Запорожьеда жанглар. Нималар маълум?
Ғарб танклари билан қуролланган ва НАТО қўшинлари томонидан тайёргарликдан ўтган Украина кучлари камида учта жабҳада рус бўлинмаларига ҳужум қилиб, ҳарбий операцияларини юқори тезликда бошладилар,
Киев 15 ойдан кўпроқ вақт ўтиб уруш манзарасини ўзгартиришига умид қилмоқда.
Охирги икки кун давомида жанубий Запорижья вилоятида, жанубий ва жануби-ғарбга олиб борадиган иккита йирик магистрал йўл бўйлаб жойлашган Орихив ва Токмак шаҳарлари атрофида шиддатли жанглар кечган.
Токмакни қўлга киритиш Украина қўшинларининг Мелитополга кириб бориши учун йўл очади, уларни босиб олинган Қрим ярим ороли ва Азов денгизидаги асосий порт Бердянскга яқинлаштиради.
Жанглар шарқда, Запорижья ва Донецк вилоятлари ўртасидаги маъмурий чегара яқинидаги Велика Новоселка қишлоғи атрофида ва феврал ойида Россия кучлари ҳалокатли мағлубиятга учраган Уҳледар яқинида кечган.
Катта тўқнашувлар Донецк вилоятидаги Бахмут атрофида ҳам бўлиб ўтган. уни Россия ўтган ойда 10 ойлик қонли жангларидан сўнг эгаллаб олган ва шаҳарни бутунлай вайрон қилган.
Украина расмийлари ўз қўшинларининг ҳужум ҳаракатлари ҳақида очиқчасига гапирмаяпти.
“Украинанинг мудофаа ва ҳужум ҳаракатларига келсак, албатта, улар давом этмоқда”, деди Зеленский президент девонининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк 9 июн куни Озодлик радиосининг Украина хизматига.
“Ҳужум бошланди, дейиш тўғри бўлади”, деди Озодлик билан суҳбатда уруш ҳақида кўп ёзган австралиялик истеъфодаги генерал Мик Раян.
Мудофаа вазири ўринбосари Ханна Маляр Донецк вилоятининг турли нуқталарида шиддатли жанглар кетаётгани, Украина қўшинлари ҳужумга ўтаётганини айтди.
Зеленский 8 июн куни тунги видеомурожаатида Донецк вилоятида “жуда оғир жанглар” кетаётганини айтди.
Сўнгги кунларда жанговар темпнинг кучайгани ҳақда россиялик ҳарбий блогерлар ҳам ёзмоқда.
Уларнинг баъзилари ҳарбий қисмлар ёки хавфсизлик идоралари билан яқин алоқага эга, жумладан, Украина қўшинлари қўшин ва техникада катта йўқотишларга учраганлиги ҳақидаги даъволарни илгари сурган. Баъзилари Германия томонидан етказиб берилган Украина кучларининг камида иккита “Леопард” танки Запорижья жануби-шарқида шикастланган ёки йўқ қилингани акс этган видеоларни эълон қилди.
Запоржьянинг рус қўшинлари томонидан босиб олинган қисмида Россия томонидан қўйилган мулозим Владимир Роговнинг айтишича, Украина қўшинлари Малая Токмачка ва Новоданиловка яқинида ҳужумга ўтган, бу хабарлар қисман бошқа манбалар томонидан тасдиқланган.
"Ҳозир юқори шиддатли жанг кетмоқда. Душман бизнинг позицияларимизни артиллерия ва танклардан узлуксиз ўққа тутмоқда, уларни йер билан яксон қилишга уринмоқда", - деди Рогов 8 июн куни Телеграм саҳифасида.
Одессада рус дрон ҳужумлари оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 26 киши яраланди
Украинанинг “Жанубий” оператив қўмондонлиги хабарига кўра, тунда Россия Одесса вилоятига “Шаҳед” дронлари билан ҳужум қилган. Уларнинг барчаси Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан йўқ қилинган. Дронлардан бирининг портлаши натижасида кўп қаватли уй яқинида кратер ҳосил бўлган, бир нечта уйларнинг деразалари синган. Вайроналар квартирага тушган, у ёнғинга сабаб бўлган.
Украина жануби мудофаа кучлари маълумотларига кўра, Одесса вилояти узра саккизта “Шаҳед” уриб туширилган. Ярадорлар орасида уч нафар бола ва бир ҳомиладор аёл бор.
Дронлар ҳужуми Николаев вилоятида ҳам кузатилди. Шанбага ўтар кечаси тунги сиреналар Украинанинг ўндан ортиқ вилоятларида, шунингдек, Киевда ҳам янгради.
Россия томонидан Херсон вилояти губернатори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Владимир Салдо минтақанинг сув босган ҳудудларидан эвакуация қилинганлар жойлашган биноларга ракета ҳужумлари содир этилгани ҳақида хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар натижасида бир аёл ҳалок бўлган. У зарбалар учун "чет элдаги ҳарбий жиноятчилар" ва "Киев режими"ни айблади.
Шунингдек, аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксёнов Украина армияси томонидан учирилган баллистик ракеталар эрталаб уриб туширилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар ва жабрланганлар йўқ.
Нова Каховка тўғони портлатилганига оид қўшимча далиллар
Америка разведка сунъий йўлдошлари тўғон вайрон бўлишидан олдин Каховка ГЭСида портлашни қайд этган. Бу ҳақда “Ню-Йорк Таймс” газетаси Оқ уй расмийсига таяниб хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, сунъий йўлдошлар кучли портлашнинг термал белгисини аниқлаган.
Газетанинг манбасига кўра, Америка разведкаси Россияни тўғонни вайрон қилганликда гумон қилмоқда, бироқ аниқ далиллар ҳамон ўрганилмоқда.
Маълумотларга кўра, портлаш сешанба куни эрталаб соат 2: 54 да содир бўлган. Президент Зеленскийнинг сўзларига кўра, ўшанда тўғон портлатилган.
Тўғон яқинида яшовчи одамлар тўғон қула бошлаганда бир неча портлаш овозини эшитганини хабар қилишган.
ICRC: Тўғон суви оқизиб юборган миналар ўнлаб йиллар давомида аҳолига хавф солиши мумкин
Украина жанубида Каховка тўғонининг ёрилиши оқибатида сел суви оқими билан қўпорилган миналар аҳолига ўнлаб йиллар давомида жиддий хавф туғдириши мумкин.
Россия назорати остидаги Совет давридан қолган улкан Каховка тўғони сешанба куни эрта тонгда портлаб, уруш зонаси бўйлаб сув тошқинларини келтириб чиқарди ва ўн минглаб одамларнинг ҳаётини хавф остига қўйди.
Сув 15 ойлик уруш давомида ўрнатилган сон-саноқсиз миналарни ҳам ювиб кетди ва ҳозир уларнинг қаердалигини ҳеч ким билмайди.
Улар ҳали ҳам миналанган майдонларда ёки дарё лойига, далаларда, боғларда ва кенг ҳудуддаги йўлларда ётган бўлиши мумкин.
"Миналар, шаклига қараб, километрларча сузиши мумкин, айниқса, пластик корпусли миналарнинг узоқроқ масофага сузиши эхтимоли катта", - дейди Халқаро Қизил Ҳоч Қўмитаси мутахассиси Эрик Толлефсен.
Миналар сув тошқини рўй берган ҳудудларда қутқариш ишларига ҳалал беряпти. Ёрдам ташкилотлари кўплаб далалар миналангани сабаб сув босган баъзи ҳудудларга кира олмаган.
Иккинчи жаҳон урушидан бери Европадаги энг йирик урушни бошдан кечираётган Украина далаларида катта миқдордаги миналар ва портламаган ўқ-дорилар қолиб кетгани айтилади..
Украина жануби мудофаа кучлари қўшма матбуот маркази раҳбари Наталя Гуменюк Каховка ГЭСи тўғонининг ёрилиши оқибатида сув босган ҳудудларда сув ювиб кетган уйларнинг бўлаклари Херсон вилоятидан Одесса қирғоқларига оқиб келганини айтди.
Бундан ташқари, у Қора денгизда миналар пайдо бўлиши хавфи ҳақида огоҳлантирди, улар сув босган ҳудудлардан сув оқимлари орқали у ерга оқмоқда.
"Ушбу миналар Украина ҳудудий сувларидаги денгиз миналари билан тўқнашиши мумкин", - деди Гуменюк матбуот брифингида.
Каховская ГЭСининг ёрилиши оқибатида камида 600 кв. Км майдонни сув босди. Аҳоли уйлари, қишлоқ хўжалиги ерлари сув остида қолди.