримова адвокатларининг апелляция шикоятини қаноатлантириб, пулларни Гулнора Каримовага қайтариш тўғрисида қарор чиқарди.

Пул масаласи ҳозирча “осилиб турибди”, лекин Гулнора Каримовага бу пуллар борасида қандайдир сигналлар керак бўлиши мумкин. Чунки пуллар дастлаб Такилантга ўтказилиши ва у орқали бошқа ҳисобларга туширилиши эҳтимоли юқори. Афтидан, ана шу мавҳумлик Каримовлар оиласида безовталик уйғотмоқда ва улар пулларни тезроқ қўлга киритиш йўлини излашяпти. Бу иш осонликча ҳал бўлмайди, албатта, чунки АҚШ ҳам мазкур активлар бўйича даъво қўзғатган ва масала ҳозирча ечимини топгани йўқ. Шунга қарамай, Гулнора Каримова тараф, унинг оиласи, болалари пулларни олиш учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишяпти.

Айнан шу мулоҳазалар уларни Гулнора Каримова билан кўришиш, учрашиш, балки ундан кўрсатма, ҳатто қандайдир ишончнома олиш мақсадида Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга ундаётганини истисно қилмаган бўлардим", - дейди Алишер Илҳомов.

“Нима эксанг, шуни ўрасан”

Ижтимоий тармоқ фаоллари ушбу шикоятомуз постга ҳамдардлик билан эмас, аксинча, “Нима эксанг, шуни ўрасан” қабилидаги ғазабнок айбловлар билан муносабат билдирди.

“Мансаб, мартаба, бойлик бир марта берилади. Ва албатта синов учун. Сўнгра қиёматда сўроқ қилинади. Халқ мулки, халқ чеккан азоблар, халқ мулкидан қилинган маишат ва исрофларнинг кичик жазосини ҳамма кўриб турибди. Асосий cинов қабрдан бошланади. Мардикорга айланган йигитлар, умри гулдай сўлиб, хорланган хотин-қизлар, бир бурда нонга зор муҳтожлар, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ўрнига осмонга соврилган пуллар, кераксиз дача ва виллалар учун ҳали жавоб берилади”, деб ёзди Тошкентдаги масжиднинг собиқ имоми Шермурод Тоғай.

“Шу оила кейси ҳеч нарса бу дунёда бир умрлик эмаслиги, ҳаммаси омонатлиги, синов учунлиги ва ҳамма ишни жавоби борлигини эслатиб туради менга”, деб ёзди иқтисодчи ва жамоат фаоли Барногул Санақулова.

"Телекомни Арипов назорат қилган". Гулнора Каримованинг пуллари "Такилант"га қайтариладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:59 0:00

Собиқ биринчи хонимнинг арз-додига Азамат Тоштемиров “Бойлар ҳам йиғлайди” деб муносабат билдирган бўлса, Билол Арслонов “Ўтди даврон, кетди карвон” дея изоҳ қолдирди.

“Ҳукумат тепасида халқни адолатли бошқарганингизда суюкли қизингиз жиноятчи бўлмас эди. Сизлар қурган тузум даврида вафот этиб маҳбусларнинг оилалари қон йиғлаган. Бу ҳали ҳолва!” дея Каримов даврида айбсиз қамалганлар қисматини ёдга олди Муҳаммад Саид.

Татьяна Акбаровна эрининг ўлимига қадар мамлакат бошқарувида сезиларли таъсирга эга бўлган, деб ишонилади. WikiLeaks томонидан сиздирилган АҚШ дипломатларининг махфий ёзишмаларида Каримова хоним юқори лавозимлар олди-сотдисига аралашгани қайд этилган. Биринчи оиланинг бекаси Ўзбекистонга хориждан маҳсулот келтирилишини ҳам назорат қилгани айтилади.

Бир пайтлар отасининг эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилган 51 ёшли Гулнора Каримова эса давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор деб топилиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон бош прокуратураси президент қизи томонидан давлат ва фуқароларга келтирилган зарарни 1 триллион 270 миллиард 200 миллион сўм, 1 миллиард 651,8 миллион АҚШ доллари, 26,1 миллион евро деб баҳолаган.
Г.Каримова жазони Зангиотадаги 21-сонли аёллар колониясида ўтаётгани маълум. Ўзбекистон расмийлари қамоқда унга нисбатан босим ўтказилаётгани, ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этган.
Ўтган ҳафта мамлакатнинг собиқ биринчи оиласи вакиллари ўзаро судлашиши ҳақида ҳам хабар чиқди.

“Онам қамоқда рўза тутмоқда”. Гулнора Каримова Тошкентга борган қизи Иман билан кўриштирилмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:01 0:00

26 июнь куни фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан бўлган фарзанди Пётр Каримовнинг Татьяна Акбаровнага нисбатан даъво иши кўриб чиқилади. Тошкент суди томонидан эълон қилинган маълумотда даъво предмети ворислик ҳуқуқи низоси экани англашилади. Бу даъво ҳам ижтимоий тармоқларда ташвиш билан қаршиланди.

"Янги ворис чиқди, бечора халқим, сўнгги тўнингни олиб чиқиб бер!” деб хитоб қилди Зуҳра Мамадалиева.

“Қизлари талаб ташлаганди Ўзбекистонни! Битта невараси Канн фестивали учун етти юз минг долларлик тақинчоқ тақди. Энди ўғли ҳам бор эканми?! Булар ўғирлаган пулларини чет элга ташиб, кайф қилиб юради. Уларни тергов қилиб сўрайдиган, ўғирланган халқ пулини жойига қўйдирадиган бирорта ташкилот борми?!” дея савол қўйди бошқа бир жамоат фаоли.

Ислом Каримовнинг биринчи рафиқаси Наталья Кучма билан турмушидан 1969 йилда Пётр туғилган. Аммо президентнинг расмий таржимаи ҳолида ушбу никоҳ ва унинг биринчи фарзанди номи келтирилмаган.
Озодликка маълум бўлишича, 54 ёшли Пётр Каримов 1990 йиллардан буён Москвада истиқомат қилиб келади.

Собиқ биринчи оиланинг моддий-молиявий таъминоти ҳам жамоатчилик муҳокамасидаги мавзулар сирасига киради. Бир неча йил аввал собиқ дипломат Алишер Таксанов Каримов оиласига давлат тарафидан қанча пул харжланаëтгани очиқланишини талаб қилиб чиққан эди.

Отасининг қизи. Саида Мирзиёева ким?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:43:20 0:00

Унга кўра, давлат Каримовнинг беваси яшаëтган Тошкентдаги квартира, Қайнарсойдаги қароргоҳ харажатларини ошиғи билан тўламоқда. Тиббий хизмат, автомобиллар, ҳайдовчилар ҳамда уй хизматчилари маоши ҳам ғазна ҳисобидан қопланаётир. Собиқ дипломат бу харажатларни “ўзбек солиқ тўловчилари зиммасига юкланган ортиқча юк” деб атаган.

2016 йилда ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев аввалига омма ўнгида ўзини Ислом Каримовнинг шогирди ва у бошлаган ишларнинг давомчиси сифатида тақдим этган бўлса-да, амалда унинг сиёсий меросидан масофаланишга қаратилган қатор ишларни амалга оширган. Жумладан, мамлакат қамоқхоналаридаги ўнлаб сиёсий маҳкумларни озод қилган, минглаб одамларни қора рўйхатлардан чиқарган.

Татьяна Каримованинг ўзи ҳақида Мирзиёев “Фарғоналик келинлар” бир вақтлар водийни ғорат қилгани" ҳақида гапирганди.

Аммо таҳлилчиларга кўра, Мирзиёев Каримовдан қолган сиёсий тузумни ислоҳ қилгани йўқ ва ҳозирда президентлик муддатини узайтириш ҳаракатлари билан Каримов умрбод ҳокимиятда қолиш учун қўллаган усулларни қўлламоқда.

Ижтимоий тармоқ фаоллари ва оддий ўзбекистонликлар кўпинча Мирзиёев қизларининг отаси администрацияси ва ҳукуматда юқори лавозимларга тайинланиши ҳамда куёвларининг бизнес манфаатлари билан Гулнора Каримованинг бошига тушганлар ўртасида параллел ўтказишади.

Фарғоналик куёвлар: Мирзиёев қудалари қандай бойиди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:46 0:00

Форум

XS
SM
MD
LG