Канада бош вазири Жастин Трюдо Киевга келди
Канада бош вазири Жастин Трюдо олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келди. Жаноб Трюдо Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди.
Ташриф тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
Украинадаги урушда ҳалок бўлган камида 25 218 россиялик аскарнинг шахси аниқланди
Би- Би-Cи Рус хизмати, "Медиазона" ва бир гуруҳ кўнгиллилар билан биргаликда урушда ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларни ҳисобламоқда, уларнинг исмлари очиқ манбаларда маълум бўлмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, уларнинг камида 25218 нафари шахси аниқланган , тадқиқотчилар эса, эҳтимол, Россия Армиясининг ҳақиқий йўқотишлари бундан сезиларли даражада кўп бўлишини айтишади.
Россия ҳужумининг фаол босқичи якунланганига қарамай, рус армияси сафларида қурбонлар сони ўсиш суръати юқорилигича қолмоқда, икки ҳафта ичида Россия камида 1213 аскарини йўқотгани аниқланган.
Трюдо Киевда. Зеленский қарши ҳужум ҳақидаги саволларга жавоб берди
Украина президенти Владимир Зеленский Киевга келган Канада бош вазири Жастин Трюдо билан қўшма матбуот анжумани чоғида Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми ҳақидаги саволга жавоб берди.
Журналистлар унга Россия президенти Владимир Путиннинг бир кун аввал “Украина армияси қарши ҳужум пайтида ҳеч қандай секторда ўз мақсадига эриша олмагани” ҳақидаги баёноти ҳақида сўрашди.
"Мен ҳар куни турли йўналишдаги қўмондонларимиз - Сирский, Тарнавский, Москалев, Наев, Залужний билан боғланиб тураман. Ҳозир ҳамма ижобий кайфиятда. Путинга шуни етказинг", - деди Зеленский бунга жавобан.
"Украинада қарши ҳужум ва мудофаа ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қайси босқичда - батафсил гапирмайман. Ва ўйлайманки, биз буни ҳис қиляпмиз", - деди президент. "Мен телеграм каналлари ва Путинга ишонмаган бўлардим. Ҳарбийларимизга ишонинг” дея қўшимча қилди Зеленский.
Жастин Трюдо матбуот анжумани чоғида Украинага 375 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратилишини маълум қилди. У, шунингдек, Канада ўтган баҳорда Торонтога қўнган Россия транспорт самолётини мусодара қилмоқчи эканлигини айтди. У Украинага топширилади.
Шойгу Россиянинг барча кўнгилли тузилмаларига Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашни буюрди
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу барча “кўнгилли отрядлар”ни 1 июлгача Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш мажбуриятини юклаган фармонни имзолади. Бу ҳақда бошқарма сайтида хабар берилди.
Қайси бўлинмалар ҳақида гап кетаётгани кўрсатилмаган, аммо вазирлик “Вагнер” жангчиларини бир неча бор "кўнгиллилар" деб атаган.
Россия Мудофаа вазири ўринбосари Николай Панковнинг видео конференция чоғида таъкидлаганидек, бундай қарор кўнгилли тузилмаларга зарур ҳуқуқий мақоми бериш имконини беради ва бўлинмаларни ҳам ҳарбий хизматчилар, ҳам “кўнгиллилар” билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.
Шу билан бирга, индивидуал "кўнгиллилар" иккала отряд ва Мудофаа вазирлиги билан бевосита шахсий шартномалар тузиш имкониятига эга.
Вазирлик таъкидича кўнгилли тузилмаларга қўшилганлар сони ортмоқда, ҳозирда уларнинг сони 40 дан ошган.
Сота телеграм-каналининг хабар беришича, ушбу буйруқ билан Мудофаа вазирлиги Россия ХҲШларини, жумладан, ҳозирда кўнгилли тузилмалар мақомида бўлган Вагнер ширкатини ўзига бўйсундирмоқчи.
Вагнер "Шойгу билан ҳеч қандай шартнома имзоламайди", деди Евгений Пригожин Мудофаа вазирлиги раҳбарининг янги фармонига жавобан.
Вагнер ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин Россия Мудофаа вазирлигини ва шахсан Сергей Шойгуни бир неча бор очиқ танқид қилган. Хусусан, 2023 йилнинг биринчи ойларида Пригожин бир неча бор Мудофаа вазирлигини Вагнер ширкатига ўқ-дори беришдан бош тортганликда айблаган.