Киев ва Москва асир айирбошлади - Украинага 95, Россияга 94 киши қайтди
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак маълум қилишича, Киев икки офицер дохил 95 нафар ҳарбий хизматчисини қайтариб олган.
Улар орасида Украина ҚК ҳарбийлари, Мариуполда асир олинган миллий гвардиячилар ва чегарачилар (шунингдек “Азовсталь” мудофаачилари), Чернобиль АЭСда, Змеиний оролида ва Бахмут яқинида асирга тушганлар бор.
“Шунингдек, “Азовсталь” мудофаачиларига ёрдам бериш учун вертолётда қамалдаги Мариуполга учган махсус операция иштирокчиларини ҳам қайтариб олишга муваффақ бўлдик”, дея таъкидлади Ермак. Мулозимга кўра, алмашилган асирлар орасида ярадорлар кўп.
Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги “музокаралар натижасида Киев назорати остидаги ҳудудлардан Россиянинг ўлим хавфи остида қолган 94 нафар ҳарбий хизматчиси қайтарилган”ини билдирди.
Вазирлик хабарномасида бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Ҳаага суди Каховка ўпирилишини текширмоқда
Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди вакиллари Украина жанубида ўнлаб аҳоли масканларини сув босишига олиб келган Каховка ГЭС тўғони ўпирилиши бўйича текширув ўтказмоқда.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский 11 июнь оқшомида халққа мурожаати чоғида маълум қилди:
“Шу кунларда Халқаро жиноят суди вакиллари Херсон вилоятида бўлишди. Ҳалокат содир бўлган куниёқ бош прокурор ХЖСга мурожаат йўллаб, ушбу фожиа юзасидан суриштирув олиб боришни сўраганди. Иш аллақачон бошланган. Халқаро одил судлов вакиллари Россиянинг ушбу террорчилик акти оқибатларини ўз кўзлари билан кўришлари жуда муҳим. Тошқиндан жабр кўрган ва аҳолиси эвакуация қилинган қишлоқларни шафқатсизларча ўққа тутиш билан Россия давлати бу террорни давом эттираётганини ҳам билиб қўйсинлар”.
Зеленский суриштирув олиб боришда ХЖС вакилларига кўмаклашишга ваъда берди.
“Зиён кўрган ҳудудлар, гувоҳлар, барча маълумот, далиллар ХЖС ихтиёрида бўлади”, дея урғулади Украина президенти.
Каховка ГЭС тўғони ўпирилиши олтинчи июнга ўтар кечаси юз берди. Тўғон Херсон шаҳридан юқорида – Новая Каховка посёлкасида жойлашган.
Украина, ЕИ ва Буюк Британия юз берган фожиа учун жавобгарликни Россия зиммасига юклади. Расмий Киев Днепр дарёсидаги тўғон “Украина ҚК қарши ҳужумини тўхтатиш илинжида ичдан портлатилган”, деб ҳисоблайди.
Россия эса айбловларни инкор этиб, Каховка ГЭС ўпирилишини “Украинанинг қасддан амалга оширган диверсияси” деб атамоқда.
ISW: Украина камида 3 ҳудудда илгарилаяпти
Украина Мудофаа вазирлиги Донецк вилоятида 4 та аҳоли маскани Россия босқинчиларидан озод этилди, деб баёнот берди.
АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW)га кўра, Украина ҚК 10-11 июнь кунлари фронтнинг камида учта участкасида олдинга силжиб, Донецк вилоятининг Волноваха туманидаги Велика Новосилка посёлкасидан жанубда жойлашган бешта аҳоли маскани, хусусан, Макаровка, Нескучное, Благодатное, Сторожевое ҳамда Новодаровкани озод қилган.
Мудофаа кучларининг Таврия йўналиши матбуот котиби Валерий Шершень “Украинская правда”га берган интервьюсида аввалроқ Россия кучлари Волновахада, Украина қарши ҳужумига халал бериш мақсадида Ключевое қишлоғи яқинидаги Мокрие Яли дарёси тўғонини портлатганини айтди.
“Тўғон бузилгач, атрофдаги ҳудудларга сув тошди, бироқ бу ҳарбий ҳаракатларга ҳеч бир таъсир этмайди”, деди Шершень:
"Благодатне қишлоғи озод қилинганини эълон қилмоқчиман. Қишлоқ "Олексий Довбуш" бригадаси жангчилари томонидан озод қилинди. Операция Таврия йўналишидаги мудофаа кучларининг бўлинмалари билан ҳамкорликда муваффақиятли бўлди”.
Фронтнинг "Таврия йўналиши" Авдивкадан Херсонгача бўлган жанг ҳудудини ўз ичига олган.
Шунингдек, Украина ҚК Бош штаби Бахмут, Лиман, Авдивка ва Маринкада шиддатли жанглар бўлиб ўтганини, рус қўшинлари у ерга асосий кучларини йиғаётганини хабар қилди.
Донецк вилояти губернатори Павло Кириленконинг маълум қилишича, Авдивкада бир фуқаро рус қўшинларининг ўққа тутилиши натижасида ҳалок бўлган.
Украина Мудофаа вазири ўринбосари Ханна Маляр бир кун аввал украин кучлари энг шиддатли жанглар кетаётган Бахмут ҳудудида олдинга силжиганини билдирган эди.
Россия Мудофаа вазирлиги эса, ўтган кунда Украинанинг бир қанча ҳужумларини қайтаргани ҳақида маълумот тарқатди.
Россия томони украин қўшинларини Донецк ва Запорожье йўналиши бўйлаб ортга қайтариб, Запорожьедаги қўмондонлик пункти ва Донецкдаги арсеналига зарба берганини айтмоқда.
Мудофаа вазирлиги хабарида айтилишича, Россиянинг разведкачи кемасига ҳужум қилишга уринган Украинанинг масофадан бошқариладиган тезюрар катери ҳам йўқ қилинган.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Европанинг уч йирик давлати раҳбари Украинага ёрдамни муҳокама қилиш учун Парижда йиғилди
Германия канцлери Олаф Шолц Франция президенти Эммануел Макрон ва Полша президенти Анжей Дуда билан Парижда ўтказган қўшма матбуот анжуманида Украина учун хавфсизлик кафолатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади:
Франция президенти Эммануел Макрон Украинанинг Россия кучларига қарши узоқ кутилган қарши ҳужуми бир неча кун аввал бошланганига тўхталиб, бу Киевдаги ҳарбий раҳбарият томонидан пухта режалаштирилганини таъкидлади:
“Биз можаро бошиданоқ ўзимиз белгилаган чегаралар доирасида Украинага ёрдам бериш учун ҳамма нарсани қилдик: Россияга қарши санкциялар, Украинага эса мудофаа ва ҳудудларини қайтариб олишда ёрдам. Украинанинг Россия ҳудудига ҳужум қилмаслиги ва ҳар қандай кескинлашувнинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар шулар жумласидан".
Полша президенти Анжей Дуда НАТОнинг июль ойида бўлиб ўтадиган саммити Украинанинг альянсга аъзо бўлиш йўлида “аниқ сигнал” беришига умид билдирди:
"Украина НАТОга аъзо бўлиш истиқболи борасида аниқ сигнал кутмоқда. Бугунги кунда бу Украина ҳукумати, украин аскарлари ва Украина жамияти энг кўп кутаётган масала. Бу энг муҳим вазифалардан бири эканлиги шубҳасиз”.
Шолц, Макрон ва Дуда "Веймар учлиги" деб аталган формат дориасида Парижда учрашди.