Россиялик партизанлар Россияда бир неча ҳужум уюштирганини даъво қилмоқда
Россиянинг Белгород вилояти губернатори, икки рус аскарини асирда ушлаб турган украинпараст россиялик партизанлар гуруҳи билан учрашишга тайёрлигини билдирди.
Украина номидан жанг қилаётган россияликлар гуруҳи, Белгород шаҳри чеккасига бостириб киргани акс этган видеони эълон қилди.
"Россия озодлиги легиони" ва бошқа бир гуруҳ - Россия кўнгиллилар корпуси Россия ҳудудига бир қатор ҳужумлар уюштирганини даъво қилмоқда. Москва жангларда икки тинч фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилган.
"Россия Озодлиги" Telegram-каналида эълон қилинган видеода ўзини Россия кўнгиллилар корпуси қўмондони деб таништирган эркак икки ярадор рус аскари қўлга олганини айтди ҳамда Белгород вилояти губернатори билан учрашувда уларни алмашишни таклиф қилди.
Белгород губернатори Вячеслав Гладков видеомурожаатида Россия-Украина чегарасидаги шаҳарчада диверсантлар ва террорчилар билан жанг кетаётганини айтар экан, агар асирлар тирик бўлса, жангарилар билан учрашишга тайёрлигини маълум қилди. Учрашув жойи ва вақтини ҳам айтди.
Аммо кечроқ жангари гуруҳ губернатор учрашувга келмагани ва маҳбусларни Украинага топширишини хабар қилди. Гладков Украина кучлари Белгородни ўққа тутганини, хавфсизлик юзасидан 4000 нафар аҳоли бошқа жойга кўчирилганини билдирган. Украина Белгородга ҳужумларга алоқадорлигини рад этмоқда.
Айни пайтда Россия Украина шаҳарларини бомбардимон қилишда давом этмоқда. Украина расмийларига кўра, Россиянинг Днепр шаҳрига қилган ракета ҳужуми оқибатида икки ёшли қизча ҳалок бўлган, камида 22 киши жароҳатланган. Рейтерс бу хабарни мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Украина ҳарбийлари: “Режалар сукунатни яхши кўради”
Украина ҳарбийлари Россия кучларига қарши узоқ кутилган қарши ҳужум олдидан оператив сукутга чақирди. Украина кучлари шарқ ва жанубдан кенг миқёсли қарши ҳужумга ўтиши кутилмоқда. Аммо Украина расмийлари бу амалиёт билан боғлиқ бўлган гап-сўзлар душманга ёрдам бериши мумкинлигини айтиб, уларни рад этган.
"Режалар сукунатни яхши кўради. Бошланиш вақти ҳақида ҳеч қандай эълон бўлмайди", - дейилади Украина мудофаа вазирлик расмий Telegram каналида. Reuters агентлиги бу видео қачон ва қаерда тасвирга олинганига оид мустақил маълумотга эга эмаслигини билдирган.
Сўнгги ойларда Ғарб давлатлари Киевга қарши ҳужум учун қуроль-яроғ, зирҳли техника ва ўқ-дорилар етказиб берди. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, Россия қўшинларига қарши кураш қийин бўлиши мумкин.
Украина президенти Владимир Зеленский Россия ракета ва бошқа қуроллар ишлаб чиқаришга қўйилган халқаро санкциялардан қочиш учун етказиб берувчилар тармоғидан фойдаланмоқда, деди.
Зеленский тунги видеомурожаатида айтишича, бир қанча давлат ва компаниялар Россияга ракеталар ишлаб чиқаришда зарур технологияни олишда ёрдам бермоқда:
“Афсуски, террорчи давлат етказиб берувчилар тармоғи орқали дунё технологияларидан фойдаланишга, халқаро санкцияларни четлаб ўтишга муваффақ бўлмоқда. Украина Россиянинг санкциялардан қочиш учун нималар қилаётганини яхши билади ва “Россия ракеталарида эркин дунё маҳсулоти бўлмаслигини таъминлашга ҳаракат қилади”.
Украина ҚК: сўнгги 24 соатда Россиянинг 29 та ҳужумини қайтардик
Украина ҳарбийлари мамлакат шарқи ва жанубида жанглар кетаётганини билдирди. Украина қуролли кучлари Бош штабининг маълум қилишича, украиналик ҳимоячилар ўтган 24 соат ичида Россиянинг 29 та ҳужумини қайтарган.
Киев шунингдек, рус “диверсантлари”нинг Харков вилоятига кириб боришга уриниши тўхтатилганини ҳам маълум қилди.
Украина қуруқликдаги кучлари қўмондони генерал Александр Сирский, Бахмут шаҳри яқинида украин қўшинлари олдинга силжишда давом этмоқда, деб баёнот берди.
Украина бригадаси Бахмут яқинидаги рус позицияларига украиналик ҳарбийлар ҳужуми акс этган видеони жойлаштирди. Видеода танклар ва бронетранспортёрнинг рус позицияларига ўқ узаётгани кўринган.
Рейтерс видеодаги жойлашувни сунъий йўлдош тасвирлари билан солиштириб тасдиқлашга муваффақ бўлди. Видеода Бахмут марказидан тахминан 11 км жануби-ғарбдаги ҳарбий ҳаракатлар тасвирланган.
Россия: Украина қарши ҳужумни бошлади
Россия томони, Украина қарши ҳужумни бошлагани ва бу қўшинларнинг Донецк вилоятига қилган “кенг кўламли ҳужуми” тўхтатиб қолинди, деб баёнот берди.
250 дан ортиқ душман ҳарбийлари ва ўнлаб зирҳли техникалари йўқ қилинди, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги эълон қилган видеотасвирда.
Рейтерс Россия мудофаа вазирлигининг хабарини дарҳол тасдиқлай олмади. Киев ҳозирча вазиятга ҳеч қандай муносабат билдирмади.
3 июнь куни Wall Street Journal нашрига интервью берган Украина президенти Владимир Зеленский, ўз давлати Россияга қарши ҳужумга тайёр эканини айтган, аммо қарши ҳужумга қачон ўтилишини айтмаган эди.
Интервьюда Зеленский бу ҳужумда Украина армиясининг фуқаролик объектлари ва фронтнинг олди чизиғидаги аскарларни ракетадан мудофаа қилиш учун “Патриот” тизимларига эҳтиёжи бўлишини таъкидлаган эди. Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.