Лавров: Биз Украина можароси тугашини истаймиз, шу билан бирга Ғарбга ҳам жавоб берамиз
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Кремл назорати остидаги Россия -24 телеканалига берган интервьюсида Россия кучлари Киевга узоқ масофага мўлжалланган Ғарб қуроллари етказиб берилишига жавобан Украина кучларини Россия чегараларидан узоқлаштиришга ҳаракат қилишини айтди.
Лавров барча Украинадаги можарога барҳам беришни исташини, бироқ Ғарбнинг Киевни дастаклаётгани Россиянинг можарога ёндашишувида муҳим роль ўйнашини таъкидлади.
«Модомики, биз Украина артиллерияларини бизнинг ҳудудларимизга таҳдид сола олмайдиган масофага қайтаришга интилаётган эканмиз, Киевга қанча кўп узоқ масофага мўлжалланган қуроллар етказиб берилса, бизга таҳдид солмаслиги учун уларни шунчалик узоқроққа чекинтиришимиз керак бўлади», - деди Лавров.
Лавров АҚШни «Шимолий оқим»қувуридаги портлашларга алоқадорликда ҳам айблади:
“Ўтган йил давомида содир бўлган воқеалар ҳамда аниқлаганларимиз ҳақида ҳисобот тайёрлаяпмиз. Бу фақатгина АҚШнинг ҳарбий биологик дастурлари борасидагина эмас. Улар бунга алоқалари йўқлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Қолаверса, ҳисобот АҚШнинг Шимолий Оқим қувурларидаги портлашларга бевосита алоқадорлиги билан ҳам чекланиб қолмайди. (АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари) Виктория Нуланд хоним аллақачон буни тан олган). АҚШ ҳукмронликка эришиш учун йўлида қилган кўплаб найрангларни келтириб ўтишимиз мумкин."
Лавров ўз даъволарига ҳеч қандай далил келтирмади.
Владимир Путин аввалроқ Британияни газ қувурларини портлатишда айблаган, Лондон эса буни рад этган эди.
Зеленский: Украина шарқида вазият кескинлашмоқда
Владимир Зеленский тунги видеомурожаатида Россия қўшинлари ҳужуми кучайгани сари Украина шарқида фронт чизиғида вазият кескинлашаётганини билдирди.
«Бугунги кун мамлакатимиз учун самарали бўлди. Айни дамда Украинани заифлаштиришга уринаётганларга қарши кураш борасида ҳам. Биз ҳеч кимга давлатимизни заифлаштиришига йўл қўймаймиз. Бугун қонун ва давлат устуворлигини кўрсатган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига миннатдорлик билдираман. Шунингдек, Украина ҳукуматидан ҳам кадрлар масаласидаги тезкор ҳаракати учун миннатдорман. Бугун божхона раҳбарлари ишдан бўшатилди. Ишдан олинганларнинг айримларига нисбатан интизомий чоралар кўрилди».
Зеленский коррупцияга қарши курашиш учун қанча керак бўлса, шунча кадрларни алмаштиришга тайёрлигини билдирди. У шунингдек, мудофаа вазирлигининг ҳалол бўлиши зарурлигини ҳам таъкидлади.
«Афсуски, шундай соҳалар борки, у ерда қонунийликни кафолатлашнинг ягона йўли юқори мансабдор шахсларни ўзгартириш, институционал ўзгаришларни амалга ошириш», — деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
Россия асосий нишони бўлган Бахмут шаҳрининг шимоли ва жанубидаги муваффақиятлари ҳақида эълон қилган ҳолда, тобора олға бораётганини кўрсатмоқда.
Буюк Британия Мудофаа вазири Украинага "зирҳ ва танклар" кераклигини айтди
Буюк Британия Мудофаа вазири 1-феврал чоршанба куни мамлакат Украинани зирҳ ва танклар билан таъминлашга эътибор қаратганини айтди.
31-январ, сешанба куни Буюк Британия бош вазири Риши Сунакнинг матбуот котиби Украинага самолётларни юбориш тўғри бўлмаслигини айтди, чунки уларни бошқаришни ўрганиш учун бир неча ой керак бўлади.
Уоллеснинг айтишича, Британия самолётлари жуда мураккаб ва уларни Украинада қўллаш қийин:
“Уларга ҳозирда зирҳ ва танклар керак. Ўйлайманки, биз реактив самолётлар жангда ғалаба қозонишнинг навбатдаги талаби бўлишига ишончимиз комил бўлиши керак. Аммо ҳозирча биз танкларга, қуруқликдаги жангга эътибор қаратганмиз деб ўйлайман", деди у.
Ғарбнинг танклар бўйича ваъдасини қўлга киритганидан сўнг, Киев яна қурол-яроғ, жумладан, АҚШнинг Ф-16 каби реактив қирувчи самолётларини сўрашни давом эттирмоқда.
Вагнер собиқ харбийси: «Украинадаги жанглар учун афсусдаман»
«Вагнер» ёлланма гуруҳининг Норвегияга қочган собиқ харбийси Рейтерс агентлигига интервью берди. У Украинадаги жанглар учун узр сўрамоқчи эканлиги ва ваҳшийлик айбдорлари жавобгарликка тортилишини исташини билдирди.
13 январь куни Россия-Норвегия чегарасини кесиб ўтган Андрей Медведев Украинага олиб кетилган россиялик маҳбусларнинг ўлдирилгани ва уларга нисбатан қўпол муомала қилинганини айтган.
26 ёшли россиялик қочқин Норвегиядан сиёсий бошпана сўрамоқда.
«Кўпчилик мени қабиҳ жиноятчи, қотил деб билади. Аввало, қайта ва қайта кечирим сўрамоқчиман. Буни қандай қабул қилишларини билмасамда, кечирим сўрайман», деди Медведев ўз интервьюсида.
Медведев Украинадаги жиноятлари ҳамда «айбдорлар жазоланиши» учун билганлари ҳақида гапирмоқчилигини билдирди:
«Мен урушга қарши чиқишга ва айбдорларнинг жазоланиши учун ёрдам беришга қарор қилдим. Бу орқали оз бўлсада ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан».
Медведев 2022 йилнинг июлида тўрт ойлик шартнома асосида Вагнерга қўшилган. Шу муддат мобайнида у жанг қилишни истамаган икки киши янги чақирилган маҳбуслар олдида отиб ташланганига гувоҳ бўлган.
Рейтерс унинг даъволарини тасдиқлай олмади.
Норвегия полициясига кўра, собиқ вагнерчи ҳозирда гувоҳ мақомига эга.