Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2026, Тошкент вақти: 11:33

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

16:32 18.6.2023
NATO-DEFENCE/
NATO-DEFENCE/

Столтенберг: Украина НАТОга амалий жиҳатдан яқинлашиши керак

НАТО аъзолари Украина амалий жиҳатдан альянсга яқинлашиши ва қўшма кенгаш тузиш керак деган фикрда дея хабар қилди Столтенберг.

"Украина сўнгги ўн йил ичида НАТОга яқинлашганини кўрдик. Биз Украина альянсга аъзо бўлишини қўллаб қувватлаймиз. Бу иттифоқчилар ва Украина қарор қилиши керак бўлган масала. Уруш қачон тугашини билмаймиз, лекин Украинанинг келажакдаги хавфсизлигини таъминловчи асос яратишимиз ва тарих такрорланмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак”, деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО Украинага хавфсизлик кафолатларини бериш масаласини муҳокама қилмоқда.

Столтенберг, шунингдек, иттифоқчилар мудофаа учун ЯИМнинг 2 фоизини ажратиш мажбуриятини олаётганини билдирди.

НАТО альянси Совуқ урушдан кейин биринчи марта мудофаа режаларини келишишга яқинлашмоқда дея қўшимча қилди Столтенберг.

АҚШ президенти Жо Байден эса Вашингтон Украинанинг Шимолий Атлантика алянсига қўшилиш жараёнини соддалаштирмаслигини айтди. Унга кўра, Киев киришнинг умумий шартларига риоя қилиши керак.

"Бу ўз-ўзидан содир бўлмайди", деди Байден шанба куни эрталаб Вашингтон яқинидаги Эндрю ҳаво кучлари базасида журналистларга Украинанинг НАТОга қўшилиш истиқболига ишора қилиб. Шу билан бирга, у Украина ўзининг ҳарбий салоҳиятини намойиш этиш учун кўп ишларни амалга оширганини таъкидлади.

Америка президентининг баёноти 11 ва 12 июл кунлари Вилнюсда бўлиб ўтадиган НАТОнинг бўлажак йиллик саммити арафасида айтилди, деб ёзади “Америка Овози”. Жума куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг саммитда Украинани алянсга қўшилишга таклиф этилмаслигини айтди.

Шарқий Европадаги НАТО давлатлари Украинанинг аъзоликка кириши учун аниқроқ йўл харитасини ишлаб чиқишга интилмоқда, АҚШ ва Германия эса 2014-йилда айтган Киев қачонлардир иттифоққа қўшилади, деган ваъдадан нарига ўтишни истамаяпти.

21:27 19.6.2023

Швеция: Россиянинг эҳтимолий ҳужуми ҳақида ҳисобот эълон қилинди

Швеция парламентининг мудофаа қўмитаси махсус ҳисобот тайёрлади: унда Россия тарафидан бўладиган мутаҳамал ҳужум таҳдиди ҳақида сўз боради.

Бу ҳақда ҳисобот матни билан танишган манбаларга таянган ҳолда Швециянинг SVT телеканали хабар қилмоқда. Ҳужжат бугун эълон қилиниши керак эди.

“Россия ҳарбий куч қўллаш “планкаси”ни сезиларли даражада пасайтириб, жиддий сиёсий ва ҳарбий таваккалчиликларга шайлигини намойиш этмоқда”, дея парламент қўмитаси ҳисоботидан иқтибос келтиради SVT.

Ҳужжатда “Россия томонидан ҳарбий-ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучлари, олис масофаларга зарба берувчи қуроллар, жумладан ядро қуролларининг қўлланиши имкониятлари ўзгаришсиз қолмоқда”, дея қайд этилган. Айни чоғда Россия қуруқлик қўшинларининг катта қисми Украинага қарши урушга жалб қилингани ҳам урғуланган.

Парламент қўмитасининг ҳисоботи Швециянинг янги ҳарбий доктринаси учун асос қилиб олиниши мумкин.

Ҳозиргача амалда бўлиб турган ҳарбий доктрина фақат қўшни Шимолий Европа давлатлари ва Евроиттифоқ билан ҳамкорликка таянган бўлса, янги доктринада НАТО билан мустаҳкам ҳамкорликка урғу берилади. Швеция альянсга аъзо бўлишга ариза берган, бунга ҳозирча Туркия билан Венгрия тўғаноқ бўлиб турибди. Стокҳолм иккала давлат билан ҳам музокара қилмоқда, Анқара ва Будапешт тез орада ўз эътирозларидан воз кечиши эҳтимолдан холи эмас.

Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлагунига қадар Швеция 200 йилдан ортиқ давр мобайнида бетарафлик сиёсатини юритиб келган эди.

21:28 19.6.2023

Африка лидерлари: Глобал барқарорликдан умумий манфаатдорлик

Африка етакчиларининг Россия ва Украинага амалга оширган ташрифлари ортидан чиқиш қилган Миср ташқи ишлар вазири Сами Шукри мақсад - ҳар икки томонни тинглаш ва шу билан бирга сулҳга эришиб, дипломатик мулоқотга қайтишимиз истиқболларини ўрганиш эди, деди.

Шукри Қоҳирада Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррелл билан ўтказган матбуот анжуманида можаронинг Африка қитъасига инфляция, озиқ-овқат хавфсизлиги ва энергия хавфсизлиги нуқтаи назаридан таъсири борлигини таъкидлади:

“Ҳар қандай можароларни БМТ Низомида келтирилганидек тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш лозим. Биз вазият мураккаблигини ва бу можаро Африка мамлакатларига глобал иқтисодий вазият ва унинг ёмонлашиши билан боғлиқ оқибатлар олиб келаётганини кўриб турибмиз. Инфляция, озиқ-овқат ва энергия инқирози кўплаб мамлакатлар таъсир кўрсатди. Глобал барқарорликдан умумий манфаатдорлик ва муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш биргаликда ҳаракат қилишни тақозо қилади".

Боррел ЕИ Миср раҳбариятининг мамлакатда суданлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 20 миллион евро ажратишини маълум қилди.

21:29 19.6.2023

Белгородда отишма

Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков Украина чегарасига яқин Валуйка шаҳри ўққа тутилишидан жабрланганлар сони саккиз кишига етганини билдирди. Бунгача у етти киши жабрланганини маълум қилган эди.

Гладковга кўра, жабрланганлар орасида бир нафар ёш бола бўлиб, унинг ўмров суяги синган. Яна бир эркакда ёпиқ бош мия жароҳати мавжудлиги, уч аёл эса снаряд парчаларидан яралангани айтилмоқда. Шунингдек, бир қиз контузия билан касалхонага ётқизилган.

Губернатор, енгил жароҳатланган уч киши мустақил тарзда тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганини билдирди.

“Бешта кўпквартирали ва тўртта хусусий уй шикастланган: ойналар синиб, фасадлар дарз кетган. Битта хусусий уйда хўжалик биносига ўт кетган”, деб ёзди Гладков ўз телеграм-каналида.

Baza телеграм-канали ёзишича, 19 июнь тонггида Белгород вилоятининг бир неча аҳоли маскани ўққа тутилган. Қишлоқларга ҳужум маҳаллий вақт билан 6:40 да бошланган.

“Украина ҚК Валуйкадан ташқари, Графовка билан Демидовкани ҳам ўққа тутди”, дейилади хабарда. Ушбу икки қишлоқда ҳеч ким жабрланмаган, аҳоли уйларига зарар етмаган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Ғарбни келаси йил бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловлари олдидан Россиянинг ички сиёсий барқарорлигига путур етказишга уринаётганликда айблади:

“Суверен мамлакатларнинг ички ишларига аралашишнинг ёвуз амалиёти тўхтагани йўқ. Бунинг хилма-хил шакллари бор. Булар таҳдид, шантаж қилиш, “рангли инқилоблар”ни ёйиш. Ғарб 2014 йилда Украинадаги муваффақиятли давлат тўнтаришдан олти йил ўтиб Беларусда ҳам қонли давлат тўнтаришини такрорлашга беҳуда уринди. Бу тўхтамаслиги аниқ. Улар очиқдан-очиқ ўз олдиларига мамлакатимиз ички сиёсий барқарорлигига путур етказишни мақсад қилиб қўйган. Айниқса, келаси йил бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан”.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG