Каховка ГЭСида фавқулодда ҳолат
Украинанинг Херсон вилоятида Каховка ГЭСи тўғони ёрилди, расмийларга кўра, сув оқими назоратсиз Днепрга қуйилмоқда. Сув босган ҳудудлардаги аҳоли кўчирилмоқда.
Фаразлардан бирига кўра, Россия назорати остидаги тўғон портлатилган, бошқа фаразга кўра эса ёрилишга олдинги зарар сабаб бўлган..Урушаётган томонлар ҳодисада бир-бирини айбламоқда.
Херсон вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудин сешанба куни эрталаб Каховка ГЭСи тўғони ёрилишини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, сув сатҳи 5 соатда "критик даражага" етади.
"Жануб" Украина қўшинларининг тезкор қўмондонлиги ўзининг Фейсбук саҳифасида тўғоннинг ёрилишида Россия ҳарбийларини айблади.
Тўғон ёрилиши - Запорожье АЭС учун қўшимча хавф
Укргидроэнерго ташкилоти берган маълумотга кўра, Каховка ГЭС ичидаги электр ишлаб чиқарувчи генератор, двигател ва трубиналар жойлашган қисми тўлиқ ишдан чиққан.
“Станцияни тиклашнинг имкони йўқ. Омборда сувнинг назорат қилиб бўлмайдиган даражада пастлаб кетиши Запорожье АЭС учун қўшимча хавф бўлади”, дейилади ташкилот баёнотида.
“Каховка омборидаги сув Запорожье АЭСдаги трубина конденсаторлари ва станция хавсизлигини таъминлаш учун зарур. Ҳозир станцияни совутиш хавзаси тўлиб турибди. АЭСнинг украиналик ходимлари барча кўрсаткичларни назорат қилиб турибди”, дея аниқлик киритди Укргидроэнерго.
Халқаро атом энергияси агентлигига кўра, айни пайтда Запорожье АЭС билан боғлиқ ядровий хавф йўқ. Агентлик, станциядаги вакиллари тўғон ҳалокатидан кейинги вазиятни назорати қилаётганини билдирди.
Каховка омборидаги сувдан Запорожье АЭСни совутиш учун фойдаланилади.
Днепрнинг ўнг қирғоғидан 1500 дан ортиқ одам эвакуация қилинган, 2000 га яқин уй сув остида қолган
Украинанинг Херсон вилоятида Днепр дарёсидаги йирик тўғоннинг ёрилиши оқибатида сув тошқини сабаб қутқарувчилар аҳолини эвакуация қилмоқда.
Одамлар юк машинаси ва қайиқларда хавфсиз жойга кўчирилмоқда. Сув босган кўчаларда аҳоли ҳаракатланиш учун резина қайиқлардан фойдаланмоқда.
Президент Владимир Зеленский чоршанба куни Украина жанубидаги Каховка тўғонининг вайрон бўлиши юз минглаб одамларни ичимлик сувисиз қолдирганини айтди.
Киев ва Москва Украина жанубидаги совет давридан қолган Нова Каховка тўғони вайрон бўлишида бир-бирини айблади.
Украина президенти Владимир Зеленский тўғон “рус босқинчилари томонидан атайлаб вайрон қилингани”ни айтди ва ҳодисани “оммавий қирғин қилувчи экологик бомба” деб таърифлади.
80га яқин аҳоли пункти хавф остида
Нова Каховка тўғонининг ёрлиши оқибатида Днепр дарёсининг қуйи оқимдаги 80 га яқин аҳоли пункти хавф остида қолган.
Украинанинг қисман Россия томонидан босиб олинган Херсон вилояти губернатори Олександр Прокудин 7 июнь куни эрта тонгда сув тошқинлари интенсивлиги пасайганига қарамай, йўлнинг қуйи оқимида сув сатҳи кўтарилишда давом этаётганини айтди.
“Бизнинг кутилмаларимизга кўра, яқин 20 соат ичида сув сатҳи яна бир метрга кўтарилади”, — деди Прокудин видеомурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, Украина назоратидаги Днепрнинг ўнг қирғоғидан 1500 дан ортиқ одам эвакуация қилинган, 2000 га яқин уй сув остида қолган.
Гап фақат Украина назорати остидаги Днепрнинг ўнг қирғоғи ҳақида бормоқда – чап қирғоқ асосан Россия кучлари томонидан назорат қилинади.
Украина гидроенергетика идораси “Укргидроэнерго” раҳбари Игорь Сиротанинг айтишича, сув 7 июнь энг юқори чўққига чиқиб, кейинги кунларда пасайиб кетиши кутилмоқда.
"Гуманитар, иқтисодий ва экологик фалокат"
Нова Каховка тўғони ёрилиши ортидан БМТ хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғинга тўпланди.
Хавфсизлик Кенгашининг кўплаб аъзолари сешанба кунги йиғилишда агар Россия ўтган йилнинг февралида қўшни Украинага бостириб кирмаганида инқироз рўй бермаган бўларди, деб таъкидлади.
Украинанинг БМТдаги элчиси Сергей Кислица Россияни “Украинанинг муҳим инфратузилмасига қарши террорчилик ҳаракати”ни уюштирганликда айблади.
"Бу Украинанинг муҳим инфратузилмасига қарши террорчилик ҳаракати бўлиб, у имкон қадар кўпроқ тинч аҳоли қурбонлари ва вайронагарчиликларга олиб келади”, - деди Кислица.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ўз баёнотида тўғоннинг вайрон бўлишини "гуманитар, иқтисодий ва экологик фалокат" деб атади, лекин тўғридан-тўғри Россияни айблашдан тийилди.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши олдидан Гутерриш буни “Россиянинг Украинага бостириб киришининг яна бир ҳалокатли оқибати” деб атади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсонпарварлик агентлиги тўғоннинг вайрон бўлиши ва фронт чизиғининг ҳар икки томонидаги юз минглаб одамларга оғир инсонпарварлик таъсиридан жиддий хавотирда эканлигини айтди.
БМТ мутахассисларига кўра, Украина жанубидаги минглаб одамлар “уйсиз, егуликсиз, сувлсиз қолиш таҳдиди остида қолган.
Бундан ташқари Нова Каховка тўғонининг ёрилиши оқибатида Днепрга тонналаб двигател мойи тушган.
Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши аъзолари фавқулодда йиғилишда маълум қилди.
Уларнинг сўзларига кўра, дарёга аллақачон 150 тонна двигател мойи тушган ва 300 тоннадан кўпроғи тушиши мумкин.
Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Олексий Кулеба тўғоннинг бузилиши катта экологик муаммога сабаб бўлишини айтиб, Каховка ГЭСидаги цистерналарда 400 тоннадан ортиқ мойлаш мойи сақланганини таъкидлади.
“Биз Днепр дарёсига қанча сув тушганига ҳозирча ишонч ҳосил қила олмаймиз, аммо бу катта муаммо ва экологик ҳалокат бўлади”, деди Кулеба Озодлик билан суҳбатда.
"Шунингдек, Каховка ҳавзасидаги сув сатҳи кескин пасайиб кетишини ва бу Херсон вилоятининг экологик муҳитини бутунлай ўзгартиришга олиб келишини ҳам кутмоқдамиз. Бунга ҳам тайёр туриш керак", - деди Кулеба.
Каховка тўғонининг ёрилиши оқибатида тахминан 10 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари сув остида қолган.
Украина Аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда Херсондаги суғориш тизимларининг 94 фоизи, Запорожьеда 74 фоизи ва Днепропетровск вилоятида 30 фоизи сув манбаисиз қолган.
Бу келгуси йилда Украина жанубидаги далаларнинг чўлга айланишига олиб келиши мумкин.
Генерал Милли: Украина ҳам ҳужумга, ҳам ҳимоя қилишга тайёр
АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари генерал Марк Миллининг фикрича, Украина армияси эндиликда ҳар қандай турдаги, ҳам ҳужум, ҳам мудофаа операцияларини ўтказишга тайёр.
Миллий Ассошиэйтед Пресс агентлигига берган интервюсида сўнгги кунларда Украинадаги жанглар шиддати “бироз кучайганини” таъкидлади, бироқ бундан шошилинч хулоса чиқармасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда оператив вазиятга қараб, Украина томонидан фронтнинг турли соҳаларида ҳам ҳужум, ҳам мудофаа операцияларини кузатишимиз мумкин.
Марк Милллининг фикрича, Ғарб ҳамкорларининг ҳарбий-техник ёрдами ва украиналик ҳарбий хизматчиларнинг НАТО ҳарбий давлатлари кўмагида жадал тайёргарлик кўриши Украина Қуролли Кучларининг жанговар қобилиятини мустаҳкамлашга сезиларли ёрдам берди.