Европа Иттифоқи Россияга қарши 10-санкция пакетини жорий қилмоқчи
Европа Иттифоқи раҳбарияти Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқинининг бир йиллиги – 24-февралга қадар ЕИнинг Россияга қарши навбатдаги, ўнинчи санкциялар пакетини маъқуллашини таъминлашга интилмоқда.
Бу ҳақда пайшанба куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен Киевга ташрифи чоғида маълум қилди. У Украина пойтахтига Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Жозеп Боррел ва Европа комиссиясининг аксарият аъзолари билан бирга келди.
Жума куни Киевда Украина-Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтади, пайшанба куни эса ЕИ етакчилари Украина президенти Владимир Зеленский билан музокара ўтказмоқда. Бундан ташқари, Европа комиссияси ва Украина ҳукуматининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Еврокомиссия раҳбари Украинанинг келажакда ЕИга қўшилишига ишонч билдирди. Ўтган йили мамлакат Европа Иттифоқи аъзолигига номзоднинг расмий мақомини олди, аммо расмий музокаралар ҳали бошланмаган.
Россия ракеталари яна тинч аҳоли уйларини нишонга олди
Украина шарқидаги Краматорск шаҳрига чоршанбага ўтар кечаси Россия ракетаси тушиб, турар-жой биносини вайрон қилди.
Камида уч киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди, дея хабар берди вилоят полицияси.
Маҳаллий ҳокимият дастлаб Россия одатий ракетадан ўт очганини маълум қилди.
Бироқ кейинчалик, полиция бинога «Искандер-К» тактик ракетаси келиб урилганини билдирди.
«Камида саккизта кўп қаватли уй зарар кўрди. Улардан бири бутунлай вайрон бўлди. Вайроналар остида қолганлар бўлиши мумкин», дея хабар қилди маҳаллий полиция.
Ўтган ой Днепр шаҳридаги турар-жой биносига Россия ракетаси келиб тушиши оқибатида камида 44 киши ҳалок бўлган эди.
«Мушугим ичкарида эди. Энди уни топа оламанми ёки йўқ, билмайман. Ҳозир хаёлимга келган нарса шу. Ҳозир мен учун бошқа ҳеч нарса муҳим эмас”, деди шаҳар турғуни Виктор.
Қутқарувчилар бино вайроналарини кўздан кечирмоқда.
Маҳаллий аҳоли эса сочилиб ётган буюмлар орасидан яроқлиларини ажратяпти.
«Бу шаҳар маркази. Бу ерда фақат тинч аҳоли яшайди. Шундай экан, ҳужумни оқлашга бўлган ҳар қандай уринишлар бефойда", деди вилоят губернатори Павло Кириленко Рейтерс агентлигига берган интервьюсида.
Москва тинч аҳолини нишонга олганини рад этиб келади.
Ўтган йил апрель ойида Украина Россиянинг Краматорскдаги темир йўл вокзалига ҳужуми оқибатида 57 киши ҳалок бўлганини билдирган эди. Москва эса ўшанда ҳам ракета Украинага тегишли эканини айтиб, жавобгарликни рад этган.
Украина бош штаби: Россия йўқотишларга қарамай ҳужумларни тўхтатмаяпти
Россия қўшинлари Донецк вилоятининг бир қанча ҳудудларида катта йўқотишларга қарамай, ўз ҳарбий ҳаракатларини секинлаштирмаяпти.
Россиянинг сўнгги 24 соат давомидаги ҳужумлари асосан тўрт йўналишда – Лиман, Бахмут, Авдеевка ва Новопавловкага қаратилди.
Бу ҳақда Украина Бош штаби 3 февраль, эрталаб маълум қилди.
Бош штаб маълумотига кўра, Россиянинг фуқаролик ва инфратузилма объектларига ҳужумлари тинч аҳоли орасида кўплаб талафотларга сабаб бўлган.
"Россия Федерацияси давлатимизнинг муҳим инфратузилмасини вайрон қилиш ниятидан қайтмаяпти, фуқаролик объектлари ва тинч аҳоли турар-жойларига зарба беришда давом этмоқда. Ўтган бир кун давомида душман тўртта ракета ҳужумини амалга оширди, улардан иккитаси фуқаролик инфратузилмасига бориб урилди. Донецкнинг Краматорск шаҳри аҳоли ҳудудларига бешта ҳаво зарбаси берилди”, — дейилади Бош штаб баёнотида.
1 февраль куни Краматорскдаги кўп қаватли уйга ракета ҳужуми оқибатида камида беш киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.
Россия кучлари Херсон ва Николаевдаги тинч аҳоли манзилларига ҳам ракета ҳужумларини давом эттирди, дейилади Бош штаб билдирувида.
Россия ҳарбийлари Украина шаҳарларига ҳужумлардан мақсад Украина ҳарбий техникасини йўқ қилиш эканинни билдирган, кўплаб далилларга қарамай, тинч аҳоли нишонга олинганини рад этган.
Зеленский: Босқинчиларнинг ҳар қандай тажовузкор ҳаракатини жавобсиз қолдирмаймиз
Украина президенти Владимир Зеленский видеомурожаатида “стратегик жиҳатдан Россиянинг мағлубияти аллақачон аниқ” бўлса-да, Россия армияси ҳужумкор ҳаракатлар қилиш учун ресурсларга эга эканлигини таъкидлади.
Россия армияси “урушнинг боришини ўзгартиришга уриниш вариантларини қидирмоқда” ва “ҳозирги вақтда назорат қилаётган ҳудуд салоҳиятидан ўз агрессиясига хизмат қилиш учун фойдаланишга” ҳаракат қилмоқда”, деди Зеленский.
“Босқинчиларнинг ҳар қандай тажовузкор ҳаракатини жавобсиз қолдирмаймиз. Душман стратегик мағлубияти аллақачон аниқ бўлган муайян босқичда. Аммо тактик жиҳатдан улар ҳали ҳам ҳужумкор операцияларни ўтказишга уриниш учун ресурсларга эга. Улар урушнинг боришини ўзгартиришга уриниш вариантларини қидирмоқдалар ва ҳали ҳам ўзлари назорат қилаётган барча ҳудудларнинг имкониятларидан босқинчилик мақсадларида фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Биз қилаётган ишимизни давом эттиришимиз – чидамлилигимизни мустаҳкамлашимиз, армиямиз ва барча ҳимоячиларни зарур қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш истагида мутлақо бирдам бўлишимиз керак”.
Ўтган ҳафта АҚШ ва Германия Украинага мудофаа мақсадлари учун танклар юборишга ваъда берди.
Россия президенти Владимир Путин 2 февраль куни Қизил Армиянинг Сталинградда фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабасининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлардаги чиқишида Москванинг танклар, хусусан, Германия “Леопард”лари учун жавоби борлигини айтди.
Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги Путиннинг Россияга Германия танклари томонидан “яна Иккинчи жаҳон уруши давридагидек таҳдид қилинаётгани” ҳақида сўзларига иқтибос келтирган:
"Биз уларнинг чегараларига танкларни жўнатмаяпмиз, лекин жавоб беришимиз бўлган нарсамиз бор ва бу фақат зирҳли техника билан бўлмайди. Буни ҳамма тушуниши керак", - дея айтган Путин.
Россия пайшанба куни ўз кучлари Украина артиллериясини бир неча нуқтада йўқ қилишда давом этгани, Украина Қуролли кучлари эса турли аҳоли пунктларидан Россия ҳужумларини қайтарганини даъво қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский Киевга ташриф буюрган Европа етакчиларини Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди. Киев раҳбари Зеленский ўз чиқишида Ғарбни Путин куч йиғаётгани ва йирик ҳужумларни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирди.
Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ЕИ Россияга босимни кучайтиради, деди.
Ғарб Россиянинг Украинага деярли бир йил давом этган босқинидан кейин кенг қамровли жазо чораларини қўллади.
Фон дер Ляйен Украинага кўпроқ ҳарбий, молиявий ва сиёсий ёрдамни ваъда қилди. У, шунингдек, Ҳаагада Украинанинг тажовузкорлиги жиноятларини таъқиб қилиш учун халқаро марказ ташкил этилишини билдирди.