Аҳоли эвакуация қилинаётган пайтда Херсон ҳужумга тутилди, бир киши ҳалок бўлди
Пайшанба куни тушдан кейин Херсоннинг ҳужумга тутилиши оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, икки киши яраланди. Бу ҳақда Украина Бош прокуратураси маълум қилди.
Прокуратура хабарида айтилишича, эвакуация тадбирлари давомида Россия кучлари шаҳарга мақсадли зарбалар берган.
Херсоннинг бир қатор туманлари Каховка ГЭСи вайрон қилинганидан кейин сув остида қолган.
Днепрнинг ўнг қирғоғидаги бир қанча қишлоқлар ҳам ҳужумга тутилган, тўрт киши яраланган. .
Херсоннинг марказий қисми ва қирғоқ ҳужумга тутилгани ҳақида аввалроқ вилоят маъмурияти раҳбари Александр Прокудин ҳам хабар берган эди. Украина оммавий ахборот воситалари ва телеграм каналларида Херсоннинг ҳужумга тутилиши акс этган видеолавҳалар эълон қилинди.
Тўғон ёрилишидан камида 13 киши ўлди
Херсоннинг Россия назоратидаги раҳбарлари 8 киши, Украина томони маъмурияти эса 5 кишининг ўлганини маълум қилди.
Россия назоратидаги ҳудудлардан 6 мингга яқин одам эвакуация қилингани айтилмоқда. 22 минг уй, 17 та аҳоли пункти сув остида қолган. Украина Ички ишлар вазири Игор Клименкога кўра, Херсоннинг Украина назоратидаги қисмида жами 34 та аҳоли пунктини сув босган, бутун вилоятда эса 48 та пункт тошқин остида қолган. 13 киши бедарак кетган.
Бундан ташқари, 11 киши эвакуция пайтида ҳужумларда яраланган. Бу ҳудуддан 2 ярим мингга яқин киши кўчирилган, Николаев областидан эса 800 дан ортиқ одам кўчирилган. Расмийлар, Каховка тўғонидан вайрон бўлган ҳудудуларда сув сатҳи пасая бошлаганини айтмоқда.
“Сув сатҳи бир кечада 20 сантиметрга пасайди” деди Херсон губернатори Александр Прокудин. Прокудиннинг қўшимча қилишича, Россиянинг Днепр бўйлаб ўққа тутиши қутқарув гуруҳларининг ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский 8 июнь куни Херсонга борди. Унинг ташрифидан кўп ўтмай, Россия кучлари Херсон ҳудудини ўққа тута бошлади. Украина Ҳарбий-ҳаво кучларига кўра, Россия 16 та дрон ва олти қанотли ракета билан ҳужум қилган.
Дронлар Россия жанубидан учирилган, ракеталар эса Каспий денгизи ҳудудидан, Ту-95 стратегик бомбардимончи самолётларидан учирилган. Украина ҳаво ҳужумидан мудофааси 10 та дрон ва 4 та қанотли ракетани уриб туширган. Фавқулодда вазиятлар хизматлари ва минтақа расмийларининг хабар беришича зарбалар асосан Житомир вилоятига йўналтирилган.
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу эса, рус қўшинлари Запорожьеда мудофаа чизиғини ёриб ўтишга уринаётган украин қўшинларига қарши профилактик ҳужумлар уюштирганини иддао қилди. Украина армияси ўнлаб танк ва зирҳли техникасини йўқотиб, орқага чекинишга мажбур бўлди, дея баёнот берган Шойгу.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Украина президенти Владимир Зеленский одатий тунги мурожаатида, Донецк вилоятидаги шиддатли жангларга тўхталди:
"Биз ҳарбийларимиз билан жумладан, "Хортиция" ва "Таврия" кучлар гуруҳлари қўмондонлари, энг қайноқ жанговар ҳудудларда ҳаракат қилаётганларнинг барчаси билан доимий алоқадамиз. Донетск вилоятида жуда оғир жанглар кетмоқда. Лекин ижобий натижалар бор. Бунинг учун барчага миннатдорлик билдираман”.
Воронежга дрон тушди
Воронежда кўпқаватли турар-жой биносига дрон келиб урилди. Ўлганлар йўқ, уч киши темир парчаларидан яралангани айтилмоқда.
Камида ўнта квартира шикастланган, иккинчи қаватнинг таянч деворига зил кетган. Вилоят губернатори шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинганини билдирди, Тергов қўмитаси эса теракт моддаси бўйича жиноят иши очган.
Воқеага Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков изоҳ берган. "Дрон уриб туширилган, деган хабарларни кўрдик. Ростдан ҳам, бу урилган дрон бўлган. Тафсилотлар ўрганилмоқда, махсус хизматлар ишлаяпти”, деган у. Кремль мазкур воқеани “Киевнинг Россия фуқаровий инфратузилмасига ҳужуми” деб атамоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, дрон авиация заводи, маҳаллий аэродром ёки маҳаллий ФСБ биносига зарба бериш учун йўлланган.
Путин: Украина қарши ҳужумни бошлади
Россия президенти Владимир Путин Украина қўшинларининг қарши ҳужуми бошланди, деб баёнот берди:
“Украина қуролли кучлари қарши ҳужуми бошланди. Бунга Украина томони стратегик ресурсларини ишга сола бошлагани далилдир. Украина қўшинлари - россиялик аскарларнинг жасорати, қўшин ҳаракатининг тўғри ташкил қилингани сабаб бирор бир участкада ўз олдига қўйган мақсадига эриша олмади”.
Айни пайтгача, Украина томони қарши ҳужумни ҳали бошламагани ва ҳозирда алоҳида участкаларда ҳужумларни оширганини айтиб келмоқда.
Бу Россия президентининг Украина томони қарши ҳужуми ҳақидаги илк чиқишидир.